Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:32

Хитой ўз фазо станциясининг илк модулини орбитага чиқарди


Пайшанба куни Хитой ўзининг Тяньгун – “Самовий сарой” космик станциясининг биринчи модулини орбитага учирди. Фазода доимий яшаш жойини яратишга бел боғлаган Пекин учун бу катта ютуқ бўлди.

Хитой АҚШ, Россия ва Европанинг изидан юриб фазони ўзлаштиришга миллиардлаб доллар сарфламоқда.

Муҳим асбоб-ускуналар ва астронавтларнинг яшаш жойини ўз ичига олган Тяньхэ модули пайшанба куни Хитойнинг Хайнань провинциясидаги Вэньчан шаҳридан Long-March 5B ракетасида учирилди.

Хитой Президенти Си Цзиньпин фазо станциясини “буюк илм-фан ва технологиялар давлатини барпо этишдаги” муҳим қадам деб атади.

Тяньгун фазо станцияси қолган модулларни юбориш ва уларни тўплаш йўлида режалаштирилган 11 та миссия ортидан 2022 йилда тўлиқ ишга тушиши кутилмоқда.

Хитой давлат телеканали ракета парвозининг жонли кадрларини эфирга узатди. Ҳодисани томоша қилиш учун кўплаб одам космодром яқинида тўпланди.

Станция қуриб битирилганидан кейин СССРнинг 1980 йиллардан 2001 йилгача Ер атрофида айланиб юрган “Мир” станциясига ўхшаш бўлади.

Хитой космик станцияси тахминан 15 йил давомида Ердан 400 – 450 километр масофада айланиши кутилмоқда.

Оғирлиги 90 тоннадан сал кўпроқ бўлган станция Халқаро фазо станциясининг тўртдан бир қисмига тенг бўлади.

Хитой астронавтика жамияти маълумотларига кўра, станцияда илмий тадқиқотлар учун яна иккита модуль бўлади. Станция қуёш панеллари, шунингдек, ультрасовуқ атом тажрибаси аппарати каби экспериментал ускуналар билан жиҳозланади.

Асосий модулда уч нафар фазогир учун 50 кубометр яшаш майдони бўлади. Модуль замонавий телекоммуникация ускуналари билан жиҳозланган бўлиб, фазогирлар бемалол интернет сайтларини очиб кўриши мумкин.

Хитой ўз фазо станцияси прототипи бўлмиш Тяньгун-1 лабораториясини 2011 йил сентябрь ойида орбитага чиқарган эди.

Лаборатория ишини тўхтатгандан икки йил ўтиб, яъни 2018 йилда Ер атмосферасига қайта кириш пайтида парчаланиб кетди.

Тяньгун-2 лабораторияси 2016 йилда орбитага чиқарилди.

АҚШ, Россия, Канада, Европа ва Япония ҳамкорлигида йўлга қўйилган Халқаро фазо станцияси фаолияти 2024 йилдан кейин тугатилиши кутилмоқда. Аммо NASA станция 2028 йилдан кейин ҳам ўз фаолиятини давом эттириши мумкинлигини билдирган.

2000 йилда биринчи фазогирларни қабул қилган Халқаро фазо станцияси фаолияти тўхтатилса, Хитойнинг Тяньгун станцияси Ер орбитасидаги ягона фазо станцияга айланиши мумкин.

Пекин ўз космик станциясини Халқаро фазо станцияси каби халқаро ҳамкорлик учун ишлатишни режалаштирмаган. Шундай бўлса-да, Хитой фазо идоралари хорижий ҳамкорликка очиқ эканликларини маълум қилишган.

Европа фазо агентлиги Хитойга ўз фазогирларини малака ошириш учун юборган. Улар станция ишга туширилгандан сўнг, хитойлик ҳамкасблари сафига қўшилиши мумкин.

Хитой март ойида Россия билан алоҳида Ой фазо станциясини қуришни режалаштираётганини маълум қилган эди.

XS
SM
MD
LG