Линклар

Шошилинч хабар
07 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:49

“Хотининг билан ажрашиб, кейин қайта уйлан”. Хитойлик қозоқларнинг Қозоғистондаги кўргиликлари


Хитойдан Қозоғистонга кўчиб келган этник қозоқлар пенсияни расмийлаштириш ва туғилганлик ҳақида гувоҳнома олишда мушкулотларга дуч келмоқда. Уларнинг айтишича, ҳукумат идоралари улардан Хитой томони тасдиқлаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қиляпти, бунинг эса иложи йўқ.

“ҲУЖЖАТЛАРИНГИЗНИ ХИТОЙДА ТАСДИҚЛАТИБ КЕЛИНГ”

76 ёшли Кадуан Багай Олмаота вилояти, Жамбул туманининг Узунагаш қишлоғида яшайди. У Қозоғистонга 2019 йилда Хитойнинг Шинжон минтақасидаги Или-Қозоқ мухтор округига қарашли Толи деган жойдан тўрт нафар вояга етган фарзандлари билан бирга кўчиб келган. Ўғилларидан бири Хитойда қолган.

Кадуан Багай Қозоғистон фуқаролигини ўтган йили олди. Тўрт фарзандига ҳам фуқаролик беришди. Багай пенсия олиш учун ҳам ҳужжат тўплаб, уларни туман аҳолига хизмат кўрсатиш марказига топширди.

Кекса аёл ўзи юра олмагани сабабли, ҳужжатларни расмийлаштириш билан унинг келини Зерде Камалбек шуғулланмоқда.

“Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция қўмитасининг Олмаота вилояти департаменти бир неча кундан сўнг ҳужжатларимизни қайтарди – қайнонам болаларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларини Хитойда ёки Хитойнинг Қозоғистондаги консуллигида тасдиқлатиб келиши керак эмиш”, ҳикоя қилади Зерде Камалбек.

Кадуан Багай Олмаотадаги Хитой консуллигига борди. Айтишича, уни ҳатто консуллик остонасига яқин йўлатишмаган.

“Бизни қабул қилишгани йўқ. Ҳатто гаплашишни ҳам хоҳлашмади”, дейди Кадуан Багай.

Ватанига қайтиб, фуқаролик олган бошқа кўплаб қозоқлар ҳам ўз ҳужжатларини расмийлаштиришда айни қийинчиликларга рўпара келмоқда.

71 яшар Салеш Капашули ва унинг 67 ёшли хотини Озодликнинг қозоқ хизматига пенсияни расмийлаштира олмаётганларидан шикоят қилди.

“Бир умр подачилик қилдим, хотиним сут соғди. Лекин ўша пайтлар Хитойда меҳнат дафтарчаси олмаганмиз. Кейинроқ, Қозоғистонга келганимизда пенсия олиш учун “меҳнат дафтарчаси бўлиши шарт”лигини айтишди. Хитойдан биз у ерда ишлаганимизни тасдиқловчи ҳужжат олдик. Аммо уни қабул қилишмади, “қалбаки” дейишяпти”, – дейди Салеш Капашули.

Салеш Капашули
Салеш Капашули

Кекса одам нима қилишни билмайди.

“Баҳорга довур ҳужжатини топширганларга пенсия чиқди, аммо шу йилнинг март ойидан бошлаб Хитой консуллиги тасдиқлаб берган меҳнат дафтарчаси билан келинглар деб, талаб қўйишяпти”, тушунтиради у.

Салеш Капашули ҳозирда давлатдан ойига 18 минг танга (тахминан 43 доллар) нафақа олади. Қозоғистонда “Пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга биноан, пенсия ёшига етган, лекин меҳнат стажига эга бўлмаган фуқаролар учун энг кам пенсия миқдори жорий йилда 18 524 танга қилиб белгиланди. Меҳнат стажини тасдиқловчи ҳужжатлар тасдиқланганидан сўнг пенсия қайта ҳисобланади.

МУЛОЗИМЛАР ИЗОҲИ

Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция қўмитасининг Шарқий Қозоғистон вилояти бўйича бошқармаси вакили Айнур Серикболқизи Қозоғистон фуқаролигини олган шахсларнинг пенсияга чиқиш тартибини шундай тушунтиради:

“Пенсия таъминотига доир қонунга мувофиқ, беш нафар ва ундан ортиқ фарзанд кўрган аёл пенсияга барвақт, 53 ёшдан чиқиш имтиёзига эга. Қайси мамлакатдан келганидан қатъи назар, у нотариал тасдиқлаган ҳужжатларни тақдим этиши лозим. Кекса одамлардан биз меҳнат дафтарчаларини сўраб оламиз”, дейди у.

Бошқарма вакили кўп болали онага тегишли пенсияни олиш учун аёл тақдим этиши лозим бўлган ҳужжатларни санайди.

“Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ХХР томонидан берилган экан, ариза берувчи асл ҳужжат билан бирга унинг нотариал тасдиқланган нусхасини топшириши керак, уни Хитой консуллигида тасдиқлатиш талаб қилинмайди”, дейди Айнур Серикболқизи.

Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция қўмитасининг Олмаота вилояти бошқармаси ходими Ерлан Абдалиевга кўра, “ариза берувчи пенсияни расмийлаштириш учун тақдим этилган ҳужжатнинг қозоқ ёки рус тилидаги нотариал тасдиқланган таржимасини келтириб берса, кифоя”. Унинг айтишича, пенсияни расмийлаштириш чоғида меҳнат стажини тасдиқловчи меҳнат дафтарчасининг нотариал тасдиқланган нусхасини топшириш лозим, кўп болали она сифатида пенсияга чиқишни хоҳловчи аёллар эса болаларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларини нотариал тасдиқлатиб, тақдим этади.

“Хитойдан келган қондошларимиз орасида сохта ҳужжатларни тақдим этганлар ҳам бўлган эди. Шу муносабат билан талабларни кучайтирдик. Ҳужжатларни биз ўзимиз Хитой консуллигига жўнатиб, ҳақиқий ёки қалбакилигини аниқлаймиз”, дейди Ерлан Абдалиев.

“ХОТИНИНГ БИЛАН АЖРАШ, КЕЙИН УНГА ҚАЙТАДАН УЙЛАН”

Олмаотанинг Алатов туманида яшовчи Аманжол Эркин шу йилнинг июнь ойида дунёга келган тўртинчи фарзандига туғилганлик ҳақида гувоҳнома ололмаётганидан нолийди. У Қозоғистонга 2007 йили, Шинжонда уйланганидан кейиноқ кўчиб келиб, келгуси йили фуқаролик олган.

Қозоғистонда яшай бошлаганидан бери оилада тўрт фарзанд туғилди: дастлабки уч болага туғилганлик гувоҳномаси олинган, аммо тўртинчи болага келганда муаммо пайдо бўлган. Алатов тумани аҳолига хизмат кўрсатиш марказида ота-онага “никоҳ гувоҳномаларингизни Хитой ҳукумати идоралари тасдиқлаб берсин”, деб айтишибди.

“Ҳа, биз Хитойда турмуш қурганмиз. Фуқароликни олганимиздан сўнг никоҳ гувоҳномамизни алмаштирмоқчи бўлдим, лекин менга “Хитойдан маълумотнома олиб келинг”, дейишгач, қўл силтаган эдим. Уч нафар тўнғич фарзандим Қозоғистонда туғилган, аммо уларга ҳужжат олишда сира қийналмаган эдик”, дейди Аманжол Еркин.

Унинг айтишича, аҳолига хизмат кўрсатиш марказида бу иложсиз вазиятдан қандай чиқиш мумкинлигини сўраган.

“Менга хотиним билан ажрашишни, кейин қайта никоҳдан ўтишни маслаҳат беришди”, дейди тўрт боланинг отаси.

Аманжол Еркинга Олмаота шаҳри аҳолига хизмат кўрсатиш марказининг Алатов тумани бўлимидан келган ёзма жавобда шундай дейилади: “Сизнинг бола туғилганини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги 2021 йил 18 июндаги 18002210242364-сонли аризангиз кўрилмасдан қайтарилди. Бу сизнинг 2008 йил 09.07. санада ХХРда расмийлаштирилган 2008-29-сонли никоҳ гувоҳномангизнинг нотариал тасдиқланган таржимасида махсус консуллик муҳри йўқлиги билан боғлиқ”.

БОЛА АСРАБ ОЛИНГАНИ ТЎҒРИСИДАГИ ҲУЖЖАТ ҚАБУЛ ҚИЛИНМАДИ

Павлодар вилояти, Экибастуз шаҳрида яшовчи Текесбой Аубакирули Озодлик мухбири билан суҳбатда акасининг фарзандини асраб олганини айтади. Акасининг ўзи Хитойда қолган.

Текесбой Экибастузга яқинда Олмаота вилоятининг Енбекшиқазах туманидан кўчиб борган.

Текесбойнинг қўлида Хитойда яшовчи акаси ва янгаси унга 2006 йилда туғилган болаларини фарзандликка берганини тасдиқловчи Монголкуре уезди (Хитой) судининг қарори бор.

“2019 йилда аҳолини жанубдан шимолга кўчириш дастури бўйича Экибастузга кўчиб бордим. Уч ой аввал маҳаллий миграция полицияси ўғлимни рўйхатдан ўчирди. Қайта рўйхатдан ўтиш учун зарур барча қоғозларни топширдим. Энди бўлса ота-онанинг болани фарзандликка бериш ҳақидаги розилик хатининг нотариал тасдиқланган таржимасини ололмаяпман. Нотариус Хитой судининг қарорини ҳуқуқий кучга эга эмас, деб ҳисоблаяпти”, арз қилади у.

Хитойдан келган қондошлар муаммолари билан шуғулланувчи “Атажұрт еріктілері” жамоат ташкилоти вакили Қайрат Байтолла жорий йилдан Қозоғистон ҳукумати репатриантлардан тўрт ҳужжатни – туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, меҳнат дафтарчаси, диплом ва никоҳ гувоҳномасини Хитой консуллигидан тасдиқлатган ҳолда тақдим этишни талаб қилаётганини айтади. Унга кўра, Шинжонда туғилганлик ҳақида гувоҳнома бериш 1994 йилда бошланган. Бунга қадар аҳоли жойларда рўйхатдан ўтиб, 16 ёшга етганда шахсни тасдиқловчи ҳужжат олган. Меҳнат дафтарчаси эса фақат давлат хизматчиларига берилган, дейди фаол.

“Қишлоқларда шахсни тасдиқловчи ҳужжат бериш 1980-йилларда бошланган. Мисол учун, менинг ота-онамнинг шахсни тасдиқловчи ҳужжати ёки никоҳ гувоҳномаси йўқ, бўлмаган ҳам. Худди шунингдек, Хитойдан келган кўплаб репатриантларда ҳам туғилганлик ҳақида гувоҳнома ёки меҳнат дафтарчаси йўқ. Баъзиларининг қўлидаги ягона ҳужжати – маҳаллий ҳокимият идораси берган маълумотнома. Энди бўлса барча ҳужжатлар, жумладан, туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва дипломлар ҳам Хитой консуллиги орқали тасдиқланиши керак. Мен консуллик хизматчилари билан учрашдим. Улар бунақа ишлар билан шуғулланмаймиз, дейишди”, изоҳ беради Қайрат Байтолла.

ВАКОЛАТЛИ ИДОРАЛАРНИНГ ЖАВОБЛАРИ

Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлигининг пенсия тайинлаш бўйича мутахассиси Марфуға Ғанимуратқизига кўра, ёш бўйича пенсия тайинлаш тўғрисида ариза бериш чоғида ёки кўп болали она сифатида пенсияга чиқаётганда “ҳужжат (туғилганлик ҳақида гувоҳнома ёки меҳнат дафтарчаси)нинг нотариал тасдиқланган таржимаси талаб қилинади холос”.

Унинг маълум қилишича, Олмаота вилоятида қалбаки ҳужжатлар тақдим этилиши фактлари аниқлангани сабабли у ерда талаблар кучайтирилган, аммо Қозоғистоннинг бошқа минтақаларида бундай муаммо йўқ.

Хитойдан келган репатриантларнинг ҳужжатлари билан боғлиқ чалкаш вазият юзага келгани муносабати билан Озодлик Қозоғистон Адлия вазирлигига сўров юборди.

“Никоҳ ва оила кодексининг 280-моддасига кўра, “хорижий давлатларнинг ваколатли органлари томонидан берилган Қозоғистон Республикасидан ташқарида фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзилганини тасдиқловчи ҳужжатлар, башарти улар Қозоғистон Республикаси қонунчилигига хилоф бўлмаса ёки консуллик томонидан легаллаштирилган ёхуд махсус муҳр (апостил) босилган бўлса, Қозоғистон Республикаси ҳудудида амал қилади”, дейилган вазирлик жавобида.

Айни саволга Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги ҳам жавоб берган.

“Хитой хорижий давлатларнинг расмий ҳужжатларини легаллаштириш талабини бекор қилган Ҳаага конвенцияси (1961 йил 5 октябрда имзоланган) аъзоси бўлмагани сабабли Хитойдан кўчиб келганлар шахсни тасдиқловчи ҳужжатларини Хитой ташқи ишлар вазирлигида тасдиқлатишлари лозим”, дейилади мазкур идоранинг жавоб хатида.

Вазирлик, шунингдек, Қозоғистон ва Хитой ўртасида легаллаштириш ёки ҳужжатларни сўраб олиш тўғрисида ҳеч қандай битим имзоланмаган.

3 июнь куни Озодлик Шинжонда этник қозоқларга берилган шахсий ҳужжатлар ҳамда суд қарорларини тасдиқлаш ҳақидаги саволлар билан Хитойнинг Қозоғистондаги консуллигига мурожаат қилди. Мақола эълон қилинган пайтда консулликдан жавоб келмаган эди.

XS
SM
MD
LG