АҚШ президенти Дональд Трамп сайлов штабининг собиқ раҳбари Пол Манафорт Миллий демократик қўмита компьютер серверига қилинган ҳужум учун Россия эмас, балки Украина масъул, деган фикрни 2016 йилнинг ёзидан бошлаб тарғиб қила бошлаган.
Бу ҳақда 2 ноябрь куни ёйинланган ҳужжатлардан маълум бўлди.
АҚШ Адлия вазирлиги Мюллер тергови доирасида тўпланган 500 саҳифадан иборат интервьюлар, электрон мактублар ва бошқа ҳужжатларни жамоатчиликка ошкор қилди.
Ҳужжатларда ёзилишича, Манафортнинг ушбу теорияси ҳақида, Трамп сайлов кампанияси раҳбарининг ўша пайтдаги ўринбосари Рик Гейтс маълум қилган.
У Федерал тергов бюросига, АҚШ президенти сайловига Россиянинг аралашувини ўрганган махсус прокурор Роберт Мюллер етакчилигидаги тергов давомида, шундай кўрсатма берган.
Янги ҳужжатлар туфайли Трамп жамоаси аъзолари аввал ишонилгандан анча эртароқ Украинани айблаш таклифини ўртага ташлагани маълум бўлди.
Шунингдек, янги қўлга киритилган ҳужжатлар туфайли ўз якунига етган Мюллер тергови ҳамда Трампга қарши АҚШ Демократик партиясининг Конгрессдаги намояндалари олиб бораётган импичмент тергови ўртасидаги боғлиқлик ҳам ошкор бўлди.
Апрель ойида эълон қилинган ҳисоботида Мюллер Россия 2016 йилги сайлов арафасида олиб борилган сайлов кампанияси давомида Россия Демократик партия аъзоларининг ҳакерлик ҳужумлари ёрдамида қўлга киритилган мактублари ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг кўламли дезинформация кампанияси ёрдамида Трамп сайловда ғолиб чиқиши учун курашганини хулоса қилди.
Россия сайловга аралашганини рад этиб келади. Трампнинг ўзи ҳам Кремль билан тил бириктиргани ҳақидаги айбловни тан олмайди.
Россиянинг сайловга аралашгани ҳақидаги иддаолар туфайли АҚШ Россияга нисбатан қатор санкция жорий қилди. Аммо Трамп Вашингтон ва Москва ўртасидаги алоқалар яхшиланаётганини айтиб, Россия президенти Владимир Путинни кучли етакчи ўлароқ олқишлаб келади.
Трамп ва унинг атрофидагиларнинг Россия эмас, Украинани айблаш режаси, пировардида, ҳозирги кунда президентга қарши олиб борилаётган импичмент суриштирувига сабаб бўлди.
АҚШ Конгрессининг демократ аъзолари Трампни жорий йилнинг июлида телефонда Украина президенти Володимир Зеленскийни 2020 йилги президент сайловида асосий рақиби бўлиши кутилаëтган демократ Жо Байден ва унинг ўғлини тергов қилишга ундаганликда айбламоқда.
Айбловга кўра, Трамп Зеленский бу талабни бажармаса, Украинага ваъда қилинган ҳарбий ёрдам тўхтатиб қўйилишини айтиб, таҳдид солган.
АҚШ президенти ҳеч қандай ножўя иш қилмаганини айтиб, импичмент суриштирувини “уйдирма” дея таърифлаб келади.
Трамп Зеленский билан қилган телефон суҳбати давомида Миллий демократик қўмита сервери ҳақида ҳам сўраган.
Гейтснинг Федерал қидирув бюросига берган кўрсатмасидан маълум бўлишича, сайлов штаби аъзолари, Трампга демократлардан рақиб Ҳиллари Клинтоннинг янада кўпроқ электрон мактубини қўлга киритишда Майкл Флин кўмаклаша олишига ишонган.
Трамп сайловда ғолиб чиққанидан кейин Флинн миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи этиб тайинланди, аммо у бир неча ҳафта ичида хизматидан четлатилди.
2017 йилнинг декабрида Флинн Федерал тергов бюросига Россия расмийлари билан учрашувлари ва суҳбатлари ҳақида ёлғон кўрсатма берганини тан олди ва ўзи устидан маҳкама эшитувида тергов билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Унинг иши бўйича жазо ҳукми ҳали чиқарилгани йўқ.
Шунингдек, Мюллер тергови натижасида, Пол Манафорт молиявий жиноятларда айбланиб, суд қилинди ва 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.