Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:25

Хитой расмийси Ўзбекистонда хитойлик тадбиркорлар учраётган муаммоларни гапирди


Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонасининг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Жин Юйлун яқинда берган интервьюсида икки мамлакат ўртасидаги тижорат алоқалари аҳволи ҳақида сўзлади.

Жин коронавирус пандемиясига қарамай, Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо алоқалари кучли ва барқарор бўлиб қолаётганини олқишлади. Шу билан бирга, Жин баъзи хитойлик тадбиркорлар маҳаллий даражада қонун-қоидалар нотўғри талқин қилинаётганидан шикоят қилганини ва тижорат билан шуғулланишда қийинчиликларга учраётганини айтди.

Қуйида ўзбекистонлик таҳлилчи Умида Ҳошимова ушбу мавзуда "The Diplomat" нашри учун ёзган мақола таржимаси билан танишишингиз мумкин.

Жин сўнгги бир йил давомида икки мамлакат ўртасида кучли иқтисодий алоқалар сақланиб қолганини таъкидлади.

Пандемияга қарамай, Хитой импорт ва экспорт қилишда давом этган, йўлга қўйилган ва янги қўшма лойиҳаларда узилишлар оз бўлган.

Унинг сўзларига кўра, Хитой ўзбек табиий газининг асосий импортчиси бўлиб қолган. Шунингдек, Хитой Ўзбекистондан тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йирик кўламда импорт қилган.

Дарҳақиқат, Иқтисодий мураккаблик обсерваториясининг маълумотларига кўра, 2019 йилда Хитой Ўзбекистондан импорт қилган асосий маҳсулотлар табиий газ (Ўзбекистоннинг Хитойга экспортининг 47.9 фоизи), тўқимачилик маҳсулотлари (20.9 фоиз) ва пахта хом ашёсидан (7.4 фоиз) иборат бўлган.

Ўзбекистоннинг Хитойдан импортлари эса хилма-хил бўлиб, энг кўп импорт қилинган учта маҳсулот пўлат (4.02 фоиз), йирик қурилиш транспорт воситалари (3.18 фоиз) ва тошни қайта ишлаш машиналаридан (2.92 фоиз) иборат бўлган.

Жин хитойлик тадбиркорлари учраётган муаммолар ҳақида гапирар экан, "Ўзбекистонга сармоя ётқизаётганда ҳаммаси яхши кечмайди. Баъзи хитойлик инвесторлар бизга шикоят билан мурожаат қилишди. Бу маҳаллий ҳокимият органлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг нотўғри талқин қилинаётгани, айрим лойиҳаларга ваъда қилинган имтиёзлар озайтирилаётгани билан боғлиқ. Бу муаммоларни ҳал қилиш учун Ўзбекистоннинг тегишли вазирликлари ва идоралари билан барча томонлар учун маъқул вариантларни топиш йўлида яқиндан ҳамкорлик қиляпмиз", деди.

Ҳошимованинг ёзишича, Жин Ўзбекистондаги қатор муаммоларга шама қилди. Биринчи муаммо давлатнинг иқтисодиётда аралашуви ва унинг иқтисодий фаолиятни назорат қилиш уринишларидир.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилда давлатнинг иқтисодиётда ҳаддан зиёд юқори иштироки, бюрократия ҳамда солиқ, божхона ва банк соҳаларидаги муаммолар ички инвестициялар ўсишига ва чет элдан капитал жалб қилишга тўсқинлик қилаётганини айтган эди.

Ўзбекистон ҳукумати хорижий инвестицияларни рағбатлантириш ва жалб қилишга ҳар қанча уринмасин, катта миқдордаги чет эл инвестициялари учун қулай муҳит яратилмаса, якуний натижа ўзгармайди.

2020 йил бошида Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов Ташқи ишлар вазирлиги 2019 йилда 1200 та бизнес форум ва Ўзбекистонга 3700 дан зиёд ташриф уюштирган бўлса-да, "уларнинг амалий натижаси деярли йўқ" эканини айтди.

Иккинчи муаммо шундаки, Ўзбекистонда маҳаллий расмийлар меъёрий ҳужжатларни ўз хоҳишларига кўра ва ўзбошимчалик билан талқин қилади ёки тегишли меъёрий ҳужжатлар ҳақида билмайди.

Бу тадбиркорлар ва инвесторлар учун қўшимча тўсиқларни яратмоқда. 2019 йилда Мирзиёев вилоят ҳокимлари ва шаҳар ҳокимларини тадбиркорлар фаолиятига аралашмасликка чақирган эди.

Ўзбекистон раҳбарияти давлатнинг иқтисодиётда ҳаддан зиёд юқори иштироки иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатишини билса-да, бу ҳолатни ўзгартириш осон эмас. Мирзиёевнинг ўзи ҳам ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтиш жараёни осон кечмаслигини айтган.

Жин инвестиция лойиҳалари билан боғлиқ айрим муаммоларни ҳал қилиш учун элчихона аралашишга мажбур бўлаётганини айтди. Бу ҳолат Ўзбекистон иқтисодиётида чуқур илдиз отган муаммолардан далолат беради.

Ҳошимова ёзганидек, мамлакат раҳбарияти ушбу муаммолар борлигини тан олиб келаётган бўлишига қарамай, Ўзбекистон ҳукумати давлатнинг иқтисодий фаолиятларга аралашувини чеклаш учун етарли чора кўрмаяпти.

XS
SM
MD
LG