Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:32

Украина уруши ва Путиннинг ўзбек олигархлари. Санкциялар сиртмоғи тортилмоқда


Европа Иттифоқига кўра, Алишер Усмонов Путиннинг яқин иттифоқчиси ва унинг бойликлари қўриқчиларидан биридир.
Европа Иттифоқига кўра, Алишер Усмонов Путиннинг яқин иттифоқчиси ва унинг бойликлари қўриқчиларидан биридир.

28 февраль куни Европа Иттифоқи аксарияти президент Путиннинг иттифоқчилари бўлган Россиянинг 26 нафар машҳур олигархлари ҳамда расмийларига қарши санкцияларни эълон қилди.

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов санкцияга тушганлар рўйхатининг бошидан ўрин олган.

Қора рўйхатга тушганларнинг ЕИ банкларидаги ҳисоблари ҳамда евроҳудуддаги кўчмас мулк ва бошқа активлари музлатилади, уларнинг Иттифоқ давлатларига кириши тақиқланади.

АҚШ ва иттифоқчилари Путин олигархларини кетма-кет жазога тортаëтган айни кунларда Чехия нашрлари Россия ҳарбий машинасига хизмат қилаëтган яна бир ўзбек миллиардерининг бу рўйхатдан четда қолаëтганига эътибор қаратди.

Бу-Чехиянинг чекка шаҳарчасидаги самолëтсозлик заводи эгаси¸ Россияда “мис қироли” сифатида танилган асли бухоролик миллиардер Искандар Маҳмудовдир.

"Путин бойликларини яширишга кўмаклашган"

Европа Иттифоқи кенгаши президенти имзолаган янги санкциялар рўйхатига қўшилган Алишер Усмонов¸ “президент Владимир Путинга алоҳида яқин алоқага эга шахс” сифатида таърифланган.

Россияга пул оқимини таъминлаш ишонилган бизнесмен-расмий Усмоновнинг вазияти Президентнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ. Айтилишича¸ жаноб Усмонов президент Путин бойликларини яширишга кўмаклашади ва унга қарашли бизнес муаммоларини ҳал қилиш билан шуғулланади”¸ дейилади Усмоновнинг нега қора рўйхатга киритилганига берилган расмий изоҳда.

Усмонов ЕИ томонидан Қримни аннексия қилиш ва Украинани беқарорлаштиришга масъул Россия ҳокимияти эгаларини моддий ва молиявий жиҳатдан фаол қўллаб келганликда айбланган.

Алишер Усмоновнинг ЕИ санкцияларига учраши¸ унинг Европа ҳудудидаги активлари ва кўчмас мулклари тақдирини савол остида қолдиради.

Италия матбуотига кўра¸ Сардиниянинг зумрад соҳилидаги миллиардерлар бурчаги - Порто Червода Усмоновнинг ҳар бири ўнлаб миллион долларлик еттита вилласи бор. Унинг "Дилбар" номи берилган қарийб бир миллиард долларлик суперяхтаси асосан Ўрта ер денгизининг Европа соҳилларида кезиб юриши маълум. Санкциялар Усмоновни бу бойликлардан баҳраманд бўлиш имконини йўққа чиқаради.

Forbes журналининг 2021 йилдаги ҳисоб-китобига кўра, асли наманганлик миллиардер Алишер Усмоновнинг умумий бойлиги 16¸4 миллиард долларни ташкил этади. Нашр Усмоновнинг Путинга яқинлиги бизнес билан чекланмаслигини алоҳида таъкидлаган. Усмоновнинг хотини Ирина Винер¸ Россия гимнастикачиларининг узоқ йиллик мураббийи. Путиннинг хотини деб ишониладиган асли ўзбекистонлик гимнастикачи Алина Кабаева эса, Виннернинг шогирдларидан бири бўлган.

Россия ва Ғарб нашрлари асли ўзбекистонлик Алина Кабаевани Путиннинг хотини эканини айтиб келади.
Россия ва Ғарб нашрлари асли ўзбекистонлик Алина Кабаевани Путиннинг хотини эканини айтиб келади.

Алишер Усмонов 2018 йилда АҚШ Молия вазирлиги тузган “Кремль ҳисоботи” деб номланган рўйхатга кирган. Санкция бўлмаган бу рўйхатга Путин режими ҳаëтини таъминлаб келаëтган жами 210 нафар шахс¸ хусусан 96 олигарх киритилган эди.

Путинга яқинлиги ҳам Россия¸ ҳам қолган дунëга маълум бўлса-да¸ ҳозирча Алишер Усмонов номи АҚШ ва Буюк Британия жамоатчиликка эълон қилган сўнгги санкциялар рўйхатида йўқ.

Россия Украинага бостириб киришининг эртасигаëқ бир гуруҳ конгрессменлар президент Байдендан Навальний тузган рўйхатдаги 35 шахснинг барчаси бойликларини музлатишни сўради.

“Путин жиноятларини қувватлаб келаëтган бу шахсларга қарши мувофиқлаштирилган ҳаракатга ўтиш пайти келди”¸ дейилади АҚШ конгресменларининг Байденга қилган мурожаатида.

Алишер Усмоновнинг АҚШ банк ëки компанияларидаги актив ва акциялари ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Англиянинг "Арсенал" футбол клуби йирик пакет акцияларининг собиқ эгаси сифатида Усмонов Британиядаги энг бой шахлар рўйхатига киритилган. Усмоновнинг биргина Лондондаги икки вилласи – "Бичвуд Ҳауз" ва "Саттон Плейс" ¸ Форбс журнали ҳисобича, камида 300 миллион доллар туради.

Шунга қарамай, 28 февралга қадар Лондон ҳукумати Усмонов ëки "Путиннинг чўнтаги" деб кўриладиган Роман Абрамовични ўз қора рўйхатига қўшмади.

Британиялик ҳуқуқшунос профессор Кристиан Ласслет¸ Алишер Усмонов каби олигархларнинг ҳозирча Британия ҳукумати тасдиқлаган санкциялар рўйхатига кирмаганини учта сабаб билан изоҳлайди.

Биринчиси¸ Усмонов каби олигархлар Ғарбнинг бутун бошли адвокатларини ëллаган ва бу адвокатлар у ҳақда бирор негатив маълумот чиқарган нашр ва журналистни маҳкамага тортиш билан қўрқитиб келади. Иккинчиси¸ Усмонов ва Путиннинг бошқа олигархлари ўз бизнесини корпоратив ва ҳуқуқий жиҳатдан ўраб-чирмашга уста бўлиб кетган. Учинчиси¸ бу олигархларнинг юзлаб миллиард доллар пуллари Британия¸ Швейцария¸ Люксембург каби давлатларнинг молиявий артериясидан оқиб ўтади ва банклар¸ адвокатлик ва бухгалтерия компаниялари бу миллиардлардан мўмайгина улуш олиб келади. Шу боис Усмонов кабилар ҳозиргача Британия каби давлатлар сиëсий радарига чап беришга муваффақ бўлиб келди”.

Путиннинг Украинага уруш бошлаши эҳтимолдан реалликка кўча бошлаган сўнгги йилларда Алишер Усмоновнинг Ўзбекистондаги бизнес фаолияти кенгайиб борди.

Ислом Каримов даврида Ўзбекистонда деярли кўриниш бермаган Усмонов президент Шавкат Мирзиëевнинг қудаси саналади.

Мирзиëев ҳокимиятга келгандан сўнг Усмонов Ўзбекистондаги тоғ-кон¸ металлургия¸ телекоммуникация¸ банк ва суғурта секторидаги йирик компаниялар эгасига айланди. Айрим иқтисодчилар¸ Усмоновнинг айниқса, Россиянинг Украинага уруш бошлаши арафасида ўз бизнес империясини Ўзбекистонда кучайтириши унинг Ғарб санкциялари зарбасини камайтириш мақсадига хизмат қилишини таъкидламоқда.

Ўзбекистонда Усмонов Digital Holding орқали Ucell белгиси билан хизмат кўрсатувчи уяли алоқа компаниясини, «Центр развития перспективных технологий» орқали мажбурий маркировкалаш бизнесини, Finance TCI ва «Телекоминвест» орқали "Капиталбанк" ва Апельсин банкини, "Аккерманн Цемент" орқали Оҳангаронцемент заводини назорат қилади. Охирги икки активни олигарх 2022 йил январь ойида сотиб олган”¸ деб ëзди ўзбекистонлик иқтисодчи блоггер Отабек Бакиров 28 февраль куни.

Россия армиясига учқич сотаëтган "калашниковчи" ўзбек

Путин олигархлари Ғарб ҳукуматларининг битта қарори билан ўз миллиардларидан ажралаëтган айни кунларда санкциялар рўйхатида кўринмаëтган Россия бойларидан яна бири Искандар Маҳмудовдир.

Асли бухоролик миллиардер Искандар Маҳмудов Россия ҳарбий саноати билан узоқ йиллик яқин алоқага эга.
Асли бухоролик миллиардер Искандар Маҳмудов Россия ҳарбий саноати билан узоқ йиллик яқин алоқага эга.

Асли бухоролик 58 яшар Искандар Маҳмудов¸ ўз расмий сайтида ëзилишича¸ Урал тоғ-металлургия компаниясининг асосчиси ва президенти. 2021 йилги Forbes ҳисобича¸ Маҳмудов 8 миллиард доллар эгаси. Россиянинг "мис қироли". Айнан Урал металлургия компанияси орқали Россия ва хориждаги 300 дан ошиқ компаниянинг асосий акционери. Маҳмудов дунëдаги барча қуролли тўқнашувларнинг ажралмас қисмига айланган автоматлар ишлаб чиқарувчи "Калашников" гуруҳининг ҳам ҳиссадорларидан биридир.

Маҳмудов АҚШ Молия вазирлиги 2018 йили чиқарган “Кремль ҳисоботи”га киритилган 96 олигархдан бири. Бу рўйхатга кирганидан кўп ўтмай, Путин уни “Ватан олдидаги хизматлари” ордени билан тақдирлаган.

2019 йили Маҳмудов ҳам АҚШ¸ ҳам Европадаги сиëсий-молиявий можаро марказига тушди. Франция президенти Эммануэль Макрон собиқ тан қўриқчисининг Искандар Маҳмудов билан бизнес алоқаси борлигининг фош бўлиши француз жамоатчилигини жунбушга солди. Айни пайтда 2019 йили Швециянинг Сведбанки АҚШнинг Қрим ишғолидан кейин жорий этган санкцияларини бузганликда айбланди. Швеция банки Калашников гуруҳи акционери бўлган Искандар Маҳмудовнинг 1 миллион доллардан ошиқ пулини Калашников гуруҳининг АҚШдаги ҳисобига ўтказиб берганликда айбланди. АҚШ адлия тизими ҳозирча бу иш бўйича якуний қарорини эълон қилган эмас.

Дунëнинг аксар пойтахтларида Путин ҳаëт-мамотини таъминлаб келаëтган олигархлар рўйхати тузилар экан¸ Искандар Маҳмудов номи яна Европа нашрлари диққатини тортди.

26 февраль куни Чехиянинг Seznam агентлиги¸ жамоатчилик эътиборини Искандар Маҳмудовнинг Россия ҳарбий машинасига хизмат қилаëтгани айтилган самолëтсозлик заводига қаратди.

Искандар Маҳмудов Чехиянинг Словакия билан чегарасидаги Куновице шаҳридаги бу заводнинг асосий эгаси ҳисобланади. Бу заводга Aircraft Industries компанияси¸ Aircraft Industriesга эса¸ Маҳмудовнинг Урал тоғ-металлургия компанияси эгалик қилади.

Путин ўз амалдорлари билан Россия ҳарбий машқларида қатнашаëтган L-410 русумидаги учқични кўздан кечирмоқда. 2018 йил¸ 19 сентябрь
Путин ўз амалдорлари билан Россия ҳарбий машқларида қатнашаëтган L-410 русумидаги учқични кўздан кечирмоқда. 2018 йил¸ 19 сентябрь

Бу заводда эса¸ L-410 русумидаги учқичлар ишлаб чиқарилади. Бу учқичларнинг асосий харидори эса Россия¸ хусусан¸ Россия ҳарбий тизимларидир. Масалан¸ 2017 йили Россия Мудофаа вазирлиги ўз махсус кучлари учун 18 дона L-410 учқичи сотиб олган.

"Мен иқтисодчи эмасман¸ аммо Россия олигархининг бу каби компанияси биринчилар қаторида санкция қилиниши керак деб ўйлайман. Айниқса¸ бу маҳсулотларнинг Россия армиясига хизмат қилаëтганидан келиб чиқсак"¸- дейди Чехия разведкасининг собиқ раҳбари Карел Рандак "Сезнам" мухбирига.

Чехиянинг Россия ва АҚШдаги собиқ элчиси Перт Колач эса¸ Россиянинг Украинага бошлаган уруши фонида Кремль уруш машинасига бевосита хизмат қилаëтган бундай компанияларга муносабат кескин ўзгариши лозимлигини таъкидлади.

"Россияга бугун экспорт қилаëтган технологияларимиз эртага ўзимизга қарши ишлатилишини тасаввур қилиш қийин”¸ - деди Novinky нашрига берган инверьвюсида собиқ чех дипломати.

Ҳозирча Искандар Маҳмудов номи Ғарб ҳукуматлари кўриб чиқаëтган россиялик олигархлар рўйхатида кўринганича йўқ.

Россия уруш машинаси украин шаҳарларини вайрон қилишда давом этаркан¸ Ғарб санкциялари ҳам Путин Россиясининг молиявий-иқтисодий қон томирига босимни кучайтирмоқда.

Яқин кунларда санкциялар гирдобига яна кимларнинг тортилиши ҳозирча номаълум. Маълум бўлгани эса¸ АҚШ президенти Жо Байденнинг уруш давом этаркан¸ Путинга яқин бирор олигарх ва улар оилалари жазодан омон қолмайди¸ деган баëнотидир.

Ўлмас Кошшейнинг жони қайда?

Кремлнинг мустақил давлат – Украинага қарши уруши тўхтамаëтган бир пайтда¸ қолган дунë бу урушнинг бош меъмори - Владимир Путиннинг оғрийдиган жойига зарба беришга уринмоқда.

Путиннинг энг оғриқли жойи эса¸ Ғарб экспертлари ва Россия мухолифати назарида унинг миллиардларидир.

25 февраль куни АҚШ¸ Европа Иттифоқи¸ Британия, Канада ва Австралия каби давлатлар Путиннинг шахсий активларини музлатишга қарор қилди. Аммо экспертларга кўра, бу санкциялар кучга кириши учун Путиннинг қаерда қанча пули¸ қанча акцияси ва қандай кўчмас мулки борлигини топиш керак бўлади. Бу эса¸ осон иш эмас.

Путин номи Forbes нашрининг миллиардерлар рўйхатида йўқ. Расман Путиннинг йиллик даромади 140 минг доллар ва у Россияда атиги кичик квартирага эгалик қилади.

Аммо журналистик суриштирувлар Геленжикдаги бир миллиард доллардан қимматроқ сарой¸ 100 миллион долларлик Graceful яхтаси¸ Монако ва Франциядаги кўп миллион долларлик квартира ва виллаларнинг бевосита Путинга алоқадорлигини кўрсатмоқда.

Аммо бу ҳаммаси эмас, деб ишонилади. Тахминларга кўра¸ Путин дунëнинг энг бой одами бўлиши мумкин.

Россияда катта бойлик тўплаган америкалик инвестор Билл Броудер (Bill Browder) 2017 йили АҚШ Сенатидаги эшитувларда Путин бойлигининг 200 миллиард эканини айтган эди. Қиëс учун – Forbes бўйича 2017 йили дунëнинг энг бой одами бўлган Билл Гейтс бойлиги ўшанда 86 миллиард доллар эди. Яъни 2017 йили Путин бойлиги расман планетанинг энг бой одаминикидан кўра уч баравар кўп бўлган.

Хўш¸ бу бойликлар бугун қаерда?

Путиннинг ашаддий мухолифи Алексей Навальний йиллар давомида бу бойликни "Путин олигархлари чўнтагидан излаш кераклиги"ни айтиб келди.

Навальнийнинг Коррупцияга қарши жамғармаси 2020 йилнинг 29 январь куни янги иш бошлаган АҚШ президенти Жо Байденга Путин олигархлари рўйхатини тақдим этган эди.

Мурожаатда АҚШ президентидан рўйхатга киритилган 35 россияликка қарши зудлик билан санкция қўллаш сўралган.

“Навальний 35” номини олган бу рўйхат тепасидаги саккиз шахс Путиннинг коррупцион ва жиноий режимининг ҳаëт-мамотини таъминлашдаги асосий фигуралар деб кўрсатилган. Бу саккизликка киритилганлардан бири Алишер Усмоновдир. Усмоновнинг АҚШ ва Британия ҳукуматлари маъқуллайдиган санкциялар рўйхатига киритилиш-киритилмаслиги ҳозирча аниқ эмас.

XS
SM
MD
LG