Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:55

Тожикистон ҳукумати танқидчилари Россияда босимга учраб, ғойиб бўлмоқда


Москвадаги тожиклар маркази раҳбари Иззат Омон
Москвадаги тожиклар маркази раҳбари Иззат Омон

Тожикистонлик блогер Эҳсон Одинаевдан 2015 йилнинг май ойидан бери дарак йўқ. Одинаев Санкт-Петербургда яқин атрофдаги дорихонага чиқиб, шу билан қайтмаган.

Одинаевнинг оиласи у Тожикистон ҳукумати илтимосига биноан Россия полицияси томонидан ҳибсга олиниб, Душанбега юборилган бўлиши мумкин, деб гумон қилмоқда. Расмий Душанбе мамлакат ичида ва ташқарисида ҳукумат танқидчиларни нишонга олиб келади.

Одинаев “Гуруҳ-24” мухолифат ҳаракати тарафдори бўлган. Тожикистон ҳукумати ҳаракатни 2014 йилда тақиқлаган ва ўшандан бери унинг тарафдорларини овлаб келади.

Бедарак йўқолган пайтида 24 ёшда бўлган блогер Тожикистон ҳукуматини танқид қилиб келган.

Эҳсон Одинаев
Эҳсон Одинаев

Одинаев Россияда 2007 йилдан бери яшаётган бўлган. Аммо Россия тожикистонлик фаоллар ва мухолифат тарафдорлари учун хавфсиз жой эмас эди, ҳатто улар Россия фуқаролигини олган ёки қонуний яшаётган бўлса ҳам.

Ҳуқуқ ҳимоячилари сўзларига кўра, 2015 йилдан бери Россияда камида 15 нафар тожик фаол ғойиб бўлган. Уларнинг баъзилари кейинчалик Тожикистонда пайдо бўлган – кўпинча қамоқхоналарда. Уларга фирибгарликдан тортиб, экстремизмгача бўлган шубҳали айбловлар қўйилган. Одинаев сингари бошқа кўплаб тожикистонлик фаол қаердалиги номаълум бўлиб қолмоқда.

Энг кўзга кўринган ҳолатлар орасида “24-гуруҳ” фаоли Шарофиддин Гадоевнинг ўғирланишини айтиб ўтиш мумкин. Фаол 2019 йилда Нидерландиядан Москвага қилган сафари давомида ғойиб бўлган. Кейинчалик у Тожикистонда пайдо бўлган.

Гадоев иши етакчи ҳуқуқ ташкилотлари эътиборини ўзига қаратди. Кейинчалик у озод қилинди ва унга Голландияга қайтишига рухсат берилди.

Россия, шунингдек, тожикистонлик муҳожирлар гуруҳларининг икки кўзга кўринган раҳбарини ҳам бадарға қилди: Каромат Шарифовни 2017 йилда, Иззат Омонни 2021 йилда.

Тожикистон расмийларини танқид қилган Шарифов ва Омон Россия иммиграция қонунларини бузганликда айбланиб, Россия фуқаролигидан маҳрум қилинди.

Аммо Тожикистон ҳукуматини танқид қилгани учун Россияда ғойиб бўлган бошқа кўплаб шахснинг қисмати ҳақида кўпчиликка маълум эмас.

Россиядаги тожик фаолларининг иддао қилишича, Тожикистон ҳукумат хориждаги танқидчилар овозини ўчириш учун уларнинг Тожикистонда яшаётган қариндошларига ҳам босим ўтказмоқда.

“Гуруҳ-24” аъзоси Раҳматжон Муҳаммаджон 18 май куни Москвада номаълум шароитда ғойиб бўлди. Мухолифат гуруҳи Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда Муҳаммаджон 2018 йилда Россия фуқаролигини олганини билдирди.

“Гуруҳ-24” ҳаракатининг яна бир аъзоси Шобуддин Бадалов ўтган йилнинг август ойида Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида номаълум шахслар томонидан ўғирланиб, бунинг ортидан Душанбега мажбурий тарзда юборилган эди.

Россия полицияси воқеага алоқадорлигини рад этди. Тожикистон ҳукумати Бадалов Тожикистонга ўз хоҳиши билан қайтганини иддао қилди.

Ҳозир уларнинг тақдири номаълум бўлиб қолмоқда.

Россияда 23 йил яшаган тожикистонлик мулла Саиднуриддин Розиқовнинг айтишича, 24 март куни Реж шаҳрида номаълум шахслар уни қўлга олган.

“Улар ҳатто ҳеч қандай ҳужжатни кўрсатишмади”, - деди Розиқов.

“Эртаси куни – 25 март куни улар мени Душанбега отланган самолётга миндирдилар”.

60 га чиққан Розиқов яқинларининг сўзларига кўра, мулла Душанбеда етиб борганидан сўнг, салафийлик ҳаракатига алоқадорликда айбланган.

3 апрель куни Розиқов видеомурожаати пайдо бўлди. Унда мулла давлат хавфсизлик қўмитаси унга қўйилган айбловни “кўриб чиққани” ва “айбсизлигини тасдиқлаганини” айтди.

Илгари Розиқовнинг узун соқоли бўлган. Тожикистонда 40 ёшга тўлмаган эркаклар узун соқол қўйса, бу ҳолат диний экстремизмнинг ташқи аломати сифатида кўрилади. Видеода Розиқовнинг соқоли анча калта эканини кўриш мумкин.

Хабарларга кўра, май ойида Россиянинг Свердловск вилояти суди Розиқовни Россия фуқаролигидан маҳрум қилиш тўғрисида 2018 йил чиқарилган қарорни бекор қилган. “Паём” янгилик сайти Розиқов Свердловскдаги оиласи олдига қайтишни режалаштираётгани ҳақида хабар берди.

Мақсуд Иброҳимов
Мақсуд Иброҳимов

Аммо бошқа кўплаб фаолнинг тақдири бошқача кечди.

Ҳам Тожикистон, ҳам Россия фуқароси 44 ёшли Мақсуд Иброҳимов 2015 йилда Москвада ғойиб бўлган. Бир неча ҳафта ўтгач, Иброҳимовнинг қариндошлари у ҳукуматни ағдаришга уринишда айбланиб, Душанбедаги қамоқхонага улоқтирилгани ҳақида хабар топган.

Ғойиб бўлишидан олдин Иброҳимов “Ёшлар – Тожикистоннинг тикланиши учун” деб номланувчи сиёсий гуруҳни тузган. Гуруҳ аҳолини президент Имомали Раҳмон истеъфосини талаб қилиб норозилик намойишларига чақишга чорлаган.

Иброҳимов 17 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Қариндошлар босим остида

Март ойида Москвадан Душанбега мажбурий равишда қайтиб келган Иззат Омон фирибгарликда айбланмоқда. Москвадаги тожиклар марказига раҳбарлик қилиб келган Омон айбдор деб топилса, 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Унинг тарафдорлари бу айбловлар сиёсий асосга эга эканини айтиб, уларни рад этмоқда.

Омоннинг Москвадаги нотижорат ташкилоти тожикистонлик меҳнат муҳожирларига иш топишда, ишлаш ва яшаш учун рухсат олишда ҳамда юридик маслаҳат олишда ёрдам бериб келади.

Омоннинг Москвадаги бир неча ҳамкасби у депортация қилинганидан бери Тожикистондаги қариндошларига расмийлар босим ўтказаётганидан шикоят қилмоқда. Уларнинг таъкидлашича, тожик расмийлари Омоннинг шерикларини қариндошлари орқали сиёсий фаолиятларини тўхтатишга ундамоқда.

Улар орасида Москвада яшовчи тожик адвокати Бахтовар Жумаев ҳам бор. Унинг айтишича, отаси ва рафиқасини Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг Уюшган жиноятчиликка қарши кураш департаментига чақиришган.

Расмийлар Жумаевнинг оиласидан ундан Тожикистонга қайтишни талаб қилишни сўрашган.

Бу орада Жумаев Россиянинг тарк этиб, бошқа мамлакатга чиқиб кетган. Жумаев расмийлар уни ҳибсга олишни ва Тожикистонга депортация қилишни режалаштираётганини ҳақида маълумот олганини таъкидлади, аммо бошқа тафсилотларни очиқламади.

Москвадаги тожикистонлик талаба фаол Суҳроб Жаҳоннинг таъкидлашича, тожик расмийлари унинг Россиядаги фаолиятини муҳокама қилиш учун оила аъзоларини чақиртирган. Расмийлар Жаҳоннинг оиласига у Омон ҳамда Тожикистонда тақиқланган “Ислом уйғониш партияси” аъзоси билан бирга тушган суратларини ижтимоий тармоқлардан ўчириши кераклигини айтишган.

Ички ишлар вазирлигидаги тожик расмийси оила аъзолари чақиртирилганини тасдиқлади, аммо бу учрашувлар Омоннинг иши билан боғлиқ эмаслигини таъкидлади.

Фарҳод Одинаев
Фарҳод Одинаев

Расмий Тожикистон ҳукумати Россиядаги тожикистонлик фуқаролар сиёсий фаолликка аралашишини истамаслигини ошкора тан олмади. Аммо у Россиядаги тожикистонликлар “ижтимоий тармоқларда ҳар хил баёнотларни тарқатиш ўрнига ўз ишларига ёки ўқишларига эътибор қаратишлари” кераклигини айтди. Расмий оммавий ахборот воситалари билан суҳбатлашиш ҳуқуқига эга бўлмаганлиги сабабли исмини ошкор қилмасликни сўради.

Европада яшовчи тожик мухолифатчи сиёсатчи Фарҳод Одинаевнинг айтишича, Россияда тожик фаоллари ғойиб бўлаётгани Душанбедаги ҳукумат ишидир.

“Тожикистон Мақсуд Иброҳимов сингари одамлар аҳолини ҳукуматга қарши норозилик намойишларига чорлашини истамайди. Ҳукумат Россиядаги ва бошқа жойлардаги танқидчиларнинг овозини ўчирмоқчи. Буни қонуний равишда амалга оширишнинг иложи йўқлиги сабабли, расмийлар одам ўғирлаш каби жиноий усуллардан фойдаланмоқда”, - деди Одинаев.

XS
SM
MD
LG