Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:40

Туркманистонда "боғча пули" бирданига 10 баробарга оширилди


Туркманистон. Балқанабад шаҳридаги болалар боғчаси тарбиячиси болаларни сайрга олиб чиқди. 2015, 12 май.
Туркманистон. Балқанабад шаҳридаги болалар боғчаси тарбиячиси болаларни сайрга олиб чиқди. 2015, 12 май.

Туркманистон ҳукумати бир неча ҳафта олдин давлат болалар боғчалари хизматидан фойдаланиш нархини ўн баробар оширди. Бу жамоатчилик норозилигига сабаб бўлди. Оқибатда кўплаб болалар боғчалари деярли бўшаб қолди. Норозилик билдирган кишилар билан мулоқот қилган амалдор эса, қамалди.

Норози ота-оналарнинг айтишича, ҳокимият идоралари фарзандларини болалар боғчаларига бериши учун ота-оналарга босим ўтказмоқда. Улар шу йўл билан боғчалардаги давоматни яхшиламоқчи, камайиб кетган хазина тушумини оширмоқчи бўляпти.

Пойтахт Ашхобод шаҳри, Дашўғуз ва Болқон вилоятлари маъмурлари давлат хизматчиларига фарзандларини боғчаларга беришни буюрди. Акс ҳолда улар эгаллаб турган лавозимидан айрилиши мумкин, деди маҳаллий аҳоли вакиллари “Озодлик” радиоси билан суҳбатда.

Дашўғуз вилоятида ноябрь ойидан бошлаб боғча тўлови 2,80 АҚШ долларидан 22,80 долларга кўтарилиб кетди. Бу кўплаб ота-оналарни фарзандларини боғчага юбормасликка мажбур этди.

Маҳаллий таълим идораларидан бири ходимининг ўтган ойда боғча пули ошиб кетиши ҳақида гапиргани унинг қамалишига сабаб бўлди.

Маҳалий аҳолига кўра, илгари 200 нафар бола қатнаган боғчага энди, бор-йўғи, 15 бола бормоқда.

Болалар боғчаси учун тўлов пули ошиши ўтган ойда эълон қилинди. 10 октябрь куни ўнлаб аёллар Дашўғуз шаҳридаги вилоят таълим бошқармаси олдига норозилик билдириб чиқди.

Бошқарма бошлиғи норозиларга “вилоят ҳокимлиги биноси олдига бориб шикоят қилиши” кераклигини айтди. Аммо ўша томон кетаётган кишиларни мамлакат полициясиинг махсус кучлари – ОМОН тўхтатиб қолди.

Шикоятчиларга вилоят ҳокимлигига боришни маслаҳат берган таълим бошқармаси бошлиғи ўша заҳотиёқ ишдан бўшатилди ва унга ҳукуматга қарши исён кўтаришга даъват қилиш айби қўйилди. Унинг маҳаллий болалар боғчасида ишлаётган хотини ҳам ишдан ҳайдалди.

Болалар боғчасидаги давоматнинг тушиб кетиши давлат бюджетига навбатдаги зарба бўлди. Газ заҳираларига бой Туркманистон жаҳон бозорида энергия ресурслари нархининг кескин пасайиб кетгани оқибатида оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолди.

Осиё тараққиёт банки маълумотига кўра, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 2012 йилда 11,1 фоиз, 2016 йилда эса, 6,2 фоиз пасайди.

Туркманистон табиий газ, электр қуввати ва сувга берилаётган субсидияларни бекор қилди. Оддий аҳоли маошлари кечикиб берилаётганидан шикоят қилмоқда.

XS
SM
MD
LG