Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:21

Бир сурат тарихи ёхуд 5 йилга қамалган ўзбекистонлик Украинада жанг қилганми?


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тошкент вилоятида Украинанинг бўлгинчи “Донецк халқ республикаси” армияси сафларида жанг қилганликда айбланган 38 яшар Ўзбекистон фуқароси 5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Ўзбекистон суди Юқоричирчиқ туманида туғилган Илдар Хайрулинни мамлакат жиноят кодексининг 154-моддасида кўзда тутилган (“Ёлланиш”) жиноятни содир этишда айбдор деб топган.

Озодлик кўрган тергов ҳужжатларига кўра, юқоричирчиқлик шахс 2014-2015 йилларда Украинада “давлат қуролли кучларига қарши жанговар ҳаракатларда қатнашган”.

Аммо, яқинлари Хайрулиннинг Украинадаги урушда қатнашмагани, у ерга бормагани ва айбловда айтилган пайтда Россияда бўлганини даъво қилмоқда.

Бу Ўзбекистон фуқаросининг Украина ҳудудида жанг ҳаракатларида қатнашгани учун қамалганига доир Озодликка маълум илк ҳолатдир.

Ўзбекистон Украинадаги бўлгинчи "Донецк халқ республикаси" ва "Луганск халқ республикаси"ни тан олмаслигини айтган.

Суд ҳукми

Илдар Хайрулин устидан суд 23 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтди.

Яқинлари судда Хайрулиннинг айбловни тан олмагани ва Украинага бормагани ҳақидаги ҳужжатлар инобатга олинмаганини даъво қилмоқда.

“Суд раиси укамни 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукмни эшиттирди. Адвокат укамнинг Украина ҳудудида бўлмагани ҳақида фактларни баён қилди ва укамга нимага асосланиб бундай адолатсиз жазо беряпсиз, деб сўради. Унинг бу саволига жавобан судья, унга ҳисоб бериш ниятида эмаслигини айтди ва "ҳукм устидан шикоят қилишга вақт бор”, деди”, дейди опаси Албина Хайрулина.

Айблов хулосаси

Оиласи Озодликка тақдим қилган айблов ва судлов ҳужжатларида, 2023 йилда олиб борилган тергов жараёнида, Илдар Хайрулин 2014-2015 йилларда Донецк ҳудудида жангларда қатнашгани аниқланган.

Тошкент вилояти Юқоричирчиқ тумани ИИБ Тергов бўлими терговчиси, жиноят содир этилганига далил сифатида “Миротворец” сайтида Илдар Хайрулин номига очилган профилни келтирган.

Терговга кўра, шу сайтда ҳарбий кийимда, қўлида қурол билан тушган суратдаги шахснинг Хайрулин экани “Портретшунослик экспертизаси хулосаси” билан кўрсатилган ва профайл эгаси ўз постларида Украинадаги “жанговар ҳаракатлар ҳақида маълумот бергани”, “жанговар ҳаракатларда қатнашиш мақсадида ҳаракатлангани аниқланган”.

Хайрулинга тегишли қўл телефонидан эса, бу айбловни тасдиқловчи “3 дона скриншот сақланиб келинаётгани аниқланган ва далилий ашё сифатида олинган. Натижада, Илдар Хайрулинга нисбатан Ўзбекистон ЖК 154-моддаси 1-қисми билан айблов эълон қилинган.

“Миротворец” сайти эса Украина армиясига қарши Россия армияси сафида жанг қилаётган ёлланма жангчилар шахсини фош қилувчи Интернет сайти сифатида танилган.

Бир гуруҳ фаоллар очган бу сайтда турли давлатларнинг фуқаролари, шу жумладан ўзбекистонликларнинг ҳам исмлари келтирилган. Аммо, бир гуруҳ фаоллар очган бу сайтдаги маълумотлар расман тасдиқланмаган маълумотлардир.

Мирзиёев ташқи сиёсатни 19 йил бошқарган А. Комиловни нега ишдан олди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:23 0:00

Яқинларининг даъвоси

Яқинлари “Миротворец” сайтидаги сурат Илдар Хайрулинга тегишли экани, у ҳақиқатан ҳарбий кийим ва қурол билан суратга тушганини тасдиқламоқда.

Аммо, улар сурат ортидаги воқеа, терговнинг айбловидан бутунлай бошқача эканини даъво қилмоқда.

Уларнинг иддаосича, Хайрулин бу сайтга қўйилган суратларга Россия ҳудудида тушган, Украинага умуман бормаган ва суратдаги қурол ўқотар эмас.

"Бу ўқотар қуролмас, пневматик қурол, шарчалар билан отади. У Татаристонда, умуман Россия бўйлаб бемалол сотилади, рухсат керакмас. Бу сурат “миротворец” сайтида қандай пайдо бўлиб қолганини мен билмайман. Терговда мана шу сурат, яна қанақадир смс ёзишма ва яна икки гувоҳнинг кўрсатмаси бор. Илдар бу гувоҳлар билан гаплашмаганман, деди. Гувоҳлардан бири маст ҳолда гаплашгандим, деди. Яна бири эса судда кўрсатмасидан воз кечди”, деб даъво қилмоқда Хайрулиннинг акаси Ленур Давлетшин.

Ленур Давлетшинга кўра, аслида укаси Илдар 2023 йилнинг май ойида бутунлай бошқа сабаб - онасининг мулкига тегишли оилавий можаро ортидан ҳибсга олинган эди.

Унинг даъвосича, ҳибсга олингач Хайрулин қарийб 3 ой жиноят иши очилмаган ҳолда - на тергов, на сўровсиз Тоштурмада сақланган.

Онаси Мадина Хайрулинанинг иддао қилишича, 2014 йилда Илдар Татаристон республикасида бўлган. Ўша кезда унинг ўзи ва катта ўғли Ленур ҳам Россия ҳудудида бўлишган:

“У урушда қатнашмаган. Ўғлимнинг қўлида ит тишлаб олганидан қолган чандиқ бор. Улар бу чандиқ ўқдан қолганми ёки ит тишлаганидан, деб қизиқишди. Мен айтдим, Илдарни кўзимни ўнгида ит тишлаган, ит катта эди. Амбулатор шароитда даволанган, Елабугада тиббий картаси ҳам бор. Бу ҳақда маълумотнома ҳам бор".

Яъни яқинлари, Илдар Хайрулиннинг бир муддат Россия, бир муддат Ўзбекистонда яшаб, ишлаб юргани ва Украинада умуман бўлмаганини иддао қилишмоқда. Улар буни тасдиқловчи ҳужжатларни судга тақдим қилганини ҳам айтишмоқда.

Яқинлари даъвосича, айни иш тергови ва суди мутлақо асоссиз ўтган. Улар 23 октябрь кунги суд ҳукми устидан апелляция судига ариза киритиш ниятини билдирмоқда.

Озодликка маълум биринчи суд

Яқинлари ва қонуний ҳимоячиси, мутлақо асоссиз деб топган судлов - Ўзбекистон фуқаросининг Украинадаги урушда қатнашишда айбланиши ва гўёки, бу айбнинг исботланишига доир - Озодликка маълум илк ҳолатдир.

Ҳозир Укранада 2022 йилнинг 24 февралида Россия бошлаган қуролли агрессия давом этмоқда - Украинанинг шарқий қисмида қарийб 1 ярим йилдирки уруш бормоқда.

Бу урушда ҳам Россия, ҳам Украина сафида туриб қатнашаётган ўзбекистонликлар ҳақида маълумотлар кўп. Озодлик Украина сафидаги ўзбеклардан кўпчилиги билан суҳбатлар қурган.

Шу жумладан, Россия армияси сафида бориб, Украинада вафот этган ўзбекистонликлар ҳақида ҳам туркум лавҳалар ҳозирлаган.

Озодлик бу борада Ўзбекистон ИИВга бот-бот мурожаат қилган, аммо ҳануз аниқ жавоб олгани йўқ.

Ҳозирга қадар Ўзбекистон томони бу урушда қатнашган фуқаролар жиноий жавобгарликка тортилиши ва 5 йилгача қамалиши мумкинлигидан огоҳлантириб келмоқда.

Ўзбекистон расмий идоралари Украинадаги урушда қатнашаётган фуқаролар сони ёки бунинг учун қамалган фуқаролар ҳақида бирор расмий маълумот бергани йўқ.

Аммо, Россиядаги ўзбекистонликлар вазиятини кузатаётган инсон ҳуқуқлари фаоллари Украинадаги урушга ўз ихтиёри билан ёлланаётган ёки алдаб жўнатилаётган ўзбекистонликлар борлигини айтиб келмоқда.

Ўзбекистон Украинадаги бўлгинчи "Донецк халқ республикаси" ва "Луганск халқ республикаси"ни тан олмаган.

Ўзбекистоннинг собиқ Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов расмий Тошкентнинг айни позициясини Россия Украинага бостириб кирганидан кўп ўтмай - 2022 йил 17 мартида Сенатдаги баёнотида таъкидлаган эди.

Форум

XS
SM
MD
LG