Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:47

Президент қароргоҳига олиб борадиган йўлни кенгайтириш учун юзлаб оила уйи бузилмоқда


Байтқўрғонда уйи бузилаётганидан норози аҳоли.
Байтқўрғонда уйи бузилаётганидан норози аҳоли.

Ўзбекистон президенти учун янги қурилган резиденцияга элтадиган йўл кенгайтирилаëтгани боис, Қибрай туманидаги Байтқўрғон қишлоғида 100 дан зиëд уй бузилган ва яна ўнлаб хонадон эгалари уйи бузилиши ҳақида ҳокимликдан билдирги олган.

12 октябрь куним байтқўрғонликларнинг​ Озодликка мурожаат қилган вакиллари уйи бузилиб кўчада қолгани ва ҳокимлик уларни уй-жой билан таъминламаганидан шикоят қилди.​

Қибрай туман ҳокимлиги мулозимига кўра¸ уйи бузилганларнинг бир қисми уй билан таъминланган ва қолган қисмига уй ëки товон пули бериш режаланган.

Исми айтилишини истамаган 35 яшар байтқўрғонлик тадбиркор йигит Озодликка ўзининг ҳокимликка тегишли экскаватор бузаëтган уйининг фотосуратларини юборди. Суҳбатдошга кўра, хокимлик бузилган уй эвазига ҳеч нарса бермаган:

- Мана аҳволим: кўчада қолдик на пулимиз бор, на уйимиз бор, на уй қарори бор! Бизга ëрдам беринглар. Уйни бузиш учун келган Қибрай ҳокими Мирқосимов Мирағзам ака ваъда бериб кетиб қолди. Ҳокимликка борсам сизга уй йўқ¸ танишларингизникида яшаб туринг, деди.

Байтқўрғонда уйлар бузиляпди
Байтқўрғонда уйлар бузиляпди

Ўзини "Қибрай ҳоким Мирағзам Мирқосимовнинг қурилиш ишлари бўйича ëрдамчисиман", деб таништирган мулозим 12 октябрь куни Озодлик мухбири билан суҳбатда “Президент трассаси кенгайтирилаëтгани боис баъзи иморатлар бузилаëтганлигини” айтди. Мулозимга кўра¸ “Давлат аҳамиятидаги бу йўлни қуришга барча рсесурслар жалб қилинган”.

Озодлик мухбирининг уйи бузилганлар тақдири бўйича берган саволига жавобан мулозим бундай деди:

“Уйи бузилганлар вақтинча санатория биносига ва яқинларининг уйларига жойлаштирилган. Улар максимум йил охирига қадар янги уйларга кўчиб ўтишади ëки товон пули олишади”.

Байтқўрғондаги "президент трассаси", деб атала бошлаган йўл яна кенгайтирилгани боис уйсиз қолган ва ўзини Саодат опа деб таништирган 56 яшар уй бекаси Озодлик билан суҳбатда туманда икки тоифа уйи бузилганлар борлигини айтди:

- Август ойида президент резиденцияси қурилган пайтда уйи бузилганлар бор. Буларга биринчи навбатда эътибор бериляпти. Менинг уйимни ўтган ҳафта бузишди. Ҳокимга борсам, "опа олдин мана буларни тинчитиб, уйли қилайлик, кейин сизга гал келади" деб овутишди. Кунлар совуди¸ мен кўч-кўроним билан қайга бораман энди?!

Байтқўрғонда уйлар бузиляпди
Байтқўрғонда уйлар бузиляпди

Қароргох боис тураргоҳдан ажралган Байтқўрғон

Озодлик жорий йил август ойида Ўзбекистон президенти учун янги резиденция қурилиши боис уйи бузилган ўнлаб кишилар Тошкент вилоят, Қибрай туман, Байтқўрғон қишлоғидаги мактаб¸ оромгоҳ ва қариндошларининг уйларига жойлаштирилгани ҳақида ëзган эди.

Ўзини Қибрай ҳокими Мирағзам Мирқосимовнинг қурилиш ишлари бўйича ëрдамчисиман дея таништирган мулозимга кўра “резиденция қурилиши боис уйи бузилганларнинг ҳаммаси уй билан таъминланган”.

Озодлик суҳбатлашган қибрайлик маҳалла фаоли янги уйга кўчирилганлар норозилигини ифода қилди:

- Маҳалламиздан икки оиланинг уйи резиденция ҳудудига тушиб бузилувди. Уларга Янгибозорга яқин жойдан уй берилди. Мана уй берамиз сизларга деб Қибрайнинг аввалги ҳокими Мухаммедов Ниғмат ака бир-иккита қоғозга қўл қўйдириб олувди. Бугун билсак бу ипотека шартномаси экан. Кредитга берилган бўлиб чиқди бу уй. Ҳукумат ноинсофлик қилди.

Қибрай туман ҳокимлиги мулозими Озодлик билан суҳбатда бу масалага ойдинлик киритди. Унга кўра¸ бузилган уй учун берилган товон пули билан янги уй нарҳи орасидаги тафовут имтиëзли ипотека кредити сифатида расмийлаштирилган ва бу ҳам катта сумма эмас.

Ҳокимлик мулозими “Уйи бузилган одамлар пайтдан фойдаланиб ҳукуматдан кўпроқ ундириш пайида бўлаëтганидан нолиди”:

- Битта эски уйга ўнта қариндошини прописка қилиб ташашган. Турмушга чиқиб кетган қизлари ҳам ота уйида пропискада қолиб кетган. Энди келиб ҳар биттасига уй берасан деб сўраб ëтишибди. Шу боис, бузилган бир уй эвазига бир уй берамиз деган вариантда тўхтадик.

Уйи бузилган байтқўрғонликлар “Бир бузилган уй учун битта янги уй берилади”, деган ҳолатдан норозилигини Озодлик мухбирига айтишди:

- Бузилган уйда ўндан зиëд одам¸ уйланган ака-укалар истиқомат қилган бўлса ҳам уларга фақат битта уч ëки тўрт хонали уй берамиз дейишди. Бу адолатдан эмас, - деди байтқўрғонлик уй бекаси.

Байтқўрғонда яна ўнлаб оила уй бузилиши ҳақида билдирги олган

Озодлик суҳбатлашган қибрайлик маҳалла фаолига кўра, “президент трасссаси бўйлаб яна 200 дан зиëд оилага келаси икки ой ичида уй бузилиши ҳақида билдирги берилган”

Суҳбатдошга кўра¸ Арғин¸ Қибрай¸ Байтқўрғон этагидаги бўлган уйлар бузилади¸ деб ҳокимлик одамларни огоҳлантирган.

Байтқўрғоннинг мартабаси ошди

Жорий йилнинг 24 июли - президент Мирзиёевнинг туғилган кунида очилган қароргоҳ Байтқўрғон қишлоғининг Кангли кўчасидаги "Оқ қовоқ" темир йўл бекатига яқин ерда жойлашган.

Ҳозирда тўлиқ баланд девор билан ўраб олинган қароргоҳ, тақрибан бир неча гектарни эгаллаган.

Қибрай туман ҳокимлиги расмийсига кўра¸ қароргоҳ буюртмачиси Ўзбекистон Президенти маъмуриятидир.

Ўзбекистон Биринчи президенти Ислом Каримовнинг вафотидан кейин у ишлаган Оқсарой¸ Кўксарой ва Дўрмон қароргоҳи бўш қолган.

Шавкат Мирзиëев президент бўлиб сайланганидан кейин Оқсаройга кўчиб бормасдан¸ олдинги Алишер Навоий кутубхонаси ўрнида қурилган Сенат биносида фаолият юрита бошлаган ва ўзининг Қорасув- 2 массиви, Шамс кўчасидаги ховлисида яшаб келган.​ Ҳукумат қарорига кўра, Оқсарой музейга айлантирилган.

XS
SM
MD
LG