Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:32

Туркияда "гуланчилар ови" назоратдан чиқиб кетди


17 август куни Туркия бош вазири 38 минг маҳбусни озод қилиш ҳақида “махсус қарор” чиқарди. Озод этилганлар орасида қотиллик, жинсий тажовузкорлик ёки зўрлашда айбдор топилганлар йўқ, аммо молиявий жиноят билан қамалганлар бор.

Туркиянинг лиммо-лим тўлган қамоқхоналари ҳамда доимийлик тус олган суд жараёнлари ҳукуматни янги маҳбусларга жой бўшатиш учун ҳар йили олдин қамалганларни афв этишга мажбурлайди. Туркияда кейинги ой давомида 15 июлдан 16 июлга ўтар кечаси амалга ошмай қолган ҳарбий тўнтаришни ташкиллаштиришда айбланаётган Гуланга алоқадорликда гумонланган бир неча ўн минг одам қўлга олинди. Шу сабаб Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳукумати иложи борича кўпроқ маҳбусни афв этмоқчи.

Туркия бўйлаб Гуланни қўллашда айбланаётган минглаб одам судланишини кутмоқда. Бу шахсларга қамоқхоналарда жой бўшатиш керак.

Туркия матбуотида “Тўнтариш уюштиришга уринган фитначиларга жой бўшатиш учун ўғри ва жиноятчиларни озодликка чиқаряпмизми”? деган савол кенг муҳокама қилинмоқда.

Бу саволнинг жавоби шак-шубҳасиз “ҳа”дир.

Бугун ҳар доимгидек Туркиянинг асосий янгиликларини кузатдим. Қуйида тўнтариш уриниши билан боғлиқ сўнгги 24 соат ичида рўй берган қўлга олишлар ҳақида қисқача маълумот берилган. Рўйхатга курдлар исёни билан боғлиқ террор ҳужумларини ҳам киритдим:

Özgür Gündem газетасининг қўлга олинган 24 журналисти прокурор офисига жўнатилди

- Туркия жануби-шарқида жойлашган Битлис шаҳрига яқин қишлоқда амалга оширилган террор ҳужумида тўрт нафар хавфсизлик хизмати ходими ҳалок бўлди;

- Қўлга олинган ўқитувчи Темиртошнинг қаердалиги номаълум;

- “Махус қарор”га биноан 187 тадбиркор қўлга олинади;

- Туркия шарқидаги Ван шаҳрида бомба ҳужуми: 3 одам ўлди, 73 одам жароҳат олди;

- Истанбул мэри Қодир Тўпбошнинг куёвига қарши аксил-Гулан амалиёти;

- Миллий радио ва телевидение қўмитаси Туркия шарқидаги Элазиг шаҳрида полиция маҳкамасига қилинган ҳужумни ёритишни ман қилди;

- Гуланга алоқадорликда айбланиб қўлга олинган полковник ўзини оқлашга уринди;

- Туркия шарқидаги Элазиг ҳокими: уч полиция ҳодими ўлди, 146 одам жароҳат олди – 14 нафари жиддий;

- Полиция бўлимидан 2360, қуролли кучлардан 112 одамни ҳайдаш бўйича “махсус қарор”;

- 86 судья ва прокурорни қўлга олиш режалаштирилган;

Бу ҳодисаларнинг барчаси бир кунда содир бўлди.

Ҳозирги фавқулодда вазиятда президент ва бош вазир чиқарган махсус қарорлар қонун ролини ўйнайди.

Юқоридаги рўйхат тўлиқ эмас. Келинг, ҳозирча курд исёни билан боғлиқ даҳшатли террор ҳужумларини ёдимиздан чиқариб турамиз.

15 июлдан бери тинимсиз амалга оширилаётган қўлга олишларни мунтазам кузатиб боришнинг иложи йўқ. Буни фақат хавфсизлик хизмати агентликлари уддалай олади. Журналистлар эса статистиканигина кузатиб бора олади холос.

Айрим ҳисоб-китобларга кўра, тўнтариш уринишидан бери 77 минг давлат идоралари ходими ишдан четлатилди, 5 мингги ишдан ҳайдалди, 19 мингги ушланди, 11 мингдан ошиғи қамоққа олинди.

Айнан шу маълуотларга кўра, четлатилганлар сони яқинда 100 мингга етади.

Президент Эрдўғон Гуланни қўлловчилар “ҳамма жойда борлиги” ҳақида огоҳлантирмоқда. Эрдўғон туркияликларни Гуланни қўлловчи ҳар бир одам ҳақида прокурор ва хавфсизлик хизмати ходимларига хабар беришга чақирмоқда.

Табиийки, 100 минг у ёқда турсин, 77 минг одамнинг ҳаммаси қуролланган ёки тўнтариш уринишини қўллаган бўлиши эҳтимолдан холи.

Ўтмишда Гулан ҳақида шунчаки ижобий сўзлаган одамлар ҳам расмийлар қўлига топширилмоқда. Айрим ҳолларда ҳатто Гуланни қўлловчиларнинг дўстлари ҳам қўлга олинаётганини айтишмоқда. Бошқа хабарларга кўра, баъзилар бўшатилган иш ўринларини эгаллаш учун танишларини хавфсизлик хизмати ходимларига “Гуланчи” деб кўрсатмоқда.

Минглаб иддаоларни текшириб чиқиш бир неча йил талаб қилиши мумкин. Суд жараёни очиқ ёки адолатли бўлишига эса ҳеч ким кафолат бермайди.

Айбланаётганлар ишларидан ва маблағ манбаларидан айрилмоқда. Оила аъзолари билан бирга ҳисоблайдиган бўлсак, Гуланга қарши кураш жабрланувчиларининг сони ярим миллион ёки ундан ҳам кўп бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG