Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:56

Украина: “Нафтогаз” давлат ширкатининг янги директори ҳақиқий ислоҳотчи эканини айтди


“Нафтогаз” бош директори Юрий Витренко.
“Нафтогаз” бош директори Юрий Витренко.

Украинанинг “Нафтогаз” давлат ширкати директори кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишни ваъда қилди. Апрель ойи охирида ширкат бошқаруви кутилмаганда ўзгаргани учун Украинанинг коррупцияга қарши курашини қўллаб келаётган Ғарб давлатлари хавотир билдирган эди.

9 июнь куни “Нафтогаз” бош директори этиб тайинланган Юрий Витренко Озодлик билан суҳбатда 2014 йилдан буён компанияни ислоҳ қилиш бўйича кўплаб ташаббус кўтарганини айтди.

Украина Вазирлар Маҳкамаси 28 апрель куни узоқ вақтдан бери ишлаб келган бош директор Андрей Коболевни ишдан бўшатиш мақсадида “Нафтогаз” Кузатув кенгашини вақтинча тарқатиб юборгани учун кескин танқидга учради. Ўша пайтда Витренко энергетика вазири вазифасини бажарувчи сифатида Вазирлар Маҳкамаси аъзоси эди.

Кенгашни тарқатиб юборган Маҳкама Витренкони Коболевнинг ўрнига бош директор этиб тайинлади.

Бир неча йиллардан бери коррупцияга ботиб кетган корхонани ислоҳ қилишга чорлаб келаётган АҚШ бу ҳолатни кескин танқид қилди. Вашингтон ислоҳотларни амалга ошириб келган Коболев ҳақида ижобий фикрда эди.

Витренконинг таъкидлашича, Вашингтон Украинадаги ислоҳотлар суръатидан хавотир олаётгани ҳамда “Нафтогаз” ислоҳот “рамзига” айлангани учун ширкат бошқаруви алмашганидан мамнун эмас.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Украина Конституциявий суди Ғарбнинг ёрдами билан қабул қилинган кўплаб коррупцияга қарши қонунларни бекор қилган эди.

Бундан ташқари, мамлакатда бошқа муҳим ислоҳотлар тўхтаб қолди ёки ортга силжий бошлади.

Ўтган ҳафта Украинага ташриф буюрган АҚШ сенатори Крис Мёрфи 8 июнь куни Ташқи алоқалар қўмитаси тинглови чоғида Украина “бир қадам олдинга, икки қадам орқага” юраётганини айтди.

Директор этиб тайинланганидан бери илк маротаба Вашингтонга хизмат сафари билан борган Витренко унга қаратилган танқидларга “Нафтогаз” ширкати эмас, балки “ислоҳотларнинг” умумий контексти сабаб бўлганига ишонишини айтди.

Витренко Вашингтонга икки мақсад билан борганини айтди – АҚШни Россиянинг “Шимолий Оқим 2” қувур линиясига қарши санкцияларни қайта тиклашга ундаш, шунингдек, Вашингтондаги расмийлар “ишончини тиклаш”.

Россия газини Европага элтиб берувчи “Шимолий оқим 2” газ қувури қуриб битирилганидан кейин, Украина транзит тўловларидан маҳрум бўлади.

44 ёшли Витренко “Нафтогаз” ширкатида узоқ йиллар ишлаган. У ширкатга “Газпром” рус ширкатидан суд орқали миллионлаб доллар ундиришда муҳим роль ўйнаган. Шунингдек, у 2019 йилда Кремль билан янги транзит шартномасини имзолаган.

Витренко Коболевнинг ўнг қўли ўлароқ кўрилар эди, аммо иккаласи ўртасида 2020 йилда келишмовчиликлар юзага келди. Витренко “Нафтогаз”дан кетиб, Коболевни танқид қила бошлади. Бунинг ортидан Витренко энергетика вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу эса унга компанияни назорат қилиш имконини берди.

Витренко Озодлик билан суҳбатда ҳукумат яхши натижа кўрсата олмаётган Коболевни ишдан олиб, тўғри қарор қилганини айтди. Хусусан, Витренко Коболев раҳбарлиги остида “Нафтогаз” 2020 йилда зарар кўрганини ва узоқ йиллар давомида табиий газ қазиб олиш кўламини ошира олмаганини айтди.

Коболев эса ширкат 2020 йилда зарар кўришига ҳукуматга қарашли иссиқлик компаниялари ҳамда магнат Дмитрий Фирташ назоратидаги чакана операторлар ўз қарзларини тўламагани сабаб бўлганини айтиб келади. АҚШ Фирташни коррупцияда айблаб, қидирувга берган.

Коболев, шунингдек, “Нафтогаз” газ қазиб олиш кўламини кўпайтира олмаганини янги конлар етишмаётгани билан изоҳлади ва амалдорлар компанияга ўнлаб лицензияни адолатсиз равишда рад этганини таъкидлади.

Коболевнинг сўзларига кўра, ҳукумат ширкат балансида турган 2 миллиард доллар нақд пулни қўлга киритиш учун уни ишдан бўшатган.

Кузатув кенгаши дастлаб Витренкони лавозимга тайинланганидан кейин танқид қилди.

Кенгаш 3 май куни ҳукуматга ёзган мактубида Витренко билан ишлаш қийин бўлишини, чунки у Вазирлар Маҳкамасининг ширкат фаолияти “қониқарсиз” экани ҳақидаги баёнотини дастаклаганини айтди.

Кенгаш, шунингдек, Витренко компанияни ривожлантириш режасини ишлаб чиқмаганини айтди. Витренко Озодлик билан суҳбат чоғида бир неча кун ичида режа ишлаб чиқиб бўлмаслигини айтиб, бу айбловни рад этди.

Витренко Ғарбдаги шериклар ёрдамида ишлаб чиқариш кўламини оширишга эътибор қаратишини айтди. Президент Владимир Зеленский мамлакатни газ импортига қарамликдан халос қилиш мақсадида шундай чора кўришга чорлаган.

Витренко, шунингдек, компаниянинг ишига зарар етказаётган саноат муаммоларини ҳал қилишга интилишини айтди.

8 июнь куни АҚШ Давлат котиби Антони Блинкен Сенатнинг Ташқи алоқалар қўмитасида нутқ сўзлаб, Украина энергия ишлаб чиқариш кўламини ҳамда самарадорликни ошириш салоҳиятига эга эканлигини айтди.

Витренко бугунга қадар табиий газ учун тўламай келаётган компанияларни бошқа энергия турларидан, шу жумладан, биомассадан фойдаланишга ундашини айтди.

Витренко, шунингдек, табиий газ учун тўловларни бермаган Фирташни судга беришини айтди. АҚШ етти йилдан бери Фирташни экстрадиция қилишга уриниб келади.

Табиий газ нархи кўтарилгани туфайли ўтган йил охирида мамлакатда норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Натижада ҳукумат январь ойидан бери газ нархини вақтинча чеклаб қўйишга мажбур бўлди.

Витренконинг сўзларига кўра, айни дамда у аввалги “Нафтогаз” бошқаруви йил бошида Фирташ компаниялари билан имзолаган шартномани кўриб чиқмоқда. Унинг айтишича, Фирташ турар жой фойдаланувчиларига бозор нархларидан пастроқ нархда газ етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган. Витренко Фирташ фирмалари газнинг бир қисмини тижорат компанияларига қимматроқ нархларда сотиб, тушган даромадни ўз чўнтагига солаётган бўлиши мумкинлигини айтди.

Витренко ўз режаларини Вашингтон қўллаб-қувватлашига ишонишини айтди.

“Мен бу одамлар билан олдин ҳам учрашганман ва ишонаманки, улар шахсан мен ислоҳотчи эканимга ишонишади. Шундай экан, улар мен ҳақиқий ислоҳотчи эканлигим ёки ундай эмаслигим ҳақида бош қотиришлари шарт эмас”, деди у Озодлик билан суҳбатда.

XS
SM
MD
LG