Линклар

Шошилинч хабар
22 феврал 2025, Тошкент вақти: 14:33

Uzbekistan Airways Европага Россия устидан учмаётганини айтди. Чиндан шундайми?


Comparison of flight routes of HY231 Uzbekistan Airways flight from Tashkent to Frankfurt
Comparison of flight routes of HY231 Uzbekistan Airways flight from Tashkent to Frankfurt

Uzbekistan Airways Европага парвозлар йўналишини Россия ҳаво ҳудудини четлаб ўтган ҳолда ўзгартирганини маълум қилди. Бироқ, Flightradar24 маълумотларига кўра, баъзи рейслар ҳали ҳам Россия устидан учмоқда.

Январь ойи охирида Ўзбекистоннинг миллий авиакомпанияси – Uzbekistan Airways Европага парвозлар йўналишини ўзгартирганини эълон қилди. Компания бошқаруви раиси Шуҳрат Худайқуловнинг айтишича, 20 январдан бошлаб компания самолётлари Россия устидан учишни тўхтатган. Бу қарор Европа парвозлар хавфсизлиги агентлиги (EASA) нинг Россиянинг Европа қисми устидан парвозлар хавфли эканлиги ҳақидаги ҳисоботига асосланиб қабул қилинган.

Энди Uzbekistan Airways рейсларининг, айтилишича, Озарбайжон ва Туркия орқали амалга оширилиши "йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ва логистикани оптималлаштириш" билан изоҳланмоқда.

"Албатта, бу парвозни бир томонга 30-40 дақиқага узайтиради ва компания учун қўшимча харажатларни келтириб чиқаради, – деди Шуҳрат Худайқулов 28 январь куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида. − Шундай бўлса-да, биз тарифларни оширмадик, чунки бу форс-мажор ҳолати ва йўловчи бунинг учун жавобгар бўлмаслиги керак."

EASA ўзининг 9 январдаги баёнотида "фуқаролик ва ҳарбий кучлар ҳаракатларининг етарли даражада мувофиқлаштирмаганлиги ва нотўғри идентификация қилиш эҳтимоли туфайли Россия Федерацияси ҳаво ҳудудида фуқаролик самолётларига тасодифий ҳужум хавфи мавжудлигини" таъкидлади.

Мисол сифатида EASA Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида "Озарбайжон ҳаво йўллари" самолёти ҳалокатга учраганини эслатиб ўтди. Кўплаб экспертлар фикрича, у Россиянинг "Панцирь-С1" тизимидан отилган ракета билан уриб туширилган. Самолёт ҳалокати оқибатида 38 киши ҳалок бўлган, 29 киши яраланган.

Огоҳлантириш ноевропа мамлакатлари операторларига қаратилган. Россия ҳаво ҳудуди Европа Иттифоқи авиакомпаниялари учун аллақачон ёпиқ – Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан кейин ушбу мамлакат авиация секторига қарши санкциялар киритилган эди.

Воқелик: Flightradar24 маълумотлари

Flightradar24 маълумотлари таҳлили кўрсатишича, барча рейслар ҳам эълон қилинган йўналишларга мос келмаяпти. Масалан, Тошкент-Рига рейси компаниянинг оммавий баёнотларига қарамай, Россия ҳудуди орқали ўтишда давом этмоқда.

Узбекистан ҳаво йўллари ахборот хизмати 3 ва 4 февраль кунлари авиакомпаниянинг Ригага парвозлари ҳозирда Озарбайжон ҳаво ҳудуди орқали амалга оширилаётганини маълум қилди. Бироқ, Flightradar24 хизмати маълумотларига кўра, Тошкент - Рига (УЗБ211) йўналишидаги, жумладан 29 январь, 3 февраль ва ҳозирги кунгача бўлган рейслар Россия ҳудуди орқали ўтмоқда. Шу билан бирга, Франкфурт, Париж ва Лондон каби Европанинг бошқа шаҳарларига йўналишлар ҳақиқатан ҳам Озарбайжон ва Туркия орқали ўтмоқда.

Flightradar24 харитасига кўра, 5 февраль куни Рига - Тошкент йўналиши бўйича HY212 / UZB212 рейси Россиянинг Челябинск, Свердловск, Тюмен ва Омск вилоятлари устидан учган.

Шу билан бирга, EASAнинг 9 январь кунги баёнотида таъкидланишича, "60° шарқий узунликдан ғарбда, барча баландлик ва эшелонларда" жойлашган Россия ҳаво ҳудудида парвозларни амалга ошириш тавсия этилмайди. HY212 / UZB212 рейси учиб ўтган Челябинск вилояти айнан EASA томонидан белгиланган ушбу ҳудудда жойлашган.

Uzbekistan Airways авиакомпаниясидан вазиятга изоҳ бериш бўйича таҳририят сўровига жавоб берилмади.

Сиёсий контекст ва Туркиянинг роли

Экспертлар фикрича, йўналишларнинг ўзгариши нафақат хавфсизлик масалалари, балки сиёсий воқелик билан ҳам боғлиқ. Ўзбекистон Россиядан узоқлашаётганини кўрсатишга интилмоқда. Бу Европа давлатлари томонидан ижобий қабул қилиниши мумкин, чунки уларнинг ўзлари санкциялар туфайли Россия ҳаво ҳудудидан фойдаланишда чекланган.

"Авиайўналишлар ўзгаришидан Ўзбекистон авиакомпаниялари Россияга парвозлар динамикасини сақлаб қолган ҳолда зарар кўрмайди. Шу билан бирга, Ўзбекистон учун шимолий қўшнисидан кўргазмали равишда узоқлашаётганини намойиш этиш муҳим. Европа давлатлари киритилган санкциялардан кейин ўзлари маҳрум бўлган йўналишнинг "Россияга қарши" ўзгаришини, шубҳасиз, ижобий қабул қилади," дейди вазиятдан хабардор бўлган ва исмини ошкор қилишни истамаган эксперт.

Бу позиция яқинда, 29 январь куни Анқарада бўлиб ўтган Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия ташқи ишлар, иқтисодиёт, савдо ва транспорт вазирлари учрашувида маълум бўлди. Тадбир якунида минтақанинг транзит салоҳиятини ошириш мақсадида уч мамлакат чегаралари орқали Ўрта коридорнинг муҳимлигини таъкидловчи Анқара декларацияси имзоланди.

Бундан ташқари, декларацияда Европа - Кавказ - Осиё транспорт йўлагини (ТРАСЕКА) мустаҳкамлаш ва унинг тўлиқ қувват билан ишлашига кўмаклашиш зарурлиги қайд этилди.

Озарбайжон учоғи Россия ҳаводан мудофаа тизими сабаб қулаган - Бокудаги манбалар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:55 0:00

Ўз исмини ошкор этишни истамаган ўзбекистонлик журналист, Uzbekistan Airways’нинг Россияни четлаб ўтиб, йўналишларни ўзгартириш қарорини "Туркиянинг туркий дунёнинг "асосий" давлати мақомини мустаҳкамлаш истагига яна бир дастак" сифатида баҳолаш мумкинлигини таъкидлади.

Унинг фикрича, Ўзбекистон Туркия ва Озарбайжон билан муносабатларни мустаҳкамлаш учун операцион харажатларни оширишга тайёр, бу билан келажакда инвестициялар, кредитлар ва грантлар кўринишидаги имтиёзларга умид боғламоқда.

"Ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан Анқарада Туркия, Озарбайжон ва Ўзбекистондан келган ҳамкасблари иштирокидаги уч томонлама учрашувда туркий дунёни қайта-қайта тилга олгани бежиз эмас. Туркия Европадаги геосиёсий ўзгаришлардан фойдаланди ва йўналишларни ўзгартиришдан асосий манфаатдор томонга айланди," дея таъкидлайди журналист.

2024 йил 25 декабрь куни Ақтау аэропорти яқинида Embraer E190 самолёти ҳалокатга учраганидан сўнг, бир қатор давлатлар ва авиакомпаниялар йўналишларни ўзгартириш ва Россияга ҳамда ундан парвозларни тўхтатиш чораларини кўрди.

"Озарбайжон ҳаво йўллари" (AZAL) тергов якунлангунга қадар Боку - Грозний - Боку ва Боку - Маҳачқала - Боку рейсларини вақтинча тўхтатди. Озарбайжон Давлат фуқаро авиацияси агентлиги 27 декабрдан бошлаб Россиянинг бир қатор шаҳарларига парвозларни тақиқлади. 28 декабрдан бошлаб AZAL улардан саккизтасига парвозларни тўхтатди: Минералние Води, Сочи, Волгоград, Уфа, Самара, Саратов, Нижний Новгород ва Владикавказ. 2025 йил 8 январдан бошлаб Боку ва Қозон ўртасидаги парвозлар номаълум муддатга тўхтатилди.

Қозоғистоннинг Qazaq Air авиакомпанияси хавфсизлик нуқтаи назаридан Россиянинг айрим аэропортларига парвозларни вақтинча тўхтатди. "Туркманистон ҳаво йўллари" Ашхобод ва Москва ўртасидаги рейсларни 2025 йил январь ойи охиригача тўхтатди. Исроилнинг El Al миллий авиаташувчиси Тел-Авив ва Москва ўртасидаги рейсларни вақтинча тўхтатди. Flydubay (БАА) авиакомпанияси Сочи ва Минералние Водидан Дубаига парвозларни вақтинча бекор қилганини эълон қилди.

Форум

XS
SM
MD
LG