Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:33

"Кўчада тутиб олиб, урушга жўнатишди". Украинада асирга тушган қирғизистонлик ҳикояси


 Алишер Турсунов. “Пленные СВО” (“МҲА асирлари”) ютуб-каналидаги видео скриншоти.
Алишер Турсунов. “Пленные СВО” (“МҲА асирлари”) ютуб-каналидаги видео скриншоти.

Youtube’да Украинада асирга тушган Қирғизистон фуқаросининг видеоси тарқалди. Унда ўзини қирғиз фуқароси деб танитган одам Россияга ўғлини кўриш учун борганида полиция кўчада тутиб олиб, мажбуран урушга жўнатганини айтади.

“Пленные СВО” (“МҲА асирлари”) ютуб-каналида ёйинланган видеодаги одамнинг исми, ўз сўзларига кўра, Алишер Турсунов; ёши 57 да, ўзбек ва рус тилларида гапиради, Ўшда туғилган ва Қирғизистон фуқароси. Видео қачон ва қаерда олингани ҳозирча номаълум.

“Полиция тўрт кун подвалда сақлади”

Турсунов Россиянинг Рязан шаҳрига ўғлини кўриш учун борганида полиция ушлаб кетиб, мажбуран шартнома имзолатганини ва бунинг эвазига пул, паспорт ва ҳарбий гувоҳнома ваъда қилишганини айтади. Шунингдек, кўзи хиралашгани учун шартнома мазмуни билан тугал таниша олмаган эмиш.

“Рязанда икки кун ўғлимнинг уйида меҳмон бўлдим. Учинчи куни кўчада бир оз айланиб, дўконга кирдим. Ташқарига чиққанимда полиция ушлаб олди. Анави уйда тураман, иккинчи қаватда, ҳужжатларимни олиб келиб кўрсатай, десам ҳам унашмади. Машинага босиб, олиб кетишди. Тўрт кун полиция идораси ертўласида ётдим. КПЗ дейишаркан. На сув беришди, на овқат. Ҳаво етишмайди, нафасим қисиб ўлиб қолишимга сал қолди. Чидай олмай, розилик бердим, шундан сўнг мени шартнома имзолаш учун военкоматга олиб боришди. КПЗда мен билан бўлган йигитларни нима қилишди, бундан хабарим йўқ”, дейди эркак ва ҳозирда асирликда эканини маълум қилади.

Қамоқ ёки “Вагнер”: Мигрантлар Украина урушига мажбуран ёлланмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:52 0:00

Ҳикояси давомида у шартномага қўл қўйганидан сўнг полигонга жўнатилгани ва у ерда уч кун махсус тайёргарлик кўргани, хусусан, гранатамёт ва автоматдан отдиришгани, окоп қаздиришгани ҳақида гапиради. Айтишича, жанг майдонида кўплаб ўликлар ва ярадорларни кўрган, ўзи ҳам икки марта контузия бўлган. Фронтга борганидан сўнг кўп ўтмай Украина ҳарбийларига асирга тушган эмиш. Видео охирларида у урушга ўзи хоҳлаб бормаганини айтиб, Қирғизистон ҳукуматидан ватанига қайтишда кўмаклашишни сўрайди.

Озодликнинг қирғиз хизмати видео қачон ва қаерда суратга олинганини аниқлай олмади. Қирғизистон расмий идоралари ушбу ҳолат юзасидан маълумот берганича йўқ.

“Уни Мариуполда урушга ёллаган бўлсалар керак”

Озодлик манбалари видеодаги киши қирғизистонлик эканини тасдиқлашди. У Ўш атрофидаги қишлоқлардан бирида яшаган. Аммо Россияга қачон кетгани мавҳумроқ.

Қариндошларига кўра, Турсунов Россияга икки ой муқаддам жўнаб кетган. Уни Россия армияси босиб олиб, яримхаробага айлантирган Украинанинг Мариупол шаҳрига ишга борганида урушга ёллаган бўлишлари эҳтимолдан холи эмас.

2022 йилнинг кузида Россия оккупация қилинган Мариуполни тиклаш учун марказий осиёлик мигрантларни жўната бошлаган эди. Мигрантлар қурилиш ширкатлари уларга Москвадагидан икки баравар кўп ойлик таклиф қилганини, аммо соғлиғи ва ҳаёти учун хавфли шароитда ишлашга тўғри келганини айтишган. Мариуполни тиклашга қирғизистонликлар ҳам жалб қилинган, улар ваъда қилинган ҳақларини ололмаган ҳоллар ҳам бўлган эди.

Аввалроқ яна ўша “Пленные СВО” ютуб-каналида тожикистонлик мигрантнинг асир олиниши видеоси ҳам чиққан.

Марказий осиёлик мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган, сўнгра Россияни тарк этишга мажбур бўлган ҳуқуқбон Валентина Чупик бу каби ҳоллар 2022 йилда бўлган бўлиши мумкин, деб тахмин қилади. Чупик аввалроқ, Москванинг Сахаровасидаги миграция марказида мигрантларни урушда қатнашиш учун шартнома имзолашга мажбурлашаётганини маълум қилган эди.

“Видеодаги одам сўзлаб берганга ўхшаш ҳоллар 2022 йилнинг сентябр-декабр ойларида бўлган. Ўша бир неча ой ичида менга мана шунақа ҳолатларга доир 42 мингта хабар келган эди. Кейинчалик урушга одам ёллашнинг бунақа усулларига тўлиқ барҳам топди. 2023 йилнинг мартига қадар улар мигрантларни алдаб, бошқа ҳужжат ўрнига ҳарбий хизматни ўташ шартномасига қўл қўйдириб олишарди. Март ойи охирларида бу ҳам тўхтади. Ҳозирда мигрантлар пул ва фуқароликни деб ўз ихтиёрлари билан кетишмоқда. Аммо улар сони кўп эмас. Йилига 100-200 киши. Чунки руслар орасида урушга боришга талабгорлар ҳануз етарлича бор”, дейди Валентина Чупик.

Россия-Украина: Урушнинг тасодифий қурбонлари - мигрантлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:08 0:00

Озодлик Марказий Осиё республикалари фуқаролари Россияда Украинага қарши урушда қатнашиш учун мажбурий ва ихтиёрий ёлланаётгани ҳақида кўп марта ёзган. Хусусан, бир қанча қирғиз фуқаролари урушда ўлгани ҳам ўртага чиққан эди. Аниқланишича, Украинадаги урушда ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги – Россия қамоғидан чиқарилган собиқ маҳкумлар бўлган. Ушбу қонли урушда Қирғизистондан айнан қанча одам иштирок этаётгани аниқлаш имконсиз.

Асирларнинг қариндошларидан мурожаатлар

Бироқ, хавфсизлик нуқтаи назаридан исми сир тутилаётган россиялик бошқа бир ҳуқуқ фаоли Озодликка Украинада Россия тарафида жанг қилиб, асирга тушган одамлар билан боғлиқ ҳолатлар маълум бўлганини сўзлаб берди. Унга украин армиясида асирликда қолаётганларнинг қариндошларидан камида саккизта мурожаат келган экан.

“Кўплаб мигрантлар қўнғироқ қилиб, “миграция хизмати ушлаб олди, шартнома имзоламасанг ундай бўлади-бундай бўлади, мен нима қилай?” деб сўрашади. Яна икки-уч киши маслаҳат сўради: Ўғлим (акам, укам ва ҳкз) урушга кетувди, асир тушибди, биз нима қилайлик? Хуллас, бор шунақа кейслар. Боткенлик бир йигит иккинчи марта Украинага урушга бориб, Авдеевкада асирга тушибди. Опаси мен билан боғланди. Мен Россия Мудофаа вазирлигига қўнғироқ қилгач, уни ҳарбий асирларни алмашиш фонди рўйхатига киритишди. Навбати билан уни украин аскарига алмашишади. Яна 7-8 та шунақа факт бор, аммо ҳеч ким бу ҳақда очиқ гапиришни истамаяпти”, дейди ҳуқуқбон.

Россия Украинага бостириб кирганига икки йилдан ошди. 2022 йил 24 февралда Россия армияси “махсус ҳарбий амалиёт” номи билан Украинага қарши тўлақонли босқин бошлади. Яқин-яқинларгача “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати Россия қамоқхоналарида жазо ўтаётган маҳкумларни Украинага қарши урушга ёллаш билан фаол шуғулланиб келди.

Озодлик радиоси Россия қамоғидан тўғри урушга жўнатилган қирғизистонликлар ҳақида ёзган. Айни пайтда Украинада асирликда сақланаётган қирғизистонликлар сонига доир аниқ маълумот мавжуд эмас.

Аввалроқ Қирғизистон ТИВ Озодликнинг ёзма мурожаатига жавобан Россия қамоқхоналаридан Украинага урушга олиб кетилган қирғизистонликлар сони маълум эмаслигини билдирган эди. ТИВ мактубида Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси ватандошлар орасида мунтазам тушунтиришлар олиб бориб, уларни чет мамлакат ҳудудида бўлаётган жанговар ҳаракатларда иштирок этмасликка чақираётганини урғулаган.

Украина урушида асирга олинган марказий осиёликлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:19 0:00

Қирғизистон Адлия вазирлиги қайдларига кўра, ҳозирда 1587 нафар қирғиз фуқароси чет элда қамоқ жазосини ўтамоқда. Уларнинг аксари, 742 киши Россиқ қамоқхоналарида. Улар – суд ҳукми чиққан ёки эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган шахслардир.

Бундан ташқари, қарийб 750 киши тергов изоляторларида сақланмоқда. Маҳкумларнинг кўпчилиги 20-30 ёшли йигитлардир.

Қирғизистон МХДҚ урушда қатнашган шахслар ЖКнинг 256-моддаси (Қирғиз Республикаси фуқаросининг чет давлат ҳудудида қуролли можаро ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши ёхуд террорчилик актини содир этиш учун тайёргарликдан ўтиши) бўйича жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантириб келади.

Қирғизистон ЖКнинг 416-моддасида эса ҳарбий можароларда қатнашиш, қатнашиш учун одам ёллаш ва бу ишларга молиявий ёрдам кўрсатиш каби жиноий хатти-ҳаракатлар учун 15 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган.

Форум

XS
SM
MD
LG