Тожик ҳукуматига яқин манбалар маълум қилишича, Афғонистон миллий қаршилик жабҳаси етакчиси Аҳмад Масъуд “қисқа муддатли ташриф билан Душанбега келган, бироқ кейин Панжширга қайтиб кетган”.
“Бир ярим кун Тожикистонда бўлди”
Озодлик радиоси тожик хизматининг уч алоҳида манбаси Масъуд Тожикистон президенти ва Покистон Бош вазирининг сентябрь ойида бўлиб ўтган музокараларидан сўнг тўрт кун ўтиб Душанбега келганини маълум қилди.
“Аҳмад Масъуд бир ярим кун Тожикистонда бўлди”, деди ишончли манба 13 октябрь куни Озодлик радиосига.
Унинг таъкидлашича, “Аҳмад Масъуд, унинг Толибон билан музокараларга муносабатини ва бунга нақадар тайёрлигини билиш учун тожик ҳукумати таклифига кўра келган. Покистон Бош вазири Толибон билан музокара қилишини айтган ва шу муносабат билан Эмомали Раҳмондан Масъуд билан учрашишни илтимос қилган. Аҳмад Масъуд толиблар билан музокара ўтказишга розилик берган, аммо толиблардан ортиқ ҳеч қандай хабар бўлмаган”.
Озодлик тожик хизмати маълумотига кўра, Аҳмад Масъуд Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан учрашмаган, балки “унинг ўғли, Миллий мажлис спикери Рустам Эмомали билан сўзлашган”. Ҳукумат ушбу масала бўйича бирон хабарнома чиқаргани йўқ.
Аҳмад Масъуд билан сўзлашув тафсилотлари яшириляпти, аммо Озодлик радиоси манбалари унинг асосий мақсади Толибон билан музокара ўтказиш билан боғлиқ масалаларни тожик ҳукумати билан муҳокама қилиш бўлганини айтишмоқда. Аҳмад Масъуднинг қариндошлари унинг Тожикистонга келганини тасдиқламаган, аммо инкор ҳам этишмаган. Афғонистоннинг Душанбедаги элчихонаси эса Масъуд айни пайтда Панжшир вилоятида эканини билдириш билан чекланган.
Толибоннинг тожиклар билан музокаралари
Покистон Бош вазири Тожикистон президенти билан 17 сентябрь куни учрашган эди. Тожикистон президенти матбуот хизматининг учрашув якунларига бағишланган расмий хабарномасида томонлар Толибон ҳамда Панжшир вилоятини макон тутган ҳолда унга қарши кураш олиб бораётган қаршилик кучлари ўртасида Душанбе шаҳрида музокаралар ташкил қилиш орқали Афғонистонда тинчлик ўрнатилишига кўмаклашишга келишиб олганлиги билдирилган.
Покистон Бош вазири Имрон Хон бу масалада толиблар билан музокара қилгани тўғрисида 18 сентябрь куни “Twitter”даги саҳифасида ёзган эди. Бироқ орадан қарийб бир ой ўтганига қарамай, Толибон билан Афғонистон миллий қаршилик жабҳаси ўртасидаги музокараларга доир бошқа бирон дарак бўлмади.
Толибон ҳукуматининг матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид Озодлик радиоси тожик хизматига айтишича, Душанбеда музокаралар ўтказиш масаласида “ҳамкорлик” таклифи билан унга ҳеч ким мурожаат қилмаган.
Бунинг ўрнига Толибон афғон-тожик чегарасига қўшимча аскарий бўлинмаларни йўллаб, қўшни мамлакат учун хавф-хатар манбаини яратди. Тожикистон эса жавобан, чегара назоратини кучайтирди ва Афғонистон чегараси яқинидаги шаҳарчада ҳарбий парад ўтказди.
Озодлик радиоси тожик хизмати манбаларига кўра, Айни ўша паллада Ашраф Ғани ҳукуматида мудофаа вазири бўлиб ишлаган Бисмиллохон Муҳаммадий, Афғонистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири ҳамда ағдарилган Афғонистон ҳукуматининг биринчи вице-президенти Амруллоҳ Солиҳлар қисқа муддатли ташриф билан Тожикистонга келган.
Марҳум Аҳмад Шоҳ Масъуднинг укаси Аҳмад Вали Масъуд айни вақтда Тожикистонда. Тожик ҳукумати билан қайси масалада музокара қилинаётгани аниқ эмас, аммо икки томонга яқин кишилар бу ташрифлардан мақсад “Афғонистон келажаги борасида қарор қабул қилиш” эканини таъкидлашмоқда.
“Халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра, бу нормал амалиёт”
Ҳозирда Тожикистонда бўлиб турган Афғонистон Миллий Конгресси раиси Латифий Пидром музокаралар бошланиб, Афғонистонда кенг қамровли ҳукумат тузиш мақсади амалга ошса, улар ҳеч қачон қуролли ҳаракатларни ёқламаслигини айтди.
Унга кўра, “Тожикистон раҳбариятининг Афғонистондаги мавжуд вазиятга доир баёнотлари халқаро қадриятлар ҳамда Инсон ҳуқуқлари бутунжаҳон декларацияси доирасида нормал амалиёт ҳисобланади”.
Пидромнинг фикрича, Тожикистон давлати аҳолисининг қарийб ярми тожик миллатига мансуб Афғонистон мамлакати тақдирига бефарқ бўла олмаслиги табиий.
“Тожикистон мавқеи бир қарашда кичик туюлгани билан, инклюзив ҳукумат қуриш ташаббусини олға суриш орқали Афғонистоннинг кейинги тақдирида улкан аҳамият касб этиши мумкин. Агарда Тожикистон ўз мавқеида қатъий турса, Покистон ҳам, бошқа мамлакатлар ҳам унинг розилигисиз ҳеч нарса қила олмайди”, дея урғулайди Пидром.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 13 октябрь куни, Франция президенти Эммануэл Макрон билан учрашуви чоғида Афғонистон муаммолари ечими бўйича бурунги позициясини, жумладан, мамлакатда инклюзив ҳукумат тузиш ҳақидаги нуқтаи назарини яна бир бор тасдиқлади. Франция ҳам Толибон ҳукуматига нисбатан айнан шундай позицияни тутмоқда.
Афғонистоннинг Душанбедаги элчиси Муҳаммад Зоҳир Акбар айтишича, бугунги кунда Тожикистон ўзининг “Толибонга нисбатан тўғри позицияси” туфайли дунё диққат марказида турибди. Ва худди шу сабабга кўра Тожикистон толиблар ҳукуматига мухолиф бўлган барча кучларнинг эътиборини ўзига тортмоқда, деб ҳисоблайди Акбар.
Толибон 15 август куни Кобулни забт этиши билан Афғонистонда уруш тугаганини эълон қилди. Ҳукумат босиб олинганидан сўнг орадан икки ой ўтган бўлса-да, Толибон тузган Афғонистон Ислом Амирлигини ҳеч бир давлат тан олгани йўқ.
Тожикистон Афғонистондаги турли миллатлар, жумладан, тожиклар ҳам ўзига муносиб ўринни эгаллаши лозим бўлган инклюзив ҳукумат тузилмагунча Толибон ҳаракати ҳукуматини тан олмаслигини очиқ билдирган илк давлатлардан биридир.
Бунга жавобан афғон ҳукумати раҳбари ўринбосари Абдул Ғани Бародар “ҳар бир ишнинг оқибати бўлишини” ва “акс ҳолда ҳар нарса бўлиши мумкин”лигини айтиб, расмий Душанбени Афғонистон ички ишларига аралашишдан огоҳлантирди.
Тожик ҳукумати эса Афғонистоннинг ички ишларига аралашаётганини инкор этиб, мақсади – қўшни мамлакатда хавфсизлик ва барқарорликни тиклаш ҳамда чегаранинг у тарафида яшовчи тожиклар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эканини таъкидламоқда.