Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:51

"Шуми халқ билан мулоқот?"- вазир ўринбосари алданган фуқароларни "саводсиз"дегани учун танқид қилинди


Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов "Korean&Migrations" бандлик агентлигидан жабр кўрганлар билан учрашув чоғида - Тошкент, Мустақиллик майдони, 28 сентябрь, 2020
Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов "Korean&Migrations" бандлик агентлигидан жабр кўрганлар билан учрашув чоғида - Тошкент, Мустақиллик майдони, 28 сентябрь, 2020

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов "Korean&Migrations" хусусий бандлик агентлигига алданиб қолган фуқаролар билан учрашувда уларни "чаласаводлар" деб атагани акс этган видео ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг танқид ва ғазабларига сабаб бўлди.

Умрзоқовнинг видеодаги миллионлаб пул тўлаб қўйиб, хорижга ишга кетолмаган 100га яқин фуқаролар билан мулоқоти жорий йил сентябрида Мустақиллик майдонидаги норозилик чиқиши чоғида бўлиб ўтган.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакили 26 ноябрь куни Озодликка тармоқларда тарқалган видео юзасидан баёнот тайёрланаётганини маълум қилди, аммо ҳозиргача расмий изоҳ берилгани йўқ.

Видеода акс этган воқеа, унинг иштирокчиларига кўра, 28 сентябр куни Тошкентнинг Мустақиллик майдонида бўлиб ўтган.

Шу куни "Korean&Migrations"нинг Жанубий Кореяга ишга жўнатиш ҳақидаги ваъдаларига учиб, миллионлаб сўм тўлаб қўйган, лекин хорижга ишга кетолмаган юзга яқин одам пуллари қайтарилишини талаб қилиб Тошкент марказида тўпланганди.

Норозилар олдига чиққан Умрзоқов "юз фоиз қайтариш бўлмайди, давлатни пули йўқ ҳозир", - дейди.

Шу пайт оломон ичида бўлган эркаклардан бири "бизни айбимизми?" деб сўраганида, вазир ўринбосари "сизларни айбларинг, чаласаводликларнинг учун", деб жавоб қилади.

Баҳодир Умрзоқов "Korean&Migrations" хусусий бандлик агентлигига ҳар бир фуқаро тўлаган 27 миллион сўм инфляция ҳисобга олинган холда қайтарилиши, лекин долларда тўланган қўшимча 1,5 минг долларлик маблағлар "пора сифатида малакаланиши ва бу пуллар қайтарилмаслиги"ни таъкидлайди.

"Пора бергансизлар, сен ҳам бергансан. Бу пулларинг берилмайди. Сизлар алдангансизлар. Пул беришдан олдин шартномани ўқиб чиқишларинг керак эди", - дейди вазир ўринбосари.

"Нега тўрт марта қамалган одамга лицензия бердиларинг?", деган саволни эса, Баҳодир Умрзоқов жавобсиз қолдирди.

Самарқанднинг Ургут туманидан бўлган Нодир Жўраевнинг Озодликка айтишича, Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазири муовини билан сентябрь ойи охирида ўтган учрашувдан олдин улар айни масалада президент қабулхонасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасига арз қилиб боришган, лекин уларни ҳеч ким эшитмаган.

"Ҳаммаси бир гапни айтади, ўзимиз айбдор эканмиз. Лекин, бу иш бўйича жиноят иши очилган, биз жабрланувчи сифатида ўтганмиз, иш очилганига бир йил тўляпти, ҳали пулимизни қайтариб беришгани йўқ", - дейди Жўраев.

"Korean&Migration" чув туширганлар пулларини қайтариб олиш учун президентдан ëрдам сўради
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:28 0:00

"Ўлганнинг устига тепган"

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқовнинг ҳусусий бандлик агентлигидан жабр кўрганларга қилган муомаласи интернет фойдаланувчиларини ҳайрат ва ғазабга солди.

Facebook тармоғида қўйилган видео остида 700дан ортиқ изоҳ қолдирилган. Уларнинг аксари танқидий:

"Ўлганнинг устига тепгандай, бир қўли чўнтакда, яна дўқ қилади. Вазир ўринбосари эмиш, осмонку бу. Шуми халқ билан мулоқот? Халқ билан гаплашганда қўлни кўксингга қўйиб гапир, халқни ота дегин. Эгнингдаги костюминг ва галстугинг шу халқни налогидан", - деб изоҳ қолдирган Акобир Сориев исмли фойдаланувчи.

Тармоқнинг бошқа фойдаланувчилари эса вазир ўринбосарининг халқ олдига ниқобсиз чиққанига эътибор қаратишган.

"Ҳамма ниқобда турибди, фақат вазир ўринбосари ниқобсиз. Ҳаммага тааллуқли талаб тепадагиларга тегишли эмасми? Яна саводсизлар, дейди. Ўзини ақллиман, деб ўйлаяптими. Аслида бу шармандалик, яна битта қовун", - деб изоҳ қолдирган Дилором Муҳаммеджанова исмли фойдаланувчи.

Озодлик ижтимоий тармоқда тарқалган видео ва унга билдирилаётган танқидлар юзасидан изоҳ олиш учун Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқовнинг вазирлик сайтида келтирилган телефон рақамига қўнғироқ қилди.

Телефонни кўтарган ёрдамчиси вазирлик матбуот хизматидагилар Озодликка боғланиб, изоҳ беришларини ваъда қилди, лекин 27 ноябр иш куни охиригача расмийлардан жавоб бўлмади.

Бир кун аввал вазирлик мулозими Озодлик сўровига жавобан айни видео юзасидан баёнот тайёрланаётганини маълум қилган эди. Аммо расмий баёнот ҳозиргача эълон қилинмади.

Пуллар ҳалигача қайтарилмаган

​Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан бўлган арзчилар Озодлик билан суҳбатда "Korean&Migrations" хусусий бандлик агентлиги хорижга ишга юбориш ваъдаси билан уларнинг ҳар биридан 32 миллион 400 минг сўмга қадар ҳақ олган, аммо шартномада кўрсатилган муддат якунига етса ҳам, ҳеч ким ишга юборилмаган.

Самарқанднинг Ургут туманидан бўлган Нодир Жўраевнинг Озодликка айтишича, маблағлари шу вақтгача қайтариб берилмаяпти.

"Биз "Korean&Migrations" агентлигига Меҳнат вазирлиги лицензия бергани учун ишонгандик. Лицензияси бор, ҳар ҳолда алдамас, деб ҳар биримиз 32 миллион 400 минг сўм, ўша пайтда бу 3 ярим минг АҚШ долларига тўғри келган, шу пулни тўлаганмиз. Қарз олганлар бор. Квитанциялари сақланиб турибди. Ҳали бир тийин қайтарилгани йўқ. Вазир муовини бизни саводсизга чиқаряпти. Биз саводсиз бўлсак, нега вазирлик лицензия берган, нега лицензия берган агентлик ишини назорат қилиб бормаган? , - дейди Жўраев.

“Korean and Migrations” иши бўйича жиноят иши бир йил олдин очилган ва шу йилнинг сентябр ойида ҳукм ўқиб бўлинган эса-да, ҳозиргача жабрланувчиларнинг пули қайтарилмаган.

Шу йилнинг сентябр ойида Тошкентнинг жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида агентлик мансабдор шахслари ва воситачилари устидан ҳукм ўқилди.

Агентлик директори Қаҳрамон Отақулов ва агентликнинг Наманган вилоят филиали директори Одил Кабилов 9 йилга, агентлик таъсисчиси Хушвақт Турдиев ва агентликнинг ўқув ишлари бўлими директори Мусурмон Алиқулов эса 8 йилу 3 ойга қамалди.

79.1 миллиард сўмни ким қайтаради?

27 ноябрь куни хусусий бандлик агентликлари фаолияти билан боғлиқ масалада АОКАда ташкил этилган матбуот анжуманида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Муҳаммадзокир Маматхонов алданган фуқароларнинг пулини қайтариш билан боғлиқ саволларга жавоб берди.

Маматхонов хусусий бандлик агентликларидан жабр кўрган фуқароларнинг пулларини ундириш бўйича суд ҳукми эълон қилинганидан сўнг ҳукм ижроси Мажбурий ижро бюроси зиммасига юклатилишини айтди.

"Ваколатли орган — МИБ ҳисобланади. МИБ томонидан тегишли бандлик агентлиги ҳисоб-рақамидаги мавжуд маблағлар, мол-мулклари сотувга қўйилади. Бу пулларни жамлаган ҳолда, мутаносиб равишда жабрланган ҳар бир фуқарога пулларини қайтариш чоралари кўрилади", - деди Маматхонов.

Матбуот анжуманида билдирилишича, Ўзбекистонда 9 мингдан ортиқ фуқаро ҳусусий бандлик агентликларига алданган, улардан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилган маблағлар 79 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этади.

Сўнгги уч йил давомида вазирлик реестридан 104та ҳусусий агентлик рўйхатдан ўтган бўлиб, шулардан 75тасига хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни ишга жойлаштириш бўйича лицензия берилган.

Шу агентликлардан 55тасининг лицензияси бекор қилиниб, ҳозирги кунда 20таси фаолиятини давом эттирмоқда.

11 та ҳусусий бандлик агентлигининг 51 нафар раҳбар ва масъул ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

"Korean&Migrations" 2400 одамни чув туширган

"Korean&Migrations" хусусий бандлик агентлиги иши бўйича тергов ҳужжатлари билан танишиб чиққан Тошкентдаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташановга кўра, агентликдан зарар кўрганлар 2400га яқин. Жабрланувчилар кўрган умумий зарар миқдори эса қарийб 25 миллиард сўмни ташкил этмоқда.

- 2400га яқин одамдан бандлик агентлиги 25 миллиард сўмга яқин пул олган, лекин улар ишга ҳам юборилмаган, пуллар қайтарилмаган. Ширкат раҳбарларидан бири Жанубий Корея фуқароси, пулларни четга чиқариб юборган, деган тахмин бор. Агар четга чиқариб юборилгани тасдиқланса, уларни қайтариш анча йилга чўзилиши мумкин", - дейди Ташанов.

Ҳусусий агентликнинг Жанубий Кореяга ишга жўнатиш ҳақидаги ваъдаларига ишониб, миллионлаб сўм тўлаб қўйган, лекин хорижга ишга кетолмаган 100га яқин одам 28 сентябрь куни Тошкентнинг Мустақиллик майдонига тўпланган эди.

Ўшанда норозиларга куч қўллангани ва майдондан ҳайдалгани ҳақида Озодлик хабар берган.

"Korean & Migration" Ўзбекистонда фаолияти юзасидан жиноят иши очилган ягона хусусий бандлик агенти эмас.

Германия, Чехия, Польша, Туркия каби мамлакатларга ишга юбориш ваъдаси билан фуқаролардан бир неча ўн миллион сўмдан пул олган Human, International Job Organization, Trust Vision каби хусусий бандлик агентликлари ҳам қаллоблик айблари билан жиноий тергов ва маҳкамага тортилган.

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистондаги ишсизлик ва меҳнат миграциясининг ҳануз тартибга солинмагани мамлакат ичкариси ва ташқарисида иш излаётган минглаб фуқароларни қаллоблик қурбонига айлантирмоқда.

XS
SM
MD
LG