Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:52

Тожикистонда имом миллий гимнни билмагани учун ишдан олинди


Тожикистонлик имомлар президент Раҳмон билан учрашувда.
Тожикистонлик имомлар президент Раҳмон билан учрашувда.

Тожикистон Дин қӯмитаси мамлакат шимолидаги Панжакент шаҳари жоме масжидининг имоми Нақибхон Қориевни “Миллий мадҳия”ни ёддан билмагани учун вазифасидан бўшатди.

Тожикистонда жоме масжидлари имомлари ҳукуматдан ойига 1500 сомоний (тақрибан 150 АҚШ доллари) миқдорида маош олади ва давлат ходими сифатида “Миллий мадҳияни”ни билишлари лозим.

27 яшар Нақибхон Қориев 27 август куни Озодлик билан суҳбатда Дин қӯмитаси гўёки “Миллий мадҳияни” ёд олмагани учун уни жоме масжиди имомлигидан бӯшатиб, унинг ўрнига бошқа шахсни тайинланини айтди.

Мазкур жоме масжиди Панжакент туманидаги энг йирик масжидлардан ҳисобланиб, унда жума намозлари пайти икки мингдан ортиқ диндор ибодат қилади.

Нақибхон Қориевнинг хабар беришича, жорий йил июнида Дин қӯмитасида бӯлиб ӯтган аттестацияда у “Миллий мадҳия”ни ёддан айтган, аммо “Ҳаж” сураси қироатида хатога йӯл қӯйган.

Панжакент ҳукуматидаги Дин, анъана ва маросимларни тартибга солиш бӯлими раиси Саиджон Шодиев 27 август куни Озодлик билан суҳбатда Нақибхон Қориев имомликдан бӯшатилганини тасдиқлади.

Унинг таъкидлашича, аттестация жараёнида Нақибхон Қориев нафақат “Миллий мадҳияни” ва миллий қадриятлар борасидаги саволларга қониқарли жавоб бермаган, балки унинг намоз рукнларини яхши билмаслиги ҳам ошкор бӯлган.

Айни дамда, Саиджон Шодиевнинг билдиришича, ҳозирча жоме масжидига янги имом тайинлангани йўқ ва Нақибхон Қориевнинг шикояти ортидан унга махсус комиссия аттестациясида иштирок этиш имкони берилган.

2009 йилдан бошлаб ҳар йили Тожикистон масжидлари имомлари аттестациядан ӯтади ва унда имомлар диний масалалар билан бир қаторда миллий қадриятларга боғлиқ саволларга жавоб беришлари шарт.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар” қонунининг 11 моддасига мувофиқ, “жоме ва масжидлар имомлари ҳар йили махсус имтиҳон ёки аттестациядан ӯтиб, дин масалаларига оид давлат ташкилотининг розилиги билан имом вазифасига тайинланади”.

Бугунги кунда мамлакатда 4 мингга яқин жоме масжидлари ва беш вақт намоз адо этиладиган масжидлар имомлари фаолият қилади.

Тожикистон Конституциясида дин давлатдан ажратилган, аммо 2014 йилдан бошлаб ҳукумат масжид имомларига давлат хизматчиси сифатида маош тўлай бошлади.

Тожикистон муфтийси 2 минг сомоний (тақрибан 200 АҚШ доллари), жоме масжиди имоми 1500 минг сомоний (тақрибан 150 АҚШ доллари) ва жума масжиди имоми 800 сомоний (тақрибан 80 доллар) миқдорида маош олади.

Давлат хизматчилари ҳисобланган масжидлар имомлари “Миллий мадҳия”ни ёддан билиши ва бошқа миллий қадриятларни яхши ўзлаштириши шарт.

2010 йилдан бошлаб Тожикистон ҳукумати жоме масжидлар имомларини тайинлашдан бошлаб, аёллар либоси, эркаклар соқоли, масжид ва ҳажга борувчилар ёши устидан назоратни кучайтирди.

Буларнинг бари сўнгги йилларда Тожикистонда диндорларга ўтказилаётган тазйиқнинг давоми сифатида кўрилмоқда.

Тожикистондаги диний эркинликлар устидан чекловлар халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар, жумладан, АҚШ Давлат департаменти томонидан мунтазам танқид қилиб келинмоқда.

Давлат Департаменти ўзининг диний эркинликлар борасидаги 2017 йилги ҳисоботида Тожикистонда диний ташкилотлар давлат назорати остида экани ва диний фаолиятда чекловлар мавжудлигини танқид қилган эди.

XS
SM
MD
LG