Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:20

"Янги Қозоғистон"нинг эскисидан фарқи йўқ. Назарбоев ҳокимиятни Тоқаевга топширганига беш йил тўлди


Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев собиқ президент Нурсултон Назарбоев билан иқтидордаги Нур Отан партияси қурултойида. 23 апрель, 2019
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев собиқ президент Нурсултон Назарбоев билан иқтидордаги Нур Отан партияси қурултойида. 23 апрель, 2019

Бундан роппа-роса беш йил олдин, 2019 йил 19 март куни Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев президентлик ваколатларини зиммасидан соқит қилишга қарор берганини эълон қилган эди. Нега унинг ҳокимиятни Қасим-Жомарт Тоқаевга транзит қилиши олдиндан ўйланган сценарий бўйича бўлмади? Қозоғистонда ҳокимиятни топшириш мутлақо режа бўйича бўлмаганини кўрган бошқа автократлар бундан қандай хулоса қилиши мумкин? Шу беш йил ичида мамлакатда нима ўзгарди, беш йилдан сўнг – Тоқаевнинг ҳозирги президентлик муддати битганида нималар бўлади?

Озодлик радиоси қозоқ хизмати Британиядаги Глазго университети профессори ва Марказий Осиё бўйича эксперт Лука Анчески билан шулар ҳақида суҳбатлашди.

“Назарбоев даври интиҳоси”

Озодлик: Беш йил муқаддам собиқ президент Нурсултон Назарбоев ўз ихтиёри билан лавозимидан воз кечдики, бу салкам 30 йил чекланмаган ҳокимиятдан фойдаланиб келган лидер учун сира кутилмаган қарор бўлган эди. У ўзига ворис қилиб Қасим-Жомарт Тоқаевни танлади. Назарбоев расман истеъфога чиқди ва Январ воқеаларигача қатор фахрий лавозимларни сақлаб қолди. Айтинг-чи, улар режалаган шаклдаги транзит нима учун барбод бўлди?

Лука Анчески: Фақат 2019 йилдан мўлжал оладиган бўлсак, айрим нарсаларни назардан қочирамиз. Тасмани яна бир оз орқага қайтариб, ундан аввалроқ Қозоғистонда нималар бўлганини кўриш керак.

Назаримда, транзитга турки бўлган воқеа 2016 йилда содир бўлган. Ўшанда [Карим] Масимов бош вазирликдан олиниб, ҚХҚга раҳбар этиб тайинланганди. Ҳукуматга эса [Бакитжан] Сагинтаев раҳбар бўлди. Бу тайинловлар парламент ва қонун чиқариш характеридаги барча механизмларни ишга тушириб, ҳокимиятни Назарбоевдан олишни бошлашга имкон берди.

Путиннинг Қозоғистон президенти исмини адаштириши тасодифми ëки...?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:54 0:00

Элита ичида ушбу олди-бердига доир турли келишувлар бор эди ва улар 2019 йилда нималар бўлишини белгилаб беришди: Назарбоев лавозимдан кетар чоғда нафақат “қайиқни кўп ҳам қаттиқ чайқатмайдиган” ва унинг парда ортидан мамлакатни бошқаришига имкон берадиган вориси, балки қонунчилик базаси ҳам бўлади ва биринчи президент тўғрисидаги қонунга биноан у ва оиласига хавфсизлик кафолатлари берилади, дея қарор қилинди. Барча иш ҳал бўлди. Ҳокимиятни Тоқаевга топшираркан, Назарбоев ўзини хотиржам ва хавфсиз ҳис қилди.

Аммо 2019 йил билан Қонли январ орасидаги даврда ушбу битимлар секин-аста барбод бўлганини, уларга амал қилмай қўйганларини кўрдик. Айнан шунинг учун ҳам 2022 йил январда элита тарқоқлашгани, унинг ичида ўзаро низолар авж олгани белгилари яққол юзага чиқди. Бу Қозоғистоннинг энг янги тарихидаги энг драматик воқеа бўлиши билан бирга, Назарбоев даври интиҳосини ҳам белгилаб берди.

Озодлик: Назарбоев элита орасида кураш ва жанжаллар бўлиши эҳтимолини, қолаверса охир-оқибат ундан ҳокимиятни тортиб олишлари мумкинлигини ҳисобга олмади?

Лука Анчески: Менимча, у Тоқаевнинг садоқатини ва “оила” бизнесига, бойликларига доир кафолатларини янглиш баҳолаган. 2021 йилда Қозоғистонда Pegasus жосуслик дастури ёрдамида хуфёна тингланган одамлар рўйхати эълон қилинганини ва унда Тоқаевнинг фамилияси ҳам бўлганини ёддан чиқармаслик керак. Бу элитанинг бир қисми президентга ишонмаганини кўрсатади.

Ишонишмаган, чунки ундан қутулмоқчи бўлишган. Ишонишмаган, чунки у ростдан ҳам элита ичидаги битишувни хавф остига қўювчи қандайдир ишларни қилган. Шахсан мен Тоқаев Назарбоев унга юклаган ишлар дастурини бажармаган, деб ўйлайман. Масимов билан йўл айрилиги ҳам парчаланиш айнан шу чизиқ бўйлаб давом этганини кўрсатади: одамлар Тоқаевга ишонувчилар ҳамда Масимов ва Назарбоевга эргашишни хоҳловчиларга бўлиниб қолган.

Чунки сиёсий нуқтаи назардан, мамлакат ўзгармаган эди. Ягона ўзгарган нарса бу – ҳокимиятдаги гуруҳ, яъни амалда президент курсисини эгаллаган иқтидордаги элита бўлди.

Озодлик: Постсовет Евроосиёнинг бошқа автократлари Қозоғистондаги ҳокимият транзитидан қандай сабоқ олишди?

Лука Анчески: “Бундай қилмаслик керак, бу йўлдан юриб бўлмайди, Каримов ва Ниёзовга ўхшаб ўлгунча ҳокимиятда қолиш керак”, деб хулоса чиқаришди. Чунки 2019 йилдан бери Марказий Осиёда иккита бошқариладиган ҳокимият транзити юз берди: бири Қозоғистонда, иккинчиси Туркманистонда.

Қозоғистон транзити анчайин драматик тарзда барбод бўлди. Лукашенко ва Путинга ўхшаганлар буни кўриб: “Токи тирик эканман, ҳокимиятга ҳеч кимни йўлатмайман, бу кўп нарсаларни мураккаблаштириб юборар экан”, деган фикрга келишди.

Марказий Осиёдаги энг самарали ҳокимият транзитлари 2006 йили Туркманистонда ва 2016 йилда Ўзбекистонда юз берди, иккисига ҳам президентларнинг қўққисдан ўлиб қолиши сабаб бўлди.

Менимча, Қозоғистондаги ҳокимият транзитининг бошқариладиган характери қандайдир “сабоқлар” билан боғлиқ. Ўзбекистоннинг марҳум президенти билан тенгқур бўлган Назарбоев янги ҳукумат Гулнора Каримовага қандай муносабатда бўлганини кўриб даҳшатга тушган ва ўз оиласи бошига шунақа кунлар тушишини истамаган, шекилли.

Назарбоев билан юз берган воқеалардан чиқариш мумкин бўлган хулоса шу: у қилганини қилманг. Бу айниқса Россия учун актуал.

“Янги Қозоғистон” ҳақидаги сафсата

Озодлик: Сўнгги беш йилда Қозоғистон кўплаб муаммоларни, жумладан мустақиллик давридаги энг қонли воқеалардан бирини бошдан кечирди. Мамлакат охирги бешйилликда муттасил тўқнаш келаётган муаммоларнинг аксари 2019 йилги ўтиш даврида пайдо бўлган, дейиш мумкинми?

Лука Анчески: Бу маънодаги ўтиш даври сиёсий эврилишларга олиб келгани йўқ. Ҳокимият транзити режимни ўзгартириш имкони эмасди, у раҳбариятни алмаштириб сиёсат ворислигини сақлаб қолиш имконияти эди ва бу Назарбоев лавозимдан кетган пайтда ҳал этилмаган муаммолар 2022 йилда ҳам ечимсиз қолганини билдиради.

Ижтимоий-иқтисодий тенгсизлик, мамлакатда иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга лаёқат йўқлиги, иқтисодиётнинг углеводородларга ҳануз қарам бўлиб қолаётгани – ушбу муаммолар ўшанда ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор.

Тоқаев ўзгариш қилмайди. Бурунги демократия тақчиллиги сақланмоқда. Қозоғистон – мухолифат ва фикрлар хилма-хиллиги мавжуд мамлакат эмас. Сайловларда фақат ҳукумат етовидаги партиялар қатнашяпти.

Президент иқтисодиётнинг бирмунча барқарор ўсишини таъминлаши мумкин бўлган ислоҳотлар ўтказишга ваъда бердию лекин барибир сўзининг устидан чиқа олмади. Мамлакат ўз ресурсларини сотишдан келадиган пулга қарамликда давом этмоқда. Бу Тоқаев учун яхши бўлиши мумкин, унинг вориси учун ҳам. Аммо бир кун келиб ё нефт тугаши, ё уни ҳеч ким харид қилмай қўйиши мумкин-ку. Ўшанда Қозоғистон иқтисодиёти қай аҳволга тушади?

OzodNazar: Путиннинг янги муддати ва Марказий Осиё
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:52:44 0:00

Озодлик: Демократия тақчиллигини тилга олдингиз, бироқ Остона демократик ислоҳотлар ва эврилишлардан, Қозоғистонда сиёсий маҳкумлар йўқлигидан баҳс этмоқда.

Лука Анчески: Сиёсий маҳкумлар чиндан ҳам йўқдир, лекин бу сизда демократия мавжудлигини англатмайди. Январ воқеаларидан сўнг референдум, президент ва парламент сайловлари ўтказилди. ЕХҲТ кузатувчилари бу рақобатсиз сайловлар бўлганини рўй-рост айтишди. Сиёсий маҳкумлар йўқлиги – бу жуда паст “планка”.

Сизда ОАВларга нисбатан тизимли қатағон сиёсати ҳануз давом этяпти. Сизларда ёзиб бўлмайдиган, очиқ муҳокама қилиш тақиқланган нарсалар ҳамон бор. Қозоғистонда режим Туркманистондагидек шафқатсиз эмас, аммо уни демократик мамлакат дейишга тил бормайди, барибир.

Озодлик: Президентлиги бошларида Тоқаев жамоатчиликка қулоқ солишга, халқ овозини тинглашга хоҳиш билдирган эди. Сиз жиддий ўзгаришларни кўрмаётганингизни айтдингиз, лекин режим юмшадими ёки янада қаттиққўл бўлдими, масалан тинч йиғилишлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари соҳасида?

Лука Анчески: Айтарли фарқ кўрмаяпман. “Халқ дардини тинглайдиган давлат” ва “Янги Қозоғистон” ҳақидаги бутун гап-сўзлар сафсатадан бошқа нарса эмас, деб ўйлайман. “Янги Ўзбекистон” нималигини билдим. “Янги Қозоғистон” эса менга эскиси билан бир хил кўриняпти. Ўзбекистонда юз берган ўзгаришлар сезилади, кўзга ташланади. Қозоғистонда эса ўзгаришдан дом-дарак йўқ, бу эса Тоқаевнинг Назарбоев томонидан президентликка тайинланишида ифодаланган кадрлар ворислиги сиёсатда ижобий эврилишлар ясамоғи амри маҳол, деганидир.

Ўтган ҳафта, аёллар маршини ўтказишга рухсат берилмаганида биз бунга яна бир карра амин бўлдик. Бир тўда аёл ҳукуматга қанақа хавф солиши мумкин?! Режим шу оддийгина йиғинларга изн бермаётган экан, демак, ўзига ишончи йўқ.

Мухолиф, муқобил партияларга сайловларда қатнашишга рухсат этилганига ҳеч бир далил йўқ, ҳар ҳолда мен кўрмадим. Балки ўта пессимист одамдирман, лекин, назаримда, зарур ўзгаришлар бўлмаяпти.

Қозоғистон ғарбида нефтчилар норозилиги давом этмоқда. Бу кун тартибидаги айрим муаммолар, хусусан ижтимоий-иқтисодий нотенглик ва ишчи кучи муаммоси очиқ турганини билдиради. Бинобарин, улар вазият ўзгаряпти, дея баёнот беришаётган бўлса-да, мен Қозоғистондан олаётган далиллар сиёсат ворислигига ишора бермоқда, мамлакат бир хил муаммо билан қайта-қайта тўқнашишга ва ҳар гал бир хил қарор қабул қилишга маҳкум, деган тўхтамга келяпман.

Ўтган ойда президент янги сиёсатни рўкач қилиб ҳукуматни истеъфога чиқарди. Назарбоев ҳам худди шундай қилган эди. Масалан, 2014 йилда. “Бу менинг айбим эмас. Мана шу одамлар айбдор, мен уларни бўшатаман”, деб ўзини бегуноҳ кўрсатиб, сувдан қуруқ чиққан. Бу сизларда ўша муаммолар ҳануз мавжудлигини, ечимлари ҳам бир хиллигини ва ҳеч бир ўзгариш йўқлигини кўрсатади.

Тоқаевнинг “коллектив режими” ҳозир ва беш йилдан сўнг

Озодлик: Лекин ҳозирда фарқ шуки, бошқа одам президент.

Лука Анчески: Ҳа, шундай. Назарбоевда бор бир қанча мартабаю унвонлар унда йўқ. Назарбоев – мустақил Қозоғистон асосчиси. Қозоғистонни Совет Иттифоқи таркибидан олиб чиққан одам. У замонавий Қозоғистонни барпо қилган. Шунингдек, шахсга сиғиниш культини яратган: лоақал, Олмаотадаги ҳайкал пойидаги унинг қўл изларини олайлик. Назарбоев сиймоси ва қўл излари тангага ҳам муҳрланган. Пойтахт бир неча йил унинг исми билан аталди. Назарбоев – постколониал президент, Қозоғистоннинг биринчи президенти, бунақаси фақат битта бўлади. Мен Тоқаев ҳақида туркум фильмлар суратга олинишини тасаввур қила олмайман.

Аслини олганда режим айнан шуниси билан ўзгарди. Назарбоев ҳокимияти кўп жиҳатдан шахсий ҳокимият эди, у “об-ҳаво”ни шахсан белгилаб берадиган соҳалар бор эди, масалан, ташқи сиёсат. Тоқаев эса мамлакатни бир қадар жамоавий шаклда бошқаришига тўғри келади, ҳеч бўлмаганда дастлабки бир неча йил. 2019-2022 йиллардаги Қозоғистон Назарбоев-Тоқаев билан 2008-2012 йиллардаги Путин-Медведев Россиясини эслатарди. Чунки ушбу тандемлар кўп томонлама ўхшаш эди.

Назаримда, Тоқаев бошқарувини фақат 2022 йилдан бошлаб баҳолаш мумкин. Бу бошқарув менга бирмунча жамоавий, энг камида Назарбоев ҳокимиятидек шахсий эмасдек туюлади. Тоқаев шахсига сиғиниш бошланиши белгиларини пайқамаяпмиз. Тизимга кўпсонли одамлар гуруҳи жалб қилинган, Тоқаев оиласи давлат ва жамият ҳаётига деярли аралашмайди, бироқ сиёсат аввалги ҳолида қолди.

Озодлик: Яқинда Diplomat журналида чиққан мақолангизда сиз “биринчи президент истеъфосидан кейин беш йил ва мустақиллик давридаги энг қайғули воқеалардан сўнг икки йил вақт ўтган бўлса-да, ҳануз Қозоғистонни қари одам бошчилигидаги авторитар ва клептократик режим идора қиляпти”, деб ёздингиз.

Лука Анчески: Ҳа, ҳамон ўша модадан қолган сиёсатни юргизаётган қария бошқаряпти. Агар 2029 йилда, яъни Назарбоев кетганидан 10 йил ўтиб ҳеч нима ўзгармаса, мамлакат 2019 йилдаги жойида бўлади. Бу Қозоғистон учун, унинг ёшлари ва умуман аҳолиси учун 10 йил бой берилди, деган сўздир.

Озодлик: Тоқаев Назарбоевга “ҳужум” қилиш, унинг қариндошларидан имтиёзлар ва активларни тортиб олиш билан очко ишлашда давом этадими? Шу йўл билан халқчил бўлиш мумкинми ўзи?

Лука Анчески: 2022 йилдан сўнг ҳамма нарсани Назарбоевга тўнкаш самарали сиёсат бўлиб қолди. “Чол, кет!” хитобларини эсланг – кўчага чиққан одамларнинг истаги эди бу. Қозоғистонда бўлганимда одамлар нуқул: “Ҳали Назарбоев кетсин, ҳаммаси ўзгаради”, дейишарди. Ўзгаришларни кутишганди, лекин бўлмади.

Январ воқеалари содир бўлганида оиланинг айрим аъзолари президентга қарши фитнага қўшилгани ўртага чиқди, президент учун бундан фойдаланиб қолиш фурсати етганини тушундик. Ростдан ҳам Тоқаев Назарбоев меросидан батамом қутулиш, унинг соясидан буткул чиқиш, оиласи аъзоларини лавозимлардан четлатиш учун ҳаракат бошлади. Аммо энг яқин қариндошларга келганида бу ишлар тўхтаб қолди. Яъни, қизлари Динара ва Дариғага тегишга журъат қила олишмади.

Тоқаев: “Мен булардек эмасман, муаммо буларда, бизда катта лавозимларда ўтирган мана шунақа коррупционер одамлар борлигида, улардан сизларни халос қиламан”, дея муайян авторитет қозониши мумкин эди. Аммо ярим йўлда тўхтаб қолди.

Карим Масимовни энг катта балогардон қилишди, чунки Назарбоевга тегиб бўлмасди. “Қозоғистонни Назарбоев таъсиридан тозалайман, вақт ўтиши билан ҳаммаси ўзгаради”, дейилганидан сўнг биринчи яққол ўзгаришлар омили мана шу эди. Бу 2022 йилда иш бериши мумкин эди, эҳтимол 2023 йилда ҳам. Бироқ энди бу мен учун эскирган нарратив. Назарбоев 84 ёшга тўлди, жуда қариди.

Ўзбекистонга эътибор беринг: Ислом Каримов худди тирикдек туюлади, биринчи ва иккинчи президент орасидаги муносабат анча яхши, ҳар қалай жамоатчиликка шундай кўрсатиляпти. Ўзбек мулозимлари бурунги режимни маломат қилганини эшитмайсиз, ҳолбуки маломатга лойиқ режим эди у. Қозоғистонда эса бунақа ҳолат бор ва бу автократларга “ҳокимиятни бошқариладиган транзит йўли билан бировга топширмаган маъқул”, деган сигнал беради.

Озодлик: Тоқаевнинг олдида яна беш йил президентлик муддати турибди. Беш йилдан сўнг унинг ҳокимияти қанчалик ўзгариши мумкин?

Лука Анчески: Ҳеч ким каромат қила олмайди. Мен қилинган ишларга қараб сиёсат қай тарафга ўзгаришини чамалашим мумкин, холос. Қозоғистонда туб ўзгаришлар бўлишига кўзим етмайди. Тоқаев баайни Назарбоевдек ҳокимиятни ўз қўлида жамлаб олгани, яъни муддатлар бўйича чекловни бекор қилгани, референдум ва сайловлар натижаларини сохталаштиргани у биз истаган ўзгаришларга қўл урмаслигидан дарак беради.

Бу Қозоғистоннинг, ҳатто турли ҳаракатлар билан норозилик билдириш маданияти шаклланган бўлишига қарамай, аввалгидек, режим назорати остида қолишини билдиради.

Биз Қозоғистонни декарбонизация қилишга доир ҳеч қанақа фикр, таклиф эшитмадик. Ҳолбуки бу мамлакат иқтисодиётининг узоқ муддатли яшовчанлиги учун жуда муҳим. Бу сабот, қатъият ва қурбонлар талаб қиладиган иш. Ҳукуматдан ушбу конкрет иқтисодий сиёсат хусусида бир оғиз сўз эшитганимиз йўқ, демак, икки асосий омил – нодемократик сиёсий саҳна устидан назорат ва назорат қилинадиган давлат иқтисодиёти – ўз ўрнида қолади.

Мазкур икки омил сақланар экан, 2029 йилгача вазият тубдан ўзгаришини тасаввур қилиш қийин. Қолаверса, бунақа режимлар бир неча йил ўтгач сустлаша бошлашини кўрдик. Тоқаев режими ҳам кучдан кетиши муқаррар. Ўша кун келганида эса (келишига ишончим комил) сизларда яна шунақа президент ва айни шундай сиёсат бўлади, яна бир бор ғайрати кам, мамлакатни ўзгартиришдан кўра ҳокимиятда узоқроқ қолишни истайдиган одамлар тепага чиқади. Бу эса, гувоҳ бўлганимиздек, халқ учун сира хайрли эмас.

Форум

XS
SM
MD
LG