Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:37

Фарғонада терак "қирғини" томорқаларга етди. Терак ўрнига қалампир экиш буюрилди


Фарғона вилояти, Фурқат туманида одамларнинг томорқасидаги кесилган тераклар. Суратлар 16 апрель куни олинган.
Фарғона вилояти, Фурқат туманида одамларнинг томорқасидаги кесилган тераклар. Суратлар 16 апрель куни олинган.

Фарғона вилоят, Фурқат туманида аҳоли томорқасига экилган терак дарахтлари ёппасига кесиб ташланаяпти. Фарғоналикларнинг Озодликка айтишича, махсус ишчи гуруҳ уйма-уй юриб, теракларини кесмаган аҳолининг томорқаси тортиб олиниши ёки 3 баробар кўп солиқ солинишини айтиб, таҳдид қилаяпти. Ҳокимлик кесилган тераклар ўрнига қалампир эктираяпти.

“Тераклар ёппасига кесилаяпти”

Фарғонада тераклар ёппасига кесилаётгани ҳақида Фурқат туманида яшовчи муштарий Озодликка хабар қилди:

Фарғона вилояти, Фурқат туманида одамларнинг томорқасидаги кесилган тераклар. Сурат 16 апрель куни олинган.
Фарғона вилояти, Фурқат туманида одамларнинг томорқасидаги кесилган тераклар. Сурат 16 апрель куни олинган.

“Фурқат туманида шунақа тадбир бўлаяпти. Теракларни ёппасига кестираяпти. Томорқамизга помидор, картошка ва пиёздан ташқари терак ҳам экканмиз. Теракларни одамлар сотиб, даромад қилиши мумкин ёки ўз эҳтиёжи учун уй қурилишида ишлатиши мумкин. Деярли ҳамма томорқасининг 3-4 сотих жойига терак эккан. Бизнинг томорқамиз жами 15 сотих, шундан 3 сотихига терак экилганди. Укамга уй қуриш учун терак ўстираётгандик. Ҳаммаси кесиб ташланди. Кесилган тераклар кичкина бўлгани боис улар кичкина ходадан бошқа нарсага ярамайди ҳам”, деди Фурқат туманида яшовчи аёл Озодлик билан суҳбатда.

“Тераклари кесилмаган томорқа тортиб олинади”

Фурқат туманида яшовчи қариянинг айтишича, махсус ишчи гуруҳ уйма-уй юриб, томорқасига экилган теракни кесмаганларга таҳдид қилаяпти:

“Маҳалла фаоллари, янги ташкил қилинган Маҳалла хизмати, ҳокимлик вакиллари, солиқ ходимларидан иборат ишчи гуруҳ уйма-уй кириб чиқаяпти. Улар тераклари кесилмаган томорқалар тортиб олинишини айтишди. Яна томорқасига терак экканларга уч баробар кўп солиқ солинади дейишди. Ҳукуматнинг бу борада қарори бор дейишди. Одамлар қўрққанидан теракларини кесиб ташлашга мажбур бўлаяпти”, деди фурқатлик қария.

“Терак ўрнига қалампир экилади”

Фурқат туманида яшовчи йигитга кўра, махсус ишчи гуруҳ кесилган терак ўрнига қалампир экишни буюрган:

“Ҳозир президент қалампир экишга катта эътибор қаратаяпти” дейишди. Бу ҳақда телевизорда ҳам эшитгандим. Ҳокимиятдагилар “шунинг учун қалампир экинглар, қалампирдан катта даромад кўрасизлар”, дейишди. Лекин ҳамма қалампир экса, уни кимга сотамиз, қандай сотамиз? Бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Экилган қалампирнинг бир қисмини ўзимиз ермиз, лекин қолганини нима қиламиз? Ҳамма ҳайрон, баъзилар қўрққанидан қалампир экишни бошлади. Лекин биз нима қилишни билмай ўтирибмиз”, деди фарғоналик йигит.

Фурқат туманида одамларнинг томорқасидаги кесилган тераклар. Сурат 16 апрель куни олинган.
Фурқат туманида одамларнинг томорқасидаги кесилган тераклар. Сурат 16 апрель куни олинган.

“390та оиланинг тераги кесилди”

Фурқат туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, туман бўйича 390 оиланинг жами 23.4 гектар майдондаги тераклари кесилиб, ўрнига қалампир экилган:

“Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 18 мартдаги 205-сонли "Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бор. Шу қарордан келиб чиқиб, терак экилган томорқаларни самарасиз фойдаланган деб топдик. Одамлар томорқа учун берилган 6 сотих, 8 сотих ерига терак эккан. Самарасиз фойдаланилган бу томорқаларнинг деярли барчасидаги тераклар кесиб ташланди. Яна 40тача оила қолди. Жами 430та хонадон томорқасига терак эккан. Ҳозир тераги кесилган томорқаларга қалампир экилди”, деди ҳокимлик мулозими.

Мулозим томорқасига терак эккан одамларнинг барчаси ўз хоҳиши билан теракларини кесиб ташлаётганини таъкидлади.

“Ҳеч ким мажбурланмади, ҳамма ўз хоҳиши билан теракларини кесиб олди. Одамларга тушунтирилди. 6 сотих ер майдонига қалампир экса, теракдан 5 йилда оладиган даромадни бир йилда топади. Одамлар буни тушуниб, тераклари ўрнига қалампир экишни бошлади”, деди Фурқат тумани ҳокимлиги мулозими.

Мирзиёев тавсиялари

Жорий йилда Ўзбекистонда 18 минг гектар майдонга аччиқ қалампир экиш режалаштирилган.

ЎзА ёзишича, аччиқ қалампирнинг ҳар бир гектаридан 21 миллион сўм даромад олиш мумкин.

2017 йил декабрида президент Шавкат Мирзиёев пахтадан кам ҳосил олинадиган жойларга Индонезиядан келтириладиган ва 60-80 кун ичида пишадиган аччиқ қалампир экиш ҳақида кўрсатма берганди.

Кейинги бир йил давомида Мирзиёев ташаббуси билан аҳолига арча, лимон, чилонжийда, ёнғоқ каби дарахтларни экиш ёки 100тадан товуқ боқиш мажбурияти юклатилди.

Шунингдек, 15 декабрь куни Қорақалпоғистонга сафар қилган Шавкат Мирзиёев бу минтақада пахта ўрнига қизилмия экишни ҳам тавсия қилди.

Тераклар қирғини

Фарғонадан 2017 нинг майида келган сурат
Фарғонадан 2017 нинг майида келган сурат

Фарғонанинг Олтиариқ туманида ҳам Тинчлик шаҳридан Қапчиғай қишлоқ фуқаролар йиғинига олиб борувчи йўл бўйидаги дарахтлар – асосан терак ва толлар кесиб ташланди.

Олтиариқ туман ҳокимлиги мулозимининг айтишича, дарахтлар “Обод қишлоқ” дастури доирасида кесилган ва улар ўрнига манзарали дарахтлар экилмоқда.

Терак ва тол “қирғини” мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилаётганига доир хабарлар мавжуд. Жумладан, Самарқанд ва Андижонда ҳам тераклар кесилаётгани ҳақида Озодликка хабарлар келган.

Тол-теракларнинг кесилаётганига оид Каттақўрғондан (Самарқанд вилояти) келган хатга илова қилинган сурат.
Тол-теракларнинг кесилаётганига оид Каттақўрғондан (Самарқанд вилояти) келган хатга илова қилинган сурат.

XS
SM
MD
LG