Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:25

Ирина Зайдман: Халқ Жасурнинг ҳимоясига турди ва буни ҳамма кўрди! (ВИДЕО)


Жасур Иброҳимов
Жасур Иброҳимов

Тошкентдаги коллежда аёвсиз калтаклангач, шифохонада вафот этган 17 яшар Жасур Иброҳимов ҳимоясига ўтган акция ташкилотчиларидан бири Ирина Зайдман жамоатчиликнинг фаол муносабати боис, бу ишга ҳуқуқ-тартибот органларининг зарур даражадаги эътиборини тортдик, деган хулосани тилга олди.

Озодлик билан суҳбатда фаол ижтимоий тармоқлардаги эълон ортидан пойтахтдаги "Дўстлик" боғида йиғилган 400 атрофидаги кишига нисбатан ИИБ ёки МХХ томонидан ҳеч қандай босим ёхуд ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар бўлмаганини ҳам олқишлади.

Ирина Зайдман - Facebook тармоғидаги Волонтёры.уз саҳифаси маъмури - коллежда калтакланган 17 яшар Жасур Иброҳимовнинг оиласи мурожаати ортидан бу акцияга қўл урганини айтмоқда.

4 июнь куни Тошкентнинг "Дўстлик" (собиқ "Бобур") боғида Жасур Иброҳимовнинг ўлими юзасидан адолатли терговни талаб қилаётган оиласини қувватлаган юзлаб одам йиғилди.

17 яшар Жасурбек Иброҳимов 3 май куни Ташкентдаги П.Ф. Боровский номидаги Тиббиёт коллежи ёнида калтакланган. Ҳодисадан сўнг у шифохонада 5 бора жарроҳлик амалиётдан ўтди, аммо 1 июнь куни вафот этди.

Озодлик билан суҳбатда Зайдман боққа йиғилган пойтахтликлардан 400 нафари марҳум ўқувчининг оиласини қувватлаб петицияни имзолаган ва, муҳими, ИИВ ходимлари бунга тўсқинлик қилмаганини айтди.

Ирина Зайдманга кўра, бунга сабаб, Нилуфар Алиева мурожаати ва уни қувватлаган петиция ижтимоий тармоқларда эълон қилингач, "халқнинг бу ўқувчи ҳимоясига турганидир".

- Мен айнан бугунгидек натижага эришган бўлардик, деб ўйламайман. Чунки, халқ Жасурнинг ҳимоясига турди ва ҳамма бутун Ўзбекистон бўйлаб халқ унинг ҳимоясига турганини кўрди. Менимча, бизнинг имзо йиғиш акциямиз беҳуда бўлмади, - дейди Ирина Зайдман.

Жасур Иброҳимов ўлимининг адолатли тергов қилиниши сўралган акция 4 июнь куни бўлиб ўтиши ҳақидаги хабар 3 июнь куни ижтимоий тармоқларда эълон қилинди ва бир суткада 13 мингдан ортиқ фойдаланувчи бу хабарни улашди.

Акция гувоҳлари ҳам Бобур паркида, кутилмаганда, юзлаб одам йиғилгани ва петицияни имзолаганини ижтимоий тармоқлар орқали хабар қилди.

Бу ҳақда Ўзбекистондаги қатор Интернет нашрлари ҳам хабар қилди ва Зайдманга кўра, ҳуқуқ тартибот-идоралари фаолларнинг бу ҳаракатига тўсқинлик қилмади.

Аксинча, Тошкент шаҳар ИИББнинг Тергов бошқармаси бошлиғи Дониёр Тошхўжаев йиғилганлар билан учрашди ва шахсан ўзи, жиноятчилар аниқланиб, жазоланишини ваъда қилди.

- Петицияни имзолашни истовчилар паркда йиғилгач, ҳуқуқ-тартибот идораларининг 20га яқин ходими келди. Баъзилари формада, баъзилари фуқаролик кийимида эди. "Келинглар, паркнинг ўртасида тўдалашиб турманглар, четга ўтайлик", деб, ўриндиқлар бор жойга олиб ўтишди. Биз билан жуда босиқ, яхши, қонуний асосда муомала қилишди ва "Шовқин солманглар, хавотир олманглар, тўдалашиб турманглар, уч-тўрт кишидан келиб, имзоланглар" дейишди, - деди Ирина Зайдман.

Акция давомида ташкилотчилар микрофон олиб, марҳум ўқувчининг онаси - Нилуфар Алиеванинг бу жиноятни очишда кўмак сўраб, президентга ёзган мурожаатини ўқиб эшиттирди ва иштирокчилар келиб, қоғозга қўл қўйишди.

Сўнгра акция ташкилотчилари, маҳаллий журналистлар ва Жасурнинг ота-онасини шаҳар ИИББга олиб борилган ва бошқармада пресс-брифинг ўтказилган.

- ИИББга борганимизда, бу ишга алоқадор, дейилганларнинг ҳаммаси чақирилган эди. Улар билан ишлашаётган эди. Улар ота-оналари билан чақирилган эди. Хуллас, шундан сўнг менинг ишончим комилки, бу ишда бир сусткашлик бўлмайди, ҳақиқат юзага чиқади! - деди Ирина Зайдман.

Тошкент шаҳар ИИББ ҳам ушбу брифинг ҳақида хабар тарқатиб, учрашувда жиноятда гумон қилинаётган Ислом Тўлагановнинг ота-онаси ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоб бергани, дастлабки тергов ҳаракатлари давом этаётганини билдирди.

5 июнь куни эса Ўзбекистон Бош прокуратураси бу ишнинг терговини республика Бош прокурори ўз назоратига олганини билдирди.

"Жиноят иши 2017 йил 4 июнь куни Тошкент шаҳар прокуратураси иш юритувига қабул қилинган. Тўпланган далиллар мажмуи асосида И.Тулаганов Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинди ва унга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда жиноятга алоқадор шахслар доирасини аниқлаш юзасидан тегишли тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят иши юзасидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан шахсан назоратга олинди", дейилди, жумладан, Бош прокуратура баёнотида.

17 яшар Жасурбек Иброҳимов 3 май куни Ташкентдаги П.Ф. Боровский номидаги Тиббиёт коллежи ёнида калтакланган.

Ҳодисадан сўнг у шифохонада 5 бора жарроҳлик амалиётдан ўтди, аммо 1 июнь куни вафот этди.

XS
SM
MD
LG