Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:29

Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси: Барча шикоятларни қондирамиз!


Ўзбекистон ҳукуматининг расмий портали - gov.uz да муваққат президент Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси иш бошлаганидан сал кам бир ой ўтиб, фуқаролардан 20 мингдан зиёд мурожаат келиб тушгани хабар қилинди. Ҳукумат мулозимлари барча шикоятлар кўриб чиқилиши, аниқланган камчиликлар эса бартараф этилишини ваъда қилмоқда.

Ҳукуматнинг виртуал қабулхонасига масъул бўлган мулозим Озодлик билан суҳбатда мурожаатларнинг кўпчилиги Ўзбекистон банкларида нақд пул, қишлоқларда электр энергияси ва газ йўқлиги, автосалонларда эса машиналар олиш мушкулотлари ҳақидаги шикоятлар эканини айтди.

- Вилоятларда электр энергияси ва табиий газда мунтазам узилишлар бўлаётгани, тоза ичимлик суви йўқлиги ҳақида шикоятлар кўп. Шунингдек, банкларда нақд пул йўқлиги ҳақида ҳам кўплаб мурожаатлар бўляпти. Шу билан бирга кўпчилик салонлардан машина олиш қийин, деяпти. Ҳамма шикоятлар бирма-бир ўрганиляпти, - деди исми сир қолишини истаган ҳукумат мулозими.

Шунингдек, ҳукумат виртуал қабулхонасига Тошкент пропискаси, биопаспорт олиш билан боғлиқ мураккабликлар, ички-ишлар органларининг ноқонуний харакатига тааллуқли бўлган минглаб шикоятлар ҳам тушган.

Ўзбекистоннинг расмий ЎзА агентлиги 11 октябрь кунги хабарида Ички ишлар вазирлиги номига уч ярим мингдан кўпроқ мурожаат бўлгани, шуларнинг 40 фоизи прописка, фуқаролик, паспорт масалаларига тааллуқли экани ҳақда хабар қилди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Зикрилло Неъматов Озодлик билан суҳбатда фуқаролардан шундай мурожаатлар бўлаётганини тасдиқлади ва барча шикоятлар кўриб чиқилиши, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик борасида чоралар кўрилишини айтди.

- Ҳамма масалаларни ҳал қилишади, ҳаммасини. Бу ерда ҳаммаси инсонларни ҳақ-ҳуқуқларини ўйлаб қилиняпти. Ҳамма шикоятлар ижобат бўлади, бўляпти, - деди Зикрилло Неъматов.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мулозимига кўра, шу йилнинг сўнгги 9 ойида мурожаатлар билан ишлаш жараёнида йўл қўйган хато ва камчиликлари учун 200 нафардан ортиқ ички ишлар органлари ходими турли интизомий жавобгарликка тортилган.

Ўзбекистон ҳукуматининг расмий портали - www.gov.uz да Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси сентябр ойи ўрталаридан иш бошлагани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Ҳафта давомида ҳар куни 24 соат давомида очиқ бўлган виртуал қабулхонага Ўзбекистон фуқаролари "ҳал этилмаган" муаммолар юзасидан 1000 ёки 0-800-210-00-00 рақамларига қўнғироқ қилиш ёки ёзма ариза юбориш йўли билан мурожаат қилишлари мумкинлиги айтилган.

Айни вақтда, Facebookда бош вазир виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатлар ва улар юзасидан чора кўрилаётгани ҳақидаги маълумотлар жамланган саҳифа ҳам очилган.

Тармоқдаги "Шавкат Мирзиёев-Shavkat Mirziyoyev" деб номланган гуруҳда кимдир Тошкентдаги автосалондан бир йилдан буён ололмаётган "Каптива" машинасини виртуал қабулхонага шикоят қилганидан сўнг беш кун ичида олгани ҳақида ёзаса, бошқа бир фойдаланувчи шикоятидан сўнг ойлигини нақд беришга ваъда олгани ҳақда ҳурсандчилигини яширмайди.

Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси хорижда яшовчи айрим мухолифат фаолларини ҳам умидлантирган.

Туркиянинг Истанбул шаҳрида яшаётган мухолифат фаоли Намоз Нормўмин 6 октябрь куни Мирзиёев виртуал қобулхонасига Ўзбекистонда сиёсий, иқтисодий эркинликлар билан боғлиқ ислоҳотлар ўтказиш таклифи билан мурожаат қилгани ва мурожаатига жавоб олганини айтди.

- "Ишчи Гуруҳи кўриб чиқмоқда”, деган мазмунда жавоб олдим. Шунинг ўзи менда умидбахш ҳиссиётларни пайдо қилди. Чунки мен сўнгги 25 йил давомида ҳали ҳукуматдан бу шаклда мурожаатларимга жавоб олмаган эдим, - деди Намоз Нормўмин.

Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси фаоли Шуҳрат Рустамов эса Шавкат Мирзиёевни виртуал қабулхонасини уни муваққат президентдан ҳақиқий президентга айлантириш йўлидаги “хўжа кўрсин“ тадбир деб атади.

- Бу сайлов олдидан Мирзиёевнинг рейтингини ошириш учун қўлланилаётган бир тадбир, деб ўйлайман. Арзимаган шикоятлар билан ноҳақ ишдан бўшатилганлар ишига тиклаб қўйилаётганини эшитдим. Лекин, бу муаммо жуда кичкина муаммолар. Мамлакатда жуда катта масалалар бор, инсон ҳуқуқлари, демократик ислоҳотлар билан боғлиқ. Ана шу масалаларни кўтаришимиз керак. Биз олдин Мирзиёевга бу борада юзлаб марта мурожаатлар қилганмиз, лекин биронтасига жавоб бермаган. Менимча, бу ишлар сайловгача давом этади, сайловдан кейин бу "лавочка" ёпилади, деб ўйлайман, - дейди Шуҳрат Рустамов.

Ўзбекистон ҳукуматининг виртуал қабулхонасига масъул бўлган мулозим эса, виртуал қабулхона сайловдан кейин ҳам ҳафта давомида ҳар куни 24 соат давомида узлуксиз ишлашини айтди.

- Бу бир ё икки ойга мўлжалланган иш эмас. Виртуал қабулхона доимий ишлайди. Сайловдан кейин ҳам ишлайди. Мана ҳозир ҳам ишлаяпти. Ўзимни телефонимдан телефон қиляпман, эшитинг мана ишлаяпти, - деди ҳукумат мулозими.

XS
SM
MD
LG