WhatsApp мессенжеридан фойдаланиш шартларининг янгиланиши миллионлаб фойдаланувчиларни Telegram ва Signal каби муқобил хизматларга ўтиб кетишига сабаб бўлди, деб ёзмоқда The Guardian нашри.
Буюк Британия парламентининг ички ишлар қўмитаси маълумотига кўра, январнинг дастлабки уч ҳафтасида Signal фойдаланувчилари сони 7,5 миллионга кўпайган, Telegram мессенжерига эса 25 миллион нафарга яқин фойдаланувчи қўшилган. Бу икки мессенжерлардаги ўсиш WhatsApp фойдаланувчиларининг эвазига бўлган, деб таъкидлайди нашр.
Хизматдаги янгиланиш тизимга ёзишмаларни ўқиш ҳамда шахсий маълумотларни WhatsApp мессенжерига эгалик қилувчи Facebook корпорациясига узатишга рухсат беради. Гап геолокация ҳамда Facebook'ка тегишли иловаларни юклангани ва ўчирилгани борасидаги маълумотларни узатиш ҳақида кетяпти. WhatsApp 8 февралда кучга кириши керак бўлган ушбу янгиланган шартларни кейинга қолдиришга мажбур бўлди.
“Фойдаланиш шартларининг янгиланиши сизнинг маълумотларингизнинг дахлсизлигига ҳеч қандай таъсир қилмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтамиз”, дейилади компания баёнотида.