Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:51

Фермерлар: Мирзиëев жорий қилган кластер тизими ўзини оқламаяпти!


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 декабрда ўтказган видеоселектор йиғилишида мева-сабзавотчиликка ихтисослашган кластерлар ташкил этиш вазифасини қўйди.

Президентнинг бу ҳақдаги фармони 12 декабрь куни матбуотда эълон қилинди.

Пахта ва ғаллачилик билан шуғулланадиган фермерларни кластер корхоналарига бирлаштириш икки йил аввал бошланган эди.

Озодлик ўтган икки йил мобайнида аграр соҳа ислоҳотида кластер усулининг қанчалик самара берганини ўрганишга уринди.

Озодлик суриштирувига кўра, Ўзбекистоннинг баъзи вилоятларида кластер ижобий натижа берган, баъзи вилоятларда эса кластерга пахта ва ғалла сотган фермерлар икки йиллик ҳосил пулини шу пайтгача ололмаган.

Кластер билан ишлаётган фермерлар улар фаолиятига маҳаллий ҳокимлар аралашуви тўхтамаганини айтмоқда.

Кластер нима дегани?

  • Кластер сўзи (инглизча clusterдан) тўплам, шингил, уя деган маъноларни беради.
  • Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан қишлоқ хўжалигини аста-секин кластер тизимига ўтказиш 2018 йилда бошланган эди.
  • Бундан мақсад қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирадиган фермерларни ҳукумат назоратидан чиқариб, бевосита махсус кластер корхоналарига бирлаштириш эканлиги айтилган.
  • Кластер билан ишлаш тизимида фермерлар аввал бўлгани каби пахта ва ғалла етиштиришда уч томонлама (ҳокимлик - пахта ёки ғалла қабул қилиш корхоналари - фермер) шартнома эмас, балки фақат кластер корхона билан шартнома имзолайди.
  • Бу шартномага кўра, кластер фермерга уруғдан тортиб, ёнилғи, минерал ўғит, маблағ билан таъминлаш каби барча ишларни ўз зиммасига олади.
  • Фермер маҳсулотини тўғридан-тўғри фақат кластерга сотади.
  • Кластер бу маҳсулотни қайта ишлаб, ички ва ташқи бозорга сотади.
  • Кластер тизимида маҳаллий ҳокимият фермернинг ишига аралашмаслиги, фермер бевосита кластер билан қилган шартномани бажариши керак.
  • Фермер билан кластер корхона ўртасида чиққан низоларни Иқтисодий суд ҳал қилади.
  • Кластерлик схемаси
    Кластерлик схемаси

    Кластер ҳосил учун ваъда қилган пулни беришни кейинги йилга қолдирди

Андижон вилоят, Улуғнор тумани фермерлари бу йил SOF TEX" кластер корхонасига қарашли "Водий саноат фахри" МЧЖ билан уруғлик пахта етиштиришга шартнома қилди.

"SOF TEX" кластер тўқимачилик корхонаси
"SOF TEX" кластер тўқимачилик корхонаси

Кластер шартнома бўйича етиштириладиган ҳосил қийматининг 60 фоизини бўнак сифатида 1 сентябргача тўлаши шарт эди.

Аммо, Улуғнор туманидаги "Мамажон бува" фермер хўжалиги раҳбари 37 яшар Шамсиддин Мирзакаримовнинг айтишича, кластер 60 фоизнинг фақат 20 фоизини ёнилғи ва минерал ўғит сифатида тўлаган.

Уруғлик ва пахта етиштириш учун қолган ҳаражатларни фермер ўз ёнидан қилган.

Ёнимдан 50 миллион сўм банкка топшириб, ишчиларимга икки ойлик маош қилиб бердим.


- Бор-йўғи 20 фоизини, уни ҳам нақд пул билан эмас, қиммат нархдаги дори беришди. Буғдойдан тушган пулга, пахтани қарадим. Ёнимдан 50 миллион сўм банкка топшириб, ишчиларимга икки ойлик маош қилиб бердим. Зараркунандаларга қарши заҳар дорилари жуда қиммат бўлгани учун олмадик, техника харажатларимизни ҳам бермади. Шу 60 фоизнинг ичида тақрибан 10 фоизи иш ҳақимиз бўлса, шуни ҳам жуда оз берди.

Фермер кластерга пландаги 200 тонна ўрнига 265 тонна биринчи навли пахта сотган ва 1 миллиард 200 миллион сўмлик даромад, шундан 620 миллион соф фойда кўрган. 170 миллион сўм қўшимча қиймат солиғи тўлаган.

- 620 миллион соф фойданинг қарийб 400 миллионини мен ёнимдан харж қилганман. Асл соф фойда 200 миллион атрофида бўляпти.

Аммо, фермерга кўра, кластер корхона бошлиғи Иқболжон (фамилиясини аниқлаш имкони бўлмади-таҳр.) 18 декабрь куни мажлис ўтказиб, фермерларга бу йил ҳосил пулини тўлаш имкони йўқлигини айтган:

Қарздорлигим кўп, янги йилда уч ой давомида бўлиб-бўлиб берамиз, деяпти.


- Кластер бу йил пахтани чертиб-чертиб олди. Салгина ифлослиги бўлса ҳам, қабул пунктидан қайтаравериб, роса қийнади. Стандарт ҳолатида топширдик. Аъло пахта эди. Энди Иқболжон ака деган кластер, фермерларни йиғиб, бу пулларингни ҳозир тўлай олмаймиз. Пахтани ҳали қайта ишлаганим йўқ, қарздорлигим кўп, янги йилда уч ой давомида бўлиб-бўлиб берамиз, агар норози бўлсаларинг судга беровринглар, деяпти.

Озодлик суҳбатлашган яна икки фермер ҳам кластер бошлиғи шундай деганини тасдиқлади.

Уларнинг айтишича, тумандаги 200 нафардан ортиқ фермернинг бирортаси ҳам кластердан ҳосил пулини ололмаган.

"SOF TEX" кластер корхонаси директори Иқболжон Озодликнинг телефон қнғироқларига жавоб бермади.

Корхонанинг ўзини Ҳусниддин деб таништирган бухгалтери фермерларнинг ҳосил пули 31 декабргача тўла ўтказиб берилишини айтди:

- Бизга топширилган пахта хом ашёси турибди. Биз уни қайта ишлаб, тайёр маҳсулотга айлантириб кейин сотамиз. Тўғри, шартнома 31 декабргача, тушган пулни фермерларга беряпмиз. Давлат фондидан ажратилган 60 фоиз пулни эса тўлиқ бериб бўлганмиз.

Кластер икки йилдан бери ҳосил пулини бермади

Озодлик кластерлар бошқа ҳудудларда фермерлар олдидаги мажбуриятларини бажармаётганини Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги фермерлар билан суҳбатлашганда ҳам билди.

Бу туманда қарийб 300 нафар фермер “АВС Оққўрғон Агрокластер” билан шартнома имзолаганига икки йил бўлди.

Лекин, фермерларнинг айтишича, улар икки йилдан буён кластерга топширган ҳосил пулини олмаган:

“Бу кластер эмас, бало бўлди. 2018 йил пахта пулини, 2019 йил ғалла ва пахта пулини ҳали ҳам олганимиз йўқ. Икки йил давомида кластернинг учта раҳбари ўзгарди. Илгари ҳар йили 31 декабргача пулимизни тўлиқ олардик. Кластерга ўтганимиздан сўнг, насияга ишлаяпмиз”

Манзилсиз, идорасиз "арвоҳ" кластер

Фермернинг айтишича, кластер корхонаси манзили қаерда эканлигини ҳеч ким билмайди:

Бу кластер арвоҳга ўхшайди, кўзга кўринмайди.


Топиб сўрайлик десак, бу кластернинг на идораси бор, на бир манзили. Барча топшириқлар ҳокимлик орқали бажарилади. Ҳокимликдан сўрасак, улар ҳам елка қисишади. Адресини беринглар десак, ўзимиз ҳам билмаймиз, дейишади. Бу кластер арвоҳга ўхшайди, кўзга кўринмайди”.

Фермер кластер ўз зиммасига олган ёнилғи ва минерал ўғитлар таъминотини ҳам бажармаётгани учун келгуси йил ҳосилига тайёргарлик кўриш имконсиз бўлиб қолаётганидан шикоят қилди:

“Икки йиллик ҳосилнинг пулини бермаганига яраша, ақалли солярка ва минерал ўғитлар таъминотини ҳам дуруст қилмаяпти. Бир фермерга қўли қалтираб 30 литр солярка беради. Ерни ҳайдаш керак, янги йил келяпти, ҳали ер ҳайдалмасдан ётибди. Бунақа аҳволда кимнинг ҳам ишлагиси келади?”.

Тошкент вилояти ҳокимлигининг матбуотга гапириш ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини мулозими “АВС Oqqo’rg’on AgroCluster” фермерлардан 18 миллиард сўм қарзи бор эканлигини айтди:

Фермерлар ёзган ўнлаб аризалардан президент портали ҳам хабардор.


“Фермерлар бизга ҳам шикоят қилишди. Пулсиз қандай ишлаш мумкин дейишяпти. Бу тушкунлик фермерларнинг ишлашига салбий таъсир қиляпти. Вилоят ҳокимлиги ҳам бу масалани ҳал қила олмайди. Бу ҳолатни прокуратура ҳам билади. Фермерлар ёзган ўнлаб аризалардан президент портали ҳам хабардор. Адлия вазирлигига ҳам фермерлар шикоят қилган. Лекин бу кластернинг масъулиятини ҳеч ким бўйнига олгиси келмаяпти. Ҳамма жит-жит. Кластернинг “кришаси” энг юқорида ўтирибди, шекилли”.

Мулозимнинг айтишича, кластернинг фермерлар билан тузган шартномасида на унинг манзили, на телефони кўрсатилган:

“Шартнома нусхалари туман ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги бўлимига берилади. Ҳоким фермерлар билан шартнома қилинсин деган буйруқ беради, тамом. Фермер кластерни қаердан излашни ва шикоятлар бўйича кимга мурожаат қилишни ҳам аниқ билмайди. Кластер билан шартнома имзолаган фермер ҳуқуқсиз ва ҳимоясиз қолди”.

Озодликнинг “АВС Oqqo’rg’on AgroCluster” раҳбарларини топишга қилган ҳаракатлари натижасиз бўлди.

"Кластер фермерни эмас, фермер кластер танлаши керак"

Германиянинг Лейбниц номидаги ўтувчи иқтисодиётли мамлакатларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш институтининг илмий ходими Нодир Жонибеков “кластерлар ўртасида рақобат бўлмаслиги таназзулдир” деган фикрда:

Демак сизларда ҳали ҳам монополия ҳукм сурмоқда


“Агар кластерлар ҳар бир фермер учун рақобат қилмаса, агар фермерларда кластер танлаш имкони бўлмаса, демак сизларда ҳали ҳам монополия ҳукм сурмоқда”, дейди Жонибеков Озодликка берган интервьюсида.

Тадқиқотчи фикрича, бу ҳолатда давлат монополияси ўрнига хусусий монополия келади:

Фермерлардан кўпроқ маҳсулот олишни истасангиз, уларга яхши нарх таклиф қилиш керак.


“Бундай ҳолатда хусусий кластерлар фермерларга энг кам харид нархини таклиф қилади. Фермерлардан кўпроқ маҳсулот олишни истасангиз, уларга яхши нарх таклиф қилиш керак. Агар фермер ҳеч қандай рағбат кўрмаса, маҳсулот етиштириш ҳажми ўз-ўзидан камаяди”

Жонибековнинг айтишича, худди шундай ҳолат 2000 йилда тожикистонлик фермерлар билан содир бўлган эди ва айни пайтда Қозоғистонда ҳам кузатилмоқда.

Кластер ишига ҳокимлик аралашяпти

Фермерларнинг айтишича, фермер кластер билан бевосита шартнома тузганига қарамай, маҳаллий ҳокимият фермерлар фаолиятига аралашишдан тўхтамаяпти.

Бир йил кластер билан ишлаган Қашқадарё вилояти, Касби тумани “Новот Ниёз” фермер хўжалиги раҳбари Акрамжон Новотовнинг айтишича, ҳокимлик ўтказадиган мажлисларга кластер раҳбарлари ҳам қатнашишга мажбур:

Кластерда ишлаганимиз билан ҳокимият ўтказган мажлисбозликлардан чарчаб кетдик.


Кластерда ишлаганимиз билан ҳокимият ўтказган мажлисбозликлардан чарчаб кетдик. Мажлисга бормасанг, ерингни оламан деган таҳдид бўлади. Далада пахта қолмаган бўлса ҳам, биринчи қор ёққунча ҳокимият йўқ пахтани тердирди. Ернинг шудгори кечикди”.

Бухоро вилоятининг Жондор туманидаги исми сир қолишини сўраган фермер ҳам кластер мустақил фаолият олиб боролмаслигини айтади:

Кластер мустақил ташкилот бўлгани билан, барибир ҳокимиятнинг изни билан ишлаяпти.


“Ёмон томони шундаки, кластер мустақил ташкилот бўлгани билан, барибир ҳокимиятнинг изни билан ишлаяпти. Қанча техника тайёрладинг, қачон экиш керак, қачон сув қўйиш керак, қачон пахтани теришни бошлаш керак, қачон тугатиш керак, буларнинг ҳаммасини ҳокимлик назорат қилади. Фермернинг ҳозир учта хўжайини бор: кластер, сектор раҳбари ва ҳоким”.

Фермер кластерларнинг фаолиятини ўз маблағи билан эмас, балки банклардан катта фоизли кредит олиб бошлаганидан хавотир билдиради:

“Масалан Бухоро вилоятининг учта туманида бу йил "WWW ROMITEX МЧЖ" кластери ишлади. Кластер пулсиз келди, 80 минг тонна пахта учун давлатдан 160 миллиард сўм қарз олди. Бунга қўшимча равишда терим пули учун яна банкдан 80 миллиард сўм 16 фоизли кредит олди. Энди бизнинг хавотиримиз шундаки ана шу 240 миллард пулни жойига қўймагунча, бизнинг пахтадан олган соф фойдамизни беролмайди. Бизга тўлаш муддати 31 декабргача, қани кўрамиз нима бўларкин”.

Ўзбекистонда кластерлар рақобатли тендер ўтказилмасдан, шаффофлик таъминланмасдан ҳукумат томонидан ташкил этилади.

Кластер корхоналарнинг асл эгаси ким эканлигини фермерлар ҳам, туман ва вилоят ҳокимлиги мулозимлари ҳам билмайди.

Жумладан, Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг қарори билан Тошкент вилояти, Қуйичирчиқ туманидаги “Baliqchi”​ жамияти Британияда рўйхатдан ўтган "Иронтекс" ва "Гратум" компаниялари таъсис қилган “TCT cluster”га 2018 йилнинг 1 декабрида ноль қийматда берилган ва бу акциядорларнинг кескин норозилигига сабаб бўлган эди.

Айни пайтда, оққўрғонлик фермерлар ҳам, ҳокимият мулозимлари ҳам “АВС Oqqo’rg’on AgroCluster”нинг асл эгаси ким эканлигини билмайди.

Мева-сабзавотчилик ҳам кластерга ўтказилади

Президент 9 декабрдаги видеоселектор йиғилишида мамлакат қишлоқ хўжалигида ташкил қилинган кластер тизимини мақтаб, унинг кўрсаткичлари мева-сабзавотчиликка ихтисослашган кластерлар ташкил этишга асос бўлишини айтди.

“Қишлоқ хўжалиги тармоқларида кластер тизими яхши самара бермоқда. Хусусан, шунинг натижасида пахтачиликка янги технологиялар кириб келди, ҳосилдорлик ўтган йилгига нисбатан 20-30 фоизга кўтарилди, моддий манфаатдорлик ошди. Жорий мавсумда пахта ҳосилининг 73 фоизи пахта-тўқимачилик кластерлари ҳиссасига тўғри келди”.

Президент келтирган статистик маълумотларга кўра, келаси йили Ўзбекистонда йилига 21 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот етиштирилади¸ аммо бор-йўғи 1,5 миллион тоннаси экспорт қилинади.

Президент мева-сабзавот экспортини кўпайтириш учун кластер усули яхши натижа беришини таъкидлаган.

"Кластернинг шартлари бизга тўғри келмади"

Сабзавотчилик билан шуғулланадиган, Тошкент вилояти Янгийўл туманининг “Тинчлик” массивидаги фермерлар келгуси йилдан бошлаб кластер тизимига ўтказилади.

Бу ҳақда Озодликка гапирган Аброр исми фермер кластер корхона қўйган шартлар билан танишиб, қўйилган шартлар уларга тўғри келмагани учун ерини топширганини айтди:

Юз гектар ерни эплаш учун беш миллион сўм жуда оз.


Кластернинг шартлари бизга тўғри келмади. Масалан, энди биз мустақил бўлмаймиз экан, кластер айтган экинни экиб фақат унинг шартларини бажарамиз экан. Мен ўз еримда фақат иш бошқарувчи бўлиб қоламан ва менга 5 миллион сўм маош беради экан. Юз гектар ерни эплаш учун беш миллион сўм жуда оз. Менинг қўлимга ўнта ишчи беради. Ишчиларга бир гектар ерга сув қўйиш учун 200 минг сўмдан ойлик беради. Ҳисоблаб чиқсак¸ ишчининг бир йиллик маоши 4 миллион сўм атрофида бўлади экан. Шунинг учун жуда кўп фермерлар ерини ташлаб кетяпти”.

Мева-сабзавотчиликда кластер усули келажакда қандай натижа бериши¸ бу фермерлар таъкидича¸ бир йилдан сўнг маълум бўлади.

Озодликка мунтазам хабар йўллаëтган ўзбекистонлик фермерлар¸ кластер тизими жорий қилиниши ортидан ўзларининг яхши ишлов берилган ерлари ҳокимиятга яқин шахс ва гуруҳларга ноқонуний равишда олиб берилганидан шикоят қилиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG