Украина ҳукумати Марказий Осиё мамлакатларининг Россия тарафида жанг қилган 50 дан ортиқ фуқароси асирликда сақланаётганини маълум қилди. Улар қандай қилиб Россия армиясига қўшилиб қолган? Асирликда уларни нима кутмоқда? Россия ва ўз мамлакатлари уларни қайтаришдан қанчалик манфаатдор? Озодлик радиосининг қирғиз хизмати бу асирлардан айримлари ва уларнинг қариндошлари билан суҳбатлашди.
Айни пайтда Украинадаги ҳарбий асирлар орасида марказий осиёлик 54 киши, хусусан:
1 қирғиз,
21 қозоқ,
18 тожик,
14 ўзбек бор.
Бу одамларнинг кўпи ўз мамлакатлари паспортидан ташқари Россия паспортига ҳам эга. Масалан, қозоғистонлик 21 асирдан атиги 6 нафари фақат Қозоғистон фуқаролари экан, қолганларда Россия паспорти ҳам бор.
Махфийлик талаби туфайли украин ҳукумати ва асирларни қидириш билан шуғулланувчи лойиҳалар уруш бошланганидан бери асирга тушган ва Россия билан Украина ўртасида айирбошланган марказий осиёликларнинг аниқ сонини очиқламайди. Шунга қарамай, Озодлик радиоси собиқ ва ҳозирги асирлардан бир нечтаси билан гаплашишга муваффақ бўлди.
“Россияда ўқишга кириб, шу ерда қолиб кетган”
2024 йил охирида Украина ҳукуматига алоқадор “Наш виход” лойиҳаси асирга тушган бир эркак видеосини эълон қилди. Видеода у қизига мурожаат қилиб, Россия ҳукумати унга “ҳарбий асир” мақомини бериши шартлигини айтади.
57 ёшли Т.Ж., карточкасида “этник қирғиз ва Россия фуқароси” деб кўрсатилган. Украинанинг давлатга оид “Хочу жить” лойиҳаси қайдларига кўра, у 2024 йилнинг сентябрида Донецк вилоятидаги жангларда асир олинган. Украина идоралари уни ҳарбий асир деб тан олган ва ушбу мақомни тасдиқловчи махсус гувоҳнома берган. Ҳужжатда ёзилишича, Т.Ж. Россия армиясида сержант тариқасида хизмат қилган ва Москва вилоятидаги ҳарбий қисмдан урушга жўнатилган.
Озодликнинг қирғиз хизмати ушбу қирғизистонликнинг қариндошларини топди ва ўзини унинг қизи деб таништирган аёл билан гаплашди. Аёл отасининг Украинада олинган видеосини Россиядаги ҳарбий комиссариатга олиб борганини, шундан сўнг уни ҳарбий асир деб тан олишганини сўзлаб берди.
“Ҳа, у қирғиз. Россия олий ўқув юртида ўқиб, шу ерда қолиб кетган, – деди Озодлик суҳбатдоши. Отам асирга тушганидан хабаримиз бор, у озод бўлиши учун қўлимиздан келганини қиламиз. Россия идораларига мурожаат қилдик: унга расман ҳарбий асир мақоми берилди. Уйга қайтишини кутяпмиз”.
“Бу отам қатнашган биринчи уруш эмас. Совет Иттифоқи йилларида у афғон урушида ҳам бўлган”, қўшимча қилди асирнинг қизи.
“Жанг қилмоқчи эмасдим, аскарларга ошпазлик қиламан деб ўйловдим”
Россия тарафида жанг қилиб асирга тушган ҳарбийлар Украина ҳудудидаги махсус жамлоқларда сақланади. Ўш шаҳрида туғилган қирғиз фуқароси урушнинг илк кунларидаёқ асирга олиниб, 2022 йилнинг мартида ана шундай жамлоқлардан бирига келтирилади.
Видеода қирғизистонлик миллати рус ва 27 ёшдалигини, 2022 йил мартда Суми вилоятида бўлган жанглар чоғида асирга олинганини айтади. Tizme.gov.kg қайдларида ушбу асир ростдан ҳам Қирғизистон фуқароси деб кўрсатилган эди, бироқ Озодлик унда Россия паспорти ҳам борлигини аниқлади.
Асир видеода Россия ҳукуматидан ёрдам сўрайди: “Илтимос, бизга ёрдам беринг. Мен уйимга тўрт мучам бутун ҳолда қайтишни истайман”. Видео қандай шарт-шароитда олинган, қирғизистонлик унда ўз хоҳиши билан тушганми ёки мажбуран – буниси Озодликка маълум эмас.
Озодлик мухбири видео қаҳрамони туғилиб ўсган Ўш шаҳрида, у ўқиган мактабда бўлди.
“У мактабимизга 2009 йилда келиб, 6-синфга қабул қилинган эди, – дейди мактаб муаллимаси Ақ-Моор Сидиқова. – Сўнгра 2013 йилда у коллежда ўқигани кетди. Оддий оиладан чиққан, ҳамма қатори кийинарди. Мактабдан кейин тақдири нима бўлганини билмайман”.
Кўп ўтмай асирни алмашишди ва у Россияга қайтди: ҳозирда у Россия шаҳарларидан бирида яшамоқда. Собиқ асир Озодлик билан суҳбатда Қирғизистонда туғилиб ўсганини ва ушбу мамлакат фуқароси эканини, Россия армиясига эса ўз ихтиёри билан кирганини тасдиқлади. Бироқ, айтишича, жанг қилмоқчи бўлмаган, аскарларга овқат пишираман деб ўйлаган.
“Қирғизистонда туғилиб, ўша ерда ўқиганман. Урушнинг энг бошидаёқ асир тушиб қолдим, энг биринчи асир олинганлардан бири эдим десам ҳам бўлади, – дейди суҳбатдошимиз. – Асирликда шароит худди қамоқхонаникидек, лекин бизга муносабат ёмон эди дея олмайман. Бир ойгина асир бўлдим. Омадим чопди, чунки айримлар йиллаб асирликда қолишади”.
Украина уни 2022 йил апрелда озод қилди: ўшанда Россия билан Украина 86 нафар асирни алмашишганди.
Озодликнинг “Асирликда бошқа қирғизистонликларни учратмадингизми?” деган саволига у ватандошларидан ҳеч кимни кўрмаганини айтди.
“Ўша пайтлар асирлар орасида қирғизистонликлар йўқ эди. Асосан руслар, татарлар, бошқирдлар, туваликлар бор эди”, деди у.
“Ҳозир уруш ҳақида ҳеч нарса ўқишни ҳам, эшитишни ҳам истамайман. Соғ-саломат қайтганимга хурсандман, – деди сўзининг охирида Озодлик суҳбатдоши. – Очиғи, урушга кетаётганимни билмагандим ҳам. Ҳарбий қисмда бизни 1-2 кунгина ушлаб туриб, дарҳол жўнатишди. Қайтганимдан сўнг урушда қатнашишдан бош тортаман деб ариза ёзиб бердим. Эшитишимча, бизнинг қисмдан айримлар асирга тушиб, озод қилингач, яна урушга жўнаб кетибди. Менимча, кўпчилик пул учун шунга рози бўлган”.
Озодлик унга: “Бошқа мамлакат ҳудудида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этганингиз учун Қирғизистонда сизни жиноий жавобгарликка тортишлари мумкинлигини биласизми?” дея савол берди. Эркакнинг жавобига кўра, “бундан хабари йўқ” экан.
“У – тирик қолган ягона аскар, қолганлар етиб келолмади”
Украин ҳарбийлари асирга олганлар орасида Марказий Осиёдаги бошқа халқлар вакиллари ҳам бор. 2024 йилнинг декабрида Запорожье йўналишида Ўзбекистон фуқароси ушлангани маълум бўлган эди: бу ҳақда “Спартан” тезкор бригадаси ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали хабар қилган.
Бригаданинг 4-оператив батальони зобити Артём Шолудько Озодлик радиосининг “Новости Приазовья” лойиҳасига бу воқеа қандай бўлгани ҳақида сўзлаб берди.
“Гуруҳ тўрт нафар аскардан иборат эди. Аммо бизнинг маррагача фақат у етиб келди. Ўзи айтишича, унга қайси йўналишда ҳаракатланишни ва ҳужум учун қайси позицияларни эгаллашни кўрсатиб, олдинги чизиққа жўнатганлар. Биргина у тирик қолган, бошқалар йўлда ўлиб кетган. Уларнинг қўлларида ҳатто рация бўлмаган”, дейди украин зобити.
Шолудькога кўра, Ўзбекистон фуқароси Россияга меҳнат мигранти сифатида келган ва Москвадаги бир ресторанда ишлаган. Сўнгра уни фронтга жўнатишган, бўлинмалардан бирида ошпаз бўлиб хизмат қилган. Аммо кейин командири уни бошқа аскарларга қўшиб штурмчилар отрядига қўшиб қўйган.
Ҳарбий асирларга оид бу каби маълумотларни текшириш ҳар доим ҳам осон бўлмайди. Бироқ Россия кучишлатар идоралари марказий осиёлик ва бошқа постсовет мамлакатлардан келган мигрантларни Украинага қарши урушга боришга мажбурлагани доир ўнлаб ҳолатлар маълум.
Яна бир ўзбекистонлик 2025 йил январда, Киев билан Москва оғир ярадор асирларни ўзаро алмашган пайтда қайтарилди. Ўшанда Украина Россияга 25 нафар аскарни қайтарган, улардан бири 26 ёшли ўзбекистонлик эди. Украина томони ёйинлаган видеода у асирликда 1 йилу 3 ой бўлганини, бир қўлидан ажралиб, оёғидан яраланганини айтади:
“Кетаётганимда ёнимдаги йигит: “Сени олишди, мени олишмади, мен сендан кўпроқ қоламан бу ерда” деб норози бўлди. Унга ҳар нарсанинг ўз вақт-соати борлигини айтдим. Мен ҳам узоқ кутганман, болаларимни соғиниб туни билан йиғлаб чиққанман”, дейди видеодаги эркак.
“Биринчи галда шов-шувга сабаб бўлган асирлар алмашилади”
Яна бир машҳур қирғизистонлик асир – Алишер Турсунов. Озодлик илгари у ҳақида ёзган эди.
Асирга тушган пайтда Турсунов 56 ёшда бўлган. У фарзандларини кўриш учун Қирғизистондан Россияга жўнайди, лекин орадан икки ҳафта ўтгач ватанидаги қариндошлари у билан боғлана олмайдилар. 23 май куни “Пленние СВО” каналида унинг видеоси чиқади: роликда у Рязанда полициячилар уни ушлашганини айтади (ўша пайтда “Крокус” терактидан сўнг бутун Россия бўйлаб мигрантларга қарши рейдлар бўлаётганди). Қирғизистонликка кўра, уни тўрт кун зах ва қоронғи жойда оч-наҳор ушлаб туришган, шундан сўнг у Россия армияси билан шартнома имзолашга мажбур бўлган.
Фронтда уни гранатомётдан отишга ва хандақ қазишга мажбурлаганлар, кейинроқ эса у украин армиясига асирга тушган. Икки ойдан сўнг, 2024 йилнинг июлида асир алмашиш орқали Турсуновни Россияга қайтарганлар.
Қариндошлари Алишер Турсунов ҳозирда қаердалигини айтишдан бош тортишди. Аммо улар Озодликка таъкидлашича, Турсунов воқеаси жамиятда резонанс чиқаргани сабабли уни тезда асирликдан қутқариб олишган.
Мигрантлар билан ишловчи юрист Мирлан Тоқтобеков бу фикрга қўшилади:
“Россия томони ҳам, Украина ҳам энг аввало шов-шувга сабаб бўлган одамларни озод қилишга ҳаракат қилади”, дейди у.
“Россия энг оғир жангларда уларни олдинги чизиққа ташлайди”
Украина Ҳарбий асирлар масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи штабининг котибияти раҳбари Богдан Охрименко Россия алдаш-мажбурлаш йўли билан шартнома имзолатган чет эллик аскарларни фронтнинг энг оғир участкаларига ташлашини ва улар ёппасига қирилиб кетишини урғулайди. Жумладан, марказий осиёликларга ҳам муносабат шундай, дейди у.
“Улар турли жойларда асирга олинган. Лекин бир умумийлиги бор – булар бари қақшатқич жанглар бўлган ҳудудларда эди, – изоҳ беради Охрименко. – Россия энг оғир жангларда уларни олдинги чизиққа ташлашига яна бир карра амин бўлдик. Бу одамлар Бахмут, Белогоровка, Авдеевка, Торецк, Покровск каби йўналишларда ҳужумга йўлланган. Курск вилояти ҳудудида бўлган амалиёт чоғида асирга тушганлар ҳам бор. 2022 йилда, 2023 йилда, 2024 йилда қўлга олинган асирлар бор”.
Айни чоғда Охрименко Москва бошқа мамлакатлар фуқаролари бўлмиш ҳарбий асирларни қайтаришдан “манфаатдор эмас” деб ҳисоблайди:
“Россия ҳукумати одатда ўз фуқароларини, айниқса мамлакатнинг Европа қисмидан, Москва, Санкт-Петербург каби шаҳарлардан бўлган асирларни ва айрим зобитларни қайтаришга ҳаракат қилади. Бошқа мамлакатлар фуқаролари ёки Россияда яшовчи ғайрируслар улар учун унча қизиқ эмас”, дейди у.
Россия расмийлари буни инкор этишади. Россия ТИВ вакили Мария Захарова мамлакат “дини, миллати ёки қайси ҳарбий бўлинмага мансублигидан қатъи назар” барча ҳарбий асирларни қайтаражагини иддао қилган эди.
Мигрантлар билан ишловчи экспертлар Россия тарафида жанг қилиш учун урушга кетган марказий осиёликлар Украинада бедарак йўқолган ёки асирга тушган тақдирда ҳам уларнинг ватандаги қариндошлари журналистлар билан мулоқотдан ва жамоатчилик эътиборини тортишдан ўзларини олиб қочишларини алоҳида таъкидлайдилар. Бу сукут Ўзбекистон расмийлари бошқа мамлакатлар ҳудудида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган фуқаролар “ёлланиш” моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортилажаги ҳақида очиқ огоҳлантиргани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Мазкур жиноят учун 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси белгиланган.
“Ўзбек медиасида урушда қатнашаётган Ўзбекистон фуқароларига доир маълумотлар жуда кам. Урушнинг бошларида Ўзбекистонда бир неча фуқаро устидан жиноят ишлари очилгач, улар ҳам, қариндошлари ҳам журналистлар билан гаплашмай қўйишди, – тушунтиради “Мигрант.Уз” портали асосчиси Ботир Шермуҳаммад. – Қолаверса, ўзбек ҳукуматининг ўзи ҳам асир тушган самарқандликларнинг қариндошларига бу ҳақда оммага гапиришни тақиқлаб қўйди”.
“Ўзбекистон ҳукумати урушда иштирок этаётган фуқаролари тўғрисида расмий ахборот бермаган. Биз каналимизда Россия тарафида урушиб, украинларга асир тушган ўзбекистонлик видеосини эълон қилган эдик. Асирларга доир бошқа маълумот йўқ”, дейди Озодлик суҳбатдоши.
Украинада асирликда сақланаётган ўнлаб марказий осиёликлар тақдири ҳозирча мавҳум қолаётир. Украинанинг Ҳарбий асирлар масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи штаби Марказий Осиё аҳолисини Россия Украинага қарши олиб бораётган урушдан нари туришга чақирмоқда.
“Бу одамларнинг тақдири аянчли, чунки улар ўз мамлакатига ҳам, Россияга ҳам керак эмас. Бизга (Украинага) ҳам уларнинг кераги йўқ, – дейди Ҳарбий асирлар масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи штаби ходими Пётр Яценко. – Биз уларни украин солиқ тўловчилари ҳисобидан боққандан кўра, тезроқ Россияда асирликда сақланаётган ўз аскарларимизга алмаштирганимиз яхши. Аммо буларни ҳеч ким сўрамаяпти. Россия армиясига киришдан бурун ўйлаш керак эди қаёққа боришаётгани-ю нимага рози бўлишаётганини ва бунинг оқибатлари нима бўлишини”.
Форум