Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:36

Тожикистон: Хоруғ воқеалари қурбонлари сони 3 кишига етди. Ярадорлар 10 дан ортиқ


Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти (ТБМВ) маркази бўлмиш Хоруғ шаҳрида содир бўлган оммавий тартибсизликда қурбон бўлганлар сони уч кишига етди. Яна ўнлаб одам, жумладан, кучишлатар идораларнинг беш ходими турли даражада тан жароҳати олди, дея маълум қилган Озодликнинг тожик хизмати манбалари.

26 ноябрь куни эрталаб Хоруғ шаҳри ва унга яқин туманлардан юзлаб кишилар Тоғли Бадахшон мухтор вилояти маъмурияти биноси олдида норозилик акциясини давом эттирди. Мэрия биноси ёнидаги майдонда тунаган митингчилар 29 ёшли Гулбиддин Зиёбековнинг ўлимига айбдор шахсларни қўлга олиш ва жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилишмоқда.

25 ноябрь куни норозилик акцияси иштирокчилари Зиёбековнинг жасадини вилоят маъмурияти биноси ёнига келтиришди.

ТБМВ раҳбарлари билан норозилар ўртасида музокара олиб бориляптими, йўқми – маълум қилинмаган.

25 ноябр куни вилоят маъмурияти биноси яқинида митингчилар ва кучишлатар идоралар ходимлари ўртасида тўқнашув юз бериб, натижада бир неча киши жароҳат олган.

Озодлик манбаларига кўра, улардан икки нафари вилоят касалхонасида вафот этган. 26 ноябрь куни эрталаб Гулназар Муродбеков ўлгани маълум бўлди – у Гулбиддин Зиёбековни қўлга олиш амалиёти чоғида ўқотар қуролдан яраланган эди. Хоруғ воқеалари чоғида нобуд бўлганлардан учинчиси Тўтишо Амиршоевдир.

Вилоят маъмурий марказидаги тартибсизликларда давлат хавфсизлиги маҳаллий бошқармасининг уч ходими, бир милиционер ҳамда прокуратура хизматчиси жиддий жароҳат олган. Бу ҳақда МХДҚ вилоят бошқармаси 25 ноябрь оқшомида маҳаллий ТВ орқали баёнот берган.

Расмийлар маҳаллий аҳолини “ғайриқонуний хатти-ҳаракатлардан тийилиш”га чақирмоқда.

ТБМВ прокуратураси баёнотида айтилишича, Гулбиддин Зиёбеков уюшган жиноий гуруҳ аъзолари бўлмиш ҳамтовоқлари билан 2020 йил 1 февраль куни Роштқалъа тумани прокурори ёрдамчиси А.Абирзодани гаровга олиб, ушбу туманнинг Анжим ва Баржангал қишлоқларида уни 8 соат давомида калтаклаб, қийнаган.

Ўз навбатида роштқалъаликлардан бири Озодлик мухбирига Зиёбеков прокуратура ходимини фақат урганини айтган. Бунга эса прокурор ёрдамчисининг ўша ерлик бир аёлга у билан жинсий яқинлик қилишни таклиф этиши сабаб бўлган.

Прокурор ёрдамчиси бир гуруҳ маҳаллий ёшлар томонидан сўроққа тутилгани акс этган видео интернетда ёйинланган эди.

“Ўшанда ТБМВ собиқ раҳбари Ёдгор Файзов можарони тинчлик билан ҳал қилган эди: прокурор видеомурожаат билан чиқиб, Бадахшон аҳлидан узр сўраган”, дейди Озодлик суҳбатдоши.

Маълум қилинишича, айни пайтда Хоруғда интернет блоклаб қўйилган, ҳудуд билан алоқа чекланган.

НОРОЗИЛИК МОСКВАДА ҲАМ ДАВОМ ЭТДИ

Тоғли Бадахшондан чиққан меҳнат мигрантлари 25 ноябрь оқшомида Тожикистон кучишлатар идораларининг Гулбиддин Зиёбеков ўлимига сабаб бўлган махсус амалиётидан норозилик белгиси сифатида Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси биноси ёнида тўпланишди.

Расмий баёнотда Зиёбеков қаршилик кўрсатгани ва кучишлатар ходимларнинг жавоб ўқидан яралангани маълум қилинган.

Хабар қилинишича, Москва полицияси элчихона жойлашган кўчани тўсишга ва унга ёндош йўлларда хавфсизлик чораларини кучайтиришга мажбур бўлган. Қўлга олинганлар бўйича бирор маълумот йўқ.

Акция иштирокчиларидан бири – Ораз Вазирбеков Озодликка тожик дипломатларидан тайинли жавоб олмаганини, шу боис норозилик давом этишини айтди.

“Тожикистон элчиси билан қарийб икки соат гаплашдик. Ундан хоруғлик икки кишининг ўлими айбдорларини топиб, жавобгарликка тортишни, шаҳардаги барча блок-постларни олиб ташлаб, мобил алоқани тиклашни талаб қилдик. Талабларимиз бажарилмаган тақдирда норозиликни давом эттирамиз, деб огоҳлантирдик”, дейди у.

Улар бугун ўз талабларини Тожикистон элчихонасига ёзма шаклда топширишмоқчи.

XS
SM
MD
LG