Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:14

Мирзиёев буюрган лимонарийлар учун ўқувчилардан пул йиғиляпти


Андижондаги 1-мактабда лимонарий учун жой ҳозирланяпти
Андижондаги 1-мактабда лимонарий учун жой ҳозирланяпти

Андижон вилоятининг Асака туманидаги мактаб ўқувчиларидан лимон иссиқхонаси қуриш учун беш минг сўмдан пул йиғилаётгани ҳақида Озодликка ота-оналар шикоят қилди. Уларнинг айтишларича, мактабларда Алифбе, 8-март байрами ва бошқа тадбирларга ҳам ўқувчилардан мунтазам пул йиғиб борилади. Халқ таълими бўлими мутасаддилари бунга муносабат билдиришдан ўзини олиб қочмоқда.

Асака туманидаги 52-умумтаълим мактабида фарзанди ўқиётган оналардан бирининг Озодликка ёзишича, мактаб ўқувчиларига янги пул солиғи солинган:

“Менинг фарзандим биринчи синфда ўқийди. Бу йиғди-йиғдилари жонга тегиб кетди. Энди президентимиз айтган лимонарийни мактабда қуриш керак экан. Шунинг учун ўғлимнинг ўқитувчиси 5 минг сўм бериб юборсин деб хат жўнатибди. Биз ота-оналар ҳайронмиз, президент лимонарийлари куни мактаб ўқувчиларига қолдими”, деб ёзади оналардан бири.

Озодлик 59-умумтаълим мактабида фарзанди ўқийдиган оталардан бири билан боғланди. Унинг айтишича, сўнгги бир ой ичида у мактабга 55 минг сўм тўлаган:

“Буни қаранг Алифбе байрамига деб 15 минг сўм олишди, саккизинчи мартга деб яна 15 минг сўмдан йиғишяпти. Байрамда ўқитувчига чой, пицца учун 5 минг сўмдан, унга алоҳида “хон келди” қилинаркан. Саҳнани безаш учун ҳам ўқувчиларга 3 минг сўм юклатилган. Мактаб фондига деб ҳар ой 7 минг сўмдан берамиз. Энди эса лимонарийси чиқипти. Ахир бу нима деган гап? Имкони йўқ ота-она қаердан топиб беради?”, дейди оталардан бири.

Исми сир қолишини сўраган ўқитувчининг айтишича, ота-оналардан кимдир бу ҳақда арз қилганидан сўнг, туман халқ таълими бўлими мудири улардан пул олмаймиз деган тушунтириш хати ёздириб олган:

"Ўзлари пул йиғинглар деб оғзаки буйруқ беради ва бунинг жавобгарлигидан қўрқиб, ўқитувчидан тилхат ҳам ёздириб олади. Лекин пулни йиғаверинглар деб айтади. Ахийри калтак ўқитувчининг бошида синади", деди ўқитувчи.

Озодлик бу йиғди-йиғдиларга муносабат олиш учун Асака тумани халқ таълими бўлимининг мудири Ўткир Сулаймонов билан боғланди. Мудир мухбирнинг Озодлик радиосидан эканлигини эшитгач, саволга ҳам қулоқ солмай алоқани узиб қўйди.

Андижон вилояти ҳокимлиги пахта мавсуми бошланиши арафасида вилоятдаги мактаблар ва болалар боғчаларига лимон етиштиришга топшириқ бериши ортидан баъзи мактаблар лимонарийлар қуришга мажбурланаётгани ҳақида Озодлик илгари ҳам хабар берган эди.

Энди бу лимонарийларни барпо этиш учун кетадиган харажатларнинг бир қисми ўқувчилар гарданига ҳам юкланаётгани айтилади.

XS
SM
MD
LG