Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:39

Transparency International: Қозоғистондаги намойишлар элитар коррупцияга кўз юмиш оқибатидир


Қозоғистондаги январь воқеалари устувор соҳалардаги коррупцияга йўл қўйиб бериш нақадар хатарлилигини яққол кўрсатди, дея қайд этмоқда “Transparency International”. Халқаро ташкилот тадқиқотида айтилишича, Нурсултон Назарбоев қариндошларининг шубҳали активлари ҳақида мақолалар эълон қилинганига қарамай, собиқ президент оиласи аъзоларининг коррупцияга алоқадорлигига доир айбловлар эътибордан четда қолган.

“Transparency International” ташкилотининг 25 январь куни эълон қилинган “Коррупцияни идрок этиш индекси”да Қозоғистонга 100 баллдан 37 балл берилган. 2021 йил якунлари бўйича Қозоғистон 2020 йилга нисбатан бир баллга паст баҳоланди. Мамлакат “Коррупцияни идрок этиш индекси”да саккиз поғона қуйига тушиб кетиб, Шри-Ланка ва Гамбия билан бирга 102-қаторни банд этмоқда ва ҳамон коррупцияга берилган давлатлар сирасида турибди.

Оммавий намойишлар ва коррупция айбловларига лоқайдлик

Январь ойида Қозоғистонни ларзага солган ёқилғи қимматлаши, коррупция ва ижтимоий тенгсизликка қарши норозилик коррупция билан курашнинг аҳамиятини кўрсатди. Оммавий намойишлар нефт-газ секторида, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд идораларида коррупцияни жиловлаш, шунингдек, “фуқаролик жамиятига ўрин бериш” зарурлигини кўрсатмоқда, деб ҳисоблайди “Transparency International”.

Сўнгги ўн йилликдаги жузъий ютуқларга қарамай, Қозоғистоннинг коррупцияга қарши кураш соҳасидаги кўрсаткичи умумжаҳон ўртача кўрсаткичидан ҳануз сезиларли даражада паст. Мамлакатда янги аксилкоррупция қонунчилиги қабул қилинган, ҳукумат шов-шувли текширувлар ўтказиб туради, аммо суд қилинган юқори мартабали мулозимлар одатда афв этилади ёки муддатидан олдин озодликка чиқарилади, деб ёзади “Transparency International”.

Ташкилот Назарбоевнинг қариндошларига нисбатан илгари сурилган коррупция айбловлари эътиборсиз қолганини таъкидлаб, Назарбоев оиласи аъзоларининг чет мамлакатлардаги умумий қиймати 785 миллион долларга тенг мол-мулклари ҳақидаги Озодлик радиосининг 2020 йилдаги суриштирувини мисол сифатида келтиради. Ўша суриштирувда Озодлик Назарбоевларнинг АҚШ ва Европадаги чорбоғлари, саройлари ва ҳашаматли квартиралари ҳақида маълумот тўплаган эди. Суриштирув кўплаб ОАВларда ёритилди, аммо давлат идоралари ушбу шоҳона харидларга қизиқиш билдиргани йўқ.

“Transparency International” яна бир тадқиқотга – “Pandora Papers”га ҳам ҳавола беради. Унда Назарбоевнинг норасмий хотини деб ишониладиган аёл қозоғистонлик олигархларга алоқадор ширкатлардан кўпмиллионли ҳадя олгани тўғрисида сўз боради. Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (OCCRP) Асел Қурманбоевани бой қилган ушбу битимга бағишлаб каттагина материал эълон қилди, лекин мамлакат ичида ваколатли идоралар мазкур тўловнинг асл сабаби билан қизиқмадилар ҳам.

Президентга ҳисобдор аксилкоррупция хизмати асосан қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш секторларини кузатади. Нефт-газ, молия ва қурилиш дохил йирик соҳалар масъул давлат идорасининг назаридан четда қолаётир, деб ҳисоблайди қароргоҳи Берлинда жойлашган халқаро ташкилот.

“Залолат ўпқони”: авторитаризм, инсон ҳуқуқлари бузилиши ва коррупция

Коррупция даражаси бутун дунёда ўзгаришсиз сақланмоқда, Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларининг қарийб 75 фоизида сўнгги ўн йилликда коррупцияга қарши курашда ўсиш қайд этилмаган ёки вазият янада ёмонлашиб, авторитаризм, инсон ҳуқуқлари бузилиши ва коррупция каби элементлардан иборат “залолат ўпқони” вужудга келган, дея маълум қилди “Transparency International” 25 январь куни.

Ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий маслаҳатчиси Олтиной Мирзабековага кўра, 2021 йил Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларида “фуқаровий ҳуқуқлар учун ҳалокатли” бўлган, “коррупцияга ботган раҳбарлар сиёсий партиялардан тортиб, фаоллар ва мустақил матбуотга қадар – барча ўзгача фикрловчиларни бўғиб ташламоқда”.

“Ҳукуматлар COVID-19 пандемиясининг аҳолига таъсирини камайтириш учун ҳеч нима қилмагани устига, пандемиядан ҳуқуқ ва эркинликларни чеклаш, авторитаризмни янада мустаҳкамлаш йўлида фойдаланди”, дейди Мирзабекова.

“Коррупцияни идрок этиш индекси” Жаҳон банки, Жаҳон иқтисодий форуми, консалтинг ширкатлари ва таҳлил марказлари каби 13 та ташқи манба маълумотлари асосида 180 мамлакат ва ҳудудни уларнинг давлат секторидаги коррупция даражаси бўйича баҳолайди. Мамлакат 0 дан 100 гача шкалада қанча кам балл олса, шунчалик коррупциялашган деб қабул қилинади. Индексда ўртача кўрсаткич (43) кетма-кет 10 йилдан бери ўзгармай келмоқда, мамлакатларнинг учдан икки қисми 50 дан паст кўрсаткич қайд этади.

Сомали (13 балл), Сурия (13) ҳамда Жанубий Судан (11) индекснинг энг қуйи поғоналарини эгаллаган бўлса, Дания, Финляндия ва Янги Зеландия бир хил – 88 балл тўплаб, рейтингда етакчилик қилмоқда. Улардан қуйида Сингапур ҳамда Ғарбий ва Шимолий Европанинг етти мамлакати жой олган.

Туркманистон (19), Тожикистон (25) ва Қирғизистон (27) Шарқий Европа ва Марказий Осиёда энг паст кўрсаткичларни қайд этган.

Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги бир неча мамлакат “коррупция ва авторитаризмнинг вайронкор оқибатларини намойиш этди”, уларнинг раҳбарлари эса “ўзларини суд таъқибидан сақлаш, янада кўпроқ бойлик ва ҳокимиятга эга бўлиш учун демократияга зид усуллардан фойдаланди”, деб ёзади тадқиқот муаллифлари.

2020 йил августдаги президент сайловидан сўнг Александр Лукашенко умуммиллий норозиликни шафқатсизларча бостирган, сўз эркинлиги ва тинч йиғилишлар ўтказиш эркинлиги бўғиб ташланган Беларусь (41) бурноғи йилга қиёсан олти балл кам олди.

Россияда (29) “коррупция ва инсон ҳуқуқлари бузилиши бутун мамлакат миқёсида одатий ҳолга айланди”, дея маълум қилди “Transparency International”.

Озарбайжон (30) ҳукумати ҳам “ўзгача фикрловчилар ва эркин матбуотни таъқиб қилган”.

Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги 14 мамлакатда ўсиш қайд этилмаган ёки ҳатто вазият баттар ёмонлашгани кузатилган бўлса, минтақадаги бир неча мамлакат, хусусан Арманистон (49), Молдова (36), Украина (32) ва Ўзбекистон (28) ўз кўрсаткичларини яхшилаб олган.

“Transparency International” ҳукуматларни – коррупцияга қарши кураш ва инсон ҳуқуқларига доир ўз мажбуриятларига уйғун тарзда иш кўришга, дунё аҳлини эса ўзгаришларни талаб қилиш учун бирлашишга чақирди.

“Ҳукумат, бизнес ва оммавий ахборот воситалари бир гуруҳ одам томонидан назорат қилинадиган авторитар шарт-шароитда ижтимоий ҳаракатлар ҳокимиятни тергашнинг сўнгги йўлидир. Айнан ўқитувчилар, майда тадбиркорлар, талабалар ва оддий одамлар қўлидаги ҳокимият ҳисобдорликни таъминлайди”, дейди “Transparency International” бош ижрочи директори Даниэл Эрикссон.

XS
SM
MD
LG