Линклар

Шошилинч хабар
21 феврал 2025, Тошкент вақти: 02:28

Ўзбекистон хабарлари

Уй-жойдан даромад кўрсаткичи янада пасайди

Тошкент мавзелари (архив сурати)
Тошкент мавзелари (архив сурати)

Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уй-жойларга киритилган инвестицияларнинг рентабеллиги сезиларли даражада пасайди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти таҳлиллари ана шундан далолат беради.

2024 йил февраль ойида уй-жойларни ижарага бериш ва уларнинг қиймати ўзгаришидан олинган даромад ўртача 32,4 фоизни, октябрь ойида эса 12,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилнинг январь ойида 7,6 фоизгача пасайган.

Масалан, Яккасарой, Бектемир ва Чилонзор туманларида 2024 йил февраль ойида уй-жой нархининг ошишидан олиниши мумкин бўлган фойда 16,1 фоиз, 26,9 фоиз ва 15,4 фоизни ташкил этган. 2025 йил январь ойига келиб бу кўрсаткич кескин пасайиб, 3 фоиз, 2,8 фоиз ва 0,3 фоизга тушган.

Айрим туманларда ҳатто манфий кўрсаткич кузатилмоқда. Бу эса инвесторлар учун эҳтимолий зарар деб баҳоланмоқда.

МҲТИ ўрганишларига қараганда, ижара бозоридаги вазият ҳам мулкдорлар учун у қадар мақбул эмас. 2025 йил январь ойида Миробод туманида ижара бўйича ўртача йиллик даромад 10 фоиз (ўтган йилнинг февраль ойида 10,4 фоиз), Мирзо Улуғбек туманида эса 9,9 фоизга (ўтган йили 10,6 фоиз) тўғри келган.

Кўчмас мулкка сармоя киритиш банк омонатларига қараганда камроқ фойда келтирмоқда, деб хулоса қилишган экспертлар.

Озодлик 2024 йилнинг учинчи чораги якунида ҳам пойтахт уй бозори сармоявий жозибасини йўқотаётгани, кўп қаватли уй-жой қурилишига киритилган инвестиция даромадлилиги тушиб бораётгани ҳақида хабар қилган эди.

Кун янгиликлари

Блогер Мурод Махсудов колониядан турмага ўтказилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ЖИЭД тизимидаги 22-сонли умумий тартибли колонияда 7,5 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган блогер, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли Мурод Махсудов жорий йилнинг 18 февраль куни Навоийдаги турмага ўтказилди. Бу ҳақда Озодликка маҳкумнинг яқинлари маълум қилишди.

Маҳкум М. Махсудов муассасада ўрнатилган ички тартиб қоидаларини бузиб келаётганлиги ва бир йил давомида икки маротаба интизомий жазога тартилганлиги сабабли колония бошлиғининг 13.02.2025 йилдаги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси ЖИКнинг 105-моддаси ва 112(1)-моддасига асосан сақлаш режимини ашаддий бузувчи маҳкум деб топилган”, дейилган жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Зангиота тумани суди ажримида.

Маҳкум Мурод Махсудов ўталмай қолган 6 йил 2 ой 5 кун озодликдан маҳрум қилиш жазосини 2 йил қисмини ўташ учун турма тартибидаги колонияда ўтайди.

Қонунчиликка кўра, турмалар турмага қамаш тариқасидаги озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган шахсларни, шунингдек умумий ва қаттиқ тартибли колониялардан жазони ўташ тартибини ашаддий бузганлиги учун ўтказилган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган.

Халқаро ташкилотлар мазкур турдаги жазони ижро этиш муассасаларини ёпишни тавсия қилиб келади.

Блогернинг кекса педагог отаси Маъмуржон Махсудовга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари собиқ ходимлари учун қурилган 22-сонли махсус колонияда жазо муддатини ўтаётган Мурод Махсудов тинимсиз шикоятлари учун турмага юборилган.

Ўғлимни бир неча марта карцерга ташлашди. Унинг Омбудсман қутиларига ташлаган шикоятлари қонунга хилоф равишда қутиларни бузиб, махсус прокуратура олган. Буни қарангки, Омбудсман котибияти ходимлари ҳам қутиларнинг ҳатто бузилмаганини айтиб ўтирибди. Шундай бўлгач, бизни ким эшитади?” деди Маъмуржон Махсудов.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида коррупция ва непотизм жиноятлари ҳақида ёзган блогер М. Махсудов жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди томонидан 2024 йил 14 июнь куни чиқарилган ҳукмга кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “б, г” бандлари, 165-моддаси 2-қисми “б” банди ва 139-моддаси 3-қисми “а, г” бандлари билан айбли деб топилиб, 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

ОТБ Ўзбекистонга яна 125 миллион доллар қарз беради

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистон ҳукуматининг сув ресурсларини бошқариш секторини модернизация қилиш ва мамлакатда хавфсиз сув таъминотидан фойдаланиш бўйича ҳаракатларини дастаклаш учун 125 миллион доллар миқдорида қарз ажратилишини маъқуллади.

“Ўзбекистондаги сув ресурслари иқлим ўзгариши ва самарасиз фойдаланиш туфайли жиддий таҳдид остида. ОТБ лойиҳаси Ўзбекистонда углерод изини камайтириш учун сувдан фойдаланишни яхшилаш, энергия сарфини камайтириш ва операцион самарадорликни ошириш учун сувни бошқаришнинг ақлли тизимларини жорий этади”, дея иқтибос келтирган Gazeta.uz нашри ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арайадан .

Ушбу маблағ иқлим ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда сув ресурсларини ақлли бошқариш, миллий сув таъминоти корхонаси ходимларининг институционал салоҳиятини оширишга кўмак бериши кутилмоқда.

ОТБ лойиҳаси, шунингдек, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ва унинг ҳудудий филиалларига мамлакат бўйлаб асосий сув истеъмоли объектларида сув сарфини ҳисобга олиш ва телеметрия тизимини ўрнатишни якунлашда ёрдам беради.

Лойиҳа доирасида бутун сув таъминоти ва оқова сув инфратузилмаси, шу жумладан, тахминан 4 млн мижоз уланиши учун активлар инвентаризация қилинади ва жойларда географик хариталаш ишлари амалга оширилади.

Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган. Ўтган 30 йил давомида банк мамлакатга 14,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида қарз, грант ва техник кўмак тақдим этган. Халқаро молиявий тузилма, жумладан, соғлиқни сақлаш, қайта тикланувчи энергия манбалари, коммунал хизматлар ва сув таъминоти соҳаларидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаган.

Озодлик аввалроқ ОТБ Ўзбекистон ҳукуматининг молия бозорини мустаҳкамлаш ва энергетика секторини ривожлантириш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун 400 миллион долларлик қарз ажратгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўнлаб газ тўлдириш шохобчаси нархни сунъий оширишда айбланди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида сиқилган газ нархи сунъий равишда оширилгани аниқланди. Қўмита матбуот хизмати қайдича, вилоятдаги 44 та автомобилга газ тўлдириш шохобчаси рақобатга қарши тил бириктирган.

2024 йил 6 декабрига қадар Бухоро вилоятида 1 м³ сиқилган газ учун чакана нарх 3850-3950 сўм оралиғида бўлган. Бироқ 7-9 декабрь кунлари нарх 4150 сўмгача кўтарилган.

Ҳудудий бошқарма рақобатлашаётган хўжалик юритувчи субъектлар нархни сунъий тарзда кўтарган ва бунда рақобатга қарши келишувлар ёки мувофиқлаштирилган ҳаракатлар мавжуд деб ҳисоблайди.

Улар харажатларнинг ошиши учун иқтисодий асос мавжуд бўлмаган ҳолатда, умумий ташқи омиллар таъсирисиз ва рағбатлантирувчи заруратсиз нархларни бир вақтда ёки кетма-кетликда оширгани ва истеъмолчилар ҳисобидан ноқонуний даромад орттиргани айтилмоқда.

Текширув натижалари юзасидан мазкур субъектларга нисбатан молиявий жарима қўллаш ҳамда қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича кўрсатма берилган.

Рақобат қўмитаси аввалроқ мамлакатдаги 1300 га яқин дорихона нархни асоссиз оширгани ҳақида маълум қилганди.

Айни пайтда тармоқ фаоллари Рақобат қўмитасини худди келишиб олгандек бирин-кетин тарифларини қимматлаштирган мобиль алоқа компаниялари, интернет провайдерлар, такси агрегаторлари ҳамда автомактабларга нисбатан ҳам чора кўришга ундаган.

Диний блогер Мубашшир Аҳмад қидирувга берилди

Мубашшир Аҳмад (архив сурати)
Мубашшир Аҳмад (архив сурати)

Ўзбекистонда Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний блогер, Azon Global портали асосчиси Алишер Турсунов қидирувга берилди.

Qalampir.uz нашрининг Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовга таянган ҳолда ёзишича, Алишер Аҳмадович Турсунов Жиноят кодексининг 244-2-моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) 1-қисми бўйича қидирувга берилган.

Озодлик аввал хабар қилганидек, Мубашшир Аҳмад 2023 йил 28 декабрь куни Истанбулда Туркия полицияси томонидан қўлга олинган эди.

Қарийб икки ой давомида Истанбулнинг Чаталжа туманида жойлашган Бинқилич депортация марказида ушлаб турилган Мубашшир Аҳмад 2024 йил 21 февраль куни қўйиб юборилган.

2023 йилнинг 6 август куни “Азон медиа” гуруҳи раҳбари бўлган Мубашшир Аҳмад гуруҳга кирувчи барча лойиҳаларининг тўхтатилганини эълон қилганди. “Азон медиа” 2017 йилда Ўзбекистонда диний-маърифий йўналишда фаолият юритувчи онлайн медиа тармоғи сифатида ташкил қилинган.

Ижтимоий тармоқларда 1,2 миллион обуначисига эга бўлган “Азон медиа” таъсисчиси Ўзбекистондаги фаолият якунланганига оид сабабларга изоҳ бермаган.

2023 йил ноябрида Мубашшир Аҳмад раҳбарлигида ўзбек, рус, инглиз ва турк тилларида фаолият юритувчи Azon Global ахборот таҳлилий портали ишга туширилган.

Айни пайтда Туркияда истиқомат қилаётган Мубашшир Аҳмад 1974 йили Наманганда туғилган. 1991-1996 йилларда Тошкент Ислом институти ва Мисрдаги “Ал-Азҳар” университетларида таълим олган. “Ўзбекистон мусулмонлари” (ҳозирги “Ҳидоят”), Fikrat журналларида ва “Ислом нури” газетасида ишлаган. Бир муддат Тошкент ислом институтида дарс берган, Ўзбекистон мусулмонлар идорасида фаолият юритган.

Тошкент–Истанбул йўналишидаги авиарейслар бекор қилинди

Истанбул халқаро аэропорти (архив сурати)
Истанбул халқаро аэропорти (архив сурати)

Uzbekistan Airways авиакомпанияси Тошкент–Истанбул йўналишидаги авиарейсларни бекор қилди.

Авиаширкат матбуот хизматининг маълум қилишича, ноқулай об-ҳаво шароити туфайли ва Истанбул халқаро аэропорти маъмурияти қарорига кўра, 20-21 ва 21-22 февраль кунлари амалга оширилиши кўзда тутилган Тошкент–Истанбул–Тошкент йўналиши бўйича HY281/282 авиақатновлар бекор қилинади.

Бекор қилинган авиақатновлар йўловчилари юқорида келтирилган саналарнинг кундузи амалга ошириладиган HY71/272 ва HY273/274 авиарейслари орқали манзилига етказилади.

“Мураккаб об-ҳаво шароити ва ёғингарчилик (қор ёғиши) кутилаётганини ҳисобга олган ҳолда, йўловчилардан парвозга рўйхатдан ўтиш учун олдинроқ келишларини сўраймиз”, дейилади Uzbekistan Airways хабарномасида.

Маълум бўлишича, Метеорология қўмитасининг Истанбул халқаро аэропортида юзага келган инқирозли вазият бўйича 18 февралдаги мажбурий ва тавсиявий талаблари асосида рейсларни бекор қилишга қарор қилинган.

Озодлик аввал хабар қилганидек, Uzbekistan Airways авиаширкати 20 январдан бошлаб Европа мамлакатларига парвоз йўналишларини ўзгартирган. Европа авиация хавфсизлиги агентлигининг (EASA) Россия ҳудуди устидаги парвозларнинг хавфсиз эмаслиги тўғрисидаги ҳисобот ортидан парвозлар Россия ва Беларусь ҳудудини айланиб ўтган ҳолда, Озарбайжон ва Туркия орқали амалга оширила бошлаган.

Жаҳон уруши қатнашчиларига 10 минг доллардан берилади

Президент Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари билан (архив сурати)
Президент Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари билан (архив сурати)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантиришга доир фармонни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 10 минг АҚШ доллари, уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларга 25 миллион сўм, 1941–1945 йилларда меҳнат фронти қатнашчиларига эса 3 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади.

Фармонни бажариш билан боғлиқ бўлган харажатлар республика бюджети ҳисобидан қопланиши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа масъул идоралар уруш қатнашчилари ва ногиронларига пул мукофотини тантанали ҳамда байрамона вазиятда топшириши белгиланган.

Ўтган йили Ўзбекистонда яшаётган уруш қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 20 миллион сўм (МБнинг ўша кундаги курси билан тақрибан 1575 доллар) миқдорида бир марталик пул мукофоти берилганди.

2024 йил май ойида мамлакатда 112 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилиши билдирилган эди.

Ўзбекистондаги корхоналар сони бўйича Хитой Россияни ортда қолдирди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий давлатлар капитали иштирокидаги корхоналар сони бўйича Хитой 2024 йилда Россиядан ўзиб кетган.

Статистика агентлиги маълумотига мувофиқ, 1 февраль ҳолатига мамлакатда фаолият юритаётган чет эл инвестицияси иштирокидаги корхона ва ташкилотлар сони 15 минг 163 тани ташкил этган.

Улар орасида Хитой ширкатлари сони 3 минг 467 тани ташкил этган. Бу эса бир олдинги кўрсаткичдан 42 фоизга (2023 йилда 2 минг 432 та эди) кўпдир.

Хитойдан кейинги ўринда Россия капитали иштирокидаги корхоналар келиб, улар сони 2 минг 973 ташкил этган. Бу кўрсаткич бир йил аввалги кўрсаткичдан 2,5 фоизга (2023 йилда 3 минг 49 та бўлган) кам.

Ўтган бир йил ичида Туркия (1 минг 826 та ширкат ёки -3 фоиз), Қозоғистон (1 минг 41 та ширкат ёки -2,2 фоиз), Жанубий Корея (644 та ширкат ёки -12,5 фоиз), АҚШ (304 та ширкат ёки -2,9 фоиз) капитали иштирокидаги корхоналар сонида ҳам камайиш кузатилган. Тожикистон (+12,9 фоиз), Озарбайжон (+11 фоиз) ва Қирғизистон (+2,9 фоиз) капитали иштирокидаги корхоналар сони эса ортган.

АҚШда ушланган ўзбеклар Коста Рикага юборилади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

АҚШдаги икки юздан зиёд ҳиндистонлик ва марказий осиёлик ноқонуний мигрант Коста Рика Республикасига йўлланади.

The New York Times газетасининг хабар қилишича, муҳожирларнинг биринчи гуруҳи 19 февраль куни мамлакатга етиб келади.

Коста Рика ҳукумати 200 нафар ноқонуний муҳожирни ўз мамлакатига қайтаришда Вашингтон билан ҳамкорлик қилишга розилик билдирган. Шу тариқа Марказий Америка давлати ноқонуний муҳожирлар ўз мамлакатларига етиб боришида кўприк вазифасини ўтайди.

Аниқлик киритилишича, Марказий Осиё ва Ҳиндистондан борган ноқонуний шахслар тижорат рейслари орқали олиб келиниб, мигрантларга хизмат кўрсатиш марказига жойлаштирилади. Жараён АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштирилади.

Жорий йил 20 январидан президентлик лавозимига киришган Дональд Трамп ноқонуний миграцияга қарши беаёв кураш эълон қилган.

Озодлик аввалроқ АҚШда яшаб келаётган 975 нафар ўзбекистонлик ноқонуний мигрант сифатида бадарға қилиниши мумкинлиги ҳақида хабар қилган эди.

АҚШ Иммиграция ва божхона назорати идораси жами 1 миллион 445 минг кишини депортация ҳақида огоҳлантирган. “Қора рўйхат”да Гондурас (261651 киши), Гватемала (253 минг 413 киши), Мексика (252 минг 44 киши), Сальвадор (203 минг 822 киши), Никарагуа (45 минг 995) каби давлатлар фуқаролари кўп эканини кўриш мумкин.

2023 йил сентябридан 2024 йил сентябригача Қўшма Штатлардан Ўзбекистонга 572 киши депортация қилинган.

Жиззахда қалбаки долларни ўтказмоқчи бўлганлар қўлга олинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жиззах вилоятида қалбаки 51 минг АҚШ долларини ўтказмоқчи бўлган шахслар ушланди, дея маълум қилди Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Ҳолат департаментнинг Жиззах шаҳри бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган.

Икки фуқаро С.Г.га 100 долларлик купюрадаги жами 51 минг қалбаки АҚШ долларини ҳамда 200 минг сўмлик купюрали қалбаки 100 миллион сўмни жами 93 миллион сўмга сотишга келишишган. Улар келишилган суммадан 39,2 миллион сўмни пластик картага ўтказиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 25, 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилингани ҳолда, ишга доир бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда қалбаки доллар ва еврони муомалага киритишга доир бир қатор ҳолатлар аниқланган.

Ўтган йил декабрда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бир миллиард сўм қалбаки пулни сотмоқчи бўлганлар қўлга олингани ҳақида маълум қилишган эди.

Фаоллар “Анҳор Локомотив” боғига дахл қилмасликни сўрамоқда

“Анҳор-Локомотив” боғи
“Анҳор-Локомотив” боғи

Тошкент шаҳридаги фаоллар ҳудудида тураржой мажмуаси, меҳмонхона ва спорт маркази қурилиши режалаштирилган “Анҳор Локомотив” боғини сақлаб қолиш учун имзо йиғишга киришишган. Бу ҳақда Gazeta.uz нашри хабар қилди.

Бир ҳафта аввал ижтимоий тармоқларда боғ ҳудудида Golden House ширкати томонидан бизнес ва премиум тоифадаги кўп қаватли тураржой бинолари, бизнес ва савдо маркази, бассейнли спорт мажмуаси ва бошқа объектлар қурилиши ҳақида маълумот тарқалганди.

15 февраль куни “Анҳор Локомотив” боғида қайта қуриш режасига қарши онлайн петиция эълон қилинган.

Боғ ўрнига янги мажмуа қуриш ва кейинчалик 10 мингдан ортиқ дарахт ҳамда яшил майдонларни аёвсиз кесиб ташлаш ўтмишда энг кўкаламзор бўлган шаҳар экологиясига салбий таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, бу боғда ишлайдиган юзлаб ходимларнинг иш ўринларини йўқотишига ҳам олиб келади”, дейилган петицияда.

Боғ ҳудудида қурилиш амалга оширилишига қарши яна бир имзо йиғиш кампанияси ўтказилмоқда.

Тошкент сўнгги вақтларда бир неча бор ҳаво ифлосланиши даражаси бўйича дунёдаги йирик шаҳарлар орасида биринчи ўринни эгаллаган.

Жаҳон банки ҳисоботига мувофиқ, Тошкентда PM2,5 майда заррали чанглар таъсири оқибатида йилига ўртача 3042 киши бевақт вафот этади.

Пойтахт ҳавоси тобора ифлосланиб бораётган бир пайтда шаҳардаги яшил ҳудудларни сақлаб қолиш ўта ҳассос масалага айланган.

Камбағал оилаларга тадбиркорлик учун қарз берилади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда камбағал оилалар тадбиркорлик билан шуғулланиши учун фоизсиз ссуда ажратилади. Мамлакат президенти жорий йил 14 февраль куни имзолаган “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш учун молиявий ёрдамлар ажратиш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда шу каби имкониятлар кўзда тутилган.

Мазкур ҳужжатга биноан, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, айланма маблағлари билан таъминлаш ҳамда Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ва Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар аъзоларига ўз фаолиятини бошлаши учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни харид қилишга ажратиладиган субсидиялар ўрнига фоизсиз ссуда ажратиш тизими жорий этилади.

Камбағал оила аъзоларига ўз фаолиятини бошлаши учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни харид қилишга БҲМнинг 50 бараваригача миқдордаги 6 ойдан 3 йилгача муддатга фоизсиз ссуда ажратилиши белгиланган.

Маҳаллаларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, камбағал оилаларга тадбиркорлик ҳамда деҳқончилик билан шуғулланиши учун грант маблағлари ҳам берилади.

Озодлик аввал хабар қилганидек, Ўзбекистонда 2025 йил учун минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 669 минг сўм этиб белгиланган. Минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичи камбағаллик чегарасини аниқловчи мезон саналади.

Товоқсой қамоқхонасида маҳкум девор тагида қолиб вафот этди

Тошкент вилоятидаги 7-сон жазони ижро этиш колонияси (архив сурати)
Тошкент вилоятидаги 7-сон жазони ижро этиш колонияси (архив сурати)

Халқ орасида “Товоқсой қамоқхонаси” деб аталадиган 7-сон жазони ижро этиш колониясида маҳкум девор босиб қолиши оқибатида вафот этди.

Бош прокуратура матбуот хизмати қайдича, жорий йил 11 февраль куни Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган 7-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаган маҳкум Мустафа Турсинбаев бир қаватли бино деворларини бузаётган вақтда девор қисми қулаган. Оқибатда маҳкум девор остида қолган.

БПга кўра, 1983 йилда туғилган маҳкум дарҳол шифохонага етказилган, аммо кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай 16 февраль куни шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилгани, Тошкент махсус прокуратураси тергов олиб бораётгани билдирилган.

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) маҳкумнинг вафот этгани ҳолатини назоратга олган.

Бу сўнгги кунларда жазо муассасаларида маҳкумларнинг вафот этиши билан боғлиқ иккинчи ҳолатдир.

Озодлик аввал хабар қилганидек, куни кеча Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги 14-сонли колониядан 21 яшар маҳкум Муҳаммадқодир Пўлатовнинг жасади чиққан.

Колония маъмурияти таъкидича, маҳкум миокард инфаркти ва панкреатитнинг оғир формаси кузатилиши оқибатида вафот этган.

Маҳкумнинг онаси эса фарзандининг баданида қийноқ излари мавжудлиги, электрошокер изига ўхшаш чизиқлар борлигини иддао қилган.

Бир неча йил муқаддам Товоқсойдаги 7-сонли колонияда маҳкум Алишер Якубов эҳтимолий қийноқлар сабаб ўз жонига қасд қилишга урингани маълум.

Пиёдалар ўлими юзасидан сиёсий жавобгарлик талаб қилинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳрида пиёдалар ўлимига олиб келаётган йўл-транспорт ҳодисалари сони ортиб бораётган бир вақтда пойтахт ҳокимлиги ва ЙҲХБ сиёсий масъулиятни ўз зиммасига олишни истамаяпти, деб ёзди Gazeta.uz.

Тошкент марказида, Амир Темур кўчасида 15 февраль куни тахминан соат 20:15 да тезликни оширган 19 ёшли ҳайдовчи бошқараётган Spark аёл кишини уриб юборганини қайд этган нашр ушбу ҳодисага ЙҲХБнинг реакциясини таҳлил қилган.

Пойтахт ЙҲХБ эълон қилган видеолавҳада нозирлар ЙТҲга “ҳайдовчининг эътиборсизлиги”, “пиёдани ўтказиб юбормагани” сабаб бўлганини айтган, яъни одатдагидек инфратузилмадаги камчиликлар кўрсатилмай, жавобгарлик ҳайдовчига юкланган. Бу вақтда ЙҲХБ ходимларининг орқасида кўчанинг ўртасига етиб келган пиёдани машиналар ўтказмаётганини кўриш мумкин.

Нима учун ЙҲХБ ва ҳокимият чорраҳалар ва ўтиш жойларида оғир ЙТҲлар содир бўлганидан кейин ҳам уларни қайта ташкил этиш учун ҳеч нарса қилмаяпти?.. Ўзбекистон ЙҲХХ ва унинг бўлинмалари узоқ йиллар давомида “ҳурматли, азиз ҳайдовчилар”га эътиборли ва эҳтиёткор бўлиш ҳақидаги чақириқлар, варақалар тарқатиш ва шаҳарлар бўйлаб пачоқланган машиналар ортилган “автокарвонлар”ни олиб юриш натижа бермаслигини тушуниб етиши керак эди”, деб ёзган Gazeta.uz.

Нашрга кўра, ЙТҲларни камайтириш учун кўчаларни тўғри лойиҳалаштириш ва жазонинг муқаррарлиги, қатъийлигини таъминлаш керак.

Таъкидланишича, оғир оқибатли ЙТҲлар учун масъул шахслар жавобгарликни ўз зиммасига олиши лозим.

Озодлик аввал хабар қилганидек, Ўзбекистонда 2024 йил мобайнида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши ортидан 26 минг 63 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўлланган.

Жамоат фаоллари кўпдан буён мамлакатда ЙТҲлар ва улар оқибатида ўлим ҳолатлари кўпайиб бораётгани ҳақида бонг урмоқда. Жумладан, 2024 йилда рўй берган 9364 та ЙТҲ оқибатида 2203 киши ҳалок бўлган, 8901 киши жароҳатланган.

Таҳлиллар пиёдаларни уриб кетиш ҳолатлари кўпайганини кўрсатмоқда.

Тошкент вилоятидаги колониядан маҳкумнинг ўлиги чиқди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги 14-сонли колониядан 21 яшар маҳкум Муҳаммадқодир Пўлатовнинг жасади чиқди. Бу ҳақда “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.

Фарғона шаҳрида яшовчи Нигора Қамбарованинг айтишича, у ўғли Муҳаммадқодир билан жорий йил 26-28 январь кунлари узоқ муддатли учрашувда бўлган.

Колония маъмурияти таъкидича, маҳкум Муҳаммадқодир Пўлатов 14 февраль куни миокрад инфарки ва панкреатитнинг оғир формаси кузатилиши оқибатида вафот этган.

Маҳкумнинг онаси эса фарзандининг баданида қийноқ излари мавжудлиги, электрошокер изига ўхшаш чизиқлар борлигини иддао қилган.

Маълум бўлишича, колония маъмурияти маҳкумнинг оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ҳақида унинг яқинларига хабар бермаган.

Қўлимизда экспертиза ҳужжатлари бўлмагани боис маҳкумнинг қийноқдан ўлим топганига далолат қила олмаймиз. Аммо колония маъмуриятининг жасадни ёриб, сўнг яқинларига топширгунича бўлган жараёнда уларга хабар бермаганлиги мудҳиш хатодир. Чунки онанинг кўнглида улкан гумон қолди, 20 кун аввал соппа-соғ кўрган норғул боласининг ўлигини дабдурустдан қўлига тутқазишса, онанинг аҳволини тасаввур қилаверинг!” деб ёзди ҳуқуқбон Абдураҳмон Ташанов.

Марҳумнинг онаси Нигора Қамбаровага кўра, Муҳаммадқодир спортнинг ушу йўналишида халқаро турнирлар ғолиби бўлган, бирор марта соғлиғидан шикоят қилмаган ва унда бирор ёндош касалликлар кузатилмаган.

Аёл безориликда айбланиб, 3 йилга қамалган ёлғиз ўғли шу йил августда манзил колонияга чиқишини ўйлаб, унга келин қидирганини ҳам айтган.

ИИВ ёки Бош прокуратура ҳозирча маҳкумнинг ўлими юзасидан муносабат билдирмаган.

2024 йил июнь ойида Тошкент вилояти Бекобод шаҳри ИИБ биносига олиб борилган 43 ёшли эркак вафот этгани ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди. Расмийларга кўра, фуқаро ички ишлар идорасига кириш йўлагида соғлиғи ёмонлашгани оқибатида вафот этган. Фаоллар эса эркакнинг ўлимига ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани сабаб бўлганини билдиришган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG