Линклар

Шошилинч хабар
22 феврал 2025, Тошкент вақти: 00:02

"Қон ва тижорат". "Вагнер"нинг Марказий Африкадаги ваҳшийликлари


Марказий Африка Республикаси.
Марказий Африка Республикаси.

Марказий Африка Республикаси, 2023 йил 17 январь. 35 ёшли Приват Дамабакизи хотини Нелли билан бирга фермасида ишлаётганида укаси Элвин қўнғироқ қилиб, уйларига ҳарбий кийимли қуролланган одамлар келганини хабар қилади. Бамабакизилар уйи фермадан 7 километр масофада жойлашган Буаре шаҳрида эди.

Элвин “Озодлик” билан интервьюда уларни “балаклава кийган оқ танли эркаклар” деб эслади. Мамлакатнинг асосий тили бўлмиш французчани бузиб гапиришган. Улар руслар эди, Приват Дамабакизини излаб келишганди. “Мен алағда бўлдим, акамга қўнғироқ қилиб, нима иш қилгансанки руслар сени қидириб юрибди деб сўрадим. Улар жуда ёмон одамлар”, дейди Элвин.

Приват Элвинга хавотир олмасликни ва ҳозироқ уйга боришини айтади. Элвин эса унга полицияга мурожаат қилишни маслаҳат беради.

Бир қанча вақт ўтиб Приват уйга келади, ҳарбий уст-бошли одамлар уни дарҳол ушлаб, автомат қўндоғи билан ура-ура ўзлари келган юк машинасига ирғитадилар. Элвиннинг сўзларига кўра, эртасига маҳаллий идораларга тинимсиз қўнғироқ қилаверишгач, прокурор Приватнинг “гуноҳи”ни айтишади: у россиялик ёлланма аскарларнинг ҳарбий базасидан ўғирланган қандайдир буюм (муҳтамалан, радиоприёмник)ни сотиб олган экан.

Элвин билан Нелли шу-шу Приватни кўришмади. Уни ўлдиришган, қийнаб ўлдиришган, деб ўйлашади. Аммо жасади қаердалигини билишмайди.

Хавфли хавфсизлик хизмати

Табиий ресурсларга бой, этник можаролар, қашшоқлик ва ялпи коррупциядан абгор аҳволга келган Марказий Африка Республикаси (МАР) аллақачон ноқис давлат рамзига айланган. У, шунингдек, хатарли сиёсий тажриба учун лаборатория ҳам бўлди: бутун бир давлат хусусий ширкат томонидан босиб олинди.

Бу ширкат – 10 йил муқаддам Евгений Пригожин тузган, Россиянинг энг қудратли жанговар кучларидан бирига айланган, Сурияда, Ливияда ва айниқса Украинада ҳарбий амалиётлар авангарди бўлган “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкатидир. Пригожин ХҲШга параллел тарзда бизнес тузилмалар ҳам ташкил қилдики, улар вақти келиб Россия мактабларига тушлик овқатлар етказиб беришдан тортиб Африкада ноёб ёғочлар савдосигача – турфа фаолият соҳаларига бош суқди.

“Вагнер” ХҲШ Пригожин 2023 йилнинг августида авиаҳалокатда ўлганидан бери расман тугатилган дейилади. Ширкатнинг қуролли тузилмалари бўлиб ташланиб, Россия Мудофаа вазирлиги ва бошқа ташкилотлар таркибига қўшилган. Бироқ Пригожиннинг сердаромад бизнеси деярли сақланиб қолди, айниқса МАРда ширкат олмос ва олтин қазиб олиш, ёғоч тайёрлаш, қурол тижорати ва бошқа манбалардан юз миллионлаб доллар фойда кўради.

2018 йилдан бошлаб “Вагнер” ХҲШ мамлакат президенти Фостен-Аршанжа Туадернинг шахсий хавфсизлик хизмати вазифасини бажармоқда, айни чоғда унинг ҳукуматини дастаклаб келади.

Бу орада “Вагнер” ХҲШнинг МАРдаги ворис бўлинмалари ҳеч қандай қонунга риоя қилмайдиган ва жинояти учун жазоланишдан ҳайиқмайдиган ҳарбий полицияга айланди. “Вагнерчилар” президент Туадер ва аъёнларининг криминал режимини қўллаб-қувватлаш орқали давлатни босиб олиш режасини амалга оширди, мамлакатнинг табиий бойликларига шерик бўлиб ўз ҳарбий қудратини оширди, аҳолисини террор йўли билан талаш ва бўйсундириш билан шуғулланди”, дейилади АҚШдаги The Sentry ноҳукумат тадқиқот ташкилотининг 2023 йилги ҳисоботида. Рус ёлланма аскарларидан жабр кўрганлар бу бўлинма тинч аҳолини даҳшат солишини тасдиқлашлари мумкин.

МАР пойтахти Банга шаҳридан икки соатлик йўлда жойлашган қишлоқда яшовчи Адам “рус тилида гаплашувчи ниқобли оқ йигитлар” унинг дўконини талон-торож қилишганини сўзлаб берди. “Пойтахтдан сал узоқроқда жуда кўп одам жабр кўряпти, афтидан, катталар буни билмаса керак. Улар менга қилган ёмонлигини турли жойларда кўплаб одамларга ҳам қилишган”, дейди суҳбатдошимиз.

Украина урушида Россия томонида жанг қилган ўзбекистонлик собиқ маҳбус билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:32 0:00

Тийиқсиз бераҳмлик

2018 йили, “Вагнер” ХҲШ мамлакатга қадам босганида унинг расмий мақсади “Туадер ҳукумати хавфсизлик кучларини ўқитиш ва тайёрлаш” эди. “Вагнерчилар” Sewa Security Services номли ширкатни ташкил қилишди, собиқ ёлланма аскарлардан иборат йирикроқ кучлар кейинчалик “Африка корпуси” номи билан Россия Мудофаа вазирлиги таркибига кирди.

Айрим баҳоларга кўра, фаолияти “энг гуллаган” даврда МАРда “Вагнер” ХҲШнинг 2300 нафаргача жангчиси бўлган. Ўтган йили сентябрда президент Туадер ширкатнинг штурмчи гуруҳи собиқ командирини ўзига хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси қилиб олди.

Айримлар диний ва этник низолар ортидан бошланган кўпйиллик можаро ва МАР бойликлари учун кураш жиловланганини Россия ҳарбийларининг хизмати деб билади. Бироқ сўнгги йилларда фаоллар, журналистлар ва экспертлар “Вагнер” ХҲШ аскарлари қўл урган қотилликлар, қийноқлар, жинсий тажовузлар ва талончиликларга оид бир дунё далил тўпладилар.

Дунёдаги зўравонлик ҳодисаларини қайд этиб борувчи Armed Conflict Location & Event Data нотижорат ташкилоти (АҚШ) маълумотига кўра, рус ёлланма жангчилари 2018–2024 йилларда 100 дан ортиқ тўқнашувда иштирок этиб, тинч аҳолига нисбатан 360 дан зиёд зўравонлик актини содир этган. Бу воқеаларда камида 786 киши нобуд бўлган.

2021 йилда исёнчи гуруҳлар коалицияси президент Туадерни ағдариб ташламоқчи бўлади. “Вагнерчилар” ўшанда ҳукумат кучларига катта ёрдам берган эди. Шундан сўнг Россиянинг МАРдаги элчиси Владимир Титоренко “барча исёнчилар ва бандитлар битта қолмай қириб ташлангунича рус аскарлари мамлакатда қолиши”ни айтган.

Human Rights Watch 2022 йилги ҳисоботида 2019–2021 йилларда “оқ танли, русча гапирадиган одамлар”нинг жиноятларидан жабрланган 30 дан ортиқ кишининг ҳикояларини келтирган эди.

Ширкатнинг МАР ва бошқа мамлакатлардаги фаолиятини ўрганган БМТ ишчи гуруҳи бир қанча гувоҳ рус зобитлари аёллар, эркаклар ва қизларни жинсий зўрлагани ҳақида ифода берганини маълум қилган. “Кўплаб жабрдийдалар улардан қўрққани учун ҳукумат идораларига шикоят қилишмайди”, дея урғулаганди гуруҳ.

БМТ мониторинг гуруҳига кўра, “вагнерчилар” кенг қўллайдиган қийноқ усулларидан бири бу одамнинг таносил аъзоларига сим улаб, электр токи билан қийнашдир.

“Россия кучлари хавфсизликни яхшилашдаги хизматларини инсон ҳақларини поймол этиш билан чиппакка чиқармоқда”, деган эди БМТ мулозими Яо Агбетсе 2022 йилнинг августида эълон қилинган ҳисоботида. Юзлаб гувоҳларнинг ифодалари рус ҳарбийларининг “тийиқсиз раҳмсизлиги”дан далолат бераётир.

“Сизлар билан гаплашяпману бу гаплар уларга етиб боришини ўйлаб ваҳимага тушяпман, – дейди ўтган йилнинг ноябрида “Озодлик”ка интервью берган Элвин Дамабакизи. – Эрта ёки индин бошимга нималар келишини билмайман”.

2024 йил 9 август тонггида Адам яшайдиган Мбайки қишлоғига иккита пикап ва бир нечта мотоциклда ҳукумат ҳарбийлари келиб, эркакларнинг ҳужжатларини текширишга киришади, Адамни ва яна бир неча кишини қурол сақлашда гумон қилиб урадилар. Улар билан изма-из етиб келган “баданига суратлар чизиб олган, рус тилида сўзлашувчи оқ йигитлар” эса талончиликни бошлаб юборадилар. Адамнинг дўконидаги барча молларни олиб чиқиб, машинага ортадилар. “Пойафзал, чодирлар, электр плиталар, гуруч, ёғ ва бошқа егуликлар бор эди. Шип-шийдам қилиб ҳаммасини тортиб олишди”, дейди Адам.

Сўнгра колонна қўшни қишлоққа йўл олади ва у ерда ҳам талон ва зўравонликни давом эттиради. Адамга кўра, ўша қишлоқлик амакиваччаси қочишга уринганида тутиб олиб, ярадор ҳолида машинага ортишади. Аммо кейин қишлоқдан чиқишда бўғзига пичоқ тортиб, дарахтга осиб кетадилар. “Катта йўл яқинида уни ўлдириб, жасадини дарахтга осиб қўйишган экан”, дейди суҳбатдошимиз.

Пригожиннинг учоғи ҳалокатга учради
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:57 0:00

“Додимни кимга айтай?”

Банги шаҳридан шимолда жойлашган Сибуте қишлоғи турғуни бўлмиш Игор Нгаиссе исмли суҳбатдошимиз эса 2020 йил декабрда рус аскарлари исёнчилар билан отишма чоғида унинг холаси Албертинани ўлдиришганини сўзлаб берди. Ўша воқеадан сўнг маҳаллий полиция комиссаридан ёрдам сўраганида комиссар уни юқори мартабали рус зобити билан учраштирибди. Зобит эса Нгаиссега товон сифатида 5000 МАР франки (тахминан 8 доллар) таклиф қилибди. Нгаиссе буни ҳақорат билиб, рад қилибди. “Додимни кимга айтай? Менга қулоқ соладиган ким бор? Бу мамлакатда бўлаётган ишларни тушунмаяпман”, дейди у.

“Вагнерчилар”нинг инсон ҳуқуқларини поймол қилишидан жабр кўраётганлар сони ўсишда давом этмоқда. Афсуски, бу борада мувофиқлаштирилган суриштирувлар ва самарали жавобгарлик чоралари йўқ”, дейди БМТнинг ёлланган жангчилар бўйича ишчи гуруҳи раҳбари Елена Апарац.

МАРда руслар ўта аёвсиз қўрқитиш тактикаси билан шуҳрат қозонганлар, улар ҳатто ўзларининг шу ерлик шогирдларини ҳам аямай жазолашади. Бунга ҳукумат қўшинлари хизматига кириб, “вагнерчилар” қўлида таълим олган “Антибалака” номли бўлинма қўмондони Хосе Бефио тақдири ёрқин мисол бўла олади.

БМТ кузатувчилари фикрича, бир қанча зўравонлик жиноятларига алоқадор бўлган Бефио кейинчалик ҳукумат ва унинг рус иттифоқчиларини қўллаб-қувватлашдан бош тортади. Тоғаси Бачира Итуманжига кўра, Хосе рус ёлланма аскарларининг айрим жиноятларига қарши чиққан экан.

2024 йил 23 июл тунида руслар Бефио ва унинг ёрдамчисини уйидан ўғирлаб кетадилар. Тоғаси уларнинг жасадларини эртасига ўша атрофдаги эски фабрикадан топади: иккисининг ҳам калласи кесиб олиниб, бир-бирининг қўлига тутқазиб қўйилган ҳолатда эди... Жасадларнинг суратлари бутун мамлакатга тарқалади. БМТ кузатув мисияси ҳам ушбу ҳолатни қайд этган.

Фабрика теварагида яшовчи аҳоли бу русларнинг иши эканини тасдиқлайди. Итуманжи айтишича, руслар Бефионинг уч ёш боласини ҳам ўғирлаб кетиб, бир неча кун сақлаганлар. Болалар оиласига қайтарилганида эса учовининг ҳам тишлари қоқиб олинган эди...

“Улар террордан қурол ўлароқ фойдаланишади, чунки бутун ҳудудни, барча аҳолини назоратда сақлашга кучлари етмайди. Шу боис одамларни бўйсундириш ва ҳукумат учун чақимчилик қилишга мажбур этиш мақсадида қўрқув уйғотиш усулларини кенг қўллашади”, дейди Халқаро инқироз гуруҳи ҳамда Белгия таҳлил маркази эксперти Шарл Буссел.

Унинг айтишича, Бефио ва ёрдамчисининг бошсиз жасадлари атай суратга олиниб, тарқатилган. “Бу бошқа дала командирларига мужда эди. Қаранглар, “Вагнер” ХҲШга берган ваъдасини унутганлар мана шу кўйга тушади, дея уларни огоҳлантиришди”, дейди Буссел.

Ҳуқуқ фаоллари ва БМТ вакиллари томонидан йиғилган кўпдан-кўп далилларга қарамай, Россиянинг Москва ҳамда Бангадаги расмийлари “вагнерчилар” мамлакатда жиноятлар содир этаётганини инкор этишмоқда. “Россия ҳарбий маслаҳатчилари қотилликлар ва талон-торожда иштирок этишмаган, бундай бўлиши мумкин эмас. Бу навбатдаги ёлғон”, деган эди Кремлнинг матбуот котиби Дмитрий Песков БМТнинг 2021 йилги ҳисоботига жавобан.

Вагнерчи муҳожирлар қабристони. Яна икки нафар ўзбекнинг урушда ўлгани хабари чиқди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:57 0:00

“Озодлик” рус ҳарбийларининг жиноятларига доир хабарлар юзасидан изоҳ сўраб МАР Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилди, аммо жавоб ололмади. Президент Туадер офиси вакили ҳам жавоб беришдан бош тортди, фақат “Россия билан ҳамкорлик аъло даражада ривожланаётгани ва Марказий Африка Республикасини дунёга ёмон отлиқ қилиб кўрсатишни истовчи Ғарб бундан безовта бўлаётгани”ни айтди, холос.

Россия МАРдан ҳарбий кучларини ҳали-бери олиб кетадиганга ўхшамайди. Аксинча, Туадер маъмурияти алоқаларни янада чуқурлаштиришга интилмоқда. Ўтган ой МАР президенти Москвага борганида унга иззат-икром кўрсатишди – пойига қизил гилам тўшалди, Кремл девори тагида унинг учун фахрий қоровул паради ўтказилди.

Бу воқеадан бир ой аввал эса МАР пойтахти Бангада Евгений Пригожин ва 2023 йил августда у билан авиаҳалокатда ўлган Дмитрий Уткин (ХҲШнинг биринчи командири, “Вагнер” аслида унинг жанговар лақаби бўлган)нинг янги ҳайкаллари пайдо бўлди.

Форум

XS
SM
MD
LG