Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:06

Фермерлар “жонидан тўйиб” турган бир пайтда фермерликка танлов эълон қилинди


25 апрель куни Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг фермер хўжалигини юритиш учун ер участкасини танлов асосида бериш тартиби тўғрисидаги буйруғи кучга кирди.

Вазир Шуҳрат Тешаевнинг буйруғи Ўзбекистон ҳукуматининг мева-сабзавот етиштириш кўламини кескин ошириш сиёсати туфайли фермерлардан шикоятлар келаётган бир пайтга тўғри келди.

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами"да 25 апрелда қайд этилган ва шу кундан кучга кирган буйруқ муқаддимасида айтилишича, у “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 15 декабрдаги "Фермер хўжаликларини юритиш учун берилган ер участкалари майдонларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ”қабул қилинган. (Буйруқ ва унга тиркалган илова матни билан norma.uz сайти орқали таниши мумкин).

Буйруққа тиркалган иловада фермер хўжалиги юритмоқчи бўлган шахсга ер участкаси беришнинг алгоритми белгилаб қўйилган.

Потенциал фермер:

а) Туман ҳокимига ер сўраб ариза ёзади;

б) Ҳоким аризани келиб тушган куниёқ туман фермерлари кенгашига юборади;

в) Кенгаш икки кун мобайнида аризаларни кўриб чиқади ва хулоса чиқаради;

г) Кенгаш хулосаси ариза билан биргаликда ер участкалари бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссияга юборилади;

д) Комиссияга юборилган ариза ва ҳужжатларда камчиликлар аниқланган тақдирда, комиссия ариза берган шахсга зудлик билан ёзма хабар беради;

е) ер участкалари бериш масалаларини кўриб чиқувчи комиссия фермер хўжалигига ер участкалари бериш бўйича танлов ўтказади, баённома тузади ва уни бошқа ҳужжатларга, шу жумладан, туман фермерлари кенгашининг хулосасига қўшиб кўриб чиқиш учун халқ депутатлари туман Кенгашига юборади;

ё) Халқ депутатлари туман Кенгаши энг яқиндаги сессияда комиссия томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади, ушбу қарор туман ҳокимига тақдим этилади.

ж) Туман ҳокими халқ депутатлари туман Кенгашининг ижобий қарори асосида уч кун мобайнида фермер хўжалиги юритиш учун ер участкаси бериш тўғрисида қарор чиқаради ва уч кун муддатда ушбу қарорни тасдиқлаш учун вилоят ҳокими бошчилик қиладиган ер майдонларини бериш масалаларини кўриб чиқувчи вилоят комиссиясига юборади.

Демак, фермер хўжалиги тузмоқчи бўлган шахснинг ер участкаси олиш учун тайёрлаган ҳужжатлари 8 та чиғириқдан ўтиши керак ва масала вилоят ҳокимининг имзоси билан ҳал бўлади.

Бу тартиб ҳақида хабар топган ҳар қандай киши Ўзбекистонда фермерлик энг обрўли касб экан, фермер бўламан, деганлар ҳокимликлар олдида турнақатор навбатда турган бўлса керак, деган фикрга бориши табиий. Балки шундайдир. Лекин Озодликка етиб келаётган хабарлар бундай ўйлашга изн бермайди.

Айниқса, Ўзбекистон ҳукумати мева-сабзавот етиштириш кўламини кенгайтириш сиёсатини авж олдира бошлаган кейинги кунларда фермерлар шикояти кўпаймоқда.

Озодликнинг 22 апрель кунги бир мақоласида самарқандлик фермерлардан бири вилоят туманларида фермер ва деҳқонлар билан мажлислар ўтказилиб, унда давлат буюртмасини 120 фоизга бажараман, деган ҳужжатларга қўл қўйдирилаётгани тўғрисида шикоят қилган эди.

- Ҳозир хўп дейишдан бошқа чорамиз йўқ. Ҳосил топшириш вақти келганда, ë бозордан мева-сабзавот сотиб олиб давлат планини топширамиз, ë яна пул бериб қутуламиз. Бўлмаса бизнинг бошимизга ҳам Мирзиëевнинг “ойболта”си тушади. Ҳозир кўп боғбон фермерлар ерини ташлаб қутулмоқчи бўптурибди, деган эди боғбон фермер.

Фермерлар, асосий иши қолиб, вақти ажабтовур семинарларда ўтаётгани ёки “мева” сиёсатини амалга ошириш учун экин майдонлари буздирилаётгани тўғрисида ҳам уларнинг ўзларидан келган шикоятлар асосида тайёрланган мақолалар билан танишгандирсиз.

Буларнинг барчаси – бу йилги гаплар. Ўтган йили эса, ҳокимларнинг ҳақорат ва босимларига чидай олмай ўз жонига қасд қилган бир неча фермер тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG