Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:42

Тожикистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди


Тожикистонда мухолиф партия - Тожикистон Ислом уйғониш партияси (ТИУП) экстремистик партия сифатида тақиқланганидан бери илк парламент сайловлари ўтказилди.

ТИУП 1992-97 йилларда рўй берган фуқаролар уруши вақтида Тожикистон ҳукуматига қарши коалицияга қўшилган эди.

Тожикистон Адлия вазирлиги 2015 йил августида партияни давлат рўйхатидан чиқарди ва орадан бир ой ўтиб, у экстремистик ташкилот деб эълон қилинди.

Марказий сайлов комиссияси овоз берувчиларнинг 75 фоизи сайловда қатнашганини маълум қилди.

Тожикистон қонунчилигига биноан сайловчиларнинг ярми овоз берса, сайлов бўлиб ўтган деб ҳисобланади.

Комиссия раҳбари Бахтиёр Худоёрзодага кўра, "шаффоф ва ҳаққоний сайлов ўтказиш учун" 3 минг 412 та овоз бериш участкаси ишлаган.

Жорий президент Эмомали Раҳмон бош бўлган Халқ демократик партияси бугунги сайловда энг кўп овози тўплаши кутилмоқда.

Номзодлар Мажлиси Намояндагон – мамлакат парламенти қуйи палатасидаги 63 ўрин учун беллашди.

Озодлик радиоси тожик хизмати мамлакатни 1992 йилдан бери бошқариб келаётган президент Раҳмон эрталабданоқ овоз берганини хабар қилди.

Президент Раҳмон овоз бермоқда, 1 март, 2020
Президент Раҳмон овоз бермоқда, 1 март, 2020

Сайловда 6 партиядан номзодлар қатнашди. Улар орасида фақат Социал-демократик партияси - мухолиф партиядир.

Социал-демократик партия ҳар бир номзод тўлаши керак бўлган 600 доллар маблағни тўлиқ бера олмагани учун партия номзодлари сони 8 тадан 5 тага озайтирилди.

Аввалги сайловларда партия минимал 5 фоиз овозни тўплай олмагани учун парламентда ўрин ололмаган.

Мамлакатда ўтказилган аввалги сайловлар давомида қатор қонунбузарликлар, жумладан, сохта сайлов қоғозларини тўлдириш, бир неча марта овоз бериш ҳамда сайлов қоғозларини санаш қоидаларига амал қилмаслик ҳолатлари қайд этилган.

Шунингдек, танқидчилар ҳукуматни мухолифат гуруҳларини ва танқидчиларни сиқувга олишда айблаб келади.

Жумладан, «Гуруҳ 24» мухолифат ҳаракати 2014 йилда экстремистик ташкилот деб топилиб, тақиқланди.

«Гуруҳ 24» ҳам, ТИУП ҳам ҳукумат айбловларини кескин рад этиб келади.

ТИУП етакчиси Муҳиддин Кабирий сайловга қўйилган мухолиф партияни тожикистонликларни сайловда қатнашишдан бош тортиш ўрнига социал-демократларга овоз беришга чорламоқда, деб айблайди.

Тожикистон парламенти ваколатлари амалда чекланган бўлиб, ҳокимият бошқаруви мамлакатга 1992 йилдан бери раҳбарлик қилиб келаётган президент Раҳмон қўлидадир.

Марказий сайлов комиссияси сайловда 241 нафар номзод беллашаётганини маълум қилди. Комиссияга кўра, хориж давлатларида ишлаётган муҳожирларни ҳисобга олганда 4,793,282 нафар одам сайлаш ҳуқуқига эга.

Тожикистонда чуқур илдиз отган ишсизлик туфайли юз минглаб одам Россияда ишлайди. Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси муҳожирлар овоз бериши учун 5та сайлов участкаси тайёрлаганини маълум қилган.

Сайлов натижалари тан олиниши учун сайловчиларнинг камида 50 фоизи овоз бериши лозим. Агар сайловчиларнинг ярми овоз бермаса, қайтадан сайлов ўтказилади. Бироқ, Тожикистонда ҳали бирор марта бундай ҳолат кузатилмаган.

XS
SM
MD
LG