Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:09

"Рус тилидан халос бўлиш". Украинлар бомбардимон остида ҳам ўз тилларини ўрганишмоқда


Украин тили ҳақидаги қонун қабул қилинган кун Рада олдидаги намойиш. 25 апрель, 2019
Украин тили ҳақидаги қонун қабул қилинган кун Рада олдидаги намойиш. 25 апрель, 2019

Россия тажовузига қарши урушаётган Украина рус тилидан жадаллик билан узоқлашмоқда. Бироқ ҳатто Россиянинг украин маданиятини йўқ қилишга уринишларига қарамай ушбу жараён оғриқсиз кечмаяпти.

Ирина, Светлана ва Оля Киев Миллий опера театри қаршисидаги тамаддихонада украин тилидан сабоқ олишади. Улар Украинанинг Россия агрессияси турли босқичларида ишғол қилинган Севастопол, Энергодар ва Донецк шаҳарларидан келишган. Шогирдларнинг аксари – улар сингари, мажбуран кўчиб келган аёллар. Украина шарқида – русийзабон муҳитда ўсиб-улғайган бу одамлар эндиликда украин тилидан билимларини ошириб, ўз таъбирларича, “рус тилидан халос бўлишмоқчи”.

Иринанинг ўғли бор, у Украина армиясида хизмат қилмоқда. Аёл “ватанига ракеталар отаётган Қора денгиз флоти ёнида яшай олмай, жонажон Қримдан кўчиб кетишга мажбур бўлган”ини айтади. Ирина “айбдорлик ҳиссидан қутулиш” учун украин тилига ўтмоқчи.

Светлана Киевга келганига икки ой бўлди. Эри Энергодарда қолган, у уруш бошларида Россия босиб олган Запорожье атом электр станциясида ишлайди. Светлананинг украин тилига ўтишдан мақсади – “рус оккупацияси остида кечган қора кунларни тезроқ унутиш”.

Оля Донецкни 2014 йилда – шаҳарда ва қўшни Луганскда россияпараст айирмачилар уруш бошлаган йили тарк этган. Ўшанда у бир неча ойда ҳамма ёқ тинчийди, уйимга қайтаман, деб умид қилганди. Бироқ орадан саккиз йилдан кўп вақт ўтди, вазият беш бадтар бўлди қайтага. “Энди келажакни ўйлаб, украин тилига ўтмоқчиман”, дейди Оля.

Украин ёзувчиси Владимир Рафеенко.
Украин ёзувчиси Владимир Рафеенко.

Ирина,Светлана ва Оля кабиларнинг сон-саноғи йўқ. Ва бу Украинанинг энг янги тарихида рус тилидан воз кечиш жараёни энг юқори суръатга чиққанидан далолатдир. 2022 йил декабрда машҳур украин сиёсатшуноси Владимир Куликов ҳамда Киев социология халқаро институти томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, кундалик турмушда ҳаммавақт ёки аксар ҳолларда украин тилида сўзлашувчи украиналиклар сони 2017 йилдан бери 49 фоиздан 58 фоизга ошган, рус тили кўрсаткичи эса 26 фоиздан 15 фоизга тушган.

Мазкур тенденция ижтимоий соҳада янада яққолроқ сезилади: аҳолининг 68 фоизи иш ва ўқиш жараёнида украин тилини афзал кўради, атиги 11 фоизи эса рус тилини. Украин тилига ўтиш мамлакатнинг асосан русийзабонлар яшаб келган жанубий ва шарқий ҳудудларида айниқса оммавий тус олган – бу Россия босқинига қаршилик белгисидир.

Украинларнинг қўштиллилик табиати ушбу рақамлар ортидаги реалликни хийла мураккаблаштиради. Чунки деярли барча украин тилини ҳам, рус тилини ҳам бир даражада билади, бу икки тил аралашмаси – суржикда сўзлашадиганлар бисёр, қолаверса, муомалада ўз она тилидан фойдаланувчи қримтатар ва можор миллий озчиликлари ҳам бор.

Яна бир тенденция шуки, беш миллиондан зиёд қочқин чет элда янги тилларни ўзлаштирмоқда. Бироқ, кўплаб украиналиклар ўз ватанларига бостириб кирган Россиядан қанчалик нафратланишмасин ва кундалик ҳаётда икки тилдан фойдаланишда давом этишмасин, рус тилидан украин тилига ўтиш жадаллик билан кечаётганини ҳамма ёқда – кўча-кўйда, ижтимоий тармоқларда, китоб дўконларида ва, энг муҳими, одамларнинг ўзаро суҳбатларида рўй-рост кўзга ташланмоқда.

Украинада кўпчилик тил масаласи бу қадар жадаллашганидан мамнун, аммо жараён оғриқсиз кечаётгани йўқ.

“Украин тили дангал сўзлашга мажбур қилади”

“Россия Федерацияси – қотиллар ва зўравонлар федерацияси русийзабон аҳолини муҳофаза қилиш баҳонасида ватанимга қарши уруш эълон қилди. Улар, жумладан, менинг мавжудлигимдан урушни оқлаш учун фойдаланишяпти”, дейди Озодлик билан суҳбатда украин ёзувчиси, асли донецклик Владимир Рафеенко.

Донбассда можаро чиққанидан бери Россия президенти Владимир Путин Киевни минтақада яшовчи русийзабон аҳолини “геноцид қилиш”да айблаб келади. Фақат рус тилида роман ва шеърлар ёзган, кўп йиллар рус адабий ҳаётида иштирок этган 53 ёшли Рафеенко Донбассда рус тилининг мақоми тамом бошқа бўлганини айтади.

“Ота-онам ва бувим, умуман, атрофимдаги ҳамма русча сўзлашарди. Мен 20 ёшимда Достоевский ва Чеховнинг барча асарларини ёддан билардим, рус тили филологи ихтисослиги бўйича ўқидим, бироқ 2014 йили – она шаҳримни “сепар”лар босиб олганидан сўнг Донецк-Киев поездига чиққунимга қадар келажакда украин тилининг фаол фойдаланувчиси бўлиш тушимга ҳам кирмаганди”, ҳикоя қилади адиб.

2014 йилда оловланган уруш Рафеенкони рус адабий олами билан барча ришталарни узишга ундайди. Лекин 2017 йилда у ўзининг энг муваффақиятли романларидан бири бўлмиш “Узун кунлар: шаҳар балладаси”ни рус тилида ёзди. Сюрреалистик Донбасс ҳаёти аччиқ киноя билан тасвирланган мазкур асарнинг иккинчи номи “Z шаҳри” бўлиб, бу ҳарф 2022 йилда қандай мазмун касб этганига қараганда ёзувчи каромат қилган экан. “Ўша пайтлар ўзимни икки тилда ижод қилувчи муаллиф деб ҳисоблардим”, изоҳ беради Рафеенко.

2019 йилда адиб украин тилидаги илк романи – “Мондегрин: ўлим ва севги ҳақида қўшиқлар”ни чоп эттиради. Асарда хотира, тил ва ўзига хослик масалалари Донбассдан келган қочқин назари билан таҳлил қилинади.

Россия бостириб кирган 2022 йил 24 февраль санасида Рафеенко Буча ва Киев орасидаги қишлоқда истиқомат қиларди.

“24 февралдан бери бир фикр мени таъқиб этмоқда: мен уйимга кетишни истайман, – дейди Рафеенко ва бир оздан сўнг қўшиб қўяди: – Лекин, афсус, менинг уйим йўқ”.

Ёзувчи адабиётда, ижтимоий ёки шахсий ҳаётида ҳеч қачон “беадаб” ва “шармисор” рус тилига қайтмасликка онт ичади.

“Рус тилидан буткул воз кечишим сабаби қандайдир фалсафий ғоялардан кўра қалбимдаги жароҳатларга боғлиқ бўлса керак, – дейди у ва аммо ҳарчанд уринмасин, яшаган ҳаётию ўқиган китобларидан батамом халос бўла олмаслигини қўшимча қилади: – Булар шахсиятимнинг бир бўлаги, мен билан бирга ўлади”.

Рафеенкога кўра, бошқа тилга ўтиш ёзувчи учун жуда узоқ, машаққатли ва баъзан диққинафас жараён ва айни чоғда “ўзни муолажа қилиш воситаси” ҳамдир.

“Украин тили янги имкониятлар эшигини очади ва дангал гапиришга мажбур қилади. Бу шундай аниқ тилки, бизга ўзимиз ва дунё учун масъулият ҳис қилишимизга кўмаклашмоқда”, дея сўзини якунлайди Рафеенко.

“Империя тумори”

Украин тилига ихтиёрий ўтиш, Рафеенко ёки юқорида исмлари тилга олинган уч аёл тимсолида бир қадар индивидуал аҳамиятга эга бўлса-да, аслида бошқа йирик бир жараённинг таркибий қисмидир.

Бу ҳақда январь ойида Украинадаги энг қўҳна ва мўътабар университетлардан бири бўлмиш Киев-Могилян академияси ўз ҳудудида рус тилидан фойдаланишни тақиқлаш билан жамоатчиликка мужда берди. 30 йилдан ошдики, университетда таълим украин ва инглиз тилларида олиб борилади. Янги тақиқ талабалар, ўқитувчилар ва маъмурият ходимларининг ўзаро суҳбатларига ҳам тааллуқли.

Россия босқинига бир йил тўлди. Уруш хроникаси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:25:53 0:00

“Биз мазкур тақиқ бунақа резонанс кўтаришини сира кутмагандик”, дейди университет ректори Сергей Квит ижтимоий тармоқларда омма икки фирқа – танқидчилар ва хайрихоҳларга бўлиниб олгани ҳақида гапираркан.

Ректорга кўра, тақиқ университетнинг беистисно барча ходимлари тарафидан қўллаб-қувватланган бўлиб, унга риоя қилмаслик бирон жазога сабаб бўлмайди. “Бу бизнинг биринчи галда янги талаба ва ходимларга қаратилган корпоратив маданиятимиз ифодасидир”, дейди Квит.

Киев-Могилян академиясидаги тақиқ шубҳа остига олинди, бироқ у Украинанинг амалдаги тил сиёсатига зид эмас. 2019 йилги қонунга биноан, ижтимоий ҳаётнинг қатор институтлари ва соҳаларида, жумладан, ҳукумат фаолиятида, таълим даргоҳлари ва ОАВларда, ҳатто ресторан ва дўконларда украин тилидан фойдаланиш мажбурийдир. Россия босқини бошланганидан сўнг эса русча китоблар ва мусиқага нисбатан қўшимча чекловлар киритилди.

Сергей Квит ушбу тақиққа Россия ёққан уруш олови украин маданиятига ва, хусусан, Киев-Могилян академиясига қанчалик зарар етказаётгани нуқтаи назаридан қараш керак, деб ҳисоблайди.

“Айрим талаба ва ўқитувчиларимиз босиб олинган ҳудудларда қолиб кетишди. Баъзилар Украина армиясига хизматга кирган. Уруш бошланганидан бери 11 нафар талаба ва битирувчиларимиз ҳалок бўлишди”, дейди у.

XVII асрда қурилган университет биноси йўлакларида талабаларни ҳарбий таълим олишга чорловчи плакатлар осилган.

Сергей Квит учун бу уруш “кўп асрлардан буён давом этаётган украин миллати ва маданиятини маҳв этиш ҳаракатининг янги саҳифаси”дир. Унинг фикрича, “империя тумори” ва “Россия давлати қуроли” бўлмиш рус тилига Украинада жой бўлмаслиги керак.

Айни чоғда у тақиқдан қатъи назар, рус тилидаги китоблар академия кутубхонасида қолишини урғулади: “Биз ўзимизни ҳимоя қилишимиз лозим, лекин китобларни ёқиш ниятимиз йўқ. Биз руслар эмасмиз, биз эркинликни сиёсий маданиятимизнинг энг муҳим элементи деб биламиз”.

“Лингвицид”

Украина олимларига кўра, украин китобларини, аниқроғи, эски славян тилининг украинча талқинида битилган китобларни ёқиш 1627 йилда бошланган бўлиб, бу пайтда рус ва украин тиллари алоҳида тиллар сифатида шаклланиб бўлган эди. Ўшанда Москва патриархи Филарет китоблар чоп этишда Москва монополиясини ўрнатиш мақсадида Киевда босилган “Панд-насиҳат евангелиялари”ни ёқиб юборишга буйруқ берган экан.

Киев-Могилян академияси ҳовлисидаги хотира лавҳасида бу ҳақда батафсил маълумот бор.

Россия империяси ва Совет Иттифоқи “ўз манфаатига мослаб ўзгартирган тарих”ни тиклаш мақсадида ташкил қилинган “Лингвицид” мемориал лойиҳаси фаоллари ўтган ёз ва куз бўйи Киевнинг тарихий марказида бунақа хотира лавҳаларидан анча-мунча ўрнатишди.

Лойиҳа ташаббускори – киевлик педагог Валентина Мержиевская Зарғалдоқ инқилобидан сўнг рус тилидан воз кечиб, украинчага ўтган.

“Русийзабон украин аёли сифатида кўпдан бери ўзимни алдангандек ҳис қилиб юрардим, бироқ тил ва тарих билан боғлиқ фитналардан мақсад нақадар даҳшатли эканини ҳали идрок этолмасдим”, дейди у.

Россия Украина устидан сиёсий ҳукмронлик қилган асрлар мобайнида, бир неча авлод алмашган украин зиёлиларининг норозилигига қарамай, рус тили ҳокимият ва элита томонидан қўлланадиган “баланд мақомли тил” бўлиб келди, украин тилига эса асосан қуйи табақа – қишлоқи деҳқонлар тили деб қаралди.

Бироқ ушбу динамика ўзгара бошлаганига анча бўлган. Мержиевскаянинг отаси Киевдан – кичикроқ шаҳарчага кўчиб борганидан сўнг рус тилига ўтган экан. Украинча гапирсам менга ола қарашар ёки бурунларини жийиришарди, дея эслайди у. Ҳозирда аёлнинг икки ўспирин ўғли бор: иккиси ҳам рус тилидан бир қадар хабардор, аммо кундалик ҳаётда деярли фойдаланишмайди.

Яқинда осилган хотира лавҳаларидан бири Россия оккупация қилинган ҳудудларда юргизаётган руслаштириш сиёсатига бағишланган. Ушбу сиёсат музейларни ғорат қилиш, маданий бойликларни талон-тарож этиш, украин ёдгорликларини ағдариш, Россия маданият ва тарихий арбобларига ҳайкаллар ўрнатиш ҳамда мактабларда русча таълим беришни назарда тутади. Табиийки, Кремлнинг бунақа хатти-ҳаракатлари жавобсиз қолмаяпти.

“Русча китоблар – макулатурага”

Киевдаги энг қўҳна ва йирик китоб дўконларидан бири – “Сяйво книги” ҳар ҳафта қарийб икки тонна русча китоб йиғиб, қайта ишлашга топширади. Тушган пул эса Украина армияси ҳисобига ўтказилади.

“Баъзи ҳафталарда етти тоннагача китоб йиғдик, уларни боғлаб, юклаб бергунча қўлларимиз қавариб кетарди”, дейди Озодликка дўкон мудири Глеб Малич.

“Сяйво книги” Киевдаги давлатга қарашли ягона китоб дўкони бўлиб, болалар ва кексалар орасида китобхонликни оммалаштириш, ёш муаллифлар билан ижодий учрашувлар уюштириш каби дастурларни ҳам амалга оширади. Дўкон Украинадаги ниҳоятда оммалашаётган “ветеранлар адабиёти” марказига айланишга интилмоқда.

Киевдаги китоб дўконларидан бири.
Киевдаги китоб дўконларидан бири.

Малич ўз бисотидаги русча китобларни олиб келиб топшираётган ватандошларининг ёши ва касб-кори турли эканидан келиб чиқиб, ҳар қанақа русча контент мамлакат учун бефойда ва потенциал хавфли эканини англаб етган украинлар сони тобора ортяпти, дея хулоса қилади.

Шунга қарамай, рус тили Украинада ўз мақомини қисман сақлаб турибди. Чунки ушбу тилда дунё бўйича 258 миллион киши сўзлашади, маданий аҳамиятга эга товар ва хизматлар бозорида у украинчадан кўра кўпроқ қўлланиши табиий.

Бироқ 1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланганидан бошлаб Украина ичида ушбу дисбаланс муттасил ўзгариб борди. Рус тилидаги контентга нисбатан чекловлар жорий этилиб, украин тили томон умуммиллий силжиш тезлашган сўнгги пайтларда эса тил борасида мутлақо ўзгача статус-кво юзага келди.

Уруш бўлаётганига қарамай Киев ва бошқа шаҳарларда ҳашаматли хусусий китоб дўконлари очилаётгани худди шу эврилишларнинг яққол белгисидир. Ушбу дўконлар Сергей Жадан ёки Оксана Забужко сингари ҳозирги машҳур украин адибларининг асарлари, украин классикаси намуналарининг янги нашрлари, тарихга оид китоблар ва чет эл адабиётининг украинча таржималари билан тўлиб-тошган.

“Уруш ноширлик ва китоб бизнесини касод қилади деб ўйловдим. Лекин маънавий озуқа одамларга ҳозир қайтага кўпроқ керак экан. Улар уруш даҳшатларидан чалғиш учун ҳам мутолаага берилишмоқда”, дейди Киевдаги йирик китоб дўконларидан бирининг соҳиби, собиқ ҳарбий Александр Дробин.

Форум

XS
SM
MD
LG