Вашингтон АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг лавозимга киришиши − инаугурация маросимига ҳозирланмоқда. Мазкур маросим анъанага мувофиқ равишда 20 январь куни Вашингтон вақти билан соат 12:00 да (Тошкент вақти билан соат 22:00 да) бўлиб ўтади.
АҚШнинг 45-президенти бўлган ва эндиликда 47-президентига айланадиган Трамп аввалроқ мамлакат пойтахтига етиб келган. Якшанба куни у Республикачилар партиясидан бўлган сенаторлар билан нонушта қилган, кейин эса Арлингтон миллий қабристонида гулчамбар қўйиш маросимида иштирок этган. Мазкур маросимда Трампнинг оила аъзолари, сайланган вице-президент Жей Ди Вэнс ва янги маъмурият аъзолари қатнашишган.
19 январь куни АҚШ пойтахтида Дональд Трамп тарафдорларининг митинги бўлиб ўтган. Айни пайтда шу куни Вашингтон ва бошқа шаҳарларда Трампга қарши бўлганлар ҳам митинглар уюштиришган. Улар аборт ҳуқуқини дастаклаб чиқишлар қилишган, Трампнинг иқлим ўзгариши ва иммиграция муаммоларига оид қарашларини танқид қилишган.
“Америка овози” рус хизматининг қайдича, кечаги норозилик чиқишлари Трамп илк бор президентлик лавозимига киришган 2017 йилдаги митингларчалик кенг кўламли бўлган эмас. Ўша пайтда Вашингтондаги “Аёллар маршига 100 мингдан зиёд одам йиғилган эди, бу сафар эса акцияда бир неча минг киши қатнашган, холос.
АҚШнинг 47-президентини қасамёдга келтириш маросими ёпиқ жойда − Капитолий Ротондасида (бино қуббаси остидаги жой) ўтказилади. Инаугурацион нутқини ҳам Трамп шу жойда ирод қилади. Одатдан ташқари бу иш АҚШ тарихида илк бор кузатилаётгани йўқ − 40 йил аввал президент Рональд Рейган ҳам иккинчи муддати олдидан ёпиқ бинода қасамёдга келтирилган.
Трамп маросим жойининг ўзгартирилишини об-ҳавонинг ўта совуқлиги билан изоҳлаган. Тахминларга кўра, душанба куни Трамп қасамёди чоғида Вашингтонда ҳаво ҳарорати - 7 даражада совуқ бўлади, бироқ шамол туфайли бу совуқ янада кучлироқ ҳис этилади, дея қайд этган “Америка овози”.
Трампга кўра, унинг тарафдорлари маросимни 20 минг киши сиғадиган Capital One Arena’даги экранлардан кузатиб боришлари мумкин. Инаугурациядан кейинги анъанавий парад ҳам ўша жойда ўтказилади. Айни пайтда инаугурация маросимини томоша қилиш учун Вашингтонга Трампнинг 200 мингдан зиёд тарафдори келгани айтилмоқда.
Инаугурация маросимида қатор давлат раҳбарлари иштирок этиши кутиляпти. Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, Трамп маросимга Хитой раҳбари Си Цзиньпинни ҳам чақирган, бироқ маросимда ХХРни Сининг ўринбосари Хань Чжэн тамсил этади. Бу аввалда кўрилмаган ҳолат, чунки олдинлари инаугурация маросимида фақат хитойлик элчилар иштирок этарди. АҚШ президентини қасамёдга келтириш маросимида Россиядан ҳеч бир юқори лавозимли мулозим иштирок этмайди.
Республикачилар партияси номзоди бўлган Дональд Трамп ўтган йилнинг 5 ноябрида бўлиб ўтган сайловда демократлар номзоди Камала Ҳаррис устидан ғалаба қозонган. 78 ёшли Трамп лавозимга киришган пайтда АҚШнинг энг ёши катта президентига айланади. Амалдаги президент Жо Байден ҳам лавозимга киришган пайтда 78 ёшда бўлган, бироқ у ноябрь ойида туғилган, Трамп эса июнь ойида дунёга келган.
Форум