Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:44

Президент келиши кутилаëтган Наманганда врачлар чопиқ ва кўча тозалашга мажбурланмоқда


Наманганда 2015 йилда ҳам ҳамширалар таъмирлаш ишларига жалб қилинганди
Наманганда 2015 йилда ҳам ҳамширалар таъмирлаш ишларига жалб қилинганди

Шу кунларда Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги шифокор ва ҳамширалар қишлоқ хўжалик ва ободончилик ишларига мажбурланмоқда. Озодлик гаплашган врачларга кўра, тиббиëтчиларни бошқа ишларга мажбурлаш Каримов давридагидан ҳам кучайган. Тиббиёт бирлашмаси раҳбари Озодлик билан суҳбатда ўз ходимларининг қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилинаётганини тан олди.

Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмаси ходимларидан Озодликка йўлланган мурожаатда олий маълумотли врачлар ва ҳамшираларнинг ҳокимият томонидан дала ишларига мажбурланаëтгани тафсилотлари келтирилган.

“Биз Қодиробод қишлоғидаги фермерларнинг пахтасини бир ойдан буён текинга ягана ва чопиқ қилиб келдик. Мана, бугун якшанба, дам олиш куни бўлишига қарамасдан бизни яна кўча тозалашга чиқарди. Катта йўл чеккаларини тозалаяпмиз. Навбатчиликдан чарчаб чиқсак ҳам, кечгача чопиқ ва тозалаш ишларига мажбурлашаяпти. Ахир, биз 15-20 йил иш стажига эга врачу ҳамшира аёллармиз. "Соат 6.00дан кеч соат 20.00гача ишлаймиз" деган қоғозга қўл қўйдириб олишади. Ахир бизнинг ишимиз касалларни даволашку, пахта чопиш ёки кўча супуриш эмас. Меҳнат қонунларида шунақа нарсалар борми? Буларни ким назорат қилади?”, деб ёзади исми сир қолишини сўраган бир гуруҳ шифокор ва ҳамширалар.

Озодлик суҳбатлашган тўрақўрғонлик ҳамширалардан бири, бош врачнинг бундай босимга норозилик билдиришга уринганларни ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилаётганини айтади.

“Мана ҳозир биз, катта Чуст йўлида кўча тозалаяпмиз. Бу ердан президент ўтар экан. Агар биз бу нотўғри бўлаяпти деб, ўз фикримизни айтсак, бош врач бу ҳоким ва облздрав бошлиғининг буйруғи, бормасанг аризангни ёз деб, қўрқитади. Энди, поликлиникада йиғилиш қилиб ҳамма ўз чўнтагидан поликлиникани ремонт қилишни талаб қилаяпти. Биз ахир бир сўм нақд пул олмасак, ойликларимиз 100 фоиз пластикда бўлса, бунинг устига ҳали май ойи маошимизни олганимиз йўқ. Йўлкирага ўзи зўрға пул топаяпмиз”, дейди суҳбатдош ҳамшира.

Бу шикоятга муносабат олиш мақсадида Озодлик тиббиёт бирлашмаси бўлим мудирларидан бири билан боғланганида¸ тиббиëт мутасаддиси ўзининг ҳозиргина ободонлаштириш ишларига бағишланган мажлисдан чиққанини айтди.

“Мана, ҳозиргина бош врач Иқболжон Каримжонов ўтказган мажлисдан чиқдик. Сўнгги пайтда бизнинг мажлисларимиз тиббиёт ҳақида эмас, кўпроқ қишлоқ хўжалиги ва ободонлаштириш мавзусида бўлаяпти. Бу мажлисда ҳам кўча тозалашга қанча одам чиқараётганимиз муҳокама қилинди. Ҳоким ўн километр кўчани тозалашни топширган экан. Ҳамма бўлим мудирларига ҳозирнинг ўзидаёқ одамларини олиб¸ ўша жойга боришга буйруқ берилди. Бош врач бошчилигида ўша ёққа кетаяпмиз”, деди исми сир қолишини сўраган бўлим мудирларидан бири.

Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Иқболжон Каримжонов Озодлик билан суҳбатда врач ва ҳамшираларнинг дала ишларига чиқарилаётганини тан олди:

- Мен ички ободончиликка жалб қилган бўлишим мумкин. Бир-икки марта дала ишларига илтимос қилишганди, бўлган бўлиши мумкину, лекин ойлаб чиқарганим йўқ. Ўша оғир шароитда ўт босган жойларни чопиқ қилишга илтимос қилишганди, шунга биз ўз ташаббусимиз билан чиққан эдик. Лекин кўча тозалашга чиқарганим йўқ, деди Иқболжон Каримжонов.

Бош врач суҳбат давомида шифокор ва ҳамшираларнинг дала ишларига сафарбар қилинишини “умуман нотўғри” дея баҳолади.

Айни пайтда Каримжонов¸ врач ва ҳамширалар кимнинг буйруғи билан чопиқ ва кўча тозалашга олиб чиқилаëтганига аниқ жавоб беришни истамади ва ​"менинг бир нарса дейишим қийин", деган жавоб билан чекланди.

Озодлик бош врач билан суҳбатдан сўнг туман ҳокимлиги билан боғланди. Шикоят тафсилотларини обдон эшитган туман ҳокими ёрдамчиси Ўткирбек Абдувалиев “ҳозир¸бир минут” деб, ким биландир узоқ маслаҳатлашди ва сўнгра жавоб бермай алоқани узиб қўйди.

P.S. Мақола нашрга тайёрланаётган пайтда тўрақўрғонлик шифокордан Озодликка шундай хабар келди:

"Раҳмат катта. Бизни срочно ортга қайтариб юборишди. Главврачни ҳокимиятга чақиришди".

Озодлик вазиятни кузатишда давом этади.

XS
SM
MD
LG