Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:52

Хитой Коммунистик партияси ташкил этилганига 100 йил тўлди


1 июль куни Хитойда ҳукмрон Коммунистик партиянинг 100 йиллик юбилейи нишонланди. Пекин партия бир асрга тўлган кунда Хитойнинг жаҳон миқёсида ўсиб бораётган таъсирини ҳамда мамлакат ичидаги иқтисодий ва сиёсий ғалабаларни олқишлади.

Хитой Халқ Республикаси президент Си Цзиньпин Тяньаньмэнь майдонида тўпланган оломон олдида нутқ сўзлади. Хитой раҳбари партия мамлакатни қашшоқликдан қутқарганини таъкидлади ва Хитойнинг ҳарбий ва сиёсий фаоллигини кенгайтиришга ваъда қилди.

“Ўзини биздан ахлоқий жиҳатдан устун кўрадиганлар ва бизга ақл ўргатиш ҳуқуқига эгаман, деб ҳисоблайдиганлар ваъзини қабул қилмаймиз”, деди Хитой раҳбари.

“Биз ҳеч қачон бошқа бирор мамлакат халқини безовта қилмаганмиз, эзмаганмиз ёки бўйсундирмаганмиз ва бундай қилмаймиз ҳам”, дея сўзини давом эттирди Си.

“Худди шу тамойилга биноан, биз ҳеч қачон ҳеч ким [Хитойга] зўравонлик қилишига, зулм ўтказишига ёки бўйсундиришига йўл қўймаймиз. Ким бунга уриниб кўрса, 1,4 миллиард одам қурган темир деворга дучор бўлади”.

Хитой раҳбарининг гулдурос қарсаклар билан кутиб олинган нутқи Пекин дунё ишларида қатъийроқ ва каттароқ роль ўйнай бошлаган ҳамда мамлакатда миллатчилик руҳи авж олаётган бир паллага тўғри келди.

Сўнгги 40 йил ичида Хитойда турмуш даражаси сезиларли даражада яхшиланди ва мамлакатнинг халқаро молиявий ва сиёсий таъсири ошди.

Бунга қарамасдан, таҳлилчилар кўплаб давлатлар Хитойнинг юксалишидан фойда кўраётган бўлса-да, Пекиннинг иқтисодий таъсири остида бўлган мамлакатларда демократия ва инсон ҳуқуқлари емирилаётганига ишонадилар.

Уларнинг таъкидлашича, ушбу тенденция Хитой Коммунистик партиясининг мамлакат ичидаги ва чет элдаги обрўси ўртасида тобора ошиб бораётган тафовутдан далолат беради.

“Хитой дипломатиясида ички сиёсат ҳар доим биринчи ўринда туради ва Пекиннинг сўнгги бир неча йил ичидаги фаолияти ана шу ички аудиторияга қаратилган”, деди “Хитойнинг фуқаролик армияси” китоби муаллифи Питер Мартин Озодликка берган интервьюсида.

“Аксар ҳукуматлар Хитой ўз моделини бутун дунё бўйлаб тарқатишга уринишидан хавотирда, шунинг учун халқаро миқёсда [Коммунистик партия] раҳбарлигидаги Пекин бўйича 1970 йиллардан бери кузатилмаган даражада хавотир юзага келган”.

Дунёнинг аксарият қисми Хитойда тарқала бошлаган COVID-19 пандемияси билан курашар экан, Пекин ўзининг геосиёсий таъсирини кучайтиришга киришди. Натижада дунёнинг айрим қисмларида Хитой таъсири янада кучайди, Пекиннинг айрим мамлакатлар билан муносабатлари ёмонлашди.

Пью тадқиқот маркази 30 июнь куни Шимолий Америка, Европа, Осиё ва Тинч океанидаги 17 ривожланган мамлакатда ўтказган сўров натижаларига кўра, аксарият мамлакатлар Хитой ҳақида салбий қарашга эга.

Сўнгги бир йил ичида Хитой Австралия билан савдо можаросини бошлади, Ҳиндистон билан чегарада ҳарбий тўқнашувни бошдан кечирди, баҳсли Жанубий Хитой денгизининг айрим қисмларини ўз назорати остига олди.

Хитой Шинжон вилоятида бир миллион ёки ундан ҳам кўп уйғур, қозоқ ва бошқа мусулмон халқлар вакилларини концентрация лагерларида сақлаётгани Пекиннинг кўплаб бошқа мамлакат билан муносабатларига салбий таъсир кўрсатди.

Пекиннинг Марказий Осиё ҳукуматлари билан алоқаси мустаҳкам бўлиб қолаётган бўлса-да, Шинжондаги лагерлар қўшни давлатлар билан зиддиятни кучайтирди ва маҳаллий аҳоли орасида Хитойга нисбатан салбий қарашларни келтириб чиқарди. Масалан, Қозоғистонда Хитой тузумига қарши норозилик акциялари бўлиб ўтди.

Айни пайтда АҚШ ҳукумати ва қатор Ғарб парламентлари Хитойнинг Шинжондаги ҳаракатларини геноцид деб баҳолади.

Шинжондаги ҳуқуқбузарликлар туфайли Европа Иттифоқи Хитойга қарши санкция жорий қилди. Пекин ҳам бунга жавобан ўз санкцияларини киритди ва натижада май ойида Брюссель ва Пекин ўртасида имзоланган йирик сармоявий битим музлатиб қўйилди.

Хитойнинг шу номли миллатчи фильмлар франшизасидан олинган “Бўри жангчи” дипломатияси кўплаб Ғарб мамлакатлари қаршилигига учраб келади. Европа бўйлаб Хитой билан бир неча дипломатик можаро содир бўлди.

COVID-19 вакциналарини ҳадя қилиш ва имтиёзли нархда сотиш орқали олиб бораётган “вакцина дипломатияси” Хитойга ўз таъсирини кенгайтириш ва сиёсий манфаатларини кўзлаш учун қўшимча замин яратгани айтилмоқда.

24 июнь куни Ғарб дипломатлари Пекинни Украинага босим ўтказишда айблади. Уларнинг сўзларига кўра, Пекин Киевни Шинжонда кўпроқ текширув ўтказиш чақириқларини қўлламасликка ундаган, акс ҳолда ваъда қилинган вакциналар элтиб берилмаслигини айтган. Хитой расмийлари бу айбловни рад этди.

“Пекин атроф-муҳитни муҳофаза қилиш сиёсатидан тортиб, Шинжонгача бўлган масалалар бўйича ўз позициясини юмшатмоқчи эмас”, дейди Мартин.

Хитой халқаро миқёсда қийинчиликларига дучор бўлаётганига қарамай, ҳали ҳам дунё бўйлаб ўз таъсирини кенгайтирмоқда. Бундай фикрни Осиё тадқиқотлари миллий бюросининг катта ходими ва Франция Мудофаа вазирлигининг Хитой билан боғлиқ стратегик масалалар бўйича собиқ маслаҳатчиси Надеж Роллан илгари сурди.

“Ривожланаётган дунё – Хитой ўз таъсирини кенгайтириш учун тобора кўпроқ чора кўраётган ва натижага эришаётган улкан майдон”, деди у Озодлик билан суҳбатда.

Сўнгги йилларда Пекин Африка, Евроосиё ва Лотин Америкаси бўйлаб дипломатик алоқаларни кенгайтирди ҳамда ўзининг “Бир макон, бир йўл” (Belt and Road Initiative) лойиҳаси доирасида кўп миллиард долларлик инфратузилма лойиҳалари бўйича битимлар имзолади.

“Хитой бошқа давлатларнинг бошқарув тизимини шакллантиришга фаол ҳаракат қилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз”, деди Роллан.

“Ҳали ҳаммаси амалга оширилмаяпти, аммо келажак учун пойдевор қурилаётганини кўриб турибмиз”.

28 июнь куни Си ва Россия президенти Владимир Путин видеомулоқот ўтказиб, икки мамлакат ўртасида ўсиб бораётган ҳамкорлик ҳақида суҳбатлашди. Икки раҳбар Хитой ва Россия ўртасидаги яқин қўшничилик ва дўстона ҳамкорлик шартномасини яна беш йилга узайтирди.

Хитой Сербияда кузатув камералари ва маълумот тўплаш, сақлаш ва бошқаришни ўз ичига олган “ақлли шаҳар” лойиҳасини амалга оширмоқда.

Хитой компаниялари, шунингдек, сўнгги йилларда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари билан битим имзолаб, бу мамлакатларга кузатув ва юзни аниқлаш технологияларини етказиб беришни бошлади.

Бундай тизимлар расмий равишда йўл ҳаракати ва фуқароларни кузатиш тизимлари сифатида сотилади, аммо ушбу технологиядан фойдаланиш ахлоқий ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради. Хитойнинг ўзида бундай технологиялар аллақачон кенг тарқалган. Жумладан, Шинжонда ушбу технология ёрдамида уйғурларнинг ҳар бир қадами кузатиб борилади.

Хитой глобал миқёсда таълим соҳасига ҳам аралаша бошлади. Сербиянинг учта университети Жиао Тонг университети билан ҳамкорлик шартномасини имзолаб, узоқ муддатли маданий алоқаларга йўл очди.

Шунингдек, Будапештда Шанхайдаги Фудань университети билан ҳамкорликда янги университет очиш режалаштирилмоқда. Бу Европа Иттифоқи ҳудудидаги илк Хитой университети бўлади.

XS
SM
MD
LG