Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:43

Жиззахлик фермерларнинг томорқага эккан экини бузиб ташланяпти


Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида томорқага кунгабоқар эккан икки фермернинг ери ҳайдаб ташланди. Бундай бўлишидан хавфсираган бошқа фермерлар ҳам ишчиларига томорқага беришдан чўчиб қолдилар. Фермерларнинг айтишларича, ишчилар фақат ана шу томорқа эвазига фермер ерида ишлаган, энди эса улар текинга ишлашдан бош тортмоқда. Вилоят ҳокимлиги расмийлари эса, пахтага ажратилган жойга экин экилган ерлар ҳайдаб ташланганини айтмоқда.

“Кунгабоқар увол бўлди”

Зафаробод туманидан бўлган фермернинг айтишича, вилоят ҳокими Улуғбек Узоқов 8 апрель куни фермерлар билан ўтказган селектор йиғилишида томорқага экин эккан фермерларнинг ери тортиб олиниб, тендрга қўйилиши ҳақида огоҳлантирган эди:

- Ҳокимнинг айтган бу гапидан сўнг фермерлар қўрқиб қолди. Лекин ўзига ишонган икки фермер беш гектардан ерга кунгабоқар эктирган эди. Энди кўкариб чиқан экинларни ҳоким ҳайдаттириб ташлади. Шунча экин увол бўлди. Ерини тендерга қўйди, ҳозир бу фермерлар қайтариб олиш учун тинмай ҳокимиятга қатнаяпти, дейди фермер.

Унинг айтишича, вилоят ҳокимлигидан қўйилган махсус одамлар ҳар куни дала айланиб, экин экилган томорқаларни қидириб юрибди.

“Ишчига томорқа бермасанг ишламайди”

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир зафарободлик фермернинг айтишича, бугунги вазиятда ишчиларга томорқа бермасдан фаолият юритишнинг имкони йўқ:

- Томорқани фермерларнинг ўзига эктирмаса ҳам майли. Лекин ишчилар фақат томорқа учун бизга ишлайди. Чунки, фермернинг ишчига берадиган ойлиги йўқ. Масалан, ишчи бир гектар томорқага кунгабоқар экса, 8 миллион сўм атрофида даромад қилади. Мендан оладиган 2 тонна буғдойини ейди, пулни эса рўзғорига ишлатади. Шунинг учун у бир йил давомида фермерга ишлаб беради, дейди фермер.

Унинг айтишича, ёлланма ишчи олиш фермерга қимматга тушиб кетади:

- Масалан, бошқа жойдан ишчи ёлласангиз бир гектар ғаллани 35 минг сўмга суғоради, 20 гектар ғаллани суғоришга 700 минг сўм кетади. Кейин, пахта бор, бунақада фермернинг капаси тутаб кетади, дейди фермер.

Ишчига маош беришга пул йўқ

Фемернинг айтишича, йил бошида тракторчи ва ишчиларга ойига 500 минг сўмдан маошга пул беришга ваъда қилинган эди, лекин бу пул ҳам ҳисобга тушмаган:

- Ишчиларга пластикка ойига 500 минг сўмдан ташлаб берамиз, дейишганди. Лекин ўша ҳам йўқ. Иш бошланиб кетган, ҳадемай ғалла ҳам пишади. Томорқанинг вақти ўтиб кетяпти, бир ҳафтадан сўнг экин экишнинг фойдаси бўлмайди, кечикади. Биз ҳозир ишчиларимизни, ғалла берамиз деб, овутиб турибмиз. Лекин ғалламиз қандай бўлади, планимиз тўладими ёки йўқми, ҳеч ким билмайди, деди фермер.

“Текинга мушук офтобга чиқмайди”

Мирзачўл туманидаги фермерлардан бирида ишлайдиган Ҳайдаржон исмли ишчининг айтишича, бу ердаги фермерларга фақат буғдой ҳосилидан бўшаган ерларга такрорий экин учун томорқа берилишини айтилган:

- Такрорий экин бу қиморга ўхшайди, ё бор ёки йўқ. Чунки, буғдойдан бўшаган ерга июлда экин экасиз. Куз иссиқ келса яхши, бўлмаса ўлди, дегани. Фермернинг буғдойи бўлмай қолса, томорқани бермаса, ишчи ўртада меҳнатига куйиб қоладими? Чунки, фермер билан юридик эмас, балки фақат оғзаки шартнома бўлади. Шунинг учун ҳам мен бу йил фермерга ишлашдан воз кечдим, дейди ишчи.

Унинг айтишича, ҳатто собиқ СССР вақтида ҳам ишчиларга томорқа берилган:

- Биласизми, иттифоқ даврида ҳар бир ишчига 25-30 сўтих томорқа бериларди. Қовун-тарвуз сотиб, рўзғоримизни бир томонини кўтарардик. Яна ҳар ой камида 80 рубл маош, йил охирида бир-икки минг сўм мукофот пули ҳам бериларди. Пахта плани ҳам бажариларди, деҳқоннинг чўнтаги ҳам пул кўрарди. Ҳозир эса фермерни ҳам, ишчини ҳам кундан-кунга сиқиб боришяпти. На томорқа бор, на ойлик, ким ҳам текинга ишлайди, деди Ҳайдаржон.

“Биз фақат пахта майдонига экилган томорқани бузяпмиз!”

Жиззах вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими, фермерларнинг кунгабоқар эккан ерлари бузилаётганини тасдиқлади:

“Бу фермерлар пахтанинг ерига ўзбошимчалик билан кунгабоқар эккан. Шунинг учун бузиб ташланди. Агар фермер ерига пахта ва буғдойдан ташқари экин экмоқчи бўлса, марҳамат, шундай маҳсулотларни сотиб оладиган агрофирмалар билан шартнома қилсин ва бемалол экаверсин, лекин пахтанинг ерига тегинмасин. Пахта бу энг асосий экин ва у давлат сиёсати. Ишчиларга ойлик берилмаяпти, дегани ҳам нотўғри, ойликни беряпмиз. Ҳатто трактоорчиларга ун ва ёғ ҳам беряпмиз”, деди бошқарма мулозими.

Озодлик суҳбатлашган деҳқонларнинг айтишича¸ давлат билан шартномада белгиланган ғалла ва пахта экиб фақат зарар кўргани боис¸ айрим фермерлар ерларини одамларга ижарага беришга ва шунинг ортидан даромад олишга ҳаракат қилади.

Тошкент вилоятининг қатор туманида йиллар давомида кунгабоқар экиб¸ ундан келган даромад воситасида давлат юклаган ғалла ва пахта режасини амаллаб “оқлаб” келган фермерлар бу йил ҳокимият босими янада кучайганини Озодликка айтган эди.

Ўтган йилнинг апрель ойида пахта майдонини кенгайтириш мақсадида Жиззах вилояти Мирзачўл туманидаги фермерларга қарашли ерларда бир қарич бўлиб ўсиб қолган пиёз, кунгабоқар ва бошқа экинлар ҳам ҳайдаб ташланган эди.

XS
SM
MD
LG