Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:02

Қурғоқчилик: Наманган ўрмон хўжалигида ўнлаб гектар наъматак ва доривор ўсимликлар қуриб кетмоқда


Сувсизликдан қуриб бораётган наъматак.
Сувсизликдан қуриб бораётган наъматак.

Абу Али ибн Сино номидаги доривор ўсимликлар етиштиришга ихтисослашган ўрмон хўжалигининг Наманган вилоят, Поп туман бўлимидаги минглаб наъматак ва бошқа доривор ўсимликлар сув етказиб берилмагани боис қуриб кетмоқда.

Ўрмон хўжалиги билан шартнома асосида ишлайдиган Орифжон Холматовнинг айтишича, Поп тумани ирригация бўлими сув бермай қўйгани сабабли унинг беш гектарда етиштираётган наъматак дарахтларининг ярми қуриб қолган.

Поп тумани ирригация бўлими бошлиғи Нурилло Раҳматуллаев эса ўрмон хўжалигига лимитдан ортиқ сув берилаётганини айтди.

Чодак қишлоғида яшайдиган 27 яшар Орифжон Холматовнинг айтишича, унинг наъматак боғи батамом йўқ бўлиш арафасида қолган:

Беш гектардаги уч мингта наъматак кўчатидан ярми таг туги билан қуриб қолди.

“Икки йилдан бери сув бермайди. Бу йил эса мана икки ой бўлди бир томчи ҳам сув ололмадим. Биз Шимолий Фарғона каналидан сув ичамиз, каналда сув бўлмаяпти дейди, Тожикистонга сув ҳайдаяпмиз дейди, хуллас бизга сув йўқ. Беш гектардаги уч мингта наъматак кўчатидан ярми таг туги билан қуриб қолди. Ярмининг ҳосилига умид қилиб тургандик, аллавақон сувсизликдан мевалари пишмасдан қуриб қоляпти”.

Наъматак боғи.
Наъматак боғи.

Орифжоннинг сўзларига кўра, наъматак доривор ўсимлик бўлгани учун улар ўрмон хўжалиги билан шартнома қилган:

Агар яна 10 кун сув бўлмаса қолган наъматак ҳам қирилиб кетади.

“Шартномага кўра, наъматак ҳосилининг ярмини ўрмон хўжалигига берамиз, ярмини улар ёки сотиб олади ёки ўзимиз сотамиз. Тирикчилигимиз шундан. Ҳар йили камида 20 миллион сўм даромад кўрар эдик. Икки йил бўлдики, сув таъминоти ёмон бўлиб қолди, бу йил эса умуман йўқ. Туман сув хўжалиги бўлими бизга сув бермаяпти. Беряптию, етиб келмасдан туриб қурийди. Бир гектар ерга ярим соат сув беради, у етиб ҳам келмайди.Битта мен эмас, атрофимдаги доривор ўсимликлар етиштирадиган бошқа боғбонларда ҳам шу аҳвол. Агар яна 10 кун сув бўлмаса қолган наъматак ҳам қирилиб кетади, доривор ўсимликлар ҳам. 15 йил меҳнат қилиб яратган боғимиздан ажралиб қоляпмиз”.

Қуриб қолаёзган наъматак.
Қуриб қолаёзган наъматак.

Наманган тумани ирригация бўлими бошлиғи Нурилло Раҳматуллаев Озодлик билан суҳбатда бу йил сув танқис бўлганини айтар экан, лекин ўрмон хўжалигига лимитдаги сув етказиб берилаётганини айтди:

Бу йил сув умуман йўқ. Пахталар ҳам қуриб кетяпти.

“Туман бўйича энг кўп сув ичган шулар. Уларнинг ўрмон хўжалиги раҳбари билан муросаси қочиб қолган. Мен ўзим ўша ерда раҳбар бўлиб ишлаганман, лекин буларнинг бир-бирига муросаси йўқ экан. Бу йил сув умуман йўқ. Ҳар йили бизнинг сув омборда 16 миллион куб сув бўлиши керак эди, бу йил эса 11 миллион. Пахталар ҳам қуриб кетяпти. Лекин амаллашга ҳаракат қиляпмиз, Қирғизистондан оляпмиз, лекин узилиш жуда кўп бўляпти. Биздан таъминотда муаммо йўқ, уларнинг ўзларидан ичидан низо чиқиб турибди”.

Озодлик Нурилло Раҳматуллаевнинг бу гапидан сўнг яна боғбон Орифжон Холматов билан боғланди. Унинг айтишича, боғбонлар билан ўрмон хўжалиги раҳбари орасида ҳеч қандай низо йўқ:

“Нурилло Раҳматуллаев икки йил аввал ўрмон хўжалиги раҳбари эди. Кейин у ишдан кетиб ўрнига Хуршид бўлганидан сўнг уларнинг ўртасида зиддият бор. Шунинг учун сув хўжалиги ўрмон хўжалигига сувни қисяпти. Бизнинг Хуршид билан орамизда ҳеч қандай низо йўқ. Ўртада биз оддий боғбонлар куйиб қоляпмиз”.

Озодлик Абу Али ибн Сино номидаги ўрмон хўжалигининг Намангандаги бўлими бошлиғи Хуршид исмли мулозим билан боғланди. Аммо у Озодликнинг сув танқислиги ва дарахтларнинг қуриб қолаётгани ҳақидаги саволини эшитиш билан алоқани узиб қўйди.

Озодлик қурғоқчилик Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ва аҳоли турмушига қандай таъсир кўрсатаётгани борасида туркум лавҳаларни тайёрламоқда.

Қурғоқчилик сизнинг хўжалигингиз ва сиз яшаётган минтақага қандай таъсир қилмоқда? Бу ҳақдаги хабар, фото ва видеоларингизни Озодликка юборинг.

Биз билан боғланиш учун:

420 602 612 713 Telegram ёки @sizdan аккаунти

+420 724 971 539 - Telegram ёки @ozodnews аккаунти

uzbekweb@rferl.org

ozodlikmail@gmail.com

XS
SM
MD
LG