Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:36

Президент келармиш... Андижонлик ўт ўчирувчилар навбатчиликдан кейин қурилишда ишлатиляпти


Ўт ўчирувчилар қурилишда
Ўт ўчирувчилар қурилишда

Андижон вилояти туманларининг ёнғин хавфсизлиги бўлимлари ходимлари намунавий уйлар қурилишида ишлатиляпти.

Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган ўт ўчирувчиларнинг айтишича, улар бир суткалик навбатчиликдан сўнг яна 8 соат турли қурилиш ишларига мажбурланмоқда.

Вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармаси мулозими, ходимларнинг қурилиш ишларига жалб этилганини инкор қилмади, бироқ унинг айтишича, ишчилар бу ишни "кўнгилли равишда" қилмоқда.

Ўт ўчирувчиларга кўра, президент келишига намунавий уйларни тезроқ битириш учун улар қурилишга сафарбар этилмоқда.

Андижон вилояти туманлари ёнғин хавфсизлиги бўлимлари ходимлари навбат билан Боғишамол даҳасининг Қозоқ маҳалласида қурилаётган намунавий уйларда мажбурий ишлатилаётгани ҳақида Озодликка ўт ўчирувчиларнинг ўзлари шикоят қилди:

“10 майдан ИИВ тизимидан ФВВ га ўтказилган Андижон вилояти Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходимларини қурилиши тугалланмаган намунавий уйларга мажбуран олиб бориб ишлатиш бошланди. Биз 24 соатлик навбатчиликдан чиқиб эртасига соат 17гача чанг-тупроқ ютиб, сувоқчилик қиляпмиз, стяжка тортяпмиз, бетон қорияпмиз. Қурилишни олган қурувчилар пулини олиб еб бўлган, нимага биз бориб текинга ишлашимиз керак экан? Айбимиз ички ишлар тизимидан фавқулодда вазиятлар вазирлигига ўтганимизми?”

Туни билан навбатчиликда турган ўт ўчирувчилар қурилишда ухлаб қолмоқда
Туни билан навбатчиликда турган ўт ўчирувчилар қурилишда ухлаб қолмоқда

Қурилишда ишлатилаётган ходимлар қурувчилик фаолиятига оид суратларни ҳам Озодликка тақдим этди.

14 май куни Озодлик суҳбатлашган, тумани ва исми сир қолишини сўраган ўт ўчирувчилардан бирининг айтишича, ҳар куни қарийб 150 нафар ходим қурилиш ишларига сафарбар этилади:

“Ўзи 24 соат ухламай навбатчиликда турамиз. Навбатчилик тугаши билан қурилишга олиб кетишади. Кечгача уйқусираб девор суваймиз, қум ташиймиз, шлакоблокдан девор урамиз. Яна ҳамма хизмат формаси билан. Ким бормайман деса, ишдан бўшатиш билан бошлиқлар таҳдид қилишади. Президент келмоқчи экан, шунгача ҳамма уйлар тайёр бўлиши керак экан. Қолаверса биз қурувчи эмасмиз, ишларимиз ҳам фақат қўл тегди бўляпти”.

Исми сир қолишини сўраган бошқа ўт ўчирувчининг айтишича, уларнинг хизмат гувоҳномалари олиб қўйилган:

“Мажбуран билдиргилар ёздириб олиняпти, қайси вазирликда қоласан деб. Аслида 2020 йилнинг 1 январига қадар вақтимиз бор. Ички ишлар тизимида қоламан деб ёзилса, ойликсиз ишлаш керак экан. Агар бўш ўрин топилмаса ишдан бўшатиламиз экан, қанча ходимлар сарсон. Шунинг учун ҳам ходимлар ишимиздан заррача хато топишмасин деб, нима иш буюришса қилишяпти”.

(Ўт ўчирувчининг бу гапи алоҳида ўрганиладиган масала бўлгани учун ушбу мақола доирасида бу мавзуга чуқур кирмадик - муаллиф)

Андижон вилояти ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими ходимларнинг қурилиш ишларига жалб қилинаётганини инкор қилмади. Унинг айтишича, ходимлар қурилишда "кўнгилли равишда" ишламоқда. Озодликнинг қўшимча саволларига мулозим жавоб беришни истамади ва “Бу ҳақда сизга маълумот бериш ваколатим йўқ”, деб алоқани узиб қўйди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Андижон вилоят бошқармаси навбатчиси, вазирлик таркибига ўтган ўт ўчирувчиларнинг ноқонуний ишлатилаётгани ҳақидаги барча иддаоларни ёзиб олгач, Озодликка ўзлари қўнғироқ қилиб жавоб беришларини билдирди. Аммо, кун давомида бошқармадан қўнғироқ бўлмади.

XS
SM
MD
LG