Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:10

Россия ўзбекистонлик маҳбусларни ватанига қайтаришни режалаштирмоқда


Россия президенти Владимир Путин Адлия вазирлигига Ўзбекистон билан ўзаро маҳбусларни топшириш ҳақида шартнома имзолашни буюрди. 2 май куни Россия президенти расмий сайтида Путиннинг Адлия вазирлигига “Ўзбекистон томони билан келишувга эришилганидан сўнг Россия Федерацияси номидан шартнома имзолаш”га оид топшириғи эълон қилинди. Ўзбекистон Россиядаги маҳбус фуқароларини қабул қилиб оладими?

“Укамни олиб кетмоқчиман...”

Свердловск вилоятидаги қаттиқ режимли 46- колониянинг 1400 нафар маҳбуси қаторида 40 яшар ўзбекистонлик Дониёр ҳам қамоқ жазосини ўтамоқда.

Наманганлик бу йигит қамоқхонада умуртқасидан жиддий жароҳат олган, оғир шароит ва қийноқлар туфайли руҳан синган.

2012 йилдан буён қамоқда қолаётган наманганлик бу йигитнинг опаси Лолахон Озодлик билан суҳбатда укасини Ўзбекистонга олиб кетишга бир неча йилдан бери натижасиз уринаётганини гапириб берди:

- Шу кунгача 2012дан 2016 йилгача мен Россияда туриб мен ёзмаган, мурожаат қилмаган жойим қолмади. Лекин бирор маротаба қониқарли жавоб олмадим. Укам тўрт йиллик қамоғининг уч йилини медсанчастда ва жиннихонада ўтказди. Укамнинг белидан пасти ишламайди, нормал гапира олмайди, туалетга икки киши етаклаб олиб боради. Ақлан соғ, лекин жарроҳликка муҳтож, дейишди. Учта вояга етмаган фарзанди Наманганда дод деб қолган – дадасини овозини эшитгани йўқ. Бу уччала боласи ҳозир Наманганда болалар уйида, мен бунга қандай чидай?! Мен укам учун яшаяпман, ишлаяпман Россияда. Бир чамадон қоғоз бўлди менда. Укам ўз юртимизда жазони ўташини истайман: олиб кетадиган бўлсам ҳар ҳолда қариндош-уруғи, бола-чақаси қарайди, улар яқинида бўлади. Мен ўша жиноятни укам содир этмаганига ишонаман. Уни тирноқларини узиб қийнашган, уришган, аллақандай ҳужжатларга таржимонсиз қўл қўйдиришган, деди наманганлик Лолахон опа.

Унинг таъкидлашича, биргина 46-сонли Невьянск колониясида 400 яқин мусулмон маҳбус сақланмоқда ва уларнинг асосий қисмини ўзбек-тожиклар ташкил этади.

Лолахон куни кеча оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон ва Россия давлатлари ўртасида ўзаро маҳбусларни топшириш ҳақида шартнома имзоланиши кутилаётганини эшитиб, қувониб кетганини маълум қилди.

Лолахон билан суҳбат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:51 0:00
Бевосита линк

Россияда қарийб 7 минг ўзбек ҳибсда сақланмоқда

2 май куни Россия президенти Владимир Путин Адлия вазирлигига Ўзбекистон билан ўзаро маҳбусларни топшириш ҳақида шартнома имзолаш тўғрисида буйруғи эълон қилинди.

Ҳуқуқий ахборот расмий порталида ёйинланган ҳужжатда айтилишича, Россия Адлия вазирлигига “Ўзбекистон томони билан келишувга эришилганидан сўнг Россия Федерация номидан мазкур шартномани имзолаш” топширилган.

Адлия вазирлигига шартнома лойиҳасига принципиал характерга эга бўлмаган ўзгартишлар киритиш ваколати ҳам берилган.

Айни дамда, гап Россия қамоқхоналарида сақланаётган неча маҳбус тўғрисида кетаётгани ноаниқ.

Рязань Жазони ижро этиш федерал хизмати (ФСИН) Академияси маълумотига биноан, рус қамоқхоналарида бугунда 28,5 минг хорижлик қонунбузар сақланмоқда. Улардан энг кўпи, яъни қарийб 8 мингги – Тожикистон фуқароларидир.

Бу рўйхатда иккинчи ўрин Ўзбекистон фуқароларига тегишли: 2015 йилга берилган маълумотга кўра, Россия Федерациясида 6786 нафар ўзбекистонлик маҳбус жазо ўтамоқда. Россияда жами 1 миллиондан зиёд тожикистонлик ва 3 миллионга яқин ўзбекистонлик муҳожир яшаб меҳнат қилаётганини ҳам ҳисобга олмоқ зарур.

Хориж фуқаролари Россияда мавжуд 725та ахлоқни тузатиш колонияси, изолятори ва қамоқхоналарида сақланаётган 646 минг маҳбуснинг умумий сонидан 5-6 фоизни ташкил этиши маълум. ФСИН келтираётган рақамларга кўра, Россияда қамоққа маҳкум этилган жами хорижликларнинг учдан бир қисми наркотик савдоси ва нашаванд моддалар билан боғлиқ жиноятларга алоқадор.

Россия ҳар 100 минг фуқаросига бўлган маҳбуслар сони жиҳатидан жаҳонда 10 ўринни эгаллаб келади.

“Ўзбекистон Қозоғистондаги маҳбус фуқароларини қабул қилмаётир”

Жорий йилнинг апрелида Қозоғистон Бош прокурори муовини Иоган Меркель қозоқ ҳукуматининг бу маҳбуслар масаласида расмий Тошкентга қилган мурожаатлари жавобсиз қолаётганидан таассуф билдирган эди. Қўшни Қозоғистонда 643 нафар ўзбек фуқароси қамоқда сақланаётгани маълум.

Қозоғистонда озодликдан маҳрум қилинган ўзбекистонликлар ўз ватанларига ўтказишларини сўраб келади, лекин бирорта ҳам ижобий жавоб олган эмас.

Иоган Меркелнинг таъкидлашича, кейинги йилларда Ўзбекистон Қозоғистон қамоқхоналарида жазо ўтаётган 643 фуқаросидан биронтасини ҳам қабул қилиб олмаган. Айни пайтда Қирғизистон Қозоғистон қамоқхоналарида жазо ўтаётган 320 фуқаросидан 26 нафарини қабул қилган. Қозоғистон Республикаси Бош прокурори биринчи ўринбосари Иоган Меркелга кўра, фуқароларини қайтариб олиш таклифи битилган хатларга ижобий жавоб одатда Россия, Қирғизистон, Беларусь ва Украинадан келади.

Ўзбекистон Россиядаги маҳбусларни қабул қиладими?

Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамиятлари Халқаро Федерациясининг Россиядаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Даврон Муҳамадиев иш вазифаси юзасидан рус колонияларини инспекция қилиб туради.

У Озодлик билан суҳбатда Россиядаги хорижлик маҳбусларни ўз юртига жазони ўташга юбориш икки давлат келишуви асосида босқичма-босқич амалга оширилишини маълум қилди.Жаноб Муҳамадиев Владимир Путиннинг бу қарори яқинда Москвага ташриф буюрган Ўзбекистон президенти билан келишув натижаси эканига ишонишини айтади.

- Агарда Ўзбекистон бу келишувни имзоласа, демак ўз фуқароларини олиб келишга розилик бергани бўлади. Икки давлат ўртасида бундай келишув бўлмаса маҳбусларни узатиш жуда қийинчиликларга дуч келади. Масалан, Ўзбекистон ёки Тожикистон кучишлатар органлари ўзларини қизиқтирган маҳбусларни махсус сўровнома асосида олиб чиқиб кетади. Маҳбусларни ўз юртларига чиқариш процедуралари бошқа мамлакатлар билан ҳам ўтказилган. Одатда маҳбусларни “кетасанми-кетмайсанми” деб сўраб ҳам ўтиришмайди: ёппасига экстрадицияга ўхшаш шаклда чиқариб юборишади. Албатта, босқичма-босқич тарзда, деди Даврон Муҳамадиев.

Суҳбатдош Россия ва Ўзбекистон ўртасида келишув мавжуд бўлсада, Россия барча хорижлик тутқунни ёппасига бериб юбормаслигига ишонч билдирди:

- Лекин бу экстрадиция масалаларида чекловлар ҳам жуда кўп. Масалан, улар сиёсий мотивлар асосида экстрадиция қилинмайди – фақат жиноий моддалар асосида. Шу сабабли ҳозирда, масалан Тожикистонда, Ислом партияси иши юзасидан қидирувда бўлганларга маҳаллий ҳукумат жиноий моддаларни ёпиштиряпти. Сўзсиз, Россия ортиқча маҳбусларни ўз юртига жўнатиб фойдада қолади, экстрадиция қилинганларни қабул қилувчи Ўзбекистонга эса бу маҳбусларнинг унча қизиғи йўқ. Лекин, наркомоддалар асосида жазо ўтаётган чет элликларни Россия ҳукумати ўзи қўйиб юбормаслигига ишонаман, чунки улар ўз юртида тезда озодликка чиқиб яна эски “ҳунарига” қайтиши эҳтимоли юқори. Қолаверса, менимча 800 минг маҳбуси бор Россияга 28 минг хориж фуқаросини қамоқда ушлаб туриш оғирлик қилмайди. Бундан чиқди, икки давлат ўртасидаги бу келишувда аниқ қайси моддалар билан қамалган фуқаролар ўз юртига бериб юборилишини аниқлаш қолди, холос, деди Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамиятларининг Москвадаги раҳбари Даврон Муҳамадиев.

Айни дамда, Amnesty International (Халқаро Амнистия) Россияни юзлаб Ўзбекистон фуқароларини ватанларига мажбуран чиқариб юбораётганликда айблади. Халқаро Амнистиянинг ишонишича, мажбуран қайтарилган ёки ўғирлаб кетилган ўзбекистонликлар қийноқларга тутилмоқда.

Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамиятларида ҳозиргача Ўзбекистон ичкарисида сақланаётган маҳбуслар сонига оид аниқ рақамлар мавжуд эмаслиги таъкидланди.

2014 йилда Ўзбекистон Олий Суди раиси ҳар 100 минг ўзбек фуқаросига 166 нафар маҳбус тўғри келишини очиқлаган. Қамоқхоналар тизимини ўрганиш халқаро маркази (The International Centre for Prison Studies – ICPS) ўзининг сўнгги ҳисоботида ўзбек қамоқхоналарида жазо ўтаётган кишилар сони аниқ кўрсатилмаган бўлса-да, улар сони 42 минг чоғли экани айтилган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистон ҳибсхона ва қамоқхоналарида сиёсий ёки диний мотивлар билан қамалганларга нисбатан шафқатсиз ва ғайриинсоний муносабат айниқса кучайганини урғулайдилар.

Айни пайтда ўзбек расмийлари мамлакатда сиёсий маҳбуслар борлигини ҳам, қамоқхоналарда маҳкумларга нисбатан ғайриинсоний муносабатда бўлинаётганини ҳам тамоман инкор қилиб келадилар.

XS
SM
MD
LG