Украинадаги ерости қазилма бойликлари сўнгги ҳафталарда АҚШ ва Украина ўртасидаги музокаралар марказига айланди.
Шунингдек, бу масала Россия, Европа Иттифоқи ва бошқа манфаатдор томонлар иштирокидаги дипломатик жараёнларнинг муҳим қисми сифатида кўрилмоқда.
Доналд Трамп Украина президенти Владимир Зеленский жума куни Вашингтонга келиб, “йирик келишув” имзолашини маълум қилди. Ушбу келишув икки давлат ўртасида стратегик ҳамкорликка доир асосий ҳужжат бўлиши тахмин қилинмоқда.
“Биз ҳозир хавфсизликни таъминлашни истаймиз. Америкалик солиқ тўловчилар ўз пулларини қайтариб олишади, устига-устак фойда ҳам кўришади”, деди Трамп келишув тафсилотларини очиқлашдан бош тортиб.
Украина Бош вазири ўринбосари идораси ва Иқтисодиёт вазирлиги музокаралар бориши ва келишув тафсилотлари бўйича изоҳ беришни истамади
Бироқ Украина ҳукуматидаги исмини ошкор қилишни истамаган манбалар келишув Украинадаги бошқа минераллар қатори нефть ва газ каби табиий ресурсларни биргаликда ўзлаштиришни назарда тутишини билдирди.
Бу битим ерости нодир металларини қазиб олиш билан бирга Украинани қайта тиклаш бўйича кенг кўламли иқтисодий ҳамкорликни ҳам ўз ичига олиши айтилмоқда.
Ҳозирча келишувда АҚШ томонидан Украинага қўшимча ҳарбий ёрдам ажратилиши ёки хавфсизлик кафолатлари берилиши назарда тутилганми ёки йўқ – бу номаълум. Айрим манбаларга кўра, битим фақат иқтисодий ҳамкорлик билан чекланиши мумкин.
АҚШ президенти Доналд Трамп кўзда тутилаётган келишув доирасида Украинага нима тақдим этилиши ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Вашингтон Киевга аллақачон 350 миллиард долларлик ёрдам кўрсатгани ва Киевга “ҳарбий ускуналар ҳамда курашиш ҳуқуқи” берилишини айтди.
Трампнинг айтишича, Украина президенти Владимир Зеленский 28 февраль куни Вашингтонга келиб, келишувни имзолайди. У битим “ноёб ерости минераллари ва бошқа масалаларни” ўз ичига олишини қайд этиб, музокаралар деярли якунланганини билдирди.
СNN нашрининг Украина ҳукуматидаги номаълум манбага таяниб хабар беришича, Украина келишув матнидан номақбул бандлар олиб ташлангандан кейин уни имзолашга рози бўлган.
Бу келишув Трампнинг 3 февралдаги баёнотидан бир ой ўтиб пайдо бўлди. Ўшанда Трамп Украинага кўрсатилаётган ёрдамни кафолатлаш мақсадида “ноёб ерости бойликлари ва бошқа масалалар бўйича” битим тузиш устида иш олиб бораётганини билдирганди.
Шундан сўнг, келишув бўйича баҳслар 14-16 февраль кунлари бўлиб ўтган Мюнхен хавфсизлик анжуманида ҳам давом этди.
Украина президенти дастлабки таклифни конкрет хавфсизлик кафолатлари йўқлиги сабабли рад этган.
Россия президенти Владимир Путин 24 февраль куни нодир тоғ-кон саноатига бағишланган йиғилишда Москва АҚШ билан биргаликда Россиядаги ерости конларини ўрганиш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.
“Бизда бу турдаги ресурслар Украинага қараганда анча кўп”, деди Путин.
Россиянинг бу ҳаракати Вашингтон ва Киев ўртасида шаклланаётган минерал ҳамкорлик бўйича битимни мураккаблаштиришга қаратилган дипломатик юриш сифатида кўрилмоқда.
Владимир Путин АҚШ президенти Доналд Трампнинг Вашингтон ва Москва ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари ҳақидаги баёнотига муносабат билдирди. Путин нодир металларни қазиб олиш бўйича келишувлар Россия босиб олган Украина шарқидаги табиий қазилмаларга бой Донбасс минтақасидаги конларни ҳам қамраб олиши мумкинлигини айтди.
Бу масала урушни тугатиш бўйича ҳар қандай музокараларда жиддий келишмовчиликларга сабаб бўлиши аниқ. Яқинда Украина бош вазири ўринбосари Юлия Свириденко Россия босиб олган ҳудудларда 350 миллиард долларлик стратегик минерал захиралари мавжудлигини билдирган.
Россия ерости бойликлари захираси бўйича дунёдаги бешинчи давлатдир. АҚШ Геология хизмати Россия захираларини 3,8 миллион тоннага баҳолаган. Россиянинг ушбу стратегик секторидаги асосий конлар ва ишлаб чиқариш корхоналари Украинага босқиндан кейин ҳозирда “Росатом” давлат ядро ширкати назорати остида.
Озодликнинг россиялик суриштирувчилар гуруҳи «Система»нинг 25 февралдаги ҳисоботига кўра, “Росатом” компанияси президент Путиннинг яқин ҳамкори Михаил Ковалчук билан чамбарчас боғлиқ.
Украина ҳам табиий ресурсларга бой мамлакатлардан бири ҳисобланади. Киев АҚШ иқтисодиёти ва миллий хавфсизлиги учун муҳим деб ҳисобланган 50 та минералнинг ярмига эга эканлигини билдиради. Бу ресурслар таркибига қуйидагилар киради:
🔹 Литий ва титан – замонавий технологиялар ва мудофаа саноати учун зарур
🔹 Кўмир ва темир рудаси – саноат ишлаб чиқаришида асосий унсурлардан
🔹 Нефть ва газ – энергия хавфсизлиги учун муҳим ресурс
АҚШ расмийлари минерал ресурслар бўйича битим Украина хавфсизлигини мустаҳкамлашини таъкидламоқда.
Бироқ, Владимир Зеленский реал хавфсизлик кафолатларини сўрамоқда.
Бундан ташқари Украина томони АҚШнинг молиявий талаблари борасида ҳам норозилигини билдирди. Доналд Трамп шу ой бошида Украинадан “500 миллиард долларга тенг нодир ерости металларини” талаб қилган эди. Дастлабки битим лойиҳасида Украина ушбу маблағ йиғилгунга қадар АҚШ томонидан бошқариладиган жамғармага пул ўтказиб бориши кўзда тутилган эди.
Бироқ, Зеленский Украина бундай миқдордаги ҳарбий ёрдам олмаганини айтиб, Трампнинг талабларини рад этди.
АҚШ Конгресси маълумотига кўра, 2023 йил сентябр ҳолатида АҚШ Украинага 174,2 миллиард доллар ажратган, шундан 64 фоизи АҚШ Мудофаа вазирлиги ва қурол ишлаб чиқарувчи компанияларга йўналтирилган.
“Financial Times” нашри 24 февраль санаси билан имзоланган якуний битим лойиҳасида 500 миллиард долларлик талаб бекор қилинганини хабар қилди. Янгиланган келишув матнига кўра;
Келажакда давлатга қарашли минерал ресурслардан (нефть, газ ва бошқалар) тушган даромаднинг 50 фоизи махсус жамғармага йўналтирилади.
✅ Бу жамғарма Украинадаги лойиҳаларга сармоя киритиш учун ишлатилади.
✅ Битим “Нафтогаз” ва “Укрнафта” каби давлат компаниялари ишлаб чиқарадиган мавжуд ресурсларни қамраб олмайди.
Бироқ АҚШ таклиф қилган битимда аниқ хавфсизлик кафолатлари йўқ. AFP нашри украиналик юқори мартабали расмийга таяниб, битимда АҚШ “барқарор, мустақил ва фаровон Украина учун сармоя киритиши” ва “минтақада тинчлик ўрнатиш йўлида ҳаракат қилиши”га оид умумий мазмундаги банд борлигини хабар қилди.
АҚШ ва Европа Иттифоқи ўртасида Украинага ёрдам борасида муайян келишмовчиликлар мавжуд бўлса-да, Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен 24 февраль куни Киевга ташрифи чоғида Украинага алоҳида битим таклиф этгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
“Европа эҳтиёж сезаётган 30 та стратегик минералнинг 21 тасини Украина етказиб бериши мумкин. Биз Украина билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш ниятидамиз”, дея таъкидлади Европа Иттифоқининг саноат стратегияси бўйича комиссари Стефан Сежурне.
Европа Иттифоқи вакиллари АҚШдан фарқли равишда “ҳеч қачон Украинага фойда келтирмайдиган битим талаб қилмаслигини” айтмоқда.
Бироқ Европа Комиссияси сўзчиси Томас Ренье буни рад этиб, Европа Иттифоқи томонидан Украинага янги таклиф берилмаганини айтди. Унга кўра, 2021 йилда имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасидаги ҳамкорлик давом эттирилади.
“Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ушбу меморандумни амалга ошириш ва икки томонлама манфаатли шерикликни мустаҳкамлаш бўйича ишларни жадаллаштиришга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади,” – деди Ренье.
У, шунингдек, бу ташаббусдан АҚШ билан рақобат эмас, балки Украина билан ҳамкорликни чуқурлаштириш кўзланганини урғулади.
Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийси ҳам Европа Комиссияси АҚШ билан рақобатга киришиши эҳтимолдан йироқ эканини айтди.
Форум