Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:25

"Ҳокимиятни отадан ўғилга топширишга тайёргарлик". Раҳмонни ким ағдармоқчи бўлди?


TAJIKISTAN -- Tajik President Emomali Rahmon (R) with his son Rustami Emomali, Dushanbe, Navruz Celebration, 25 March, 2024
TAJIKISTAN -- Tajik President Emomali Rahmon (R) with his son Rustami Emomali, Dushanbe, Navruz Celebration, 25 March, 2024

Кўплаб тожикларни ҳайратга солган мисли кўрилмаган маҳкама ишида 32 йилдан бери ҳокимият тепасида турган авторитар президент Эмомали Раҳмонни ағдариб ташлашга уринганликда айбланиб саккиз нафар жамоат арбоби яширин тарзда суд қилинмоқда.

Айбланувчилар орасида собиқ ташқи ишлар вазири, таниқли депутат ва прокуратура даъвосига кўра, Тожикистонда сиёсий ҳокимиятни қўлга киритиш мақсадида тақиқланган мухолифат партиялари билан ҳамкорлик қилган икки нафар хавфсизлик хизмати полковниги бор.

Бош прокурор Юсуф Раҳмон (Президент Раҳмон билан қариндошлиги йўқ) "хорижий ҳукумат"дан 10 миллион доллар олишни кўзлаган, деб даъво қилмоқда. Шунингдек, тақиқланган исломий экстремистик гуруҳ Жамоати Ансоруллоҳ ҳокимиятни эгаллаб олишда ёрдам бериш учун, иддао қилинишича, 3000 га яқин жангари бериши керак бўлган. Бу айбнома кўпчиликни ҳайратга солди, чунки айбланаётганлар қатъий дунёвий қарашга эга эканлиги маълум эди.

Судга тортилган собиқ мулозимлар (чапдан ўнгга): Ҳамрохон Зарифий, Акбаршоҳ Искандаров, Саиджафар Усмонзода, Шокиржон Ҳакимов ва Аҳмадшоҳ Комилзода.
Судга тортилган собиқ мулозимлар (чапдан ўнгга): Ҳамрохон Зарифий, Акбаршоҳ Искандаров, Саиджафар Усмонзода, Шокиржон Ҳакимов ва Аҳмадшоҳ Комилзода.

14 ноябрь куни Душанбе ҳибсхонасида ёки ҳукумат расмийларининг эълонисиз ёпиқ эшиклар ортида суд жараёни бошланди. Судланувчиларнинг оила аъзолари, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишига рухсат берилмади.

Айбланувчиларга қўйилган аниқ айбловлар маълум эмас, уларнинг қариндошлари ва ҳимоячилари ОАВ билан мулоқот қилмаяпти. Аммо "Озодлик" радиосининг ушбу масалага яқин манбаларига кўра, айбловлар ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уриниш, давлатга хиёнат, нафрат қўзғатиш ва ҳужжатларни қалбакилаштиришдан иборат.

Манбаларнинг таъкидлашича, айбланувчиларнинг баъзилари ўз айбига иқрор бўлмаган, қолганларининг кўпчилиги эса ишларнинг махфийлиги туфайли номаълум.

Воқеалар бош прокурорнинг 14 июнь куни парламентдан ўшандан икки кун аввал ҳибсга олинган депутат Саиджафар Усмонзоданинг қонунчилик дахлсизлигини бекор қилишни сўраган кутилмаган баёноти билан бошланди.

Тожикистон бош прокурори таъкидлашича, Демократик партиянинг собиқ раиси Усмонзода тақиқланган Тожикистон Миллий Альянси – Тожикистоннинг бир нечта мухолифат ҳаракатларини бирлаштирган Европадаги ташкилот билан "сиёсий ҳокимиятни куч билан қўлга олиш" режасини муҳокама қилган.

Юсуф Раҳмоннинг сўзларига кўра, 2021 йил сентябрь ойида Усмонзода билан телефон орқали мулоқот чоғида Миллий альянс раҳбарининг ўша пайтдаги ўринбосари Шарофиддин Гадоев тақиқланган мухолифатчи Исломий уйғониш партияси молиявий ёрдам кўрсатишини ва фитнани амалга оширишга кўмаклашиш учун Афғонистондан Жамоат Ансоруллоҳ жангариларининг Тожикистонга киришини ташкиллаштиришини ваъда қилган. Гадоев бу даъвони рад этган.

Бош прокурорнинг парламентга маълум қилишича, фитнада жангарилар мамлакатнинг турли қисмларида вазиятни беқарорлаштириш ва охир-оқибат ҳукуматни "қисқа вақт ичида" ағдариш учун ҳарбий ва полиция штабларини эгаллаб, қуролларни қўлга киритишлари керак эди.

Бош прокурорнинг таъкидлашича, Усмонзода ўзига қарши барча айбловларни, жумладан, "нуфузли шахсларни ишонтириш ва намойишлар уюштириш учун" номаълум хорижий давлат "вакилидан" 10 миллион доллар сўраганини тан олган.

Президент Раҳмон ва Тоғли Бадахшон ўртасидаги муносабат тарихи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:53 0:00

Ўзгаришлар учун етилган вазият

Бир неча кун ичида таниқли жамоат арбоблари – собиқ ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий, парламентнинг собиқ раиси Акбаршоҳ Искандаров, Демократик партия раҳбари ўринбосари Аҳмадшоҳ Комилзода ва Социал-демократик партия раҳбари ўринбосари Шокиржон Ҳакимов Душанбеда қамоққа олинди.

Ҳокимият вакиллари, шунингдек, яна учта камроқ танилган амалдорни – Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ бўлим бошлиғи Абдулфайз Атои ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг истеъфодаги икки полковниги Нурамин Ғанизода ва Жамшед Боевни ҳам ҳибсга олди.

Прокурорлар август ойида журналистларга текширилаётган барча ишлар "бир-бирига чамбарчас боғлиқ" эканлигини айтишган, аммо бошқа тафсилотларни беришмаган.

Ўшандан бери ҳокимият вакиллари, суд расмийлари ёки ҳимоячилардан бу ҳолатлар ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Давлат назоратидаги оммавий ахборот воситалари бу жараённи асосан эътиборсиз қолдирди.

Сўз эркинлиги ва ҳукуматни танқид қилиш қатъиян ман этилган мамлакатда, кўпчилик тожиклар оммавий ахборот воситалари билан гаплашишдан чўчийди.

Исми сир қолиши шарти билан, Душанбедаги университет профессори "биз айбланувчиларнинг айби бор-йўқлигини билмасак-да, Тожикистонда эрта ёки кеч режимни ўзгартиришга уриниш муқаррар тарзда содир бўлади," деди.

Ўқитувчининг таъкидлашича, Президент Раҳмон ўзининг 36 ёшли ўғли Рустамни ўз ўрнига тайёрлаётгани ҳақидаги кенг тарқалган миш-мишлар туфайли кўплаб тожиклар Тожикистондаги вазиятдан норози.

"Барча қатламдаги тожик халқи президент ва унинг яқин доиралари ҳамма нарсани назорат қилаётгани, мамлакатга ўз хусусий мулки сифатида муносабатда бўлаётгани, бошқаларга ҳеч қандай имконият бермаётганидан норози," дейди профессор. "Одамлар бу оила билан яна 30 йил яшашни истамайди."

Демократия ва эркин ҳамда адолатли сайловлар йўқлигида, баъзи одамлар "авторитар режимдан қутулишнинг бошқа йўлларини кўриб чиқишлари ёки қўллашлари мумкин," деди профессор.

"Бироқ бу жиноий ишлар ҳукуматнинг ҳокимиятни отадан ўғилга ўтказиш режасидан олдинги ишончсизлиги ва ваҳимасини акс эттириши ҳам мумкин," деб қўшимча қилди у.

Баъзи тожик таҳлилчиларининг фикрича, саккиз кишига қўйилган айбловлар асоссиз, чунки аксарияти 60 ва 70 ёшларда бўлган айбланувчиларнинг рақибларига нисбатан шафқатсиз жазо чоралари қўллаши билан танилган ҳукуматга қарши чиқиш эҳтимоли кам.

"Бу айбланувчилар ҳокимият, таъсир ва сиёсий мавқега эга бўлган пайтларида, яъни фаолиятларининг энг юқори чўққисида ҳам режимга қаршилик кўрсата олмаганлар, энди эса буни синаб кўришлари деярли эҳтимолдан йироқ," дейди АҚШда истиқомат қилувчи тожикистонлик сиёсий таҳлилчи Азиз Нуруллоев.

Бироқ Нуруллоевнинг таъкидлашича, 10 миллион аҳолиси бўлган қашшоқ мамлакат - Тожикистонда вазият "етилган", чунки миллионлаб одамлар иш излаб чет элга кетишга мажбур бўлмоқда ва сиёсий ўзгаришларни талаб қилиши мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG