Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:58

Таҳлил: АҚШнинг Афғонистондаги уруши қачон батамом тугайди?


АҚШнинг сўнгги ҳарбийлари Афғонистонни тарк этишга ҳозирлик кўрмоқда. Шу ўринда савол туғилади: Бу уруш қачон тамомила тугайди?

Афғонлар учун жавоб аниқ: яқин орада эмас. Жасорати ошган Толибон жанг майдонида ютуқларга эришмоқда ва Кобулдаги ҳукумат билан тинчлик музокаралари тўхтаб қолди. Баъзилар хорижий кучлар чиқиб кетганидан кейин Афғонистонда фуқаролар уруши авж олишидан хавотирда. Кучсизланган бўлса-да, “Исломий давлат” экстремистик тармоғининг афғон бўлими ҳам жонланиши мумкин.

АҚШ ва Вашингтон раҳбарлигидаги коалиция ҳарбийлари учун уруш якуни нотайин. Гарчи барча жанговар қўшинлар ҳамда 20 йил давомида тўпланган ҳарбий техника тез орада олиб чиқиб кетилса-да, АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Фрэнк Маккензи камида сентябрь ойигача афғон кучларини Толибондан ҳимоя қилиш ваколатига эга бўлиб қолади.

Исмини ошкор қилмаслик шарти билан ҳарбий режалар тафсилотларини сўзлаб берган мудофаа расмийларига кўра, Маккензи буни Афғонистондан ташқарида жойлашган АҚШ ҳарбий учоқларига зарба беришни буюриш орқали амалга ошириши мумкин.

Жума куни Пентагон АҚШ ҳарбийлари қарийб 20 йил деганда Баграм аэродромини тарк этганини маълум қилди. Ушбу мажмуа Афғонистондаги урушнинг эпицентри бўлиб келаётган эди. Аммо аэродром Афғонистон ҳукуматига ўтказиб берилгани АҚШ ҳарбийларини олиб чиқиб кетишдаги якуний қадам эмас.

Қуйида уруш якуни ҳақида “Associated Press” агентлиги чоп этган мақола таржимаси билан танишишингиз мумкин.

Жанговар миссиядан нима қолди?

Аслини олганда, АҚШ қуролли кучлари 2014 йилдан бери Афғонистондаги қуруқликдаги жангларда қатнашгани йўқ. Аммо аксилтеррор қўшинлар экстремистларни таъқиб қилиб, уларга зарба бериб келади, шу жумладан, Афғонистонда жойлашган учоқлар ёрдамида. Ушбу учоқлар энди йўқ. Бундан нари бу каби зарбалар ва афғон кучлари учун ҳар қандай моддий-техник ёрдам мамлакат ташқарисидан берилади.

Афғонистон ичида АҚШ аскарлари энди афғон кучларини ўқитмайди ёки уларга кўрсатма бермайди. АҚШ элчихонасидаги 650 аскардан иборат хавфсизлик контингенти америкалик дипломатларни ҳимоя қилишда давом этади. Шунингдек, улар Кобул халқаро аэропорти хавфсизлигини таъминлашга ёрдам беришлари мумкин. Туркия аэропорт хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳозирги миссиясини давом эттириши кутилмоқда, аммо Маккензи сентябрга қадар ушбу миссияга ёрдам бериш учун яна 300 га яқин қўшинни сақлаб қолиш ваколатига эга.

Шунингдек, АҚШ ҳарбийларидан махсус иммиграция визасини олишга уринаётган афғонистонликларни эвакуация қилишга ёрдам беришни сўрашлари мумкин, гарчи Давлат департаменти уларни фуқаровий самолётлар ёрдамида олиб чиқиб кетишни режалаётган бўлса-да. Оқ уй АҚШнинг уруш ҳаракатларига ёрдам берган ва шу тариқа Толибон таъқиб қилиши мумкин бўлган афғонистонликларни ортда қолдиришдан хавотирда.

Президент Жо Байден апрель ойида АҚШ урушини тугатиш тўғрисида қарор чиқарар экан, Пентагонга 11 сентябргача ҳарбийларни олиб чиқиб кетишни буюрди. Жума куни Пентагон ҳарбийларни олиб чиқиб кетишни август ойининг охирига қадар тамомлаш режалаштирилаётганини билдирди. Айни дамда Кобулдаги масъул армия генерали Скотт Миллер ҳарбийларни олиб чиқиб кетиш амалиётини деярли якунлади. Бугунга қадар мамлакатдан барча ҳарбий техника олиб чиқиб кетилди ва мамлакатда оз сонли аскар қолди.

Пентагоннинг маълум қилишича, Миллер яна бир неча ҳафта давомида қўмондон бўлиб қолиши кутилмоқда. Аммо у шу ой Афғонистонни тарк этса, бу АҚШ уруши тугаганини англатадими? Мамлакатда сентябргача 950 нафаргача АҚШ ҳарбийси қолиши ва ҳаво ҳужумлари давом этиши мумкинлигини ҳисобга олсак, жавоб “йўқ” экани эҳтимол.

Урушлар қандай тугайди?

Афғонистондаги урушдан фарқли ўлароқ, баъзи урушлар тантана билан тугаган. Биринчи жаҳон уруши 1918 йилнинг 11 ноябрида Германия билан сулҳ имзоланиши ва кейинчалик Версаль шартномаси имзоланиши билан тугаган.

Иккинчи жаҳон уруши 1945 йилнинг май ойида Германия таслим бўлиши билан тугаган. Бу кун Ғарбда “Европада Ғалаба” (Victory in Europe Day, VE ёки V-E Day) ўлароқ нишонланади. Россияда ва айрим собиқ совет мамлакатларида эса Иккинчи жаҳон урушининг шарқий фронтида содир бўлган уруш “Улуғ ватан уруши” ўлароқ маълум ва ундаги ғалаба кенг нишонланади. Германия таслим бўлганидан кейин бир неча ой отгач, АҚШ Хиросима ва Нагасакини бомбардимон қилди ва Япония таслим бўлди. Бу кун Ғарбда “Япония устидан ғалаба” (Victory over Japan Day, V-J Day) куни ўлароқ нишонланди.

Кореяда 1953 йил июлида имзоланган сулҳ икки Корея ўртасидаги урушга барҳам берган, техник жиҳатдан уруш расман тўхтатилмаган бўлса ҳам, балки вақтинча тўхтатилган. Сабаби ҳанузгача тинчлик шартномаси имзолангани йўқ.

Бошқа урушлар якуни эса узил-кесил бўлмаган. 1973 йилда АҚШ Вьетнамдан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетган. Кўпчилик қарийб 20 йилга чўзилган бу урушни муваффақиятсиз уруш деб ҳисоблайди. 2011 йилда АҚШ қўшинлари карвонлари Ироқдан олиб чиқиб кетилар экан, тантанали маросим уюштирилди. Аммо орадан атиги уч йил ўтиб, Америка қўшинлари “Исломий давлат” жангарилари ҳужумлари ортидан барбод бўлган Ироқ қўшинларига ёрдам бериш учун мамлакатга қайтди.

Ғалабами ёки мағлубият?

Американинг Афғонистондаги уруши ўз якунига яқинлашар экан, на таслим бўлиш шартномаси, на тинчлик шартномаси, на якуний ғалаба ва на қатъий мағлубият бўлмайди. Байденнинг айтишича, АҚШ кучлари “ал-Қоида”ни йўқ қилиб, 2001 йил 11 сентябрдаги терактлар ташкилотчиси деб ҳисобланадиган Усома бин Лодинни ўлдиргани етарлидир.

Сўнгги пайтларда Афғонистонда зўравонлик авж олди. Толибоннинг афғон кучлари ва тинч аҳолига қарши ҳужумлари кўпайди ва гуруҳ 100 дан ортиқ туман марказини эгаллаб олди. Пентагон раҳбарлари Афғонистон ҳукумати ва мамлакат хавфсизлик кучлари яқин икки йил ичида қулаши эҳтимоли “ўртача” эканини айтмоқда.

АҚШ раҳбарлари Афғонистонда тинчлик ўрнатишнинг ягона йўли музокаралар орқали келишувга эришиш эканини айтиб келади. Собиқ президент Дональд Трамп маъмурияти толиблар билан 2020 йил февралида битим имзолади. Унга кўра, АҚШ 2021 йил майига қадар ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш керак эди. Толибон эса бир неча мажбуриятни, шу жумладан, Афғонистон Америкага қарши ҳужумлар майдонига айланишига йўл қўймаслик мажбуриятини ўз зиммасига олди.

АҚШ расмийларининг айтишича, АҚШ ҳарбийлари олиб чиқиб кетилаётган бўлишига қарамай, Толибон ўз мажбуриятларини тўлиқ бажармаяпти.

НАТО миссияси

НАТОнинг Афғонистон хавфсизлик кучларини ўқитиш, маслаҳат бериш ва уларга ёрдам бериш учун тузилган “Қатъий қўллаб-қувватлаш” миссияси 2015 йилда, яъни АҚШ етакчилигидаги жанговар миссия тугагани эълон қилинган йилда иш бошлаган. Ўшанда хавфсизлик учун жавобгарлик Афғонистон зиммасига юкланди, мамлакат армияси АҚШнинг миллиардлаб доллар ёрдамига қарам бўлиб қолди.

Уруш энг қизғин давом этаётган паллада Афғонистонда 50 та НАТО ва ҳамкор давлат юборган 130 мингдан ортиқ қўшин бор эди. Бу кўрсаткич “Қатъиятли қўллаб-қувватлаш” миссияси бошланганда 10 мингга тушиб қолган эди. Жорий ҳафта ҳолатига кўра, аксар альянс давлати ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетди.

Баъзилар уруш НАТО миссияси тугаганидан кейин бутунлай тугашини айтмоқда. Аммо НАТО миссияси яна бир неча ойга чўзилиши айтилмоқда.

Аксилтеррор миссияси

АҚШ қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилаётгани террорчиликка қарши уруш тугаганини англатмайди. АҚШ “ал-Қоида” ёки Афғонистондаги бошқа террорчи гуруҳлар АҚШга таҳдид солса, уларга қарши зарба бериш ваколатини сақлаб қолишини аниқ айтган.

XS
SM
MD
LG