Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:09

Вакцина: 3 млн. доза буюртмага ҳануз жавоб йўқ. Хитой вакцинасини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш режаланмоқда, муддати номаълум


Хитойнинг Sinopharm кампанияси ишлаб чиққан Covid-19 га қарши вакцина, 3 февраль, 2021
Хитойнинг Sinopharm кампанияси ишлаб чиққан Covid-19 га қарши вакцина, 3 февраль, 2021

Ўзбекистонда Хитой вакцинасини ишлаб чиқариш тўғрисида музокаралар бормоқда, аммо, жараён қачон бошланиши ҳақида ҳозирча маълумот берилмаётир.

Фақатгина 3-босқич синовларида иштирок этгани учун Хитой томони Ўзбекистонга “ҳаммуаллиф” мақомини берди. Синовни ўтказаётган Инновацион ривожланиш вазирлигидан олинган маълумотга кўра, натижа майда тайёр бўлади, аммо эмлаш эртароқ бошланиши мумкин.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мамлакатда COVID-19га қарши эмлашни мартнинг биринчи ярмида бошлаш режалангани ва биринчи навбатда 4 миллиондан ортиқ одам эмланиши, бунга қўшимча 3 триллион сўм ажратилишини билдирган.

Аммо 23 февралга келиб, Озодлик боғланган бирорта масъул ташкилот, эмлаш қачон бошланади ва 4 миллион доза вакцина қаердан олиб келинади, деган саволларга аниқ жавоб беролмади.

22 февраль куни парламентдаги йиғилишда Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев дунёдаги 8 та вакцина ишлаб чиқарувчи ширкатга 3 миллион доза учун буюртма берилгани, бирортасидан ижобий жавоб олинмаганини тан олди.


Хитой ва Ўзбекистон “ҳаммуаллиф” вакцина синови тугамади

ZF-UZ-VAC 2001 - Хитой ва Ўзбекистон томони ҳаммуаллифлигида ишлаб чиқарилиши айтилган вакцина 3-босқич синовлари ҳануз давом этмоқда.

Хитой томони билан ҳамкорликдаги синовларга масъул Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот котиби Назокат Азимдан олинган маълумотга кўра, 3-босқич синовлари натижаси майда тайёр бўлиши кутилмоқда. Аммо, айни вакцина синовлари муваффақиятли кечаётгани боис, эмлаш жараёни эртароқ бошланиши мумкин.

22 февраль куни Инновацион ривожланиш вазирлиги расмийси бу вакцина коронавируснинг Буюк Британия ва Жанубий Африкада қайд этилган янги штаммига қарши Moderna вакцинасидан 6 марта самаралироқ, деб баёнот берди.

"Ўзбекистан 24" телеканалига интервью берган Инновацион ривожланиш вазири биринчи ўринбосари Шаҳло Турдиқуловага кўра, вакцина 3-босқич синовларида 97 фоиз самара кўрсатган, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қайта рўйхатдан ўтказилмоқда.

Назокат Азимдан олинган маълумотга кўра, фақат 3-босқич синовларидаги 6 ойлик ҳамкорлик учун Хитой томони “ҳаммуаллиф” деган мақомни тақдим қилган.

“Тадқиқот ишларида 6 ой иштирок этганимиз учун Хитой томони Ўзбекистонни “ҳаммуаллиф” деб тан олди. Айни кунларда бу вакцинани Ўзбекистонда ишлаб чиқариш бўйича музокаралар олиб бориляпти. Хитой томони талабларига жавоб берадиган лабораториялар, фармацевтика компаниялари бўлиши керак. Ҳали фалон жойда ишлаб чиқарилади, деган хулоса берилгани йўқ”, деди Назокат Азим.

Унга кўра, ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси нархи ҳақида ҳам ҳозирча маълумот берилмайди.

Биринчи бўлиб эмланадиганлар рўйхати қайта кўрилади

Ўзбекистонда эмлаш бошланиши расман айтилган муддат – март ойи келишига бир ҳафта қолганига қарамай, биринчи галда эмланадиганлар рўйхати ҳануз баҳс бўлмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 22 февраль кунги махсус йиғилишида аввал тақдим қилинган рўйхат қайта кўриб чиқилишини маълум қилди.

17 февраль куни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 15 февралдаги қарори билан, биринчи навбатда 2 тоифа шахслар – касалликни юқтириб олиш хавфи “жуда юқори” ва “юқори” бўлганлар эмланишини билдирган.

Юқтириб олиш хавфи жуда юқори бўлганлар:

  • 65 ёшдан катта бўлганлар (65-74, 75-84, 85 ёш ва ундан юқорилар),
  • тиббиёт ходимлари,
  • сурункали касалликлар билан диспансер назоратида турадиганлар.

Юқтириб олиш хавфи юқори бўлганлар:

  • Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари,
  • журналистлар, блогерлар, ОАВ ходимлари,
  • транспорт ходимлари (метро, темир йўл, аэропорт),
  • мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларда хизмат қилаётган ходимлар,
  • чет давлатларда таҳсил олувчи талабалар, меҳнат мигрантлари.

Олий Мажлисда ўтган йиғилишда бу рўйхатнинг нақадар “адолатли” экани муҳокама қилинди ва депутатлар унга “кекса ва нуронийлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож, яъни “Темир дафтар”га киритилганлар”ни ҳам қўшишни таклиф қилди.

4 миллиондан ортиқ одам бепул эмланади

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати берган маълумотга кўра, дастлабки рўйхатга бепул эмланиши кутлаётган 4 112 668 киши киритилган:

  • 65—74 ёшгача бўлган қариялар 1 085 797 нафар;
  • 75 ёшдан 84 ёшгача бўлган кексалар 388 686 нафар;
  • 85 ёш ва ундан юқори ёшдаги кексалар 139 280 нафар;
  • тиббиёт ходимлари 447 976 нафар;
  • сурункали касалликлари бор аҳоли (18−65 ёш) 888 190 нафар;
  • мактаб ўқитувчилари 689 383 нафар;
  • мактабгача таълим муассасаси ходимлари 223 426 нафар;
  • қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари 180 минг нафар.


3 миллион доза давлат буюртмасига ҳануз жавоб йўқ

Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев 22 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган парламент эшитувида 8 та хорижий ширкатга 3 миллион доза вакцина учун буюртма берилганини маълум қилди.

Расмий, мамлакат аҳолиси сонига тенг миқдорда – 34 миллиондан ортиқ дозада “вакцина ишлаб чиқарувчи йўқ”, бўлса ҳам уни Ўзбекистонга “етказиб берувчи йўқ” деди:

”Мана, ҳозир дунёда вакцина ишлаб чиқараётган асосий 8 та корхона бўлса, ҳукумат томонидан уларнинг ҳар бирига йўлланма берилган. “Уч миллион доза вакцина олиш ниятимиз бор. Шуни бизга етказиш муддати ва нархини бера оласизларми?” деган хатимизга бирортаси жавоб бера олгани йўқ. 50 фоизи “етказиб бера олмайман” деган фикрни ҳам айтиши мумкин”.


Йиғилишда айтилишича, дунёда 13 та фармацевтика компанияси ҳамда илмий-тадқиқот марказлари билан коронавирусга қарши вакцинани етказиб бериш бўйича музокара олиб борилмоқда. Аммо, айнан қайси кампаниялар билан музокара бораётгани ҳам ҳозирча очиқланмаётир.

Вакцина кимдан олинади ва қачон келади?

23 февраль куни Озодлик бу савол билан қатор масъул ташкилотлар, жумладан, Хитой вакцинаси синовини ўтказаётган Инновацион ривожланиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига боғланди.

Бу ташкилотлардан олинган расмий жавобга кўра, ҳозирча Буюк Британия, Ҳиндистон, Хитой, Россиядаги вакцина ишлаб чиқарувчилар билан музокаралар борилмоқда, музокаралар натижаси матбуотда эълон қилинади.

Расмий маълумотга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш ва вакцина учун яна 3 триллион сўм ажратиш режаланган.

Махсус комиссия қарори билан Ўзбекистонда Россиянинг “Спутник V” вакцинасини рўйхатга олиш ва ишлаб чиқаришни бошлашга рухсат берилган.

Россияда ишлаб чиқарила бошлаган “Спутник V” вакцинасига 2020 йил сентябрда 34 миллион доза учун буюртма берилгани ва шу билан Ўзбекистон аҳоли сонига тенг вакцинага буюртма берган давлатлардан бирига айлангани ҳақида баландпарвоз расмий баёнотлар берилган эди.

Аммо, бугунга келиб, расмийлар бу баёнотлару Россия вакцинасига берилган буюртма масаласини умуман тилга олмаётир. Озодлик боғланган давлат идоралари эса бу саволларни очиқ қолдирмоқда.

XS
SM
MD
LG