Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:35

«Нархоз» да кенг кўламли «тозалаш» ўтказилмоқда. Ходиевдан келтирилган зарарни қоплаш сўралди


Давлат Иқтисодиëт университети собиқ ректори Баҳодир Ходиев.
Давлат Иқтисодиëт университети собиқ ректори Баҳодир Ходиев.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетидаги (ТДИУ) коррупция ҳолатлари бўйича ДХХ ва прокуратура органлари 5 ноябрдан бери тафтиш ўтказмоқда.

Тафтиш давом этар экан¸ 6 декабрь куни университет профессор ва ўқитувчиларини аттестациядан ўтказиш бошланди.

Аттестация давомида 5 ноябрь куни ишдан олиниб¸ жиноят иши фигурантига айланган собиқ ректор Баҳодир Ходиевга яқин саналган кадрларнинг ишдан олингани иддао қилинмоқда.

Бу ҳақда Озодликка бир-биридан мустақил равишда Олий таълим вазирлиги¸ ТДИУ ва тафтиш тафсилотларидан билвосита хабардор мулозимлар хабар берди.

Аттестация комиссиясига яқин ходимлардан бирининг Озодликка билдиришича¸ комиссия «Ходиев асос солган тармоқ аъзоларини» олий таълим тизимидан узоқлаштиришга уринмоқда.

ТДИУ иккинчи биносининг биринчи қавати Мажлислар залида Ўзбекистон президентининг ПҚ-4391 сонли қарори ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 1063-сонли буйруғи асосида жорий йилнинг 6 декабридан ишлаëтган комиссия фаолиятига оид ҳужжатлар тўплами Озодликда мавжуд.

Ҳужжатлар тўплами
Ҳужжатлар тўплами

Аттестация жараëни 1063-сонли буйруқнинг учта иловаси асосида олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида ишлайдиган Озодлик манбасига кўра¸ Нархоз(ТДИУнинг эски номи - таҳр.)да бу учта илова тўрига илинмайдиган ўқитувчи-ходим деярли йўқ.

- Чунки Нархозга йиллар мобайнида таниш-билишчилик асосида ўқитувчи олинган. Аксар ўқитувчилар оддий диктантдан икки оладиган даражада саводсиз¸ деган манба ошкор қилмаслик шарти билан баъзи ҳужжатларни Озодликка тақдим қилди.

Манба тақдим қилган ҳужжатда «Аттестациядан ўтмади» деган хулоса асосида эгаллаб турган лавозимидан озод қилинганлар ҳақида маълумот бор.

Масалан¸ битта кафедрадан 5 ўқитувчи¸ яна бир кафедрадан 9 ўқитувчи аттестациядан ўта олмаган.

Озодлик танишиб чиққан ҳужжатларда ишдан олинганларнинг аксар қисми "саводсизлигидан" ташқари «Ходиевга яқин» бўлгани боис ҳам лавозимидан озод қилингани ëзилган.

Аттестациядан ўтиш жараëни кузатув камерасига ëзиб олинган. Аттестациядан ўта олмай ишдан бўшаганлардан атестация комисиясига эътирози йўқлиги ҳақида видео иқроқлик ëздириб олингани ҳақида Озодликда маълумот мавжуд.

"Чап бермоқчи бўлганлар ҳам бор"

ТДИУ ходимларидан бирининг исми сир қолиш шарти билан Озодликка айтишича¸ «эски раҳбарият аттестация комиссиясини чалғитишга ҳаракат қилмоқда».

- Айрим раҳбарларнинг лавозимига ноқонуний равишда қайта-қайта тайинлангани аниқланди. Бироқ эски раҳбарият ишни “бости-бости” қилиш ҳаракатида. Эски раҳбарият асосан оддий профессор-ўқитувчиларни қурбон қилиш эвазига эски коррупцион элитасини (кафедра мудирлари, деканлар, ўқув бошқарма, магистратура, сиртқи ва бошқа бўлим бошлиқлари ҳамда ички ўриндошларни) сақлаб қолиш пайида.

Экс ректор Ходиев жиноят иши фигуранти

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 5 ноябрь куни ишдан олинган ректори Баҳодир Ходиевнинг ўзи универститетдаги коррупция тизими боис очилган қатор жиноятлар фигуранти сифатида уйидан терговга қатнамоқда.

Терговга яқин манбанинг Озодликка иддао қилишича¸ Ходиевга кейинги ўн йил ичида давлатга унинг фаолияти оқибатида етган зарар суммаси акс этган хулоса берилган. Озодликка аниқ суммаси маълум бўлган бу рақам ўнлаб миллион долларни ташкил қилади.

Иддаога кўра¸ агар Ходиев ўзи етказган зарарнинг учдан бирини қоплаб берса¸ унга нисбатан енгиллик қўлланиши ваъда қилинган.

Терговга яқин манба иддаосига кўра¸ Ходиевнинг 2010 йил мартидан 2014 йилнинг апрелигача Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири бўлган даври ҳам текширилган.

Айни ўша даврда тергов гуруҳига яқин манба фикрича¸ «Ўзбекистон олий тизимида порахўрлик конвейер усулига ўтказилган».

Шунингдек¸ Ходиевнинг 2014 йилнинг апрелидан 2015 йил июлигача фан, таълим ва маданият масалалари бўйича Ўзбекистон президенти давлат маслаҳатчиси сифатида ишлаган, 2015-2016 йилларда Ёшлар сиёсати, таълим, маданият ва спорт масалалари бўйича мажмуа раҳбари ҳамда тегишли равишда бош вазир ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган давридаги «жиноий схема асосида пул ювгани» текширилиб¸ зарар миқдори аниқланган.

Виртуал сазойи

Жиноят иши тергов қилинаëтган бир пайтда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий Телеграм каналида собиқ ректор Ходиевни виртуал "сазойи қилиш" кампанияси олиб борилмоқда.

Вазирликнинг расмий Телеграм каналида чиқиш қилган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ташкилий-кадрлар бошқармаси бошлиғи Бобиромон Қодиров “ректор коррупция боис” ишдан олинганини ëзди.

Расмий Телеграм каналида Чирчиқ¸ Бухоро¸ Нукус ва Тошкентдагии Олий ўқув юрти ўқитувчи ва талабалари “бир овоздан” “Нархоздаги коррупционерларни “ лаънатлаб, бошқаларни “ҳушëр бўлишга” чақиришга ўтдилар.

Навбатдаги аттестация?

Озодлик Тошкент давлат иқтисодиёт университети биносида ўтказилаëтган аттестация тадбиридан кўзланган мақсад ҳақида университет раҳбариятига мурожаат қилди.

Ўзини илмий котибият вакилиман деб таништирган суҳбатдош «бу аттестациянинг фавқулодда эмаслиги ва илгаридан режаланганлигини» айтди.

Унинг таъкидлашича¸ давлат гранти асосида институтни тугатиб¸ янги ишга келган ўқитувчилар аттестациядан озод қилинган.

XS
SM
MD
LG