Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:48

Ашхободда коронавирус қурбони бўлган турк дипломатининг яқинлари прокуратурага мурожаат қилди


Кемал Учқун
Кемал Учқун

Туркманистонда вафот этган турк дипломатининг беваси эрининг ўлимига сабаб бўлган вазият учун масъул мансабдор шахслар устидан Туркия жумҳурияти прокуратурасига шикоят аризаси билан мурожаат қилди.

Туркиянинг Туркманистондаги элчихонаси дин ишлари бўйича маслаҳатчиси Кемал Учқун шу йил июлида Ашхободдаги кардиология касалхонасида оламдан ўтгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган. Унинг COVID-19 важидан вафот этгани тахмин қилинганди.

Дипломатнинг беваси Гузиде Учқун Туркманистонга санитар учоғи етиб бориши ва Ашхобод шифохонасида 11 кун ётган эрининг ватанига қайтарилишига эришиш учун барча чораларни ишга солмаган амалдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилмоқда.

Туркияда чиқадиган Sozcu нашрининг ёзишича, Кемал Учқуннинг беваси прокуратурага ёзган ўз аризасида Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тез тиббий ёрдам хизмати бош директори Семиҳ Қўрқут, Туркиянинг Ашхободдаги элчиси Тўған Ўрал, дин ишлари бўйича вице-президент Селим Арғун ва Дин ишлари бошқармасининг хорижий ишлар бўйича бош директори Эрдал Аталайни жавобгарликка тортишни сўраган.

57 ёшли дипломат Кемал Учқун Ашхобод касалхонасида 7 июль куни, туркманистонлик врачлар иддаосича, пневмониядан вафот этган. Бироқ флюорография тасвирларини (бу тасвирларни Туркиядаги яқинларига Кемал Учқуннинг ўзи юборганди) ўрганиб чиққан туркиялик врачлар хулосасига кўра, дипломат 90-99 фоизлик эҳтимол билан коронавирусга чалинганди.

Озодлик туркман хизматининг дипломат ўлимидан аввалги ҳолатлардан хабардор манбаси К. Учқун турк расмийларига ўзини ватанига эвакуация қилиш илтимоси билан мурожаат қилган, бироқ расмий Ашхобод Туркия санитар учоғини қабул қилишдан бош тортганини айтган.

Туркманистон уни олиб чиқишга рухсат бермади, чунки ўз ҳудудида COVID-19 мавжудлигига оид маълумотнинг чиқиб кетишини истамади, Туркия ҳукумати эса етарли даражада сиёсий босим ўтказгани йўқ. Туркман расмийлари мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазиятни яшириш учун у вафот этгунича учоқни киргизишмади”, дея иддао қилган манба.

Озодликнинг туркман хизмати 20 декабрь куни бу манба билан боғланганида у Кемал Учқуннинг яқинлари ишга масъулиятсизлик билан ёндашган ва дипломат эвакуациясига тўсқинлик қилган Туркманистон расмийларининг ҳам жавобгарликка тортилишига эришмоқчи эканини айтиб берган.

Sozcu нашри дипломат беваси Гузиде Учқуннинг туркман врачлари турк дипломатини коронавирус муолажасига мўлжалланмаган антибиотиклар билан даволаганини келтирган. К. Учқуннинг аҳволи бир неча кун давомида муттасил ёмонлашиб бораверган, бироқ у тегишлича муолажа олмайгина қолмай, яқинларининг Туркия расмийларидан тезлик билан санитар учоғини ташкил этиш талаби ҳам натижасиз қолган.

Мен эримнинг Туркияга олиб келиниши учун санитар учоғи ёки исталган бошқа воситани йўллашни талаб қилдим. Унинг вафотига қадар ҳар куни аризалар ёздим, эвакуация учун зарур бўлган барча ҳужжатларни тақдим этдим. Аммо элчихона, Дин ишлар бошқармаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ишни қилиш учун керагича ҳаракат қилмадилар”, деган дипломатнинг беваси Гузиде Учқун.

Озодлик манбасига кўра, Ашхобод касалхонасида ётган Кемал Учқун ҳам тезлик билан эвакуация қилинишини талаб қилган. Туркия ҳукумати, манбага кўра, эвакуация жараёнини бошлаган ва Туркманистон томонига санитар учоғининг мамлакатга кириши учун рухсат сўраган. Бироқ, манба иддаосича, Туркманистон томони изн бермай, бу ишни қўлдан келганча чўзган.

Кемал Учқун Ашхободдаги кардиология касалхонасида 7 июль куни маҳаллий вақт билан кечки соат 9 ларда жон таслим қилган. Врачлар Туркманистон томонга дипломат пневмония қабатида юрак етишмовчилиги туфайли вафот этганини билдирганлар.

Туркия санитар учоғига Кемал Учқун вафот этганидан бир суткадан кўпроқ ўтиб – 9 июль тунидагина учиб келишга рухсат берилган. Дипломатнинг жасади у туғилган Денизли шаҳрига олиб кетилган ва 12 июль куни дафн этилган.

Озодликнинг туркман хизмати Туркиянинг Ашхободдаги элчихонаси ва Туркия Ташқи ишлар вазирлигига манбанинг иддаолари юзасидан изоҳ сўраб, мурожаат қилган. Кемал Учқун 2018 йилдан бери ишлаган Туркиянинг Ашхободдаги элчихонаси таҳририят саволлари ўзларининг собиқ ходимлари ўлими билан боғлиқ ҳолатларга алоқадорлигини эшитишлари билан трубкани қўйиб қўйганлар. Элчихонага қайта уланиш уринишлари самара бермаган. Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари эса Озодлик мухбири саволларига жавоб бериши мумкин бўлган бирор расмий билан боғлаб беролмаганлар. Туркия ТИВ билан боғланишга кўплаб уринишлар ҳам, одатдагидек, натижа бермаган.

Туркманистон расмийлари ҳали-ҳануз мамлакатда биронта ҳам коронавирус ҳолати қайд этилмаганини иддао қилиб келади.

Бироқ Озодликнинг Туркманистондаги мухбирлари коронавирус асоратлари бўлган хасталар сони ошиб бораётгани, касалхоналар тўлиб-тошгани, чекловлар кучайиб бораётгани, карантин ҳудудлари кенгаяётгани ва тиббиёт ходимлари дохил вафот этаётганлар сони кўпаяётгани ҳақида муттасил хабарлар йўллаш орқали расмий баёнотларни рад этмоқдалар.

XS
SM
MD
LG