Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:38

Толибон: Эришган ютуқларимиз қўшни мамлакатлар хавфсизлигига таҳдид солмайди


Толибон делегацияси аъзолари Абдул Латиф Мансур (чапда),Шаҳобиддин Делавар (ўртада) ва Сухайл Шаҳин Москвада матбуот анжуманида
Толибон делегацияси аъзолари Абдул Латиф Мансур (чапда),Шаҳобиддин Делавар (ўртада) ва Сухайл Шаҳин Москвада матбуот анжуманида

Россия ва Толибон вакиллари ушбу фундаменталист гуруҳ жангарилари Афғонистонда тобора кўпроқ ҳудудларни қўлга киритаётган, шу жумладан, чегараларнинг катта қисмини назорат қилаётган бўлса ҳам, аммо айни дамда толиблар қўлга киритган ютуқлар халқаро хавфсизликка таҳдид солмаслигини таъкидладилар.

Толибон делегациясининг Москвага ташрифи ортидан худди келишиб олингандек эълон қилинган баёнотлар Россия Афғонистон билан боғлиқ минтақавий хавфсизлик масалаларида янада каттароқ роль ўйнашни истаётгани тасдиғи ўлароқ кўрилмоқда.

Баёнотлар АҚШ бошчилигидаги халқаро кучлар Афғонистондан йигирма йиллик урушдан кейин чиқиб кетаётган бир кезга тўғри келди.

9 июль Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва Толибон ушбу гуруҳ Афғонистон – Тожикистон чегарасининг учдан икки қисмини назорат қилаётганини билдирди.

Бу рақамни мустақил тасдиқлашнинг имкони бўлмади.

Вазирликка кўра, Москва ва Россия бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (​КХШТ) ҳарбий иттифоқи у ерда “тажовуз ва провокацияларнинг олдини олиш учун қатъий ҳаракат қилади”.

Вазирлик давом этаётган жангларда иштирок этаётган барча томонларни “вазмин бўлишга” чақирди.

Хабар қилинишича, АҚШ бошчилигидаги халқаро кучлар 1 май куни Афғонистондан расмий равишда чиқиб кетишни бошлагандан бери толиблар мамлакат бўйлаб ўнлаб туманни босиб олган. Натижада Кобулдаги заиф ҳукуматга содиқ кучлар оғир аҳволга тушиб қолди.

Афғонистон хавфсизлик хизмати ўз қўшинлари қарши ҳужумларни бошлашини ваъда қилмоқда. АҚШ президенти Жо Байден эса Ашраф Ғани маъмуриятига жанговар кучлар чиқиб кетганига қарамай, АҚШ кучлари Кобул ёнида туришини айтган.

8 июль куни Байден АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий миссияси 31 август куни якунланишини айтиб, “тезлик хавфсизликдир” дея қўшимча қилди.

Толибоннинг ҳарбий ютуқлари фонида мамлакатда тўлақонли фуқаролар уруши бошланиши ҳақида хавотир кучаймоқда.

9 июль куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги Толибон Афғонистонда тўлиқ ҳокимиятни қўлга киритишга интилмаётганини изҳор қилганини билдирди.

Аммо фундаменталист гуруҳ ўз ҳужумларини давом эттираётганини ҳисобга олсак, бу даъвога ишониш қийин. Гуруҳ ўзи босиб олган ҳудудларда 1990‑йилларидаги каби кескин исломий бошқарувни йўлга қўймоқда.

Москва жорий йилнинг бошида Афғонистон ва минтақада дипломатик фаоллашувга интилаётганини кўрсатиб, толибларни бир томонлама музокара олиб боришга чақирди. Москва бу қадамни мамлакатда ҳокимиятни бўлишишдан бошқа илож йўқлиги билан изоҳлади.

Россиянинг бу ҳаракати Кобулдаги ҳокимиятни ғазаблантирди.

Жорий ҳафтада Толибон делегацияси Москвага борар экан, 8 июль куни Эрон томонидан ўтказилган параллель музокараларда Афғонистон ҳукумати ва Толибон вакиллари билан бир қаторда Россия вакиллари ҳам иштирок этди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 9 июль куни жорий йилнинг илк чорагида Афғонистонда тинч аҳоли орасида қурбон бўлганлар сони 2020 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 29 фоизга юқори бўлганини маълум қилди.

Ташкилотга кўра, биргина ўтган ҳафта ичида камида 56 нафар фуқаро ўлдирилган.

ЖССТ, шунингдек, соғлиқни сақлаш муассасаларига қилинаётган ҳужумлардан ва афғонларни зарур дори-дармон ва материаллар билан таъминлаш имконияти йўқлигидан хавотир изҳор қилди.

ЖССТ 38 миллион атрофида аҳолиси бўлган Афғонистонга 3,5 миллион дозада COVID-19 вакцинасини юбораётганини билдирди.

Толибон вакили Шаҳобиддин Делаварнинг сўзларига кўра, гуруҳ Афғонистон ҳудудининг учдан икки қисмини эгаллаб олган.

Делавар толиблар назорати остидаги чегаралар одатдагидек ишлаётганини иддао қилди ва халқаро гуманитар ташкилотларни Афғонистондаги фаолиятини давом эттиришга чақирди.

Бу орада Хитой давлат оммавий ахборот воситалари 9 июль куни Пекин хавфсизлик нуқтаи назаридан Афғонистондан 210 нафар фуқаросини олиб кетиш учун учоқ юборганини хабар қилди.

“Global Times” газетасининг хабар беришича, “Xiamen Airlines” авиакомпаниясининг самолёти 2 июль куни 210 нафар Хитой фуқароси билан Кобулдан Хубейга учган.

Хитой компаниялари Афғонистонда кончилик ва инфратузилма лойиҳаларида иштирок этиб келади.

9 июль куни Москвага ташриф буюрган Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраҳманям Жайшанкар россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан учрашувдан сўнг журналистларга Деҳли Афғонистонда содир бўлаётган воқеалардан хавотирда эканини айтиб, зўравонликни тўхтатишга чақирди.

Жайшанкар Афғонистондаги воқеалар минтақавий хавфсизликка бевосита таъсир қилади, дея қўшимча қилди.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг хабар беришича, 8 июль куни Россия расмийлари, шу жумладан, Кремлнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов ҳам Толибон билан музокаралар ўтказган.

Россияга борган Толибон вакиллари гуруҳ Афғонистон бўйлаб эришган сўнгги ютуқлар Россия ёки Марказий Осиё давлатлари учун ҳеч қандай хавф туғдирмаслигини таъкидлаган.

Толибоннинг ютуқлари ортидан юзлаб Афғонистон ҳукумати қўшинлари Россия ҳарбий базаси мавжуд бўлган Тожикистонга қочишга мажбур бўлди.

Можаро қўшни мамлакатларга тарқалиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар ортидан Тожикистон ўз чегарасини қўшимча 20 минг аскар билан мустаҳкамлаш режасини эълон қилди.

Афғонистоннинг Ўзбекистон ва Туркманистон билан чегарадош туманлари ҳам жангарилар қўлига ўтган. Натижада Москва ўзининг томорқаси деб билган минтақада беқарорлик юзага келишидан хавотирга тушди.

Толибон сиёсий идораси вакили Сухайл Шаҳиннинг айтишича, делегация гиёҳванд моддалар савдоси олдини олиш масаласини муҳокама қилган.

Шаҳин гуруҳ назорати остидаги Афғонистон ҳудудидан мамлакат қўшниларига таҳдид солиш учун фойдаланилмаслигини яна бир бор таъкидлаган.

Шунингдек, у Толибон назорати остидаги барча чегара пунктлари очиқ қолишини ва гуруҳ жангарилари дипломатик ваколатхоналар ва нодавлат ташкилотларни нишонга олмаслигини айтган.

XS
SM
MD
LG