Линклар

Шошилинч хабар
15 январ 2025, Тошкент вақти: 16:45

Тоқаев ва Мирзиёев сиёсий позицияларни мувофиқлаштирмоқчи


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (ч) Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев (ў) билан, Остона, 2024 йил 8 августи (president.uz фотоси)
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (ч) Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев (ў) билан, Остона, 2024 йил 8 августи (president.uz фотоси)

Саккизинчи август куни Остона шаҳрида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев олий даражада тузилма таъсис этилишини “тарихий воқеа” деб атаган.

Мажлис давомида Ўзбекистон раҳбари халқаро тузилмалар доирасида позицияларни мувофиқлаштириш ва умумий манфаатларни самарали илгари суриш муҳимлигини таъкидлаган. Шунингдек, у саноат кооперациясининг янги стратегиясини қабул қилиш зарурлигини айтган.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев эса қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, энергетика, алоқа ва рақамлаштириш каби истиқболли тармоқларда ҳамкорлик салоҳияти тўлиқ ишга солинмаётганига эътибор қаратган.

“Шу нуқтаи назардан, Қозоғистон–Ўзбекистон чегарасида “Марказий Осиё” халқаро саноат кооперацияси марказини имкон қадар тезроқ ишга тушириш зарур”, деган Тоқаев.

Музокаралар якунида халқаро саноат кооперацияси марказини ишга туширишни жадаллаштириш ва истиқболли лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун қўшма жамғарма ташкил этишга келишган.

Томонлар энергетика қувватлари ва инфратузилмасини қуриш, муқобил энергия манбаларини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёрлигини билдиришган.

Трансчегаравий дарёларни тасарруф этиш Марказий Осиёнинг энг оғриқли муаммоларидан бири саналади. Кенгаш мажлисида трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан комплекс ва оқилона фойдаланиш масаласи ҳам муҳокама қилинган. Сувдан фойдаланиш бўйича ягона ёндашув, ишончли ҳуқуқий базани шакллантириш, сув хўжалиги объектларини автоматлаштириш ва рақамлаштириш муҳимлиги таъкидланган.

Расмий ахборот манбаларига кўра, Шавкат Мирзиёевнинг 7 август куни бошланган Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасида ўндан ортиқ битим, келишув ва дастурлар қабул қилинган.

Президентлар учрашувига қадар энергетика, транспорт ва логистика, металлургия, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳалари бўйича умумий қиймати 7 миллиард долларлик битим ва шартномалар портфели ишлаб чиқилган. Шунингдек, 2034 йилга қадар стратегик шериклик ва иттифоқчилик дастури тайёрланган.

Остона ва Тошкент ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш режасини эълон қилган. Буни яна бир карра эсга олган президентлар ўзаро бозорларни шакллантириш ва учинчи мамлакатлардан импортнинг ўрнини босиш лозимлигини уқтиришган.

Сирдарё вилоятида Халқаро саноат кооперацияси маркази қурилиши режаси ҳам ўзаро савдони оширишга қаратилган чоралар сирасига киради. Президент Мирзиёев Остона сафари арафасида – 6 август куни имзолаган қарорга мувофиқ, икки давлат корхоналари ўртасида саноат кооперациясини амалга оширишга қаратилган халқаро марказ эркин иқтисодий зона форматида фаолият юритади. Марказ учун алоҳида солиқ, божхона имтиёзлари ва бошқа преференциялар татбиқ этилади.

Анъанага кўра, давлат ташрифи доирасида турли йўналишдаги лойиҳаларнинг ишга туширилиши маросимлари уюштирилган. Жумладан, президентлар Тоқаев ва Мирзиёев Олмаота шаҳрида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Чирчиқ шаҳрида Жанубий Қозоғистон давлат университетининг филиалларини тантанали равишда очишган.

Икки президент “Сиань – Хорғос – Олмаота – Сариёғоч – Тошкент” йўналиши бўйича биринчи юк поездининг етиб келишига бағишланган маросимда ҳам қатнашган.

Мезбон Қасим-Жомарт Тоқаев меҳмон ҳамкасби Шавкат Мирзиёевни “Олтин қирон” (“Олтин бургут”) ордени билан ҳам тақдирлади. Қайд этилишича, мазкур орден Қозоғистон билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган давлат арбобларига берилади.

Форум

XS
SM
MD
LG