Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:36

Толибон Бадахшон вилоятида гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашувчи бўлинма тузди (ВИДЕО)


Толиблар Афғонистоннинг Бадахшон вилоятида гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш олиб бориш учун ҳарбийлашган бўлинма ташкил этди. Бу ҳақда вилоят вице-губернатори Нисор Аҳмад Аҳмадийга таяниб Озодликнинг тожик хизмати маълум қилди.

Афғонистоннинг Бадахшон вилояти Тожикистон, ХХР ва Покистон билан чегарадош.

Толибон ҳаракати Озодликнинг афғон хизмати билан суҳбатда афғон гиёҳванд моддалари ҳали-ҳамон Марказий Осиё мамлакатлари орқали дунёнинг бошқа минтақаларига тарқалаётганини тасдиқлади.

Янги ҳарбийлашган бўлинма минтақа хавфсизлигини таъминлаш ҳамда “жаҳаннам гиёҳи” ноқонуний савдосига қарши курашни таъминлаш мақсадида тузилган, дейди вилоят вице-губернатори Нисор Аҳмад Аҳмадий.

БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси сўнгги 20 йилда Бадахшон вилоятида гиёҳванд моддалар қуролли гуруҳлар, жумладан, толибларнинг қимматбаҳо тошлар контрабандасидан кейин иккинчи муҳим даромад манбаи бўлиб келаётганини айтган эди.

Нисор Аҳмад Аҳмадий гиёҳванд моддалар афғон-тожик чегаралари орқали ўтказилишини тасдиқлади. “Умумий чегараларимиз орқали гиёҳванд моддалар контрабанда қилинаётганини инкор эта олмайман”, деди Толибон мулозими.

Аввалроқ Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид янги ҳокимият гиёҳванд моддалар контрабандасининг барча йўлларини яксон қилишни режалаётганини маълум қилган эди.

Толиблар иқтидорга келгунича Афғонистонда гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашувчи махсус идора мавжуд бўлиб, у Тожикистоннинг ваколатли органлари билан фаол ҳамкорлик қиларди. Ҳозирда Тожикистон билан Афғонистондаги Толибон ҳукумати ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилмаган, гиёҳванд моддалар хавфига қарши курашга қаратилган бирор қўшма амалиёт олиб бориляптими, йўқми – номаълум.

Озодликнинг афғон хизмати маълумотига кўра, сўнгги йилларда Бадахшон вилоятининг етти уездида афюн кўкнориси етиштирилмоқда.

Бадахшон вилояти шимол ва шимоли-ғарбда – Тожикистоннинг Хатлон вилояти ва Тоғли Бадахшон мухтор вилояти билан, шимоли-шарқда – Покистон ва шарқда Хитой билан чегарадош.

Наркотужжорлар томонидан бутун дунёга тарқатиладиган қорадорининг каттагина қисми Афғонистон ҳудудида ишлаб чиқарилади. Наркотрафик Толибоннинг асосий даромад манбаларидан бири саналади. Қолаверса, ушбу соҳа минглаб оддий афғонлар учун ягона тирикчилик воситаси бўлиб қолган.

Экспертлар мумкин қадар кўпроқ кўкнори экиш – афғонларнинг қашшоқлик, эпидемиялар, ишсизлик ва зўравонликка қарши “рецепти” эканини таъкидлашади.

БМТ қайдларига кўра, ўтган йили Афғонистонда кўкнор далалари роса 37 фоизга кенгайган.

XS
SM
MD
LG