Линклар

Шошилинч хабар
08 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:46

Турк мафиозиси юқори лавозимли расмийларни қоралаган видеолар миллионлаб марта кўрилди


Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу
Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу

Жорий ой бошида судланган туркиялик жиноий тўда сардори Седат Пекер ижтимоий тармоқларда видеомурожаат эълон қила бошлади. Ўз видеомурожаатларида у юқори лавозимли расмийлар коррупция, қотиллик ва гиёҳванд моддалар савдосига алоқадор экани тўғрисида тасдиқланмаган даъволарни айтди. Унинг видеолари миллионлаб марта томоша қилинди.

Видеони кўрганлар орасида рақамли маркетинг бўйича мутахассис Жан Гумушбаш ҳам бор. 27 ёшли Гумушбаш “Reuters” агентлиги билан суҳбатда прокуратура Пекернинг даъволари бўйича тергов бошлаши керак, деб ҳисоблашини айтди.

“Агар ҳеч нарса қилинмаса, Туркия демократик, ҳуқуқий давлат экани ҳақидаги қараш маънисиз бўлиб қолади”, деди у.

Тўлиқ исмини айтишни истамаган жамоатчилик билан алоқалар мутахассиси Алара ҳам Пекер даъволаридан хабардор. Кўплаб томошабинлар сингари у ҳам Пекернинг даъволарига шубҳа билан қарайди. У видеолар оммалашганини улар Туркиядаги анъанавий оммавий ахборот воситаларини четлаб ўтгани билан изоҳлади.

“Бу биз яшаётган замонни акс эттиради, чунки мафия хўжайини жонли эфир ўтказяпти... ва у ҳар хил нарсалар, ўзи истаган мавзуларда бирор фильтрсиз сўзлаши мумкин”, деди 27 ёшли Алара “Reuters” агентлигига берган интервьюсида.

Пекер шу пайтгача эълон қилган етти видео “YouTube”да 56 миллион мартадан кўпроқ кўрилди.

Баъзи турклар бу видеолар Туркияни қарийб йигирма йил давомида бошқариб келаётган ва давлат ва мафия ўртасидаги алоқаларни узишга муваффақ бўлганини айтиб келаётган президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳукумати учун шармандали, деб ҳисоблайди.

Мухолифат партиялари Пекер ўз чиқишларида кенг муҳокама қилган ички ишлар вазири Сулаймон Сойлуни истеъфо беришга чорлади.

Сойлу унга қарши айбловларни рад этди ва уларни “жирканч ёлғонлар” ва мамлакатга қарши фитна, деб атади.

Сойлу Пекер устидан судга арз қилганини айтди. Вазир уюшган жиноятчиликка қарши курашгани учун нишонга олинаётганини қўшимча қилди.

Сойлу турк телеканалига берган интервьюсида нега миллионлаб одам видеоларни томоша қилгани ҳақидаги саволга жавобан миллионлаб одам болалар порнографиясини ҳам томоша қилишини айтди.

Эрдўғон чоршанба куни ушбу можарони тилга олди ва Сойлу ёнини босди. Президент парламент олдига қилган чиқишида ҳукумат жиноий гуруҳ аъзолари “дунёнинг қайси бурчагига қочмасин”, уларни таъқиб қилишда давом этишини айтди.

49 ёшли Пекер 1990 йилларда мафиози сифатида танилган. 2007 йилда у жиноий тўда тузиш ва унга раҳбарлик қилишда айбланиб, 14 йил қамоқ жазосига маҳкум этилган. У Туркияда бир неча марта қамалгани, айни дамда Дубайда эканини айтган.

“Reuters” агентлиги у ҳозир қаерда эканини мустақил тарзда аниқлай олмади.

Берлинда жойлашган Роберт Бош академияси ходими Галип Далайнинг айтишича, Пекернинг иддаолари Сойлу сингари вазирлар ёрдамида парламентдаги миллатчи иттифоқчилар қўлловини қўлга киритган Эрдўғон ҳаётини қийинлаштириши мумкин.

Далай Сойлуни ишдан олиш Эрдўғоннинг сиёсий базасига зарар етказиши мумкинлигини, аммо уни ўз лавозимида қолдириш президентнинг заифлиги рамзи ўлароқ кўрилиши мумкинлигини айтди.

XS
SM
MD
LG