Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:07

Янги Ўзбекистонда эскича сайлов: Хориж матбуоти Ўзбекистондаги президент сайлови ҳақида


Сайловда амалдаги президент Шавкат Мирзиёев иккинчи муддатга сайланиши кутилади.
Сайловда амалдаги президент Шавкат Мирзиёев иккинчи муддатга сайланиши кутилади.

Ўзбекистондаги президент сайловини ёритган хориж нашрлари сайловда ҳақиқий рақобат йўқлиги ҳақида ёзмоқда.

The Economist амалдаги президент Шавкат Мирзиёев илк маротаба сайланганида олган 88 фоиз овоздан ҳам кўпроқ овоз тўплашини кутиш мумкинлигини башорат қилди.

Сайловда Мирзиёев ҳамда мамлакатда расман қайддан ўтган яна тўрт сиёсий партиядан номзод қатнашмоқда. Аммо номзодларнинг барчаси жорий ҳукумат сиёсатини маъқулловчилардир.

Human Rights Watch ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Хью Уильямсон яқинда:

Ўзбекистон ҳукумати ўзи билан бир хил фикрламайдиган номзодларга бўлажак сайловда иштирок этишига рухсат бериш орқали мазмунли ислоҳотларга чинакам содиқлигини кўрсатиши мумкин эди, аммо бундай қилмади, - деганди.

Уильямсон​га кўра, 24 октябрь кунги президент сайловлари Ўзбекистон ҳукумати ўз ваъдаларини амалга ошириш учун қўлдан бой берилган яна бир имкониятдир.

Унинг таъкидлашича, президентликка номзодлар орасида мухолифатчилар ва мустақил номзодлар ва фундаментал инсон ҳуқуқларига оид ислоҳотлар амалга оширилмаган.

Сайловни кузатаётган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг кузатувчилар миссияси эса оралиқ ҳисоботида номзодлар ўртасида рақобат йўқ, юзма-юз мунозара кураши кўзга ташланмайди, дея хулоса қилган.

Мирзиёевга қарши даъвогарлар «Адолат» партияси етакчиси Баҳром Абдуҳалимов, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров, Ўзбекистон Экологик партияси етакчиси Нарзулло Обломуродов ҳамда Ўзбекистон Халқ демократик партияси раҳбарининг ўринбосари, ягона аёл номзод Мақсуда Варисовалардир.

Тўртала номзод қонунан рўйхатдан ўтган беш партия номзоди бўлиб, бу партиялар Мирзиёев чизиғидан чиқмайди.

Мухолифат номзодларининг сайловда қатнашиш уринишлари эса самара бермади.

Шу йил бошида собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов мухолифатдаги «Эрк» партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзодини илгари суришини эълон қилди, аммо ўзи ва яқинларига босимлар туфайли сиёсатдан чекинди.

Ёзда Ўзбекистон Адлия вазирлиги «Хақиқат ва тараққиёт» социал-демократик партияси раҳбари, профессор Хидирназар Аллақуловни «имзо тўплашдаги камчиликлар» важидан рўйхатга олишни рад этди.

Исмини ошкор қилмаслик шарти билан Eurasianet нашрига интервью берган тошкентлик сиёсатшунос Мирзиёев сиёсий жараёнлар устидан назоратни юмшатишдан қўрқишини айтган.

Агар улар итоатсиз мухолифат етакчиларига сайловда қатнашишга рухсат беришганида ҳам, уларнинг ғалаба қозониш эҳтимоли оз бўлган бўларди, - деган у.

Сиёсатшунос бунинг замирида «ҳокимиятни йўқотишдан патологик қўрқув» ётишини қўшимча қилган.

The Diplomat нашри мухолифат нафақат расмий, балки норасмий тўсиқларга ҳам дучор бўлгани ҳақида ёзди. Хусусан, нашр Ўзбекистонда кўпчилик орасида тартиб бирданига хаосга айланиб кетиши ҳақида қўрқув мавжудлиги ҳақида ёзди. Бу асоссиз қараш собиқ президент Ислом Каримов даврида шаклланган ва ҳануз кенг тарқалган.

Сайлов арафасида Ўзбекистондаги сиёсий мухолифат ҳамда фуқаро жамияти фаолларига босим кучайди. Сайлов яқинлашар экан, Озодлик суҳбатлашган деярли барча фаоллар назорат остига олингани ва турли кўринишдаги босимлар бўлаётгани ҳақида сўзлаб беришди.

Президент Мирзиёев Мустақиллик санасининг 30 йиллигида қилган чиқишида «бўлғуси сайловлар юксак демократик мезонлар асосида ўтиши ва янги Ўзбекистон халқининг ўсиб бораётган сиёсий тафаккурини, ижтимоий фаоллиги ва маданий савиясини яққол намоён этишига ишониши»ни айтди.

Мирзиёев, шунингдек, 2019 йилда «мухолифатга қарши эмаслиги, аммо у мамлакат ичидан чиқиши кераклиги»ни айтганди, бироқ ўтган вақт давомида Адлия вазирлиги биронта ҳам янги сиёсий партияни рўйхатга олмади.

XS
SM
MD
LG