Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:21

Она монологи. Тармоқни титратган трендлар


Бу учлик тармоқларда ҳафта қаҳрамонларига айланди.
Бу учлик тармоқларда ҳафта қаҳрамонларига айланди.

Кундалик хабарларни газета саҳифалари ëки ТВ экранларидан эмас, балки ижтимоий тармоқлардан ўқиш Ўзбекистонда аллақачон трендга айланиб улгурди. Озодлик ўтган ҳафтада тармоқ муҳокама қилган асосий хабар ва мавзуларга назар ташлади.

Ўзбек сегментига аталган контентлар трендини ўрганиш чоғида Озодликка SММ-менеджер Ноила Қутлиева ҳамроҳлик қилди. Қутлиевага кўра, “28 мартдан кейин ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегменти куч ишлатар тизимларнинг ур тўқмоғига” айланган:

“Сиëсий фаоллашган собиқ қўшиқчи Отажоновнинг онасини олиб чиқиб, гапиртириш сталинча репрессия усули қайтганидан далолат беради. Бошқа тарафдан қарасак, Мирзиëев режими Рамзон Қодировни идеаллаштиради. Каримов даврида Ўзбекистондан масофали бўлган бу бандит Мирзиëев саройининг энг исталган персонажи. Рамзан Қодиров ҳам фаол ҳамда танқидчи блогерларнинг ота-онасини камера олдига ўтқазиб қўйиб тавқи лаънат қилдиради. Бугунги режим чеченларга тақлид қилмоқда. Бугун “эркин” дея айтилишига қарамай, ҳукумат тарафидан парваришланган блогерлар энг тубан иш, яъни ҳурфикрларни сазойи қилишга сафарбар қилинди. Бу мутлақ негатив жараëн. 28 мартдан кейин тармоқнинг ўзбек сегменти гомофобия¸ антисемитизм ва аксил ғарб риторикасининг заҳарли концентратига айланди. Бу риториканинг сўз ва ифода эркинлигига алоқаси йўқ”.

Троллар ҳақида карикатура
Троллар ҳақида карикатура

Она монологи

Собиқ қўшиқчи Жаҳонгир Отажонов 5 апрель куни Фейсбукда жонли чиқиш қилиб, “Эрк” демократик партиясига аъзо бўлиб кирганини эълон қилди ва партия лидери Муҳаммад Солиҳ билан тушган суратини тармоққа жойлади. Шундан кейин Ўзбекистон куч ишлатар тизимларига яқин деб ишониладиган блогерлар “ватан хоини” деган жумладан бошланувчи қарғишлар туркумини бошлаб беришди.

“Сичқоннинг ўлгиси келса мушук билан ўйнашади😎 Тинчгина ўлиб қолганингда "Оқ кабутарлар"ни ҳали ҳам севган бўлардим”, дея изоҳ қолдирди давлат хабар агентлиги - ЎзА журналисти Норгул Абдураимова.

6 апрель куни эса, тармоқдаги олти платформада Жаҳонгир Отажоновнинг онаси Санамжон Гулманованинг “ўғлига мурожаати” тарқатилди.

Уч дақиқадан ошиқроқ видеода ўз уйида ўтирган Санамжон Гулманова “ватан хоини” Муҳаммад Солиҳ билан учрашиб, “Эрк” партиясига аъзо бўлган ўғлини “бу йўлдан” қайтишча чорлайди¸ Санамжон опадан сал нарида, креслода чуқур ўйга толган Сапарбой оға Отажонов (Жаҳонгир Отажоновнинг отаси) бутун видео давомида чурқ этмайди. Санамжон Гулманова бўлса, худди биров тутиб турган матнни ўқиган мисол гапиради.

"Бу нима дегани бўлди. Сен ватан хоини деб ҳисобланган бир ифлоснинг олдига борибсан. Муҳаммад Солиҳ деганни. Сен ундан нимани кутиб бординг? Сен унинг олдига нима мақсадда бординг?” Бу гаплардан кейин касби адабиëт ўқитувчиси бўлган Санамжон опа “ўғлининг “Эрк“ партиясига кирганлигини бутун оила ҳазм қилолмай ўтирганлиги"ни айтиб, кўзига ëш олади.

“Бизлар сендан шуни тилаймиз. Ҳали ҳам вақт борида бу йўлдан қайт болам. Бутун оила аъзоларимиз билан сендан ялиниб, ëлвориб сўраймиз. Бу йўлдан қайт Жаҳонгир. Қайт!"

Жахонгир Отажонов
Жахонгир Отажонов

Видео тагидаги юзлаб ҳақоратли изоҳлар бир-бирининг айнан қайтариғи эканлигини кўрамиз. Бу изоҳларни қолдирганларнинг саҳифаси бўш ёки Яқин Шарқ ë-да индонезиялик одам расми турганлигини кўрдик. Реал исми бор изоҳларда ҳам Жаҳонгир Отажоновни қоралаш кайфияти устун. Аслиддин Бектошев исмли юзер Ўзбекистон ҳукуматининг сиëсат йўлини танлаган Отажоновга қарши навбатдаги тадбири борасида маслаҳат беради:

“Шундай обрўли санъаткорлар сулоласини обрўсига катта доғ бўлиб тушди Жаҳонни бу иши. Ҳукуматга қарши Ватанини душмани билан бирлашиш даражасидаги хоинга Ўзбекистонга киришига хам тақиқ қўйиш керак. Фуқаролигини ҳам бекор қилиш шарт”.

Аммо ўнлаб изоҳларда ҳукуматнинг сталинча репрессияси қораланади. FB юзери Бурхон Азизов:

“ШУНЧАЛИГАМ оми бўласиларми ўзбеклар? Кўриниб турибтику уйига бориб гапиртиришган куч ишлатар тизим ходимлар. Она- бола билан гаплашгиси келса, шунақа хаммани олдида гаплашадими? Ўзига телефон қилмидими? Хидирназар Оллақуловга қўл қўйган одамларниям гапиртиришган. Буни ҳаммаси уюштирилган. Муҳаммад Солиҳ ҳақиқий ўзбек. У шу халқ учун курашган ва ҳалиям курашиб келмоқда. Бўлмаса аллақачон қўл силтаб кетарди. Сал каллеларни ишлатилар, қачонгача қўй бўлиб яшисилар? Рақобат бўлмаган жойда ривожланиш Бўлмайди".

Фарғоналик журналист Шарифа Мадраҳимова мана бундай изоҳ қолдирди:

Тушунмадии. Муҳаммад Солиҳ қандай ярамаслик қилди🤔🤔🤔. Миллиардлаб ўмардими, Сардобани буздими, кўприкларни қулатдими? Бор-йўқ айби президент бўламан, деганику.

TikTok Ўзбекистонда энг тарқалган платформа
TikTok Ўзбекистонда энг тарқалган платформа

Видеомонтаж ҳужумлар

SММ-менеджер Ноила Қутлиеванинг айтишича, тармоқнинг олти платформасида Жахонгир Отажоновни обрўсизлантиришга қаратилган ўнлаб видеолар бир кечада қўйилган:

“Битта видеода Отажонов жонли эфирда айтган “Каримов ҳайкалини буздираман” деган парча кесилиб, ундан кейин Шавкат Мирзиëевнинг одддий одамлар уйини бузган Урганч ҳокимига айтган гапи¸ яъни “ Бузишдан олдин сен ўзинг каллангни буз” деган жойи кесиб, ëпиштирилган. Буни кўрган томошабин Мирзиëев Жаҳонгир Отажоновни тергабди, деб ўйлайди. Шу билан бирга, Жаҳонгирнинг илгари концерт қўйганида югуриб, зал четига бориб қолиб, “Зал тугади” дегани ëки вокал ўқув дарсида овоз созлаш учун ишлатиладиган “фа-фа” жумласи ҳам Отажоновни атайлаб обрўсизлантириш учун ишлатилмоқда”.

Сайлов олдидан
Сайлов олдидан

Оломон васвасаси

Ноила Қутлиевага кўра¸ март охирида Ўзбекистонда “мисли кўрилмаган тоқатсизлик” намунаси кузатилган:

“Бу худди 1978 йили Эронда дарғазаб оломон уят кино кўрди, деб ичи тўла кинотеатрни ëқиб юборганлар важоҳатини эслатди. Тармоқдаги “кураторлар” ЛГБТ душман деган слоганни ўзбеклар орасига отди. Бу ҳукумат назарида исталмаганларга қарши универсал тавқи лаънат тамғасига айланди. Бу оломон 2019 йил март ойида Наргиза Саидова Пайғамбарни ҳақорат қилди, дея сазойи қилиб, ўз кучини тестдан ўтказган эди. Ўшанда ҳам кўпчилик оломон раъйига қараб, нафасини ютган эди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Ўзини либерал деб атаганлар ҳам бош чаноғи ëрилган блогерни сазойи қилишда иштирок этди”.

Калтакланган блогер Бозоров
Калтакланган блогер Бозоров

Қутлиевага кўра¸ ЛГБТ ëрлиғини сиëсий партия тузган Хидирназар Аллақуловга ҳам “парваришланган богерлар ташкилий равишда” ëпиштира бошлади:

“Тармоқда апрель бошида "Хидирназар Аллақулов партиясига гейлар аъзо бўлгани" ҳақида ўнлаб видеолар монтаж қилиниб ташланди. Кейин эса, андижонлик қизиқчи Ғайрат Аҳмедов “Хидирназарнинг партияси гейларники, у Исломга тўғри келмайди”, дея ҳақоратли лавҳани саҳналаштирди. Погонлилар сайлов пайтида Мирзиëевнинг рақибларнини йўқ қиламиз, деб амалдаги президентнинг ягона ижобий қиррасини йўққа чиқармоқда. Мирзиëев мамлакат ичкарисида ўта паст рейтингга эга бўлса ҳам, Ғарб уни “мамлакатни очган реформатор” деб билади. Март охиридаги воқеалар эса, бу ижобий нуқтани деярли йўққа чиқарди”.

Хидирназар Аллақулов
Хидирназар Аллақулов

Демократияни атайлаб обрўсизлантириш

Таниқли блогер ва ношир Фируз Аллаев сўнгги ойларда ватандошлар онгида демократия сўзи дискредитация қилинганидан ташвиш билдирди:

“Демократия сўзини ЛГБТга боғлаб, фуқаролар онгида демократияни ёмонотлиқ қилиш кўплаб ички кучлар учун фойдали бўлиши мумкин. Халқнинг онгида демократияни ёмон нарса қилиб кўрсатиб, якунда автократия ёки диктатура қуриш мақсад бўлса, бу стратегик зўр қадам бўлди, дейиш мумкин.

Афсуски, демократия ва ЛГБТ турли хил нарсалар эканлигини, ЛГБТ учун демократияни айблаш, Аҳад Қаюм учун ўзбек халқини айблаш билан баробар эканлигини кўпчилик тушунмайди. Бемалол хулоса қилса бўладики, халқ ҳали демократияга тайёр эмас ва бу ҳолатимизда яқин келажакда тайёр бўлмаймиз ҳам. Бугун аксар аҳолимиз демократияни бизнинг маънавиятга, менталитетга тўғри келмайдиган хавфли ғоя деб билади. Энди бу ғоя халқ онгида ЛГБТ билан ҳам боғланди.

Демократиядан олабўжи каби қўрқадиганларни хурсанд қиладиган хабар бор менда. Бизда яқин келажакда демократия бўлмайди.

Мамлакатда демократия бўлиши учун демократик фикрлайдиган зиёли қатлам, фуқаролик жамияти ва демократик институтлар бўлиши керак.

Уч-тўртта ажралиб чиққан зиёли, блогер ёки фаоллар билан керакли идоралар яхши ишлаб, троллар ва бошқа воситалар орқали халқ олдида номини булғаб бўлишди. Уларнинг ўзлари ҳам қўрқиб қолиб, ўзларини цензура қилиб, тилларини анча тийиб олишди. Биз демократ деб билган қолган баъзи депутат, журналист, сиёсатчи ёки зиёлилар шунчаки эркинлик костюмини кийган қадимчи консерваторлар эканлиги кўриниб қолди. Мамлакатнинг биринчи рақамли ахборот сайти фуқаролар онгини демократияга қарши ювиб турганда, бошқалар ҳақида нима дейиш мумкин?!

Ироқлик саллали табиб

Ҳафта давомида Ўзбекистонга ташриф буюрган ироқлик табиб ҳам тармоқдаги муҳокамалар марказида бўлди. Бу муҳокамаларда Ўзбекистоннинг расмий давлат идоралари ва мулозимлари ҳам қатнашди.

“Тармоқ иккига бўлиниб, ярми Ироқдан келиб Ўзбекистонда одамларни даволаëтган Курдистоний деган табибни мақтади, ярми эса, бу табибни қарғади. Умуман, ўзбек сегментида жиддий мулоҳазали фикр кам. Ë мақтаб, осмонга чиқаришади ëки қарғаб, ерга тиқишади.”

Расмда Беруний, ëзувда Ибн Сино
Расмда Беруний, ëзувда Ибн Сино

Тармоқ ҳафта давомида актриса Шаҳзода Матчонованинг фарзанди неча кило туғилгани ва СанЖай исмли хонанданинг судда Шерали Жўраев устидан ғолиб бўлганини ҳам қизғин муҳокама қилди.

Ижтимоий тармоқлардаги трендларни Озодлик билан бирга кузатинг.

Тармоқларнинг фаол фойдаланувчиси бўлсангиз, фикрларингизни биз билан баҳам кўринг.

Эксклюзив сурат ва видеоларингизни бизнинг тармоқлардаги платформаларимиз орқали бўлишишингиз мумкин.

Биз билан боғланиш учун:

Мессенжер ва имейл

+420 602 612 713 (WhatsApp, Telegram, Viber)

+420 724 971 539 (WhatsApp, Telegram, Viber)

ozodlikmail@gmail.com

XS
SM
MD
LG